Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг
Қарори
Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 28 октябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3271-1]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 декабрдаги ПФ-269-сон «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва 2023 йил 26 майдаги ПФ-79-сон «Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрдаги 638-сон «Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим беришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 22 июндаги 8-мҳ, 28, 124/1-сон қарори (рўйхат рақами 3271, 2020 йил 30 июнь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.06.2020 й., 10/20/3271/1117-сон) билан тасдиқланган Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Мазкур қарорга илованинг 5-банди 2026 йилнинг 1 августидан эътиборан кучга киради.
Мактабгача ва мактаб таълими вазири Э. КАРИМОВА
Тошкент ш.,
2025 йил 3 октябрь,
12-мҳ-сон
Иқтисодиёт ва молия вазири Ж. КУЧКАРОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 29 сентябрь,
291-сон
Соғлиқни сақлаш вазири А. ХУДАЯРОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 26 сентябрь,
11-сон
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2025 йил 3 октябрдаги 12-мҳ-сон, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2025 йил 29 сентябрдаги 291-сон, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2025 йил 26 сентябрдаги 11-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар
1. 3-бандда:
тўртинчи хатбошидаги «туман (шаҳар) халқ таълими ва молия бўлимлари» деган сўзлар «ҳудудий мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари ҳамда ҳудудий иқтисодиёт ва молия органлари» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасалари, Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасалари, Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасалари ҳамда айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларида синфлар тегишлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 7 августдаги 173-сон «Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги, 2019 йил 17 октябрдаги 880-сон «Республика ўқув-тарбия муассасалари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2021 йил 12 октябрдаги 638-сон «Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим беришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорларига мувофиқ комплектланади.».
2. 9-банднинг иккинчи хатбошисидаги «ҳудудий халқ таълими бўлинмалари ҳамда ҳудудий молия органларига» деган сўзлар «ҳудудий мактабгача ва мактаб таълими бўлинмалари ҳамда ҳудудий иқтисодиёт ва молия органларига» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
3. 10-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«10. Ҳудудий мактабгача ва мактаб таълими бўлинмалари ҳамда ҳудудий иқтисодиёт ва молия органлари томонидан кўриб чиқилган ва тасдиқланган синфлар комплектини шакллантириш тўғрисидаги маълумотлар асосида ҳудудий мактабгача ва мактаб таълими бўлинмасининг ўз ҳудудидаги умумтаълим муассасаларида ташкил этиладиган синфлар комплектлари тўғрисидаги тегишли буйруғи қабул қилинади.».
4. 14-банднинг иккинчи хатбошисидаги «Бунда таълим» ва «ҳудудий халқ таълими» деган сўзлар тегишли равишда «Бунда таълим ўзбек,» ва «ҳудудий мактабгача ва мактаб таълими» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
5. 15-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«15. Умумтаълим муассасалари томонидан шакллантирилган дарс соатлари сеткаси умумтаълим муассасасининг педагогик кенгаши томонидан икки иш куни ичида кўриб чиқилиб, ҳар йили 15-сентябрга қадар ўқитувчиларга дарс соатлари қуйидаги кўрсаткичларнинг устувор кетма-кетлиги асосида тақсимланади:
олий малака тоифасига эга ўқитувчилар (педагог кадрнинг аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги сертификатнинг амал қилиш муддатига кўра);
дарс берадиган фанидан педагог ходимларга устама белгилашда қўлланиладиган миллий ёки халқаро тан олинган сертификатга эга ўқитувчилар (сертификатнинг белгиланган даражаси ва амал қилиш муддатига кўра);
биринчи малака тоифасига эга ўқитувчилар (педагог кадрнинг аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги сертификатнинг амал қилиш муддатига кўра);
иккинчи малака тоифасига эга ўқитувчилар (педагог кадрнинг аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги сертификатнинг амал қилиш муддатига кўра);
олий маълумотли тоифасиз ўқитувчилар;
қайта тайёрлаш бўйича дипломга эга ўқитувчилар (ўқитувчида қайта тайёрлаш мутахассислиги бўйича мазкур банднинг иккинчи — олтинчи хатбошиларида назарда тутилган кўрсаткичлардан бири ёки бир нечтаси мавжуд бўлганда тааллуқлилигига кўра тегишли кўрсаткичлар мавжуд бўлган ўқитувчилар билан тенг устуворликка эга бўлади);
ўриндошлик асосида ишлаётган олий маълумотли ўқитувчилар;
олий таълим муассасаларининг педагогика йўналиши бўйича учинчи ва ундан юқори курс талабалари;
олий маълумотли ўқитувчилар билан таъминлангунига қадар ўрта махсус, профессионал маълумотга эга ўқитувчилар (фақат бошланғич синфларда дарс берувчи ўқитувчилар учун);
олий маълумотли ўқитувчилар билан таъминлангунига қадар умумтаълим муассасасининг тегишли мутахассислиги бўйича раҳбар ходимлари.
Бошланғич синфларда ўқитиладиган фанлар бўйича дарс соатларини тақсимлашда ўқитувчиларнинг бошланғич таълим мутахассислигига эгалиги ёки тегишинча ушбу фанни бошланғич синфларда ўқитиш методикаси бўйича таълим олганлиги инобатга олинади.
Умумтаълим муассасасининг педагогик кенгаши томонидан дарс соатлари қайта тақсимланиши мумкин.».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.10.2025 й., 10/25/3271-1/0989-сон)