Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирининг
буйруғи
Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспортида юк ташиш қоидаларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 8 октябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3457-1]
1. Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг 2023 йил 5 августдаги 22-сон буйруғи (рўйхат рақами 3457, 2023 йил 21 сентябрь) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.09.2023 й., 10/23/3457/0724-сон) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспортида юк ташиш қоидаларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Мазкур буйруқ иловасининг 1-банди 2026 йил 2 февралдан бошлаб кучга киради.
Вазир И. МАХКАМОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 22 сентябрь,
13-сон
Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг 2025 йил 22 сентябрдаги 13-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспортида юк ташиш қоидаларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. 1-бандда:
саккизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«темир йўл транспорти инфратузилмаси — технологик мажмуа бўлиб, ушбу мажмуа фаолиятини таъминловчи темир йўлларни, темир йўл станцияларини, электр таъминоти қурилмаларини, алоқа тармоқларини, сигнализация, марказлаштириш ва блоклаш тизимларини, ахборот мажмуаларини, ҳаракатни бошқариш тизимини, бинолар, иншоотлар, қурилмалар, жиҳозлар ва ускуналарни ўз ичига олади;»;
ўнинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«темир йўл станцияси — поездларни қабул қилиш, жўнатиш, кесиштириш ва қувиб ўтиш операцияларини, багажни, юк багажини, юкларни, почта ва курьерлик жўнатмаларини қабул қилиш, бериш ҳамда йўловчиларга хизмат кўрсатиш операцияларини, поездларни тарқатиш ва тузиш бўйича манёвр ишларини ҳамда поездлар билан техник операцияларни амалга ошириш имконини берадиган, асосий темир йўллардан ташқари темир йўлларнинг қўшимча гуруҳларига эга бўлган алоҳида пункт;».
2. 11-банднинг бешинчи хатбошисидаги «, стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатлар, техник эксплуатация норма ва қоидалари)» деган сўзлар « ва стандартлар) ҳамда темир йўл транспортидан техник жиҳатдан фойдаланиш қоидалари» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
3. 40-банднинг 4-кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«4) фитосанитария талаблари, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари, экологик нормалар ва қоидалар, ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига риоя қилишни талаб қиладиган юкларни ушбу норма ва қоидаларга риоя қилишни талаб қилмайдиган юклар билан бирга ташиш;».
4. 340-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«340. Гўшт ва гўшт маҳсулотларини ташиш озиқ-овқат хавфсизлигига доир қонунчилик ҳужжатлари ҳамда амалдаги санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига мувофиқ амалга оширилади.».
5. 486-банднинг биринчи хатбошисидаги «, стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатлар, техник фойдаланиш (норма ва қоидалари)» деган сўзлар «ва стандартлар) ҳамда темир йўл транспортидан техник жиҳатдан фойдаланиш қоидалари» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.10.2025 й., 10/25/3457-1/0951-сон)