ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИҚТИСОДИЁТ ВА МОЛИЯ ВАЗИРИНИНГ
БУЙРУҒИ
Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (6-сонли БҲМС) «Ижара ҳисоби»га ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 24 сентябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 1946-2]
Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2009 йил 6 апрелдаги 41-сон буйруғи (рўйхат рақами 1946, 2009 йил 24 апрель) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 17-сон, 220-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (6-сонли БҲМС) «Ижара ҳисоби»га иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир Д. КУЧКАРОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 26 август,
281-сон
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2025 йил 26 августдаги 281-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (6-сонли БҲМС) «Ижара ҳисоби»га киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Мазкур БҲМСнинг мақсади хўжалик юритувчи субъектларда (бундан бюджет ташкилотлари, банклар ва нобанк кредит ташкилотлари мустасно) ижара операцияларини бухгалтерия ҳисобида ва молиявий ҳисоботларда акс эттиришнинг ягона услубий асосини белгилаш ҳисобланади.».
2. Қуйидаги мазмундаги 11-банд билан тўлдирилсин:
«11. Ижара операцияларини бухгалтерия ҳисобининг ҳисобварақларида акс эттириш тартиби Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (21-сонли БҲМС) «Хўжалик юритувчи субъектларда бухгалтерия ҳисобининг ҳисобварақлар режаси ва уни қўллаш бўйича йўриқнома»га (рўйхат рақами 3593, 2024 йил 27 декабрь) мувофиқ амалга оширилади.».
3. Қуйидаги мазмундаги 51-банд билан тўлдирилсин:
«51. Ижарани таснифлаш ижара муносабатлари бошланган санада амалга оширилади ва ижара шартномасига ўзгартиришлар қилинганда ижаранинг таснифланиши қайта кўриб чиқилади. Ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар (масалан, таянч активнинг иқтисодий хизмат муддати ёки тугатиш қиймати бўйича ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар) ёки ҳолатлардаги ўзгаришлар (масалан, ижарачининг ўз мажбуриятларини бажармаслиги) ҳисобга олиш мақсадларида ижарани қайта таснифлаш заруратини келтириб чиқармайди.».
4. Қуйидаги мазмундаги 251 ва 252-бандлар билан тўлдирилсин:
«251. Агар молиявий ижара шартномасининг шарти бўйича молиявий ижара объекти сотувчи томонидан ижарага берувчини (лизингга берувчини) четлаб бевосита ижарага олувчига (лизингга олувчига) етказиб берилса, ижарага берувчининг (лизингга берувчининг) бухгалтерия ҳисобида молиявий ижара объектининг кирими ва чиқими тўғрисидаги ёзувлар молиявий ижара объектининг ҳаракатини тасдиқловчи бирламчи ҳужжатлар асосида амалга оширилади.
252. Агар молиявий ижара шартномасининг шарти бўйича ижарага берувчи (лизингга берувчи) томонидан молиявий ижара объекти сотиб олинган бўлса, лекин ижарага олувчи (лизингга олувчи) маълум сабабларга кўра уни қабул қилишдан бош тортса, мазкур молиявий ижара объекти ундан фойдалангунга ёки чиқиб кетгунга қадар капитал қўйилмаларни ҳисобга олувчи счётларда (0800) ҳисобга олинади.».
5. 33-банддаги «(рўйхат рақами 1299, 2004 йил 20 январь)» деган сўзлар «(рўйхат рақами 3546, 2024 йил 9 август)» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
6. 36-банд ўз кучини йўқотган деб топилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.09.2025 й., 10/25/1946-2/0870-сон)