Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати ўртасида
БИТИМ
тиббий хизматлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг давлат реестрида 2025 йил 8 сентябрда 4600-CN-2025-H тартиб рақами билан рўйхатга олинди]
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
икки давлат ўртасидаги абадий дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларига таяниб,
ҳар иккала халқнинг тарихий қардошлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш истагида,
тиббий хизматлар соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш мақсадида,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Мақсад
Мақсад
Томонлар тиббий хизматлар кўрсатиш, тиббиёт мутахассисларининг малакасини ошириш, биргаликда тиббий тадқиқотларни олиб бориш ва тажриба алмашиш соҳасида ҳамкорлик қиладилар.
2-модда
Ҳамкорлик йўналишлари
Ҳамкорлик йўналишлари
Томонлар ўртасидаги ҳамкорлик қуйидаги асосий йўналишларни қамраб олади:
1) Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, оналар ва болалар ўлимини камайтириш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш;
2) Соғлиқни сақлаш бўйича кадрлар салоҳиятини ошириш;
3) Тиббиёт, фармацевтика ва тиббий техника соҳасида ахборот ва тажриба алмашиш;
4) Шифохоналарни бошқариш тизимлари ва соғлиқни сақлаш ахборот тизимларини ишлаб чиқиш;
5) Табиий офатлар юз берганда шошилинч тиббий ёрдам ва соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни ташкил этиш;
6) Соғлиқни сақлаш туризми;
7) Томонлар келишувига биноан ҳамкорликнинг бошқа йўналишлари.
3-модда
Ҳамкорлик шакллари
Ҳамкорлик шакллари
Томонлар соғлиқни сақлаш ва тиббиёт фанлари соҳасида қуйидаги йўналишларда ўзаро ҳамкорлик қиладилар:
1) Юқори малакали тиббий хизматлар кўрсатиш, мураккаб тиббий операцияларни бажариш;
2) Ахборот ва тажриба алмашиш;
3) Тиббиёт мутахассисларининг малакасини ошириш;
4) Қўшма лойиҳаларни яратиш;
5) Тегишли соғлиқни сақлаш муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни таъминлаш;
6) Делегациялар, экспертлар ва тиббиёт мутахассислари алмашинуви;
7) Томонлар тарафидан ташкил этиладиган конгресслар, конференциялар, симпозиумлар ва бошқа илмий учрашувларда мутахассисларнинг иштирокини рағбатлантириш;
8) Биргаликда илмий тадқиқотлар олиб бориш;
9) Томонлар тарафидан келишилган ҳамкорликнинг бошқа шакллари.
4-модда
Тиббий хизматларни амалга ошириш
Тиббий хизматларни амалга ошириш
Хитой томони Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Хитой Халқ Республикаси тиббиёт муассасаларида даволанишига имконият тақдим этишга тайёр.
Томонлар давлатларининг ваколатли идоралари икки давлат госпиталлари ва тиббиёт муассасалари ўртасида ўзбекистонлик беморларни Хитойда даволаш бўйича ўзаро ҳамкорлик ўрнатилишига ҳар томонлама кўмаклашадилар.
5-модда
Қўшма ишчи гуруҳлар
Қўшма ишчи гуруҳлар
1. Мазкур Битимни амалга ошириш мақсадида Томонлар тегишли ишчи ва экспертлик гуруҳларини тузишлари, чора-тадбирлар режалари ва бошқа ҳамкорлик дастурлари қабул қилишлари мумкин.
2. Томонлар электрон почта, видеоконференция ёки бошқа алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда ахборот алмашишлари ва фаолиятни мувофиқлаштиришлари мумкин.
3. Томонлар тегишли экспертлар ёки ташкилотларни Томонларнинг мажлисларида маълумот тақдим этиши учун таклиф қилиш ҳақида қарор қабул қилишлари мумкин.
6-модда
Бошқа халқаро шартномалар билан муносабати
Бошқа халқаро шартномалар билан муносабати
Мазкур Битимнинг қоидалари Томонларнинг давлатлари иштирокчи ҳисобланган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган Томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
7-модда
Низоларни ҳал этиш
Низоларни ҳал этиш
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш ёки қўллашда юзага келадиган келишмовчиликлар Томонлар ўртасида маслаҳатлашув ва музокаралар орқали ҳал этилади.
8-модда
Ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш
Ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш
Мазкур Битимга Томонларнинг ўзаро келишувига кўра унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ва мазкур Битимнинг 9-моддасига мувофиқ кучга кирадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
9-модда
Якуний қоидалар
Якуний қоидалар
1. Мазкур Битим имзоланган санадан бошлаб кучга киради.
2. Мазкур Битим беш (5) йилга тузилади ва Томонлардан бири бошқа Томонни мазкур Битимнинг амал қилишини тугатиш нияти тўғрисида унинг амал қилиши тутагунга қадар олти (6) ой олдин дипломатик каналлар орқали ёзма равишда хабардор қилмаса, кейинги беш йиллик даврларга ўз-ўзидан узаяверади.
3. Ҳар бир Томон уни тугатиш нияти тўғрисида ёзма хабарнома юбориш орқали мазкур Битимни амал қилишини тугатиши мумкин. Мазкур ҳолатда, Битимнинг амал қилиши мазкур хабарнома санасидан сўнг уч ой ўтгач тугатилади.
4. Мазкур Битимнинг тугатилиши унинг доирасида амалда бўлган ёки бажарилган тадбирлар ва лойиҳаларга таъсир қилмайди.
Пекин шаҳрида, 2025 йил 1 сентябрда, икки асл нусхада, ўзбек, хитой ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир.
Мазкур Битимни талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)