Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
2023 — 2030 йилларга мўлжалланган электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозори механизмларига босқичма-босқич ўтиш концепциясига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Электр энергетикаси тўғрисида»ги Қонунида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда мақсад, талаб ва асосий принципларга мувофиқ электр энергиясининг рақобатга асосланган улгуржи ва чакана бозори механизмларини жорий этиш мақсадида қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 сентябрдаги ПФ-166-сон Фармони билан тасдиқланган 2023 — 2030 йилларга мўлжалланган электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозори механизмларига босқичма-босқич ўтиш концепциясига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 29 август,
ПФ-152-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 29 августдаги ПФ-152-сон Фармонига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 сентябрдаги ПФ-166-сон Фармони билан тасдиқланган 2023 — 2030 йилларга мўлжалланган электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозори механизмларига босқичма-босқич ўтиш концепциясига киритилаётган ўзгартиришлар
1. 3-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3. Концепцияда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланади:
(а) бозор оператори — бозорни шакллантириш ҳамда унинг хавфсиз ва самарали ишлаши учун бозор иштирокчилари номидан электр энергиясини сотиш ва (ёки) сотиб олишни ташкил этиш учун масъул бўлган юридик шахс;
(б) ваколатли истеъмолчи — электр энергияси таъминотчисини танлаш ёки ўзгартириш ҳуқуқига эга бўлган истеъмолчи;
(в) ишлаб чиқарувчи — электр энергиясини ишлаб чиқаришга доир фаолиятни амалга оширувчи юридик ёки жисмоний шахс;
(г) йирик истеъмолчи — электр энергиясининг улгуржи бозорида ишлаб чиқарувчилардан ёки электр энергиясининг чакана бозоридаги бир ва ундан ортиқ таъминотчилардан электр энергиясини сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлган истеъмолчи;
(д) марказий харид қилувчи («Ўзэнергосотиш» АЖ) — электр энергиясини марказлашган тарзда сотиш ва сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахс;
(ж) микро ва кичик электр станция — ягона электр энергетикаси тизимига уланган нуқтада ўрнатилган қуввати 5 МВт гача бўлган электр станцияси;
(з) мустақил ишлаб чиқарувчи — электр энергиясини узоқ муддатли кафолатланган сотиб олиш тўғрисидаги битимни имзоламаган, лицензия асосида фаолият юритадиган электр энергиясини ишлаб чиқарувчи хусусий корхона;
(и) тайинланган таъминотчи («Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг «Энергосавдо» филиали) — таъминотчини танлаш имкониятига эга бўлмаган истеъмолчиларга кафолатланган тарзда ёки ваколатли истеъмолчининг мурожаатига кўра электр энергиясини етказиб бериш (сотиш) билан шуғулланадиган корхона;
(к) таъминотчи — электр энергиясини истеъмолчиларга етказиб бериш (сотиш) билан шуғулланадиган корхона;
(л) тақсимлаш тизими операторлари — Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги томонидан бериладиган лицензия асосида муайян ҳудудда электр энергиясини тақсимлаш фаолиятини юритиш, бунда тақсимлаш тизимини эксплуатация қилиш, унга хизмат кўрсатиш ва ривожлантириш учун масъул бўлган, устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улуши юз фоиз бўлган акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилган электр энергетикаси корхоналари;
(м) трейдер — ишлаб чиқарилган электр энергиясини улгуржи бозорда харид қилувчи хусусий корхона;
(н) узатиш тизими оператори — Ўзбекистон Республикасида узатиш тизимларини эксплуатация қилиш ва ривожлантириш бўйича фаолиятни амалга ошириш ваколатига эга бўлган юридик шахс;
(о) Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги (кейинги ўринларда — Регулятор) — қонунчиликда белгиланган ваколатлар доирасида фаолият юритувчи ва энергетика бозорини тартибга солувчи ҳамда барча бозор иштирокчиларига лицензия берувчи орган».
2. 11 ва 12-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«11. «Икки томонлама шартномалар асосидаги харидлар» босқичида қуйидаги асосий чора-тадбирлар амалга оширилади:
(а) «ҲЭТ» АЖнинг электр энергиясини якуний истеъмолчиларга сотиш функцияси тақсимлаш электр тармоқларига хизмат кўрсатиш функциясидан ажратилиб, алоҳида давлат чакана савдо корхонасига ўтказилган ҳолда «ҲЭТ» АЖнинг филиали — «Энергосавдо» корхонаси ташкил этилади;
(б) «ҲЭТ» АЖ электр энергиясини тақсимлаш ва электр тармоқларига хизмат кўрсатиш вазифаларини амалга оширади;
(в) республиканинг тажриба-синов сифатида танланган ҳудудларида электр энергиясини тақсимлаш ва тақсимлаш электр тармоқларига хизмат кўрсатиш, шу жумладан, қуриш, қайта қуриш ва модернизация қилиш вазифалари босқичма-босқич хусусий тақсимлаш тизими операторларига танлов натижалари асосида ишончли бошқарувга берилади. Бунда ишончли бошқарувни амалга оширувчи юридик шахс тақсимлаш тизими объектларининг ишчи ҳолатда сақланишини таъминлайди;
(г) электр энергияси савдоси операцияларини амалга оширувчи бозор операторининг вазифалари марказий харид қилувчига юкланади ҳамда савдо операциялари «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (ЭҲНАТ) ва биллинг тизимидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади;
(д) электр энергияси савдо операциялари учун мўлжалланган савдо платформаси (кейинги ўринларда — савдо платформаси) тажриба-синов тариқасида ишга туширилади;
(ж) ваколатли истеъмолчиларнинг ва йирик истеъмолчиларнинг мақоми Регулятор томонидан белгиланади.
12. Электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозори механизмларига ўтишнинг биринчи — «Икки томонлама шартномалар асосидаги харидлар» босқичи қуйидаги тамойилларга асосланади:
(а) электр энергияси бозорининг иштирокчилари Регулятор томонидан мазкур босқич учун ишлаб чиқилган ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган бозор қоидалари асосида фаолият юритади;
(б) электр энергияси бозорининг барча иштирокчиларига (ишлаб чиқарувчилар, электр энергиясини сақлаш тизими операторлари, марказий харид қилувчи, тайинланган таъминотчи, узатиш ва тақсимлаш тизимлари операторлари) Регулятор томонидан лицензия берилади;
(в) давлат улуши (капитали) 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган ишлаб чиқарувчилар электр энергиясини марказий харид қилувчига ваколатли орган томонидан белгиланган тарифларда сотади;
(г) электр энергияси сотиб олиниши кафолатланган хусусий ишлаб чиқарувчилар (Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимга асосан) электр энергиясини марказий харид қилувчига ўзаро келишилган (битимларда белгиланган) нархда сотади;
(д) электр энергияси сотиб олиниши давлат томонидан кафолатланмаган мустақил ишлаб чиқарувчилар (узоқ ва қисқа муддатли икки томонлама шартномага эга бўлган) пайдо бўлади ва улар электр энергиясини:
(i) йирик истеъмолчига ўзаро келишилган нарх асосида сотади. Бунда электр энергиясини узатиш ва (ёки) тақсимлаш хизматидан фойдаланганлик учун тўлов шартнома шартларига мувофиқ ишлаб чиқарувчи ёки йирик истеъмолчи томонидан амалга оширилади;
(ii) марказий харид қилувчига белгиланган тарифларда сотади;
(ж) микро ва кичик электр станциялар электр энергиясини:
(i) тайинланган таъминотчига белгиланган тарифларда сотади;
(ii) истеъмолчиларга (маиший истеъмолчилардан ташқари) ўзаро келишилган нархда сотади (бунда узатиш ва (ёки) тақсимлаш тизимидан фойдаланганлик учун тўлов ишлаб чиқарувчилар томонидан амалга оширилади);
(з) марказий харид қилувчи электр энергиясини узатиш ва тақсимлаш тизимлари операторларига, ишлаб чиқарувчиларга, тайинланган таъминотчига ва йирик истеъмолчиларга белгиланган тарифларда, электр энергиясини сақлаш тизимларига (электр энергиясини сақлаш хизматини амалга оширишда сарфланиши лозим бўлган электр энергиясидан ортган қисмини қоплаш мақсадида) электр энергиясини сақлаш хизматини кўрсатиш битимларига асосан уларда белгиланган нархда сотади ҳамда хорижий мамлакатларнинг ваколатли компаниялари билан тузилган шартномалар асосида экспорт ва импорт операцияларини амалга оширади;
(и) узатиш ва тақсимлаш тизимлари операторлари белгиланган тарифларда электр энергиясини узатиш ва тақсимлаш хизматларни кўрсатади. Бунда:
(i) узатиш тизими оператори томонидан узатиш электр тармоқлари бошқарилади ва уларни кенгайтириш ҳамда модернизация қилиш орқали энергия тизимида барқарорлик таъминланади;
(ii) тақсимлаш тизими операторлари томонидан тақсимлаш электр тармоқлари бошқарилади, эксплуатация қилинади, қурилади, қайта қурилади ва модернизация қилинади;
(iii) узатиш ва тақсимлаш тизимлари операторлари томонидан қабул қилинган электр энергияси ҳажми тўлиқ узатилади ва тақсимланади ҳамда электр энергиясини узатиш ва тақсимлаш жараёнидаги технологик сарф ўрни улгуржи бозордан харид қилиш орқали қопланади;
(iv) бозорнинг барча иштирокчилари, ҳам давлат, ҳам хусусий ишлаб чиқарувчи корхоналар учун узатиш ва тақсимлаш тизимлари операторлари тизимларига уланишда тенг имкониятлар яратилади (электр тармоқларига эркин уланиш);
(к) тайинланган таъминотчи электр энергиясини барча истеъмолчиларга (йирик истеъмолчилар бундан мустасно) белгиланган тарифларда сотади;
(л) электр энергиясини сақлаш тизими операторлари марказий харид қилувчига электр энергиясини сақлаш хизматини кўрсатиш битимларида белгиланган шартларда электр энергиясини сақлаш хизматини кўрсатади».
3. 14-банднинг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Кейинги кун учун савдолар» босқичи учун бозор қоидаларини Регулятор томонидан ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқлаш».
4. 15 ва 16-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«15. «Кейинги кун учун савдолар» босқичида қуйидаги асосий чора-тадбирлар амалга оширилади:
(а) «ҲЭТ» АЖнинг «Энергосавдо» филиали алоҳида корхона шаклида қайта ташкил этилади;
(б) республиканинг барча ҳудудларида электр энергиясини тақсимлаш ва тақсимлаш электр тармоқларига хизмат кўрсатиш, шу жумладан, қуриш ва модернизация қилиш вазифалари босқичма-босқич хусусий тақсимлаш тизими операторларига ишончли бошқарувга берилади. Бунда ишончли бошқарувни амалга оширувчи юридик шахс тақсимлаш тизими объектларининг ишчи ҳолатда сақланишини таъминлайди;
(в) электр энергияси бозори иштирокчиларини ва савдо шартномаларини рўйхатдан ўтказиш ҳамда ҳисоб-китоб ва клиринг операцияларини амалга ошириш мақсадида бозор оператори вазифаси марказий харид қилувчидан ажратилиб, алоҳида мустақил бозор оператори ташкил этилади;
(г) республиканинг тажриба-синов сифатида танланган ҳудудларида таъминотчиларга босқичма-босқич фаолият юритишига рухсат берилади.
16. «Кейинги кун учун савдолар» босқичи қуйидаги тамойилларга асосланади:
(а) электр энергияси бозорининг иштирокчилари бозор қоидалари асосида фаолият юритади;
(б) электр энергияси бозорининг янги иштирокчиларига (бозор оператори, ишлаб чиқарувчилар, электр энергиясини сақлаш тизими операторлари, таъминотчилар, трейдерлар ва тақсимлаш тизимлари операторлари) Регулятор томонидан лицензия берилади;
(в) улгуржи бозорда электр энергиясини харид қилиш ва сотиш билан шуғулланадиган хусусий компаниялар — трейдерлар пайдо бўлади;
(г) ДХШ тамойили асосида фаолият юритадиган электр станциялари электр энергиясини электр энергиясининг улгуржи ва чакана савдоси бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензияга эга тадбиркорлик субъектларига узоқ муддатли битимлар асосида сотади;
(д) мустақил электр станциялари электр энергиясини онлайн савдо платформаси орқали улгуржи бозорда ваколатли истеъмолчилар, таъминотчилар, «Энергосавдо» корхонаси ва трейдерларга — талаб ва таклиф асосида шаклланган нархларда сотади;
(ж) электр энергиясининг улгуржи ва чакана савдоси бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензияга эга тадбиркорлик субъектлари ва трейдерлар электр энергиясини онлайн савдо платформаси орқали таъминотчиларга, тайинланган таъминотчига ва ваколатли истеъмолчиларга талаб ва таклиф асосида шаклланган нархларда сотади;
(з) Регулятор томонидан узатиш ва тақсимлаш тизимлари операторларининг электр энергиясини узатиш ва тақсимлаш хизматлари учун алоҳида тарифлар белгиланади;
(и) узатиш ва тақсимлаш тизимлари операторлари томонидан қабул қилинган электр энергияси ҳажми тўлиқ узатилади ва тақсимланади ҳамда электр энергиясини узатиш ва тақсимлаш жараёнидаги технологик сарфланган электр энергиясининг ўрни электр энергиясини улгуржи бозордан харид қилиш орқали қопланади;
(к) тайинланган таъминотчи электр энергиясини Регулятор томонидан белгиланган тарифларда истеъмолчиларга сотади;
(л) таъминотчилар электр энергиясини белгиланган тарифларда ёки белгиланган тарифлардан чегирмалар қўллаган ҳолда истеъмолчиларга сотади;
(м) ваколатли истеъмолчилар ва таъминотчиларга давлат ҳамда хусусий электр станцияларидан онлайн савдо платформаси орқали электр энергиясини тўғридан-тўғри харид қилиш ҳуқуқи берилади;
(н) электр энергиясининг барча савдо операциялари ўрнатилган тартибда онлайн савдо платформаси орқали амалга оширилади;
(о) маълум бир ҳудудда таъминотчи фаолияти мавжуд бўлмаганда ёки тўхтатилган тақдирда, тайинланган таъминотчи электр энергиясини кафолатланган етказиб берувчи функциясини бажаради».
5. 18-банднинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Кун ичи (соатбай) савдолар» босқичи учун бозор қоидаларини Регулятор томонидан ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқлаш».
6. 20-бандда:
(а) иккинчи — тўртинчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«(i) электр энергияси бозорининг иштирокчилари «Кун ичи (соатбай) савдолар» босқичи учун тасдиқланган бозор қоидалари асосида фаолият юритади;
(ii) электр энергияси бозорининг янги иштирокчиларига (шу жумладан, ишлаб чиқарувчилар, таъминотчилар, трейдерлар ва тақсимлаш тизимлари операторлари) Регулятор томонидан лицензия берилади;
(iii) ишлаб чиқарувчилар электр энергиясини онлайн савдо платформаси орқали улгуржи бозорда ваколатли истеъмолчилар, тайинланган таъминотчи, трейдерлар ва таъминотчиларга талаб ва таклиф асосида шаклланган нархларда соатбай сотади»;
(б) олтинчи, еттинчи, ўнинчи ва ўн иккинчи хатбошилардаги «Энергосавдо» корхонаси» сўзлари «тайинланган таъминотчи» сўзлари билан алмаштирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.08.2025 й., 06/25/152/0792-сон)