Ўзбекистон Республикаси олий кенгаши
Қарори
«ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ, ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ КЕНГАШИ РАИСИ ВА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВИЦЕ-ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ШАЪНИ ВА ҚАДР-ҚИММАТИНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА»ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИНИ ҚЎЛЛАШ ҲАМДА АМАЛГА КИРИТИШ ТАРТИБИ ҲАҚИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2003 йил 25 апрелдаги 481-II-сон «Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг асосий кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қарор қилади:
1. «Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раиси ва Ўзбекистон Республикаси вице-Президентининг шани ва қадр-қимматини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни эълон қилинган пайтдан бошлаб кучга киритилсин.
2. Уқтирилсинки, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси ва Ўзбекистон Республикаси вице-Президентини ошкора ҳақоратлаш уларнинг шани ва қадр-қимматини атайлаб камситишдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раиси ва Ўзбекистон Республикаси вице-Президентининг обрўсини тўкадиган уйдирмаларни тарқатиш уларга туҳмат қилишдир.
Ўзбекистон Республикаси Бошлиғи — Ўзбекистон Республикаси Президентининг фаолияти тўғрисидаги, унинг раҳбарлигида амалга оширилаётган сиёсат хусусидаги, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раисининг ёки Ўзбекистон Республикаси вице-Президентининг фаолияти ҳақидаги танқидий мулоҳазаларни ўз ичига олувчи ошкора чиқишларга «Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси ва Ўзбекистон Республикаси вице-Президентининг шани ва қадр-қимматини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни таъсир қилмайди.
3. Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раиси ёки Ўзбекистон Республикаси вице-Президентига нисбатан ҳақоратни ёки улар шахсига нисбатан туҳматни ўз ичига олувчи материалларни эълон қилган оммавий ахборот воситалари ёки уларнинг бўлинмалари (радио, телевидение программалари ва бошқалар) Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси ёки Ўзбекистон Республикаси вице-Президентини ҳақоратлаган ёхуд уларга нисбатан туҳмат қилган конкрет шахс (шахслар) хусусида суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганидан сўнг жавобгарликка тортилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси М. ИБРОҲИМОВ
Тошкент ш.,
1991 йил 15 февраль,
221-XII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1991 й., 4-сон, 74-модда, 11-сон, 273-модда)