Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДА САРМОЯЛАРГА КЎМАКЛАШИШ ХИЗМАТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 23 августдаги 340-сонли «Хорижий сармоялар бўйича агентлик фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш учун хорижий инвестицияларни жалб этишнинг муҳимлигини ҳисобга олиб, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва БМТнинг саноат ривожланиши бўйича Ташкилоти (ЮНИДО) билан ҳамкорлигини янада ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Хорижий инвестицияларни жалб этиш учун зарур бўлган инфраструктурани шакллантириш бўйича БМТ/ЮНИДО билан биргаликдаги техникавий ёрдам лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сармояларга кўмаклашиш хизмати (СКХ) ташкил этилсин.
2. СКХ тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Маълумот учун қабул қилинсинки, СКХ ишини маблағ билан таъминлаш, офис учун жойни ижарага олиш ҳаракатларидан ташқари, биринчи уч йилда БМТ ривожлантириш Дастури маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
4. СКХга қуйидаги манзилдаги бинодан офис учун 5 та хона берилсин: Тошкент шаҳри, Буюк Ипак йўли кўчаси, 42-уй.
5. Молия вазирлиги уч йил мобайнида республика бюджетидан СКХ офисини сақлаш учун зарур маблағ ажратилишини назарда тутсин.
6. Алоқа вазирлиги СКХ офиси учун учта шаҳар телефон номери ва ҳукумат АТСи телефони ажратилишини назарда тутсин.
7. СКХ расмий ҳукумат қарорлари юборилиши шарт бўлган ташкилотлар рўйхатига киритилсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ў. Т. Султонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 5 июль,
345-сон
Вазирлар Mаҳкамасининг 1994 йил 5 июлдаги 345-сон қарори билан
TAСДИҚЛАНГАН
TAСДИҚЛАНГАН
Сармояларга кўмаклашиш хизмати тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сармояларга кўмаклашиш хизмати (кейинги ўринларда — СКХ деб аталади) Ўзбекистон Республикасига хорижий инвестицияларни жалб этиш учун зapyp бўлган инфраструктурани шакллантириш бўйича БМТ/ЮНИДО билан биргаликдаги техникавий ёрдам лойиҳаси доирасида ташкил этилган ҳамда хорижий ва мамлакатимиз фирмаларига, шу жумладан, кичик ва ўрта бизнес соҳасида, республика ва чет эл бозорларида инвестицияларни амалга ошириш учун шериклар излашда кўмаклашишга даъват этилган.
2. СКХнинг тўлиқ номи:
|
ўзбек тилида |
— |
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сармояларга кўмаклашиш хизмати |
| рус тилида |
— |
Служба содействия инвестициям при Кабинете Министров Республики Узбекистан |
| инглиз тилида |
— |
Invеstmеnt Promotion Service attached to the Cabinet of Ministers of the Republic of Uzbekistan. |
| Жойлашган ўрни: Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Буюк Ипак йўли кўчаси, 42-уй. | ||
3. СКХ юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, банк муассасаларида ҳисоб-китоб ва бошқа (шу жумладан, валюта) счётларига, ўз номи ўзбек ва инглиз тилларида ёзилган муҳрга ва штампга эга бўлади.
II. СКХнинг асосий функциялари
Қуйидагилар СКХнинг асосий функциялари ҳисобланади:
инвестиция муҳитини тадқиқ этиш, хорижий инвестицияларни тартибга солишга қаратилган қонунчилик ва норматив ҳужжатларни ишлаб чиқишда қатнашиш;
хорижий инвестицияларни жалб этиш масалалари, бўйича БМТ, бошқа халқаро ва миллий ташкилотлар томонидан кўрсатиладиган техникавий ёрдам дастурларини рўёбга чиқаришда қатнашиш;
республика иқтисодиёти ишлаб чиқариш соҳасига инвестицияларни жалб этиш учун хорижий шерикларни излашда ўзбекистонлик тадбиркорларга ёрдам кўрсатиш;
хорижий инвесторларга Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитининг турли жиҳатлари бўйича ахборот хизмати кўрсатиш;
ўзбекистонлик шериклар билан амалий ҳамкорликни таклиф этувчи хорижий фирмаларнинг тўловга қобиллиги ва ишончлилигини баҳолаш;
эҳтимол тутилган хорижий шериклар учун амалий, шу жумладан, инвестиция таклифларини тайёрлашда ўзбекистонлик тадбиркорларга ёрдам. кўрсатиш;
хорижий инцестицияларни жалб этиш ва тартибга солишнинг турли муаммолари бўйича форумлар ташкил этишда қатнашиш;
ўзбекистонлик мутахассисларнинг чет эл инвестицияларга кўмаклашиш хизматларида стажировкада бўлишларини ташкил этиш;
хорижий инвестицияларни жалб этишга қаратилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш.
III. Бошқарув ва тузилма
1. СКХ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи иқтисодий мажмуи таркибига киради.
2. СКХнинг жорий фаолиятига раҳбарликни ЮНИДОнинг халқаро эксперти мақомига эга бўлган Директор амалга оширади.
СКХ директори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда ЮНИДО Бош директори томонидан лавозимга тайинланади ва озод қилинади.
3. Директор:
СКХ номидан фаолиятни ишончномасиз амалга оширади;
ярим йилда бир марта Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштириш бўлимига СКХ фаолияти тўғрисида ёзма ҳисобот тақдим этади;
банкларда счётлар, шу жумладан, валюта счётлари очади, ўз ваколатлари доирасида контрактлар, шартномалар тузади ҳамда уларнинг бажарилишини таъминлайди;
ўз ваколатлари доирасида СКХ мол-мулкини тасарруф этади;
СКХнинг барча ходимлари учун бажариш мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;
мазкур Низомдан келиб чиқувчи бошқа функцияларни бажаради.
4. СКХ ходимлари лавозимга СКХ Директори томонидан тақдим этиладилар ва белгиланган тартибда ЮНИДО томонидан тасдиқланадилар.
IV. Мол-мулк ва молиявий маблағлар
1. СКХнинг балансида бўлган, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ сотиб олинган бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналар ва бошқа мулк унинг мол-мулкини ташкил этади.
2. СКХ маблағлари бюджет маблағлари, БМТ (ПРООН) ривожлантириш Дастурининг техникавий ёрдами, СКХга мамлакатимиз ва хорижий ҳомийлар томонидан бериладиган маблағлар, кўрсатиладиган хизматлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонунлар ҳисобидан шаклланади.
3. СКХ фаолиятидан олинган даромад мазкур Низомдан келиб чиқувчи вазифаларни бажаришга йўналтирилади.
V. Фаолият муддати ва уни тугатиш
1. СКХ фаолияти муддати Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва БМТ/ЮНИДОнинг қўшма лойиҳаси уч йилни ташкил этади.
2. Уч йил тамом бўлгандан кейин Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва БМТ/ЮНИДО муддатларни узайтириш ёки лойиҳани амалга оширишни тугаллаш тўғрисида қўшма қарор қабул қиладилар.