Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Сербия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Дипломатик ва расмий паспорт эгалари учун виза талабларини бекор қилиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари давлат реестрида 2024 йил 3 октябрда рўйхатга олинди, рўйхат рақами 4576-CS-2024-H]
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Сербия Республикаси Ҳукумати (кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар),
Икки томонлама муносабатларни ривожлантириш ҳамда амалдаги дипломатик ва расмий паспорт эгалари бўлган ўз фуқароларининг саёҳат қилишларини осонлаштиришни истагида,
Қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Битимнинг мақсади
Битимнинг мақсади
Мазкур Битим қоидалари қуйидаги ҳар қандай паспортлар эгаларига нисбатан қўлланилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан бериладиган дипломатик паспортлар;
2. Сербия Республикаси Ҳукумати томонидан бериладиган дипломатик ва расмий паспортлар.
2-модда
Визадан озод этиш
Визадан озод этиш
1. Томонлардан бири давлатининг амалдаги дипломатик ва расмий паспортлари эгалари (кейинги ўринларда «паспорт эгалари» деб аталувчилар) бошқа Томон давлати ҳудудига кирган санадан бошлаб, 180 (бир юз саксон) кун ичида 90 (тўқсон) кундан ошмаган муддатга, башарти улар бошқа Томон давлати ҳудудида даромад келтирадиган фаолият, шу жумладан, ўз-ўзини банд қилиш ёки хусусий ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланмаса, ушбу Томон давлати ҳудудига кириш, ундан чиқиш, транзит ўтиш ҳамда унда вақтинчалик бўлишда виза талабларидан озод этиладилар.
2. Мазкур модданинг 1-бандида назарда тутилган муддатдан узоқроқ муддатга бошқа Томон давлатининг ҳудудига киришни истаган бир Томон давлатининг паспорт эгалари ушбу Томон давлатининг ҳудудига кириш учун виза олишлари талаб этилади.
3-модда
Тайинловлар учун визалар
Тайинловлар учун визалар
1. Томонлардан бири давлатининг паспорт эгалари бўлган бошқа Томон давлати ҳудудида жойлашган дипломатик ваколатхоналар ёки консуллик муассасалари ходимлари ҳамда амалдаги дипломатик ва расмий паспортга эга бўлган улар билан бирга яшовчи уларнинг оила аъзолари ушбу ҳудудга визасиз киришлари ва яшашлари мумкин, башарти уларнинг биринчи кириши дипломатик каналлар орқали 30 (ўттиз) кун олдин хабардор қилинган бўлса.
2. Бошқа Томон давлати ҳудудида жойлашган халқаро ташкилотларга тайинланган ҳар бир Томон давлатининг паспорт эгалари ҳамда амалдаги дипломатик ва расмий паспортга эга бўлган улар билан бирга яшовчи уларнинг оила аъзолари ушбу модданинг 1-бандида кўрсатилган ҳуқуқларга эга ҳисобланадилар.
3. Ҳар бир Томон давлатининг паспорт эгалари чегарани фақат халқаро саёҳатлар учун мўлжалланган чегара ўтказиш пунктларида кесиб ўтадилар.
4-модда
Миллий қонунчилик қўлланилиши
Миллий қонунчилик қўлланилиши
Ҳар бир Томон давлатининг паспорт эгалари бошқа Томон ҳудудида бўлишлари давомида ушбу Томон давлатининг миллий қонунлари ва қоидаларига риоя қилиш мажбуриятини оладилар.
5-модда
Бошқа халқаро шартномалар билан муносабати
Бошқа халқаро шартномалар билан муносабати
Битимдаги ҳеч нарса 1961 йил 18 апрелдаги Дипломатик алоқалар тўғрисидаги Вена конвенцияси ва 1963 йил 24 апрелдаги Консуллик муносабатлари тўғрисидаги Вена конвенциясида белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларга дахл қиладиган тарзда талқин қилиниши мумкин эмас.
6-модда
Персона нон грата
Персона нон грата
Башарти шахс исталмаган (персона нон грата) деб ҳисобланса, мазкур Битим Томонлардан бирининг ўз давлати ҳудудига бошқа Томон давлати паспорти эгаларининг киришни рад этиш ёки бўлиш муддатини чегаралаш ҳуқуқини чекламайди.
7-модда
Битимнинг вақтинчалик тўхтатилиши
Битимнинг вақтинчалик тўхтатилиши
1. Ҳар бир Томон жамоат тартиби, миллий хавфсизлик ёки аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш сабаблари туфайли ушбу Битимнинг бажарилишини вақтинча, тўлиқ ёки қисман, тўхтатиб қўйиши мумкин. Тўхтатиб туриш бошқа Томон давлати ҳудудига аллақачон кириб келган паспорт эгаларининг ҳуқуқларига дахл қилмайди.
2. Томонлар ушбу модданинг 1-бандида кўрсатилган чора-тадбирлар амалга оширилганлиги тўғрисида 72 соатдан кечиктирмай дипломатик каналлар орқали бир-бирларини хабардор қиладилар.
8-модда
Намуналарни алмашиш
Намуналарни алмашиш
1. Томонлар дипломатик каналлар орқали ўзларининг амалдаги дипломатик ва расмий паспортлари намуналарини ҳамда улардан фойдаланишга оид барча маълумотларни ушбу Битим имзолангандан кейин, лекин у кучга киришидан камида 30 кун олдин алмашадилар.
2. Башарти янги паспортлар жорий этилса ёки амалдагиларига ўзгартиришлар киритилган бўлса, ҳар қайси Томон бошқа Томонни зудлик билан хабардор қилади ва уларнинг намуналарини расмий жорий этишдан олдин дипломатик каналлар орқали алмашади.
9-модда
Паспортлар йўқолиши
Паспортлар йўқолиши
1. Ҳар қайси Томон давлатининг паспорт эгалари бошқа Томон давлати ҳудудида саёҳат ҳужжатлари йўқолган ёки шикастланган тақдирда, бу ҳақда ўз давлатининг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасасини дарҳол хабардор қилади, бу ҳақда қабул қилувчи давлатнинг ташқи сиёсат идорасига хабар беради.
2. Паспортлар йўқолган ёки шикастланган тақдирда, тегишли Томон давлатининг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаси йўқолган паспортни вақтинча алмаштириб, янги паспорт ёки бошқа йўл ҳужжатини беради.
10-модда
Низоларни ҳал этиш
Низоларни ҳал этиш
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш ёки амалга оширишдан келиб чиқадиган ҳар қандай низолар ёки келишмовчиликлар ҳеч қандай учинчи томон ёки халқаро трибуналга мурожаат қилмасдан, дипломатик каналлар орқали музокаралар ва маслаҳатлашувлар орқали ҳал қилинади.
11-модда
Кўриб чиқиш ва ўзгартиришлар киритиш
Кўриб чиқиш ва ўзгартиришлар киритиш
Мазкур Битим Томонларнинг ўзаро розилиги билан ёзма равишда ўзгартирилиши ёки тўлдирилиши мумкин. Ҳар қандай тузатиш ушбу Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланади ва Битимнинг 12-моддасида назарда тутилган тартибда кучга киради.
12-модда
Кучга кириши, муддати ва тугатилиши
Кучга кириши, муддати ва тугатилиши
1. Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади ва унинг кучга кириши учун миллий қонунчиликда белгиланган талаблар Томонлар бажарганликлари тўғрисидаги охирги ёзма хабарнома дипломатик каналлар орқали олинган санадан бошлаб 30 (ўттизинчи) кунда кучга киради.
2. Ҳар бир Томон исталган вақтда бошқа Томонни дипломатик каналлар орқали хабардор қилиш орқали ушбу Битимни тугатиши мумкин. Ушбу Битимнинг амал қилиш муддати бундай хабарнома олинган кундан бошлаб 90 (тўқсонинчи) кунда тугайди.
Нью-Йорк шаҳрида 2024 йил 23 сентябрда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, серб ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир.
Талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)