ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ САНОАТ, РАДИАЦИЯ ВА ЯДРО ХАВФСИЗЛИГИ ҚЎМИТАСИНИНГ
ҚАРОРИ
Синтетик смолалар ишлаб чиқариш ходимлари учун хавфсизлик қоидаларига ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 14 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2104-2]
Ўзбекистон Республикасининг «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 майдаги ПҚ-186-сон «Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 4 октябрдаги 633-сон «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг 2010 йил 26 мартдаги 108-сон буйруғи (рўйхат рақами 2104, 2010 йил 19 май) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 20-сон, 157-модда) билан тасдиқланган Синтетик смолалар ишлаб чиқариш ходимлари учун хавфсизлик қоидаларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан келишилган.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис А. РАФИҚОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 16 июн,
7-сон
Келишилди:
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. ЗАХИДОВ
2025 йил 30 май
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш. ХИДОЯТОВ
2025 йил 28 май
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раисининг 2025 йил 16 июндаги 7-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Синтетик смолалар ишлаб чиқариш ходимлари учун хавфсизлик қоидаларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. 3-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар, шунингдек шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.».
3. 8-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«8. Ўзбекистон Республикасининг «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 12-моддасига мувофиқ ходимлар сони эллик киши ва ундан ортиқ бўлган ҳар бир ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилишини таъминлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этилади ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тегишли тайёргарликка эга бўлган мутахассис лавозими жорий этилади. Элликта ва ундан ортиқ транспорт воситаси мавжуд бўлган ташкилотда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳам ташкил этилади ёки йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича мутахассис лавозими жорий этилади.
Ходимларининг сони эллик нафардан кам бўлган ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозимини жорий этиш тўғрисидаги қарор иш берувчи томонидан мазкур ташкилот фаолиятининг ўзига хос хусусияти ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинади.».
4. 9-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«9. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ташкилотнинг мустақил таркибий бўлинмалари бўлиб, улар бевосита ташкилот раҳбарига бўйсунади.».
5. 11-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«11. Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.».
6. 14-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«14. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқилади ҳамда ташкилот ходимларини ва иш жойларини ушбу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.».
7. 15-банддаги «ГОСТ 17.2.3.02-78» деган сўзлар «ГОСТ 17.2.3.02-2014» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
8. 32 — 34-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«32. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 июлдаги 290-сон қарори билан тасдиқланган Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланилиши тақиқланган оғир ишларнинг ҳамда зарарли ёки хавфли меҳнат шароитларидаги ишларнинг рўйхатига мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар оғир ишларга ҳамда зарарли ва хавфли меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.».
33. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 393-моддасига мувофиқ белгиланган тартибда ноқулай меҳнат шароитларига эга бўлган, аёлларнинг меҳнатидан фойдаланиш чекланадиган айрим ишлар рўйхати белгиланиши мумкин.
34. Ташкилот майдонлари ва бинолар жойлашуви ШНҚ 2.09.17-21 «Саноат корхоналарининг бош режаларини лойиҳалаш» шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари (ҳисоб рақами 256, 2024 йил 3 июнь) талабига мос бўлиши керак.».
9. 40 ва 41-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«40. Ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари ШНҚ 2.09.02-23 «Корхоналарнинг ишлаб чиқариш ҳамда маъмурий-маиший бино ва иншоотлари. Лойиҳалаш талаблари» шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари (ҳисоб рақами 301, 2024 йил 2 октябрь) талабига мос келиши керак.
41. Ёрдамчи бинолар ва хоналар ШНҚ 2.09.02-23 «Корхоналарнинг ишлаб чиқариш ҳамда маъмурий-маиший бино ва иншоотлари. Лойиҳалаш талаблари» шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари (ҳисоб рақами 301, 2024 йил 2 октябрь) талабига мос келиши лозим.».
10. 52-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«52. Шамоллатиш ва иситиш ШНҚ 2.04.05-22 «Иситиш, вентиляция ва кондициялаш» шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари (ҳисоб рақами 287, 2024 йил 11 сентябрь) талабига жавоб бериши лозим.».
11. 58-банддаги «ҚМҚ 2.04.01-98 «Биноларнинг ички сув қувури ва канализацияси» деган сўзлар «ШНҚ 2.04.01-22 «Биноларнинг ички сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш» шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
12. 63-банддаги «ҚМҚ 2.01.05-98 «Табиий ва сунъий ёритиш» деган сўзлар «ШНҚ 2.01.05-24 «Табиий ва сунъий ёритиш» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
13. 70 ва 71-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«70. Ташкилотларда ходимларнинг иш вақти, дам олиш вақти, шунингдек қисқартирилган иш вақти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 14 ноябрдаги 758-сон қарори билан тасдиқланган Ўта зарарли ва ўта хавфли меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимлар учун иш вақтининг чекланган давомийлиги талаблари инобатга олинган ҳолда, ташкилотларнинг ички меҳнат қоидалари асосида белгиланади.
71. Ташкилот маъмурияти (ёки иш берувчи) касаба уюшмаси қўмитаси ва ваколатли соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили дастлабки (меҳнат шартномасини тузаётганда) ва даврий (меҳнат фаолияти давомида) мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг кўрикка келишини таъминлаши лозим.».
14. 73 — 76-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«73. Иш берувчи мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган ёхуд мажбурий тиббий кўрик натижаларига кўра тиббий комиссиялар томонидан берилган тавсияларни бажаришдан бўйин товлаган шахсларни ишдан четлаштириши шарт.
74. Мажбурий тиббий кўриклар корхоналарга тиббий хизматлар кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасалари томонидан, улар бўлмаган тақдирда эса корхона жойлашган ердаги даволаш-профилактика муассасалари томонидан ўтказилади. Мажбурий тиббий кўриклар даволаш-соғломлаштириш тадбирлари белгиланган текшириш далолатномаси билан якунланиши лозим.
75. Ташкилот маъмурияти (ёки иш берувчи) ва касаба уюшмаси қўмитаси мажбурий тиббий кўрик далолатномаси билан танишиб чиқиши, иш берувчи эса далолатномада кўзда тутилган барча тадбирлар ва кўрсатмаларни бажариши лозим.
76. Даврий мажбурий тиббий кўриклар ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва уларнинг натижаларига кўра тавсиялар бажарилиши учун жавобгарлик ташкилотнинг маъмурияти зиммасига юкланади.».
15. 120-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«120. Ишлаб чиқариш жараёнлари ёнғин ва портлаш хавфсизлиги, уларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва олиб боришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 октябрдаги 649-сон қарори билан тасдиқланган Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига мувофиқ таъминланиши лозим.».
16. 155-банддаги «ҚМҚ 2.09.12-98 «Омбор бинолари» деган сўзлар «ШНҚ 2.09.03-23 «Омборхоналар. Лойиҳалаш меъёрлари» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
17. 175-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«175. Ишлаб чиқариш жараёнларида фойдаланиладиган ускуналар соз ҳолатда бўлиши шарт.».
18. 186-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«186. Ташкилотларда электр қурилмаларини ўрнатиш ва улардан фойдаланишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги 712-сон қарори билан тасдиқланган Истеъмолчилар электр қурилмаларини техник эксплуатация қилиш қоидалари ва Истеъмолчилар электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидалари талабларига риоя қилиниши керак.».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.07.2025 й., 10/25/2104-2/0620-сон)