Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Мувофиқликни баҳолаш органларини тайинлаш (нотификация қилиш) тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Мувофиқликни баҳолаш органларини тайинлаш (нотификация қилиш) тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
тайинловчи (нотификация қилувчи) органга ва тайинланган (нотификация қилинган) мувофиқликни баҳолаш органларига қўйиладиган талаблар;
тайинланган (нотификация қилинган) мувофиқликни баҳолаш органларининг мажбуриятлари, реестрини юритиш, шунингдек, тайинланган (нотификация қилинган) мувофиқликни баҳолаш органи мақомини олиш ва уни ўзгартириш тартиби.
2. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
3. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори А.Р. Жуманазаров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 12 июль,
432-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 12 июлдаги 432-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Мувофиқликни баҳолаш органларини тайинлаш (нотификация қилиш) тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом мувофиқликни баҳолаш органларини тайинлаш (нотификация қилиш) тартибини белгилайди.
2. Тайинланган (нотификация қилинган) мувофиқликни баҳолаш органи тегишли техник регламентга мувофиқ (кейинги ўринларда — техник регламент) учинчи тараф сифатида маҳсулотларнинг мувофиқлигини баҳолайди.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланади:
тайинловчи (нотификация қилувчи) орган (кейинги ўринларда — Ваколатли орган) — техник регламентда ёки фаолият соҳасидан келиб чиқиб Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган мувофиқликни баҳолаш органини тайинловчи (нотификация қилувчи) ваколатли орган;
тайинлаш (нотификация қилиш) — мувофиқликни баҳолаш органларини техник регламентларда белгиланган маҳсулот турларига нисбатан мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларини бажариш учун Ваколатли орган томонидан баҳолаш, расман тасдиқлаш ва белгиланган талабларга риоя қилишлари устидан мониторинг ўтказиш;
тайинланган (нотификация қилинган) орган — техник регламентда белгиланган маҳсулот турларига нисбатан мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларини учинчи тараф сифатида бажарувчи мувофиқликни баҳолаш органи;
тайинлаш (нотификация қилиш) соҳаси (кейинги ўринларда — тайинлаш соҳаси) — даъвогар томонидан сўралаётган ёки Ваколатли орган томонидан тасдиқланган мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларининг ва маҳсулот турларининг рўйхати.
2-боб. Тайинлаш (нотификация қилиш) тартиби
4. Ваколатли орган техник регламент доирасида мувофиқликни баҳолаш ишларини амалга оширувчи мувофиқликни баҳолаш органларини баҳолайди, тайинлайди (нотификация қилади) ва уларни белгиланган талабларга риоя қилишлари устидан мониторинг ўтказади.
5. Ваколатли орган томонидан ушбу Низом, шунингдек, техник регламентларда қўшимча талаблар белгиланган бўлса, мазкур талабларни инобатга олган ҳолда мувофиқликни баҳолаш органини тайинлайди (нотификация қилади).
6. Тайинлаш (нотификация қилиш) тартиб-таомили ва ундан ўтиш кетма-кетлиги, техник регламентлар ва ушбу Низом талабларини ҳисобга олган ҳолда, Ваколатли орган томонидан тасдиқланадиган тайинлаш тартибига мувофиқ белгиланади.
7. Ваколатли орган ушбу Низомнинг 4-бандида назарда тутилган ишларни, ўзининг мавжуд юкламасидан келиб чиқиб чиққан ҳолда самарали ва ўз вақтида йўлга қўйиш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг «Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш тўғрисида»ги Қонунида белгиланган аккредитация органи томонидан бажарилиши бўйича тегишли қарорни қабул қилиши мумкин.
8. Агар Ваколатли орган ушбу Низомнинг 4-бандида назарда тутилган баҳолаш, тайинлаш (нотификация қилиш) ёки мониторинг ўтказиш ишларини бошқа ташкилотга (органга) топширса ёки бу ишларни бажаришга ваколат берса, бундай ташкилот (орган) юридик шахс мақомига эга бўлиши ва ушбу Низомнинг 4-бобида белгиланган талабларга риоя қилиши ҳамда ўз фаолиятидан келиб чиқадиган мажбуриятларни тўлиқ бажариши учун зарур ташкилий техник чораларни кўрган бўлиши шарт.
9. Ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган ташкилот (орган) томонидан бажарилган ишлар учун жавобгарликни Ваколатли орган ўз зиммасига олади.
10. Тайинлаш соҳасида мувофиқликни баҳолаш фаолияти тўғрисидаги маълумот ҳамда мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомили техник регламентда белгиланган маҳсулотларга оид маълумотларда тўлиқ акс эттирилиши лозим.
11. Ваколатли орган нотификация органини тайинлаш (нотификация қилиш) тўғрисидаги қарорда муайян техник регламент доирасида қўлланувчи мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомиллари, тегишли маҳсулот(лар) ёки маҳсулотлар гуруҳи, мувофиқликни баҳолаш органининг ваколатини (компетентлик даражасини) тасдиқловчи маълумотларни ҳамда тайинлашнинг (нотификация қилишнинг) амал қилиш муддатини акс эттириши шарт.
12. Агар тайинлаш (нотификация қилиш) ушбу Низомнинг 44-бандида назарда тутилган аккредитацияга асосланмаган бўлса, Ваколатли орган мувофиқликни баҳолаш органининг ваколатини (компетентлик даражасини) тасдиқловчи ҳужжатлаштирилган далилларга эга бўлиши ва мувофиқликни баҳолаш органи белгиланган талабларга доимий риоя қилиши устидан мониторинг ўтказилиши учун зарур чораларни кўрган бўлиши шарт.
13. Ваколатли орган мувофиқликни баҳолаш органига тайинланган (нотификация қилинган) орган мақомини бериш ёки бермаслик тўғрисидаги қарорни ўттиз иш кунида қабул қилиши шарт.
Тайинланган (нотификация қилинган) органлар реестрига киритилган ташкилот, техник регламент талабларига мувофиқ тайинланган (нотификация қилинган) орган сифатида тан олинади.
14. Агар тайинлаш ушбу Низомнинг 44-бандида назарда тутилган аккредитацияга асосланган бўлса, Ваколатли орган аккредитация гувоҳномасининг амал қилиш даврига тенг муддатга, бундан бошқа ҳолларда эса уч йил муддатга мувофиқликни баҳолаш органини тайинлаши (нотификация қилиши) лозим.
15. Ваколатли орган тайинланган (нотификация қилинган) мувофиқликни баҳолаш органи билан тайинлаш талаблари ва шартларини белгилайдиган, шу жумладан, тайинланган органнинг мажбуриятлари, белгиланган талабларга риоя қилиши устидан мониторинг ўтказиши ва бошқа муносабатларни тартибга солувчи, юридик кучга эга шартнома тузиши шарт.
16. Ваколатли орган тайинлаш соҳасига киритилган ўзгаришлар ҳақида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигини (кейинги ўринларда — Агентлик) ва бошқа манфаатдор томонларни уч кун муддатда хабардор қилиши лозим.
3-боб. Ваколатли органга қўйиладиган талаблар
17. Ваколатли орган мувофиқликни баҳолаш органини тайинлашда (нотификация қилишда) қуйидагиларни таъминлаши керак:
мувофиқликни баҳолаш органлари билан манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлмаслигини;
ўз фаолиятини холислик ва беғаразликни таъминлайдиган тарзда ташкил қилиши ва фаолият юритишини;
мувофиқликни баҳолаш органини тайинлашга тааллуқли бўлган ҳар бир қарорнинг мувофиқликни баҳолаш органи билан аффилланмаган ваколатли шахслар томонидан қабул қилинишини;
тайинланаётган (нотификация қилинаётган) мувофиқликни баҳолаш органларидан олинган ахборотнинг махфийлигини.
18. Ваколатли орган мувофиқликни баҳолаш органлари амалга оширадиган фаолият билан шуғулланмаслиги ёхуд маслаҳат хизматларини кўрсатмаслиги ёки бундай хизмат турини таклиф қилмаслиги керак.
19. Ваколатли орган мувофиқликни баҳолаш органларини баҳолаш ва тайинлаш (нотификация қилиш) тартиб-таомилларини ва ушбу тартиб-таомилларга киритилган ҳар қандай ўзгартиришларни ҳамда тайинланган (нотификация қилинган) орган устидан ўтказилган мониторинг натижаларини очиқлаши шарт.
4-боб. Тайинланган (нотификация қилинган) органларга ва уларнинг ходимларига қўйиладиган талаблар
20. Мувофиқликни баҳолаш органи тайинланган (нотификация қилинган) орган мақомини олиши учун мазкур бобда белгиланган талабларга жавоб бериши шарт.
21. Қуйидаги келтирилган барча талаблар ва шартларни бажарган мувофиқликни баҳолаш органлари тайинланиши (нотификация қилиниши) мумкин:
Ўзбекистон Республикасининг резидентлари — юридик шахслар бўлса;
сўнгги уч йил давомида маҳсулотнинг мувофиқлигини баҳолаш ишларини бажариш тажрибасига эга бўлса;
белгиланган соҳа доирасида маҳсулотни синашни амалга ошириш учун аккредитация қилинган ўз синаш лабораторияларига эга бўлса;
мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларини тайинланган (нотификация қилинган) органларни жалб этган ҳолда қўллаш назарда тутилган техник регламентларда белгиланган махсус талабларга, бундай талаблар техник регламентларда белгиланмаган тақдирда эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган махсус талабларга мувофиқ бўлса.
22. Техник регламентларда белгиланган маҳсулотларни лойиҳалаштириш, ишлаб чиқариш, таъминлаш, йиғиш, эксплуатация қилиш ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ фаолият манфаатларини ифодаловчи уюшмаларга аъзо бўлган мувофиқликни баҳолаш органи, ўзининг мустақиллиги ва унда манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари мавжуд эмаслигини намойиш қилиши шарти билан мустақил учинчи томон органи сифатида эътироф қилиниши мумкин.
23. Мувофиқликни баҳолаш органи, унинг раҳбарияти ва мувофиқликни баҳолаш вазифаларини бажаришга масъул ходимлари ўзлари баҳолайдиган техник регламентларда белгиланган маҳсулотларнинг лойиҳачиси, ишлаб чиқарувчиси, таъминотчиси, ўрнатувчиси, харидори, эгаси, фойдаланувчиси ёки техник хизмат кўрсатувчиси ёхуд уларнинг вакили бўлмаслиги керак.
24. Мувофиқликни баҳолаш органи, унинг раҳбарияти ва мувофиқликни баҳолаш вазифаларини бажаришга масъул ходимлари бевосита техник регламентларда белгиланган маҳсулотларни лойиҳалаштириш, ишлаб чиқариш ёки йиғиш, маркетинг, ўрнатиш, фойдаланиш ёки техник хизмат кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятларда иштирок этмаслиги ёки ушбу фаолият билан шуғулланувчиларга вакиллик қилмаслиги шарт.
25. Мувофиқликни баҳолаш органлари тайинланган соҳа доирасида тегишли қарор қабул қилишдаги мустақилликни ёки мувофиқликни баҳолаш ишларини бажаришдаги ҳаққонийликнинг таъминланишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай фаолият тури билан шуғулланмасликлари шарт.
26. Мувофиқликни баҳолаш органи мувофиқликни баҳолашни амалга оширишда унинг шуъба корхонаси ёки ёрдамчи пудратчи ташкилотларининг ҳаракатлари махфийликка, беғаразликка ёки холисликка таъсир қилмаслигини таъминлаши керак.
27. Мувофиқликни баҳолаш органи ходимлари мувофиқликни баҳолашни юқори профессионал даражада ҳамда муайян соҳадаги зарур техник билим ва малака асосида амалга оширишлари ҳамда мувофиқликни баҳолаш фаолиятида уларнинг қарор қабул қилиш қобилиятига ва мувофиқликни баҳолаш натижаларига таъсир кўрсатувчи, жумладан, ушбу фаолият натижаларидан манфаатдор шахслар ёки гуруҳларнинг ҳар қандай босим ва рағбатлантиришлари, айниқса, молиявий рағбатидан холи бўлишлари шарт.
28. Мувофиқликни баҳолаш органи тайинланган соҳада мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларида белгиланган вазифаларни бажариши ёки унинг номи ва жавобгарлигида бажарилишини таъминлаши лозим.
29. Мувофиқликни баҳолаш органи доимий равишда ўзи тайинланган ҳар бир мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомили ва ҳар бир турдаги ёки тоифадаги техник регламентларда белгиланган маҳсулотларга нисбатан қуйидагиларга эга бўлиши лозим:
а) мувофиқликни баҳолаш учун техник билим ва тажрибага эга ходимларга;
б) техник регламентга мувофиқ ўтказиладиган, шаффофликни таъминловчи ҳамда такроран қайта ўтказиш имконини яратиб берувчи мувофиқликни баҳолаш жараёнининг тўлиқ ёзма тафсилотига;
в) тайинланган мувофиқликни баҳолаш органи сифатида амалга ошириладиган фаолиятни бошқа фаолиятлардан фарқлаб олиш имконини берувчи тегишли сиёсат ва тартиб-таомил ҳужжатларига;
г) бажариладиган ишнинг кўлами, фаолият олиб борилувчи иқтисодиёт тармоғи, ташкилий тузилмаси, фаолиятида қўлланадиган технологиянинг мураккаблик даражаси ҳамда фаолиятнинг оммавий ёки серияли тарзда олиб борилиши хусусиятларини ўзида акс эттирувчи тартиб-таомил ҳужжатларига.
30. Мувофиқликни баҳолаш органи мувофиқликни баҳолаш фаолияти билан боғлиқ техник ва маъмурий вазифаларни белгиланган тартибда бажариши учун зарур техник воситаларга, барча талаб этилувчи ускуналар ёки иншоотлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши керак.
31. Мувофиқликни баҳолаш учун масъул ходимлар қуйидагиларга эга бўлиши лозим:
а) мувофиқликни баҳолаш органи ўзи тайинланган соҳалардаги барча мувофиқликни баҳолаш фаолиятини қамраб олувчи техник ва касбий малакага;
б) ўзлари бажарадиган баҳолашга қўйиладиган талаблар бўйича билим ва ушбу баҳолашни амалга ошириш учун ваколатга;
в) техник регламентларда белгиланган асосий хавфсизлик талаблари, маҳсулотнинг, уни ишлаб чиқариш жараёнларининг ёки усулларининг техник регламентлар талабларига мувофиқлиги презумпциясини таъминлайдиган стандартлар ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидаги талаблар тўғрисида билим ва кўникмага;
г) баҳолаш амалга оширилганини тасдиқловчи ҳисоботлар, тегишли ёзувлар ва хулосаларни расмийлаштириш кўникмасига.
32. Мувофиқликни баҳолаш органининг, унинг раҳбарияти ва мувофиқликни баҳолаш учун масъул ходимларнинг холислиги кафолатланиши шарт.
33. Агар мувофиқликни баҳолаш фаолиятидан келиб чиқадиган мажбуриятлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат томонидан қопланиши ёки унинг жавобгарлигида бўлиши назарда тутилмаган бўлса, мувофиқликни баҳолаш органи ўз фаолиятидан келиб чиқадиган мажбуриятларни молиявий кафолатлаши (суғурталаши ва бошқа усуллар) шарт.
34. Мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомилларига асосан мувофиқликни баҳолаш органи ходимлари ўз вазифаларини бажариши давомида олинган барча маълумотларни, ваколатли давлат назорат органига нисбатан истисно қилган ҳолда, касбий сир сифатида сақлашлари шарт.
35. Мувофиқликни баҳолаш органи ўзи тайинланган тегишли соҳадаги стандартлаштириш бўйича техник қўмита (кейинги ўринларда — Техник қўмита) фаолиятида иштирок этиши ёки мувофиқликни баҳолаш ишларини бажариш учун масъул ходимларининг стандартлаштириш ҳамда Техник қўмита фаолияти натижаларидан доимий хабардор бўлишларини таъминлаши лозим. Мувофиқликни баҳолаш органи Техник қўмита фаолияти доирасида қабул қилинган кўрсатмалар ва ҳужжатларни ўз фаолиятининг умумий бошқарув ҳужжатлари сифатида қабул қилишлари ва амалиётда қўллашлари шарт.
5-боб. Тайинланган (нотификация қилинган) органларнинг шуъбалари ва ёрдамчи пудратчи ташкилотлари
36. Тайинланган (нотификация қилинган) орган мувофиқликни баҳолаш фаолияти билан боғлиқ айрим вазифаларни бажариши учун ёрдамчи пудратчи ташкилотни ёлласа ёки ўзининг шуъба корхонаси хизматидан фойдаланишга эҳтиёжи бўлса, бундай ҳолларда унинг ёрдамчи пудратчи ташкилоти ёки шуъба корхонаси ўз фаолиятини амалга оширишда ушбу Низомнинг 4-бобида белгиланган талабларга жавоб беришини таъминлаши ва бу ҳақида Ваколатли органни хабардор қилиши шарт.
37. Тайинланган (нотификация қилинган) орган, унинг ёрдамчи пудратчи ташкилотлари ёки шуъба корхонаси қаерда ва қандай шартларда ташкил этилганидан қатъи назар, улар томонидан бажарилган ишлар учун тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олади.
38. Мувофиқликни баҳолаш жараёнидаги тайинланган (нотификация қилинган) органнинг маълум вазифалари ёрдамчи пудратчи ташкилотига берилиши ёки шуъба корхонаси томонидан фақат мижознинг (ишлаб чиқарувчи ва (ёки) унинг ваколатли вакили, импорт қилувчи ва дистрибютор) розилиги билан амалга оширилиши мумкин.
39. Тайинланган (нотификация қилинган) орган, жалб қилинган ёрдамчи пудратчи ташкилотлар ёки шуъба корхонаси малакасини баҳолашга ҳамда улар томонидан мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомиллари доирасида бажарилган ишлар бўйича ҳужжатларни Ваколатли орган ихтиёрида сақлаши шарт.
6-боб. Тайинланган (нотификация қилинган) органлар томонидан ишлаб чиқарувчининг (корхонанинг) аккредитациядан ўтган органларини жалб этиш
40. Агар мувофиқликни баҳолаш бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартиб-таомиллар бунга рухсат берса, ишлаб чиқарувчи (корхона) қошида (ёки унинг бошқарув тизимида) ташкил этилган аккредитациядан ўтган органлар мувофиқликни баҳолашга жалб қилиниши мумкин. Бундай орган ишлаб чиқарувчининг алоҳида ва ажратилган тузилмаси тарзида фаолият юритиши ҳамда ўзи томонидан баҳоланаётган маҳсулотни лойиҳалаштириш, ишлаб чиқариш, таъминлаш, ўрнатиш, эксплуатация қилиш ва хизмат кўрсатиш жараёнларида иштирок этмаслиги шарт.
41. Ишлаб чиқарувчининг аккредитациядан ўтган органи қуйидаги талабларга жавоб бериши шарт:
халқаро аккредитация ташкилотлари томонидан кўп томонлама тан олиш тизимлари иштирокчиси ҳисобланган аккредитация органи томонидан аккредитациядан ўтказилган бўлиши;
ишлаб чиқарувчининг ташкилий тузилмасида ходимларининг маъмурий бошқаруви ҳамда ҳисобот бериш ваколатлари холисликни таъминлайдиган тарзда аниқ белгиланган бўлиши ва буни аккредитация органига тақдим қилган бўлиши;
ходимлари баҳоланаётган маҳсулотларни лойиҳалаштириш, ишлаб чиқариш, таъминлаш, ўрнатиш, эксплуатация қилиш ва хизмат кўрсатиш учун жавобгар бўлмаслиги ёхуд улар томонидан ўтказиладиган баҳолаш натижаларига нисбатан қабул қилинадиган қарорнинг мустақиллиги ёки ҳаққонийлигига салбий таъсир кўрсатувчи ҳар қандай бошқа фаолият билан шуғулланмаслиги;
фақат унинг тасарруфида бўлган ишлаб чиқарувчига хизмат кўрсатиши.
42. Ишлаб чиқарувчининг аккредитациядан ўтган органига тайинланган орган мақомини бериш тақиқланади. Бунда фақат аккредитация органи тайинловчи ваколатли органнинг сўровига мувофиқ унга ишлаб чиқарувчининг ушбу органнинг аккредитация соҳаси тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиши мумкин.
7-боб. Тайинланган (нотификация қилинган) орган мақомини олиш учун буюртма бериш
43. Мувофиқликни баҳолаш органи Ваколатли органга техник регламентда белгиланган талаблар бўйича маҳсулотлар мувофиқлигини баҳолашга оид ишларни бажаришга тайинланиши учун Ваколатли орган томонидан белгиланган шаклда буюртма бериши лозим.
44. Тайинланиш учун буюртма билан бирга мувофиқликни баҳолаш органи томонидан қуйидагилар тақдим қилиниши лозим:
мувофиқликни баҳолашга оид фаолияти тўғрисида тўлиқ ёзма тафсилот;
мувофиқликни баҳолаш юзасидан ички тартиб-таомил(лар) бўйича қабул қилинган ҳужжатлар;
тайинланиш сўралаётган тегишли техник регламентлар ва уларда белгиланган маҳсулотларнинг рўйхати;
даъвогар бўлган соҳа доирасида маҳсулотни белгиланган техник регламентлардаги талабларга мувофиқлигини баҳолашни амалга ошириш учун ўз синаш лабораториясига аккредитация органи томонидан расмийлаштирилган гувоҳномасининг нусхаси;
даъвогар бўлган соҳа доирасида маҳсулотнинг мувофиқлигини баҳолашда иштирок этувчи ҳамда синовлар ўтказувчи ходимлар тўғрисидаги маълумотларни ҳамда уларнинг малакасини тасдиқловчи ҳужжатлар;
тайинланиш сўралаётган мувофиқликни баҳолаш фаолиятидан келиб чиқувчи молиявий ва профессионал мажбуриятлар кафолатланганини (суғурталанганини ва бошқа усуллар) тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси;
мувофиқликни баҳолаш органининг ваколатини (компетентлик даражасини) ҳамда ушбу Низомнинг 4-бобида белгиланган талабларга жавоб беришини тасдиқловчи аккредитация органи томонидан расмийлаштирилган аккредитация гувоҳномаси (агар мавжуд бўлса). Агар мувофиқликни баҳолаш органи аккредитация гувоҳномасини тақдим эта олмаса, ушбу Низомнинг 4-бобида назарда тутилган талабларга жавоб беришини тасдиқлаш, эътироф этиш ва доимий равишда даъвогар бўлган соҳага оид белгиланган талабларга риоя қилишни назорат қилиши учун Ваколатли органга ҳужжатлаштирилган далилларни тақдим қилиши шарт.
45. Техник регламентларда тайинланган (нотификация қилинган) орган мақомини олиш учун қўшимча талаблар белгиланган бўлса, мазкур талаблар инобатга олиниши шарт.
8-боб. Тайинланган (нотификация қилинган) органлар ягона реестри
46. Агентлик тайинланган (нотификация қилинган) орган, тайинланиш соҳаси, тайинланганлик мақомига нисбатан ҳар қандай бекор қилиш, тўхтатиб туриш, чеклаш ва тиклаш ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлардан иборат электрон ахборот базасини шакллантиради ва ушбу ахборот базаси асосида Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида тайинланган (нотификация қилинган) органларнинг ягона реестрини (кейинги ўринларда — Тайинланган органлар реестри) юритади.
47. Агентлик Ваколатли органнинг тегишли қарори асосида тайинланган мувофиқликни баҳолаш органини Тайинланган органлар реестрида рўйхатдан ўтказади.
48. Тайинланган (нотификация қилинган) орган, техник жиҳатдан тартибга солишнинг бир неча соҳаларида тайинланган (нотификация қилинган) мақомини олган бўлишидан қатъи назар, Тайинланган органлар реестрида ягона рақам остида қайд қилинади.
49. Тайинланган (нотификация қилинган) органлар, уларнинг тайинланиш соҳаси, тайинланганлик мақомини бекор қилиш, тўхтатиб туриш ва тиклаш тўғрисидаги Тайинланган органлар реестрининг маълумотлари Агентликнинг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилиши шарт.
50. Тайинланган органлар реестридаги маълумотлар доимий ва ўз вақтида янгиланиб борилиши шарт.
9-боб. Тайинланган (нотификация қилинган) органлар устидан мониторинг ўтказиш
51. Ваколатли орган тайинланган мувофиқликни баҳолаш органлари тайинлаш талаблари ва шартларига доимий риоя қилишлари устидан мониторинг ўтказиш учун зарур чораларни кўриши шарт.
52. Ваколатли орган аккредитация органи томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган даврийликда мувофиқликни баҳолаш органларида ўтказадиган баҳолаш, қайта аккредитация ва бошқа компетентликни тасдиқлашга оид ўрганиш натижаларидан мониторинг ўтказиш мақсадида фойдаланиши мумкин.
Бунда аккредитация органи ўтказилган баҳолаш натижаси, тайинлаш мақомига таъсир кўрсатувчи ҳар қандай омиллар тўғрисидаги маълумотларни Ваколатли орган сўровига мувофиқ тақдим қилиши зарур.
10-боб. Тайинланганлик (нотификация қилинганлик) мақомидаги ўзгаришлар
53. Агар Ваколатли орган, ўзи томонидан тайинланган (нотификация қилинган) органнинг ушбу Низом ва техник регламентнинг белгиланган талабларига риоя қилмаганини ёки юклатилган мажбуриятларни бажармаганини аниқласа ёхуд бундай ҳолатлар ҳақида хабар топса, тайинланган (нотификация қилинган) органнинг талабларни ёки мажбуриятларни бажармаганлик даражасига қараб унинг тайинлаш (нотификация қилиш) мақомини тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш чораларини кўради. Ваколатли орган бу ҳақида Агентликни ва бошқа манфаатдор томонларни уч кунлик муддатда хабардор қилиши шарт.
Тайинлаш (нотификация қилиш) мақомини тўхтатиб туриш, тиклаш ёки бекор қилиш муддатлари ва тартиби Ваколатли орган томонидан тасдиқланадиган тайинлаш тартибига мувофиқ белгиланади.
Бунда тайинлаш (нотификация қилиш) мақомини тўхтатиб туриш ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатда, ўн иш кунидан ортиқ муддатга тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш суд тартибида амалга оширилади.
54. Агар тайинланган (нотификация қилинган) органнинг тайинланганлик мақоми тўхтатиб турилса ёки бекор қилинса ёхуд тайинланган (нотификация қилинган) орган фаолиятини тугатса, Ваколатли орган ушбу тайинланган (нотификация қилинган) орган ихтиёрида бўлган мувофиқликни баҳолашга оид ишларни бошқа тайинланган (нотификация қилинган) органга ўтказилишини ёки бундай орган бўлмаганда аккредитация қилинган мувофиқликни баҳолаш органлари орасидан танлаб олиши ва уларга ўтказиш чораларини кўриши зарур.
11-боб. Тайинлаш (нотификация қилиш) масалаларида низоларни ҳал этиш
55. Мувофиқликни баҳолаш органларини тайинлаш (нотификация қилиш) масалаларида юзага келиши мумкин бўлган низолар, Ваколатли орган ва тайинланган (нотификация қилинган) органлар фаолияти устидан шикоятлар ҳамда шу каби бошқа ҳолатларни ўрганиш, холис баҳо ва кўрсатмалар бериш мақсадида Агентликда техник регламентлар доирасида мувофиқликни баҳолаш органларини тайинлаш масалалари бўйича комиссия (кейинги ўринларда — комиссия) ташкил этилади.
Комиссия таркиби барча тарафлар манфаатини эътиборга олган ҳолда шакллантирилади. Комиссия таркибига Ваколатли орган, тайинланган (нотификация қилинган) органлар ва ишлаб чиқарувчи ва (ёки) унинг ваколатли вакили, импорт қилувчи ва дистрибютор вакиллари киритилади.
56. Комиссия ўз фаолияти натижасида аниқланган муаммоларни комплекс таҳлил қилиш ва ҳал қилиш учун ваколатли органлар ва ташкилотларга Агентлик орқали асослантирилган таклифлар киритилишини таъминлайди.
57. Тайинланган (нотификация қилинган) органнинг ваколати ёки мунтазам равишда зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажармагани ва белгиланган талабларга риоя қилинмагани аниқланса ёки бу ҳақида мурожаат келиб тушса, Комиссия бундай ҳолатлар устидан ўрганиш ўтказади.
58. Ваколатли орган Комиссиянинг сўровига мувофиқ ўрганиш ўтказилаётган органнинг тайинланганига асос бўлувчи ёки унинг ваколатини тасдиқловчи барча маълумотларни тақдим қилиши шарт.
59. Комиссия ўрганиш жараёнида олинган маълумотларнинг махфийлигини таъминлайди.
60. Агар Комиссия ўрганиш натижасида тайинланган (нотификация қилинган) орган тайинланишида белгиланган мажбуриятларини бажармаганлик ва тегишли талабларга риоя қилмаганлик ҳолатларини тасдиқласа, тайинланган (нотификация қилинган) органга нисбатан қонунчиликда белгиланган тегишли чораларини кўриш, шу жумладан, тайинланганлик мақомини бекор қилиш юзасидан Ваколатли органга таклиф киритади.
12-боб. Тайинланган (нотификация қилинган) органнинг мажбуриятлари
61. Тайинланган (нотификация қилинган) орган техник регламентда назарда тутилган мувофиқликни баҳолаш тартиб-таомиллари асосида маҳсулотларнинг мувофиқлигини баҳолашни амалга ошириши шарт.
62. Мувофиқликни баҳолаш мутаносиб равишда ишлаб чиқарувчи, унинг ваколатли вакили, импорт қилувчи ва дистрибюторга ортиқча юкламаларсиз амалга оширилиши керак. Тайинланган (нотификация қилинган) орган бажариладиган ишнинг кўлами, фаолият олиб борилувчи иқтисодиёт тармоғи, ташкилий тузилмаси, фаолиятни амалга ошириш технологиясининг мураккаблик даражаси ҳамда ушбу фаолиятнинг оммавий ёки серияли тарзда олиб борилиши хусусиятларини инобатга олган ҳолда, ўз вазифаларини бажариши шарт.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам тайинланган (нотификация қилинган) орган техник регламентда белгиланган маҳсулотлар техник регламентининг талабларига мувофиқ бўлиши учун белгиланган қатъий талабларга (параметрларга) риоя қилиши шарт.
63. Тайинланган (нотификация қилинган) орган техник регламентнинг талаблари ёки тегишли маҳсулотнинг, уни ишлаб чиқариш жараёнларининг ёки усулларининг техник регламентлар талабларига мувофиқлиги презумпциясини таъминлайдиган стандартлар ёхуд бошқа техник шартларнинг талаблари ишлаб чиқарувчи, унинг ваколатли вакили, импорт қилувчи ва дистрибютор томонидан бажарилмаганини аниқласа, бундай ҳолларда улардан тузатиш чораларини кўришни талаб қилиши ва мувофиқликни баҳолаш натижалари бўйича ҳужжат расмийлаштирмаслиги шарт.
64. Техник регламентларга асосан маҳсулотнинг мувофиқликни баҳолаш натижалари бўйича ижобий хулосага кўра ҳужжат қабул қилганидан сўнг, тайинланган (нотификация қилинган) орган мувофиқликни мониторинг қилиш жараёнида, унга нисбатан номувофиқлик аниқласа, бу ҳолларда у ишлаб чиқарувчи, унинг ваколатли вакили, импорт қилувчи ва дистрибютордан тегишли тузатиш чораларини кўришини талаб қилиши ва зарур ҳолларда мувофиқликни баҳолаш натижалари бўйича ҳужжатни тўхтатиб туриши ёки тугатиши зарур.
65. Агар тузатиш чоралари кўрилмаган ёки амалга оширилган тузатиш чоралари талаб қилинган натижани таъминламаган бўлса, тайинланган (нотификация қилинган) орган мувофиқликни баҳолаш натижалари бўйича ижобий хулосага асосан расмийлаштирилган ҳужжатни тўхтатиб туриши ёки тугатиши шарт.
13-боб. Тайинланган (нотификация қилинган) орган қарорларига нисбатан апелляция
66. Тайинланган (нотификация қилинган) органда, у томонидан қабул қилинган қарорлар устидан ишлаб чиқарувчи ва (ёки) унинг ваколатли вакили, импорт қилувчи ва дистрибютор томонидан апелляция бериш тартиби мавжуд бўлиши шарт.
Апелляция комиссиясининг қарори юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.
14-боб. Тайинланган (нотификация қилинган) органнинг маълумотларни очиқлаш мажбурияти
67. Тайинланган (нотификация қилинган) орган Ваколатли органни қуйидагилар ҳақида хабардор қилиши лозим:
техник регламентларга асосан маҳсулот мувофиқлигини баҳолаш натижалари бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришни рад этиш, расмийлаштирилган ҳужжатларга оид қарорни тўхтатиш ёки бекор қилиш;
ўзининг тайинланган соҳаси ёки юритаётган фаолияти шарт-шароитларига таъсир қилувчи ҳар қандай ҳолатлар;
мувофиқликни баҳолаш фаолиятига оид маълумот тақдим қилиш юзасидан тегишли давлат назорати органидан келиб тушган ҳар қандай талабномалар;
сўровга мувофиқ тайинлаш соҳаси доирасида амалга оширилган мувофиқликни баҳолаш фаолияти ва бошқа ҳар қандай фаолиятлар, шу жумладан, ёрдамчи пудратчилик асосидаги фаолиятлар тўғрисидаги маълумотлар.
68. Тайинланган (нотификация қилинган) орган техник регламентларга асосан айнан бир турдаги маҳсулотларни қамраб олган, ўхшаш мувофиқликни баҳолаш фаолияти билан шуғулланувчи техник регламент доирасида бошқа тайинланган (нотификация қилинган) органларга мувофиқликни баҳолашнинг салбий натижалари, шунингдек, уларнинг сўровига кўра ижобий натижалари тўғрисидаги маълумотни тақдим қилиши шарт.
15-боб. Тайинланган (нотификация қилинган) органлар фаолиятини мувофиқлаштириш
69. Техник регламентлар доирасида тайинланган (нотификация қилинган) органлар ва бошқа манфаатдор тарафлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда фаолиятларини мувофиқлаштириш мақсадида Ваколатли орган қошида унинг буйруғи асосида мазкур масалаларни мувофиқлаштирувчи Техник қўмита ташкил этилади.
70. Техник қўмита тайинланган (нотификация қилинган) органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича маслаҳат органи бўлиб, унинг таркиби Ваколатли орган, стандартлаштириш бўйича миллий орган, аккредитация органи, бозор назорати органи, тайинланган (нотификация қилинган) органлар, иқтисодий операторларнинг вакиллари, тегишли техник регламентларда белгиланган ташкилотлар ва бошқа манфаатдор тарафлардан (келишилган ҳолда) шакллантирилади. Техник қўмитанинг низоми ва таркиби Ваколатли орган томонидан тасдиқланади.
71. Техник қўмитада кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарор оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овоз беришда манфаатдор томонларнинг тенглиги таъминланади ва ҳеч бирига устунлик берилишига йўл қўйилмайди, овозлар тенг бўлган тақдирда якуний қарорни қабул қилиш қўмита раиси томонидан амалга оширилади.
16-боб. Якунловчи қоида
72. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.07.2025 й., 09/25/432/0603-сон)