ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ
ҚАРОРИ
Кредит ахбороти алмашинуви тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 7 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3646]
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги ва «Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:
1. Кредит ахбороти алмашинуви тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис Т. ИШМЕТОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 17 июнь,
12/8-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2025 йил 17 июндаги 12/8-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Кредит ахбороти алмашинуви тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом кредит бюролари, кредит ахборотини етказиб берувчилар, кредит ахборотини тақдим этувчи органлар ва ташкилотлар ҳамда кредит ахборотидан фойдаланувчилар (бундан буён матнда иштирокчилар деб юритилади) ўртасида кредит ахбороти алмашинуви, шунингдек банклар, нобанк кредит ташкилотлари ва микромолия ташкилоти фаолиятини амалга оширувчи тўлов ташкилотлари (бундан буён матнда кредит ташкилотлари деб юритилади) томонидан Кредит ахборотининг давлат реестрига (бундан буён матнда Кредит реестри деб юритилади) кредит ахборотини тақдим этиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
кредит буюртмаси — жисмоний ёки юридик шахсларнинг кредит ахборотини етказиб берувчилар билан кредит битимини тузиш тўғрисида уларга берган аризаси;
потенциал қарз олувчи — кредит ахборотини етказиб берувчилар билан кредит битимини тузиш учун кредит буюртмасини тақдим этган жисмоний ёки юридик шахс.
2. Кредит ахбороти:
кредит ташкилотлари томонидан Кредит реестрига ва кредит бюроларига;
лизинг, суғурта ташкилотлари, товар истеъмол кредитларини берувчи ташкилотлар томонидан кредит бюроларига тақдим этилади.
Бунда, Кредит реестрига ва кредит бюроларига ҳақиқий маълумотларга асосланган холис, ишончли ва янгиланган кредит ахбороти тақдим этилиши шарт.
2-боб. Иштирокчилар ўртасида кредит ахбороти алмашинуви
3. Иштирокчилар кредит ахбороти алмашинуви тўғрисидаги шартнома (бундан буён матнда шартнома деб юритилади) асосида кредит ахбороти алмашинувини амалга оширадилар.
4. Шартномада Ўзбекистон Республикасининг «Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида»ги Қонунининг 18-моддасида белгиланган талаблар, шунингдек сўралаётган кредит ахборотининг ҳажми, кредит ахборотини ва кредит ҳисоботини тақдим этиш муддатлари қайд этилиши лозим.
5. Кредит ахборотини тақдим этувчи органлар ва ташкилотлар томонидан кредит ахбороти кредит бюроларига уларнинг кредит ахборотининг таркиби кўрсатилган сўровига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг «Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида»ги Қонунининг 17-моддасида белгиланган тартибда тақдим этилади.
6. Кредит ахбороти ва уни тақдим этиш бўйича кредит бюролари томонидан юбориладиган сўров, қоида тариқасида, электрон шаклда тақдим этилади.
Кредит ахбороти ва сўровнинг қоғозда тақдим этилиши шартномада белгиланади.
7. Кредит бюроларида мавжуд бўлган кредит ахборотига зарар етганда ёки улар йўқолганда кредит бюролари кредит ахборотини етказиб берувчилар, кредит ахборотини тақдим этувчи органлар ва ташкилотлардан зарар етган ёки йўқолган кредит ахбороти ҳажмида қўшимча сўров асосида кредит ахборотини олиши лозим.
8. Кредит ахбороти алмашинувида кредит ахборотининг махфийлигини таъминлаш учун кредит бюролари ундан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган ходимлари доирасини белгилайди.
3-боб. Кредит ташкилотлари томонидан кредит ахборотининг тақдим этилиши
Олдинги таҳрирга қаранг.
9. Кредит ташкилотлари кредит буюртмалари тўғрисидаги маълумотларни ва кредит ахборотини улар қайд этилганидан кейин ахборот тизими орқали реал вақт режимида кредит бюроларига ҳамда кейинги иш кунидан кечиктирмасдан Кредит реестрига тақдим этишлари шарт.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2025 йил 14 ноябрдаги 29/1-сонли қарори (рўйхат рақами 3646-1, 24.11.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.11.2025 й., 10/25/3646-1/1083-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 25 февраль)
10. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Кредит ахборотининг давлат реестрини юритиш департаменти (бундан буён матнда Департамент деб юритилади) кредит ташкилотларидан кредит буюртмалари ҳақидаги маълумотларни ва кредит ахборотини йиғади, улар бўйича кредит ахбороти маълумотлар базасини шакллантиради, шунингдек Кредит реестрини юритади.
Кредит ташкилотлари томонидан Кредит реестрига тақдим этиладиган маълумотлар тури ва шакли Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланади.
11. Кредит ахборотини тайёрлаш, уни Кредит реестри ва кредит бюроларига тақдим этиш кредит ташкилоти раҳбарининг буйруғи билан тайинланадиган масъул ходимлар томонидан амалга оширилади.
12. Кредит ташкилотининг масъул ходимлари тўғрисидаги маълумотлар улар тайинланган кундан сўнг уч иш кунидан кечиктирмасдан Департаментга ва кредит бюроларига юборилиши шарт.
13. Кредит ташкилотининг масъул ходимлари тақдим этиладиган кредит ахборотининг махфийлигини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда таъминлашга мажбур.
14. Кредит ташкилоти томонидан Кредит реестри ва кредит бюроларига юборилган ҳар бир кредит буюртмасига дастурий равишда хос рақам берилади.
Кредит буюртмасининг хос рақами белгиланган тартибда кредит ахбороти маълумотлар базасидан ўчирилгунга қадар ўзгартирилмайди.
15. Кредит ташкилоти кредит берилиши тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда, кредит буюртмасининг хос рақами кредит ташкилоти ва кредит буюртмасини берувчи ўртасида тузилган кредит битимига ҳам автоматик тарзда хос рақам бўлиб саналади.
16. Тақдим этилаётган кредит буюртмаси ва кредит ахбороти кредит ташкилотларининг кредит йиғма жилдидаги кредит ахборотига мос бўлиши лозим.
17. Кредит ахбороти Кредит реестрига ва кредит бюроларига кредитлаш жараёнига мос кетма-кетликда юборилади.
18. Кредит реестрига ва кредит бюроларига кредит ташкилотлари томонидан тақдим этилаётган кредит ахборотидаги суммалар кредит ташкилотларининг балансидаги суммаларга мос бўлиши шарт.
19. Департамент Кредит реестрига ахборотларнинг тўғри юборилиши бўйича назорат олиб боради.
Бунда, мазкур Низомнинг 9, 17 ва 18-бандлари талабларининг бажарилишини назорат қилиш дастурий йўл билан амалга оширилади.
4-боб. Кредит ахборотини қайта ишлаш
20. Кредит бюролари мавжуд кредит ахбороти асосида ҳар бир кредит ахбороти субъекти бўйича унинг охирги беш йил (ёки юридик шахс бўлган кредит ахбороти субъекти беш йилдан кам фаолият юритаётган бўлса — у рўйхатдан ўтказилган вақтдан бошлаб) мобайнидаги статистик, таҳлилий, молиявий-иқтисодий, ижобий ва салбий характердаги кредит ахборотини ўз ичига олувчи кредит тарихлари бўйича кредит ахбороти маълумотлар базасини шакллантиради ва юритади.
21. Кредит ахборотидаги хатолик маълум бўлганда ўн беш кун мобайнида:
Кредит реестридаги кредит ахборотига — кредит ташкилотлари томонидан;
кредит бюроларидаги кредит ахборотига — кредит ахборотини етказиб берувчилар ёки уларнинг асослантирилган хатига асосан кредит бюролари томонидан ўзгартириш киритилади.
Департамент ва кредит бюролари кредит ахборотини етказиб берувчилардан кредит ахборотидаги ўзгартиришлар бўйича қўшимча изоҳ талаб қилишга ҳақли.
22. Кредит ахборотини тақдим этувчи органлар ва ташкилотлар томонидан кредит бюроларига тақдим этилган кредит ахборотининг тўғри эканлигига кредит бюроларида шубҳа туғилганда ёки кредит ахборотидаги хатолик маълум бўлганда, кредит бюролари ўн беш кун мобайнида кредит ахборотини тақдим этувчи органлар ва ташкилотларга бу ҳақида сўров юбориш йўли билан кредит ахборотига аниқлик киритади.
23. Кредит ахборотига киритилган ўзгартириш ҳақидаги маълумот ва унинг санаси Кредит реестрида ёки кредит бюроларининг кредит ахбороти маълумотлар базасида қайд этилади.
24. Кредит реестридаги ва кредит бюроларининг кредит ахбороти маълумотлар базасидаги кредит ахборотига Департамент ва кредит бюролари томонидан ўзгартириш киритилишига йўл қўйилмайди, мазкур Низомнинг 21-банди учинчи хатбошиси бундан мустасно.
5-боб. Кредит бюролари томонидан кредит ҳисоботларини тақдим этиш
25. Кредит бюролари томонидан кредит ҳисоботи шартномага мувофиқ кредит ахборотидан фойдаланувчига кредит ахбороти субъектининг розилиги билан, кредит ахбороти субъектига эса унинг сўровига асосан тақдим этилади.
26. Кредит бюроларидан кредит ҳисоботларини олиш бўйича сўровларнинг тўлалиги ва ҳаққонийлиги кредит ахборотидан фойдаланувчилар томонидан таъминланади.
27. Кредит ҳисоботи кредит бюролари томонидан кредит ахборотидан фойдаланувчиларга кредит буюртмасига асосан тақдим этилади.
28. Кредит бюролари томонидан кредит ахбороти субъектига тақдим этилган кредит ҳисоботида унинг барча кредит ахборотини етказиб берувчилари ва кредит ахборотидан фойдаланувчиларининг маълумотлари кўрсатилиши лозим.
29. Кредит ахбороти субъекти ўзининг кредит ҳисоботидаги кредит ахбороти бўйича иштирокчиларга эътироз билдиришга ҳақли.
Иштирокчилар томонидан эътирозни кўриб чиқиш ва у ўринли бўлган тақдирда кредит ахборотига ўзгартириш киритиш муддати эътироз келиб тушган кундан бошлаб ўн беш кундан ошмаслиги лозим.
Кредит бюролари келиб тушган эътироз бўйича кредит ахборотини етказиб берувчилар, кредит ахборотини тақдим этувчи органлар ва ташкилотларга қўшимча сўровлар юбориш йўли билан кредит ахбороти субъектининг кредит тарихига аниқлик киритиши шарт.
Ўрганиш натижаларига кўра, эътироз асосли деб топилган тақдирда мазкур Низомнинг 21-банди иккинчи ва учинчи хатбошиларида белгиланган тартибда кредит ахборотига ўзгартириш киритилади.
30. Кредит ахбороти субъектига тақдим этилаётган кредит ҳисоботи қоғоз ёки электрон шаклда бўлиши мумкин.
31. Кредит бюролари томонидан кредит ахбороти субъектига бошқа кредит ахбороти субъектларининг кредит ҳисоботининг берилиши тақиқланади.
32. Кредит бюролари томонидан тақдим этилган потенциал қарз олувчи тўғрисидаги кредит ҳисоботи у билан кредит битими тузилиши ёки бундай битимни тузишнинг рад этилиши учун асос бўлиб хизмат қилмайди.
6-боб. Якуний қоидалар
33. Иштирокчилар ахборот алмашинуви давомида ўзларига маълум бўлган кредит ахборотининг ва кредит ҳисоботининг махфийлигини таъминлашга ҳамда ҳаққонийлиги бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгардирлар.
34. Мазкур Низом талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.07.2025 й., 10/25/3646/0584-сон; 24.11.2025 й., 10/25/3646-1/1083-сон)