Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси ҳамда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан замонавий хизматларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Сўнгги йилларда молия тизимида жорий этилган замонавий хизматлар ҳисобига ёшга доир пенсияларнинг 62 фоизи проактив шаклда тайинланишига, иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларнинг 90 фоиздан ортиғи банк карталари орқали тўланишига ҳамда бюджет ташкилотларининг молиявий ҳужжатларини электрон тарзда расмийлаштиришга эришилди.
Бу борада Ғазначилик хизмати қўмитаси ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг штат бирликлари сони охирги икки йилда 1 940 тага ёки 45 фоизга қисқартирилди ҳамда келгуси йилда қуйи бўғин ходимлари сонини 4 баробаргача қисқартириш кўзда тутилган.
Фуқаролар ҳамда корхона ва ташкилотлар учун пенсия ва ғазначилик хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш орқали улардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида қарор қиламан:
I. Асосий йўналиш ва мақсадлар
1. Қуйидагилар пенсия ва ғазначилик фаолиятига замонавий хизматларни жорий этишнинг асосий йўналиш ва мақсадлари этиб белгилансин:
(а) ғазначилик ва пенсия таъминоти тизимларини рақамлаштириш ва автоматлаштириш орқали ҳудудларда ихчам хизмат кўрсатиш офисларини ташкил этиш;
(б) фуқароларга кўрсатиладиган хизматларни тўлиқ электрон ва проактив шаклга ўтказишга эришиш;
(в) молиявий операцияларда шаффофликни таъминлаш учун сунъий интеллект ва замонавий технологиялардан фойдаланиш;
(г) тежаб қолинган бюджет маблағларини соҳавий самарадорликни ошириш учун мақсадли йўналтиришни таъминлаш.
II. Замонавий хизматлар орқали ихчам бошқарув тизимини жорий этиш
2. 2027 йил 1 январдан бошлаб Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасининг (кейинги ўринларда — Ғазначилик қўмитаси) ҳамда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг (кейинги ўринларда — Пенсия жамғармаси) туман (шаҳар) бўлимлари ишини рақамлаштириш ҳисобига уларнинг фаолияти тугатилсин. Бунда Ғазначилик қўмитаси ва Пенсия жамғармасининг ҳудудий бошқармаларида ҳар бир туман ва шаҳарлардаги бизнес жараёнларни ва функцияларни қамраб олувчи 1 — 3 штат бирлигидан иборат ихчам хизмат кўрсатиш офислари ташкил этилади.
3. Белгилансинки:
(а) 2026 йил 1 июлдан бошлаб ғазначилик тизимидаги жараёнларни автоматлаштириш ҳисобига қуйидагиларни назарда тутувчи Рақамли ғазна тизими жорий этилади:
(i) бизнес интеллект (Business intelligence) технологияларидан фойдаланган ҳолда маълумотларни таҳлил қилиш, ликвидлиликни таъминлашда қисқа ва узоқ муддатли прогнозларни ишлаб чиқиш ҳамда сунъий интеллект технологиялари асосида ғазначилик операцияларини амалга оширишда инсон омилини камайтиришга эришиш;
(ii) чет эл валютасидаги операцияларни рақамлаштирган ҳолда амалга ошириш учун Давлат молиясини бошқариш ахборот тизимини Бутунжаҳон банклараро молиявий телекоммуникациялар ҳамжамияти (SWIFT) тизимига интеграция қилиш;
(iii) давлат харидлари ва тўлов операцияларини амалга ошириш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган қонунчилик бузилиши билан боғлиқ молиявий хавфларни «Е-risk» дастурий мажмуасида автоматик аниқлаш ва аниқланган хавфлар асосида огоҳлантириш ҳамда хабардор қилиш механизмини жорий қилиш;
(б) 2026 йил 1 декабрдан бошлаб пенсия тизимида қуйидаги жараёнларни автоматлаштириш орқали:
(i) фуқароларнинг мавжуд иш стажи ва иш ҳақлари тўғрисидаги электрон маълумотларга асосан пенсия миқдорларини олдиндан аниқлаш бўйича «Менинг пенсиям» онлайн хизмати жорий этилади;
(ii) пенсия таъминотига оид барча хизматлар тўлиқ проактив, электрон ҳамда интерактив шаклга ўтказилади.
4. Белгилансинки, Ғазначилик қўмитаси ва Пенсия жамғармасида рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш ҳамда туман (шаҳар) бўлимларидаги айрим вазифаларни ҳудудий бошқармаларга ўтказиш натижасида бошқарув штат бирликлари сони 1 080 тага мақбуллаштирилади. Бунда:
(а) Ғазначилик қўмитасининг туман (шаҳар) бўлимларидаги 594 та штат бирлиги, жумладан:
(i) 2025 йил 1 августдан бошлаб 178 та штат бирлиги ғазначилик операцияларини электронлаштириш ва автоматлаштириш;
(ii) 2026 йил 1 январдан бошлаб 208 та штат бирлиги иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни нақд пул шаклида олиш жараёнини рақамлаштириш;
(iii) 2026 йил 1 июлдан бошлаб 208 та штат бирлиги давлат харидлари соҳасидаги шартномаларни тузиш ҳамда уларни рўйхатдан ўтказиш амалиётини рақамлаштириш ҳисобига қисқартирилади;
(б) Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимларидаги 486 та штат бирлиги, жумладан:
(i) 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб 241 та штат бирлиги ёшга доир ва ногиронлик пенсияларини проактив усулда тайинлаш;
(ii) 2026 йил 1 январдан бошлаб 104 та штат бирлиги пенсияларни тўлашда электрон имзо ва биометрик идентификация қилиш (Face-ID) тизимини йўлга қўйиш;
(iii) 2026 йил 1 декабрдан бошлаб 141 та штат бирлиги «call-марказ» фаолиятига сунъий интеллектни жорий этиш ҳамда маълумотларни тўлиқ рақамлаштириш эвазига қисқартирилади.
III. Рақамлаштириш ҳамда янгича ёндашув асосида ишни ташкил этиш
5. Фуқароларнинг пенсияга оид маълумотларини тўлиқ рақамлаштириш мақсадида:
(а) 2025 йил 1 октябрга қадар Мажбурий ижро бюроси (М. Эгамбердиев) мажбурий ижро жараёнида ундирувни пенсия тўловларига қаратишдан аввал дастлаб фуқароларни хабардор қилиш тизимини жорий этсин;
(б) 2025 йил 1 ноябрга қадар Мудофаа вазирлиги (Ш. Халмухамедов) мудофаа ишлари органларида рўйхатда турган ва пенсия тайинланаётган фуқароларнинг ҳарбий хизматни ўтаган даври тўғрисидаги маълумотларни «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали Пенсия жамғармаси ахборот тизимига тақдим этиш бўйича интеграция қилиш чораларини кўрсин;
(в) 2025 йил июль — октябрь ойлари давомида ҳоким ёрдамчилари ҳар бир маҳалладаги «маҳалла еттилиги» билан биргаликда фуқароларнинг меҳнат дафтарчаси маълумотларини туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари орқали рақамлаштириш бўйича тарғибот ишларини амалга оширсин;
(г) 2026 йил 1 августга қадар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (К. Шарипов):
(i) фуқароларнинг олий таълим муассасаларидаги ўқиш даври тўғрисидаги маълумотларни тўлиқ рақамлаштирсин;
(ii) давлат хизматлари марказлари орқали фуқароларнинг олий таълим муассасаларидаги ўқиш даври тўғрисидаги маълумотларни вазирликнинг электрон базасига юбориш имкониятини яратсин.
6. 2025 йил 1 августдан бошлаб Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тизимида мазкур Фармоннинг 4-бандида назарда тутилган мақбуллаштирилган штат бирликлари ҳисобига:
(а) ҳудудларни рақамлаштириш ва уларнинг мастер режаларини ишлаб чиқиш, реновация лойиҳаларини жадаллаштириш, ер ислоҳотлари стратегиясини такомиллаштириш, хизматлар соҳаси ва венчур молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш, саноатда қўшилган қиймат занжирини яратиш, «яшил» технологиялар ҳамда энергия самарадорлиги йўналишларида ишларни ташкил этиш ҳамда давлат тиббий суғуртаси тизимини самарали ташкил этиш учун 92 та штат бирлиги ажратилсин;
(б) Ғазначилик қўмитаси раисининг рақамли трансформация ва стратегик ривожланиш бўйича ўринбосари лавозими киритилсин;
(в) Ғазначилик қўмитаси ва Пенсия жамғармаси тузилмаларида 3 тадан штат бирлигидан иборат рақамли ривожланиш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича лойиҳа офиси ташкил этилсин. Бунда лойиҳа офиси раҳбари иш ҳақи шартларига кўра бошқарма бошлиғига тенглаштирилади;
(г) иқтисод қилинадиган маблағлар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг ойлик иш ҳақи миқдорларини ошириш билан боғлиқ харажатларга йўналтирилсин.
IV. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
7. Вазирлар Маҳкамаси (Ж. Қўчқоров) икки ой муддатда республика ижро этувчи ҳокимият органларига юклатилган вазифа ва функцияларни рақамлаштириш ҳисобига уларнинг бошқарув ходимлари умумий чекланган сонини 15 фоизгача қисқартириш юзасидан таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.
8. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Марказий банк билан биргаликда икки ой муддатда илғор халқаро тажрибани ўрганган ҳолда ғазна ижроси билан қамраб олинган бюджет ташкилотлари ва давлат муассасалари ходимларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, шунингдек, пенсиялар банк карталари орқали тўлаб берилишини рағбатлантирувчи механизмларни жорий этиш юзасидан асослантирилган таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
9. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги (Б. Захидов) Ғазначилик қўмитаси ва Пенсия жамғармаси штат бирликлари сонининг мақбуллаштирилиши ҳисобига меҳнат шартномаси бекор қилинадиган ходимларни иш билан таъминлаш чораларини кўрсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
11. Ушбу Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров белгилансин.
12. Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 26 июнь,
ПФ-105-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 июндаги ПФ-105-сон Фармонига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 январдаги «Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-14-сон Фармонида:
(а) 1-иловада:
(i) «Жами» позициясининг «Жами бошқарув штат бирликлари сони» устунидаги «48 496» ва «Давлат бюджети ҳисобидан» устунидаги «44 582» рақамлари тегишлича «48 995» ва «45 081» рақамлари билан алмаштирилсин;
(ii) «1. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги» бўлимида:
«Иқтисодиёт ва молия вазирлиги» позициясининг «Жами бошқарув штат бирликлари сони» устунидаги «5 764» ва «Давлат бюджети ҳисобидан» устунидаги «5 729» рақамлари тегишлича «5 618» ва «5 583» рақамлари билан алмаштирилсин;
«Ғазначилик хизмати қўмитаси» позициясининг «Жами бошқарув штат бирликлари сони» ва «Давлат бюджети ҳисобидан» устунларидаги «1 134» ва «1» рақамлари тегишлича «960» ва «2» рақамлари билан алмаштирилсин;
(iii) «3. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги» бўлими «Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги» позициясининг «Жами бошқарув штат бирликлари сони» ва «Давлат бюджети ҳисобидан» устунларидаги «3 234» рақами тегишлича «3 257» рақами билан алмаштирилсин;
(iv) «14. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги» бўлимида:
«Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги» позициясининг «Жами бошқарув штат бирликлари сони» устунидаги «406» ва «Давлат бюджети ҳисобидан» устунидаги «333» рақамлари тегишлича «402» ва «329» рақамлари билан алмаштирилсин;
«Инновацион ривожланиш агентлиги» позициясининг «Жами бошқарув штат бирликлари сони» устунидаги «73» ва «Давлат бюджети ҳисобидан» устунидаги «59» рақамлари тегишлича «70» ва «56» рақамлари билан алмаштирилсин;
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги» позициясининг «Жами бошқарув штат бирликлари сони» ва «Давлат бюджети ҳисобидан» устунларидаги «111» рақами тегишлича «108» рақами билан алмаштирилсин;
(v) «17. Адлия вазирлиги» бўлимидан 2-позиция чиқариб ташлансин;
(vi) «26. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси» бўлими «Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси» позициясининг «Жами бошқарув штат бирликлари сони» ва «Давлат бюджети ҳисобидан» устунларидаги «134» рақами «157» рақами билан алмаштирилсин;
(vii) изоҳлар қисмининг 5.20-кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«5.20. Солиқ қўмитаси тизимида Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси ва Рақамли маркировка қоидаларига риоя қилинишини назорат қилиш бўйича ҳудудлараро солиқ инспекцияси»;
(б) 2-иловада:
(i) 17.2.-кичик банди чиқариб ташлансин;
(ii) изоҳлар қисмида:
биринчи хатбошидаги «70» рақами «69» рақами билан алмаштирилсин;
тўртинчи хатбошидаги «27» рақами «26» рақами билан алмаштирилсин;
(в) 2а-иловадан 17.2-позиция чиқариб ташлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 28 февралдаги «Давлат бюджетининг ғазна ижроси тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-594-сон қарорида:
(а) 1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 декабрдаги «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-269-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ғазначилигини негизида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси (кейинги ўринларда — Ғазначилик) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин»;
(б) 2-бандда:
(i) учинчи хатбошидаги «ягона ғазначилик ҳисоб рақамида» сўзлари «ягона ғазна ҳисобварағида» сўзлари билан алмаштирилсин;
(ii) еттинчи ва ўнинчи хатбошилар чиқариб ташлансин;
(iii) саккизинчи, тўққизинчи ҳамда ўн биринчи — ўн бешинчи хатбошилар тегишлича еттинчи — ўн учинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
(iv) ўн иккинчи хатбошидаги «Молия вазирлиги» сўзлари «Иқтисодиёт ва молия вазирлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;
(в) 3-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3. Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирига, зарур ҳолларда, Ғазначиликнинг марказий аппарати ва унинг бўлинмалари тузилмасига Ғазначилик ходимларининг чекланган умумий сони доирасида ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.»;
(г) 4-бандда:
(i) иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ғазначилик раиси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;»
(ii) учинчи хатбошидаги «молия» сўзи тегишлича «иқтисодиёт ва молия» сўзлари билан алмаштирилсин;
(iii) қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ғазначилик марказий аппарати ходимлари тиббий ва ижтимоий ҳимоя қилиш шартларига кўра Иқтисодиёт ва молия вазирлиги марказий аппарати ходимларига тенглаштирилади»;
(д) 5-бандда:
(i) биринчи хатбошидаги «Молия вазирлиги» сўзи «Иқтисодиёт ва молия вазирлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;
(ii) иккинчи хатбошидаги «Молия вазирлигининг ғазначилиги» сўзлари «Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси» сўзлари билан алмаштирилсин;
(iii) учинчи хатбошидаги «молия» сўзи «иқтисодиёт ва молия» сўзлари билан алмаштирилсин;
(е) 6-банднинг тўртинчи хатбошисидаги «Молия вазирлигининг» сўзлари «Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг» сўзлари билан алмаштирилсин;
(ж) 7-банддаги «Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги» ҳамда «Молия вазирлиги» сўзлари тегишлича «Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги» ҳамда «Иқтисодиёт ва молия вазирлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;
(з) 9-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
(к) 1 — 4-иловалар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 30 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ташкилий тузилмасини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги»ги ПҚ-1252-сон қарори 2-бандида:
(а) қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппарати ходимлари тиббий ва ижтимоий ҳимоя қилиш шартларига кўра Иқтисодиёт ва молия вазирлиги марказий аппарати ходимларига тенглаштирилади»;
(б) тўртинчи ва бешинчи хатбошилар тегишлича бешинчи ва олтинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.06.2025 й., 06/25/105/0549-сон)