Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатномалар бериш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралдаги ПФ-37-сон Фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясининг Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналиши бўйича 2024 йилда ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари рўйхати ҳамда «Миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 30 апрелдаги ПФ-6218-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига иловага мувофиқ қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганишга берилган рухсатномалар асосида йиллик лицензия тўловини ундириш механизмини такомиллаштириш;
аукционга қўйилган геологик объектлар ва аукцион ғолиблари томонидан тўловларни амалга ошириш рад этилган тақдирда жавобгарлик чораларини кучайтириш;
ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи қисман бошқа юридик шахсга берилганда фойдали қазилмаларнинг қолдиқ захирасининг бўлинишига қараб, иккала юридик шахсга ҳам техник иқтисодий асосни ишлаб чиқиш мажбуриятини юклашни жорий этиш.
2. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси тоғ-кон саноати ва геология вазири Б.Ф. Исламов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 19 июнь,
381-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 июндаги 381-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 январдаги 18-сон қарори билан тасдиқланган «E-auksion» электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда:
а) 67-бандининг тўртинчи хатбошисидаги «50 фоизи» сўзлари «100 фоизи» сўзлари билан алмаштирилсин;
б) 72-бандининг олтинчи хатбошисидаги «қўмитанинг» сўзи «вазирликнинг» сўзи билан алмаштирилсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатномалар бериш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 25 мартдаги 133-сон қарорида:
а) 4-бандда:
учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«ер қаъридан фойдаланувчиларга илгари расмийлаштирилган эски намунадаги лицензиялар янги намунадаги рухсатномага алмаштирилган ҳолда 2025 йилнинг 31 июлидан ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади»;
қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи рухсатномаси мавжуд тадбиркорлик субъектлари томонидан норуда фойдали қазилма конида автотранспорт воситаларининг оғирлик параметрларини ўлчашга мўлжалланган тарозиларни ўрнатиш ҳамда юк автотранспорт воситалари меъёр талабларида юкланиши ва йўлга чиқиши бўйича мажбуриятларни ўз зиммасига олади»;
тўртинчи — ўн иккинчи хатбошилар тегишлича бешинчи — ўн учинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
б) 1-иловада:
қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи қисман бошқа юридик шахсга берилганда фойдали қазилмаларнинг қолдиқ захирасининг бўлинишига қараб, иккала юридик шахсга ҳам техник-иқтисодий асосни ишлаб чиқиш мажбурияти юкланади ҳамда рухсатномаларнинг муддати ушбу техник-иқтисодий асослардан келиб чиқиб расмийлаштирилади»;
иккинчи ва учинчи хатбошилар тегишлича учинчи ва тўртинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
111-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«111. Ер қаъридан фойдаланиш маркази ариза олинган кундан бошлаб ўн кун муддатда ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатномани (тўлиқ ёки қисман) бошқа шахсга қайта расмийлаштириб беради ёки асослантирилган хулосасини тақдим этган ҳолда рад этади.
Рухсатнома ариза берувчига «Лицензия» ахборот тизими ёки ЯИДХП орқали юборилади.
Ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига рухсатномани қайта расмийлаштириш рад этилганда хулоса асослантирилган бўлиши керак. Ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини беришни қайта келишиб олишда ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини беришни келишиб олиш рад этилган аввалги сабаблар кўрсатилмаган янги асослар бўйича уни рад этишга йўл қўйилмайди»;
13-илова қўйидаги таҳрирдаги 6.3.-позиция билан тўлдирилсин:
« | |
6.3. Техник-иқтисодий асослар ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи қисман берилаётганда (илова қилинади): | |
»; |
в) 2-иловада:
қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«йиллик фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳажмлари тўғрисидаги ҳисоботларни икки йил мобайнида тақдим этмаган»;
учинчи — ўн учинчи хатбошилар тегишлича тўртинчи — ўн тўртинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи қисман бошқа юридик шахсга берилганда фойдали қазилмаларнинг қолдиқ захирасининг бўлинишига қараб, иккала юридик шахсга ҳам техник-иқтисодий асос ишлаб чиқиш мажбурияти юкланади ҳамда рухсатномаларнинг муддати ушбу техник-иқтисодий асосдан келиб чиқиб расмийлаштирилади»;
иккинчи ва учинчи хатбошилар тегишлича учинчи ва тўртинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
64-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«64. Ер қаъридан фойдаланиш маркази ариза олинган кундан бошлаб ўн беш кун муддатда ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатномани (тўлиқ ёки қисман) бошқа шахсга қайта расмийлаштириб беради ёки асослантирилган хулосасини тақдим этган ҳолда рад этади.
Рухсатнома ариза берувчига қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида «Лицензия» ахборот тизими ёки ЯИДХП орқали юборилади.
Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига рухсатномани қайта расмийлаштириш рад этилганда хулосада асослантирилган бўлиши керак. Ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини беришни қайта келишиб олишда ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини беришни келишиб олиш рад этилган аввалги сабаблар кўрсатилмаган янги асослар бўйича уни рад этишга йўл қўйилмайди»;
6-илова қуйидаги таҳрирдаги 6 ва 7-позициялар билан тўлдирилсин:
« | |
6. Ер қаъри участкасидан (шу жумладан, унинг бир қисмидан) фойдаланишнинг техник-иқтисодий асоси (илова қилинади): | |
7. Аризани кўриб чиқиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдоридаги тўлов. | |
»; |
г) 4-илованинг 11-бандида:
қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Экспертиза хулосасини беришдан тушган маблағлар Ер қаъридан фойдаланиш марказининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ишчи-ходимларини рағбатлантириш ва уларнинг малакасини оширишга мақсадли йўналтирилади»;
учинчи — ўн бешинчи хатбошилар тегишлича учинчи — ўн олтинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Автомобиль йўллари бўйлаб катта ҳажмли ва оғир вазнли автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 28 октябрдаги 710-сон қарори 3-банди «д» кичик бандининг учинчи хатбошисидаги «қазиб олиш учун» сўзларидан кейин «рухсатномаси мавжуд тадбиркорлик субъектлари ҳамда» сўзлари билан тўлдирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.06.2025 й., 09/25/381/0539-сон)