Ўзбекистон республикаси истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг
Буйруғи
Қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг ички назорати тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 19 июнда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 1899-9]
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази бош директорининг 2008 йил 29 ноябрдаги 2008-41-сон буйруғи (рўйхат рақами 1899, 2009 йил 6 февраль) билан тасдиқланган Қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг ички назорати тўғрисидаги низомига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили ҳамда Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Директор Д. ЛИ
Тошкент ш.,
2025 йил 28 май,
05-сон
Келишилди:
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари Ж. УРУНОВ
2025 йил 28 май
Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
2025 йил 27 май
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2025 йил 28 майдаги 05-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
«Қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг ички назорати тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруққа киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча
1. Буйруқнинг муқаддимаси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикасининг «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ буюраман:»
2. Низомда:
а) муқаддима қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Мазкур Низом қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг ички назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини белгилайди.
Мазкур Низом талаблари қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширувчи ташкилотларга татбиқ қилинади, тижорат банклари ва суғурта ташкилотлари бундан мустасно.».
б) 5-банд «остида» деган сўздан кейин «бўлган» деган сўз билан тўлдирилсин.
с) 131-банддаги «малака гувоҳномасига» деган сўзлар «малака сертификатига» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
д) 14-бандда:
иккинчи хатбошидаги «малака гувоҳномасига» деган сўзлар «малака сертификатига» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
олтинчи хатбошидаги «банкрот» деган сўз «тўловга қобилиятсиз» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
е) 15-банд ўз кучини йўқотган деб топилсин.
ф) 17-банднинг олтинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Назоратчи қонунчилик ҳужжатлари ва (ёки) Йўриқномада белгиланган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.».
г) 18-банднинг саккизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Назоратчига қонунчилик ҳужжатларида ва (ёки) Йўриқномада белгиланган бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.».
ҳ) 19-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«19. Назоратчи қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилганлигини аниқлангандан сўнг бир иш куни ичида ушбу ҳолат юзасидан профессионал иштирокчининг ижроия органига ва қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органига ёзма равишда ахборот бериши шарт.».
и) 26-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«26. Профессионал иштирокчига келиб тушган ва назоратчи фаолиятига тегишли бўлган ариза ва шикоятлар кўриб чиқиш учун назоратчига юборилади. Бундай ариза ва шикоятлар профессионал иштирокчи томонидан келиб тушган куннинг ўзида, иш вақти тугаганидан кейин келиб тушган тақдирда эса кейинги иш куни рўйхатдан ўтказилиши керак.».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.06.2025 й., 10/25/1899-9/0533-сон)