Ўзбекистон Республикаси истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг
Буйруғи
Ҳужжатли қимматли қоғозларни йўқ қилиш бўйича йўриқномани тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 17 июнда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3630]
1. Ҳужжатли қимматли қоғозларни йўқ қилиш бўйича йўриқнома иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ 2025 йил 1 июлдан эътиборан кучга киради.
Директор Д. ЛИ
Тошкент ш.,
2025 йил 15 май,
4-сон
Келишилди:
Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Н. САЙДУЛЛАЕВ
2025 йил 6 май
Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
2025 йил 21 апрель
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари Ж. УРУНОВ
2025 йил 15 апрель
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2025 йил 15 майдаги 4-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ҳужжатли қимматли қоғозларни йўқ қилиш бўйича
ЙЎРИҚНОМА
Мазкур Йўриқнома бланкалар тарзидаги ҳужжатли қимматли қоғозларни (бундан буён матнда ҳужжатли қимматли қоғозлар деб юритилади) муомаладан чиқариш ва уларни йўқ қилиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ҳужжатли қимматли қоғозларни муомаладан чиқариш ва уларни йўқ қилиш эмитент томонидан қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:
ҳужжатли қимматли қоғозлар эмитенти тугатилганда;
эмитентнинг номи ўзгарганда;
облигациялар тўлиқ сўндирилганда;
ҳужжатли қимматли қоғозларнинг чиқарилиши ҳужжатли шаклдан ҳужжатсиз шаклга ўтказилганда;
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолатларда.
2. Ҳужжатли қимматли қоғозлар йўқ қилиш кўзда тутилган санадан бир ой олдин эмитент бу тўғрисида қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органини хабардор қилиши шарт. Бунда, эмитент қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органига йўқ қилиш учун асос бўлган ҳужжатларни тақдим этади.
Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи бир ой ичида қимматли қоғозларни йўқ қилиш учун асос бўлган ҳужжатларни текширади ва «Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси» АЖга (бундан буён матнда Марказий депозитарий деб юритилади) 15 кун ичида эмитент томонидан йўқ қилинадиган ҳужжатли қимматли қоғозларни муомаладан чиқарилиши тўғрисидаги маълумотни тақдим этиши ва ҳужжатли қимматли қоғозлар эгалари хабардор этилганлигини текшириши тўғрисида кўрсатма беради.
2-боб. Ҳужжатли қимматли қоғозларни йўқ қилиш бўйича комиссияни шакллантириш ва қимматли қоғозларни йўқ қилиш тартиби
3. Ҳужжатли қимматли қоғозларни йўқ қилиш эмитент томонидан ташкил этиладиган камида беш кишидан иборат комиссия (бундан буён матнда комиссия деб юритилади) томонидан амалга оширилади.
Комиссия таркибига эмитентнинг, қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг ва Марказий депозитарийнинг вакиллари киради.
4. Ҳужжатли қимматли қоғозлар ёқиб юбориш ёки уларни жисмоний майдалаш йўли билан йўқ қилинади.
5. Ҳужжатли қимматли қоғозларни йўқ қилиш натижалари комиссия аъзолари томонидан имзоланадиган далолатнома билан расмийлаштирилади.
6. Ушбу Йўриқноманинг 5-бандида назарда тутилган далолатнома қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим:
эгаллаган лавозимларини кўрсатган ҳолда ҳужжатли қимматли қоғозларни йўқ қилиш бўйича комиссияси аъзоларининг таркиби;
ҳужжатли қимматли қоғозлари йўқ қилиниши лозим бўлган эмитентнинг тўлиқ номи;
ҳужжатли қимматли қоғозларни йўқ қилиш учун асос;
ҳужжатли қимматли қоғозлар бекор қилинган тақдирда, уларнинг чиқарилганлиги давлат рўйхатидан ўтказилган санаси;
қимматли қоғозларни йўқ қилиш санаси;
ҳужжатли қимматли қоғозларнинг тури ҳамда ушбу қимматли қоғозлар чиқарилишининг давлат рўйхати рақами;
йўқ қилиниши лозим бўлган ҳужжатли қимматли қоғозлар чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказган қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг номи;
йўқ қилинадиган ҳужжатли қимматли қоғозларнинг умумий сони, улар эгаларининг тўлиқ номи ва реквизитлари (жисмоний шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ҳамда шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари);
чиқарилиши ҳужжатли шаклдан ҳужжатсиз шаклга ўзгартирилган қимматли қоғозлар бўйича депо ҳисобварақларининг рақамлари.
7. Ҳужжатли қимматли қоғозларни йўқ қилиш тўғрисидаги далолатнома қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи, Марказий депозитарий ҳамда эмитентда сақлаш учун уч нусхада тузилади.
8. Мазкур Йўриқноманинг 7-бандидаги далолатномаларнинг мазмунида тафовутлар мавжуд бўлганда, қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органига тақдим этилган далолатноманинг нусхаси устувор ҳисобланади.
9. Эмитентлар ҳужжатли қимматли қоғозларни йўқ қилиш тўғрисидаги далолатномани, шунингдек қимматли қоғозларни йўқ қилиш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни уч йилдан кам бўлмаган муддатга сақлашга мажбур.
3-боб. Якуний қоида
10. Мазкур Йўриқнома талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.06.2025 й., 10/25/3630/0515-сон)