Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига парламент сўрови юбориш тўғрисида
Болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 12-моддасига ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига парламент сўрови иловага мувофиқ юборилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги парламент сўровини кўриб чиқиш якунлари бўйича 2025 йилнинг 1 сентябрь кунига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ёзма жавоб тақдим этсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси (Б. Абдуллаев) парламент сўровига келиб тушган жавобни таҳлил қилиб, 2025 йилнинг 1 октябрь кунига қадар Олий Мажлис Сенатининг Кенгашига ахборот киритсин.
4. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2025 йил 29 май,
СҚ-135-V-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2025 йил 29 майдаги СҚ-135-V-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси
Соғлиқни сақлаш вазирлигига
Соғлиқни сақлаш вазирлигига
ПАРЛАМЕНТ СЎРОВИ
(болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан)
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш бўйича кўрилаётган чоралар ўрганилди.
Қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янги босқичга олиб чиқиш, уларга илғор хорижий тажриба асосида ҳамда замонавий диагностика ва даволаш технологиялари ёрдамида тиббий хизмат кўрсатиш, шунингдек, ҳудудий тиббиёт муассасалари имкониятларини янада кенгайтириш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Бу борада Ўзбекистон Республикасининг «Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 сентябрдаги «Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-296-сонли қарори ва қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, Ҳукумат томонидан дастурлар, чора-тадбирлар ҳамда «йўл хариталари» тасдиқланган ва уларнинг ижроси юзасидан амалий натижаларга эришилмоқда.
Шунингдек, ушбу соҳани молиявий таъминлаш мақсадида Давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар йилдан йилга ошириб бормоқда. Биргина 2022 йилда болаларга бепул тиббий хизмат кўрсатиш бўйича Давлат бюджетидан 270,6 млрд сўм маблағ ажратилган бўлса, 2024 йилда ушбу соҳага 388,4 млрд сўм маблағ йўналтирилган.
Бугунги кунда мамлакатимиздаги 12,9 млн нафардан ортиқ 18 ёшгача бўлган болага соғлиқни сақлаш тизимидаги жами (умумий аҳоли сонининг 33,3 фоизи) 824 та оилавий шифокорлик пункти, 984 та оилавий поликлиника, 207 та кўп тармоқли марказий поликлиника ва 233 та болалар даволаш-профилактика муассасаси томонидан тиббий хизмат кўрсатилмоқда.
Республика бўйича 4 247 ўриндан иборат 13 та ҳудудий болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ташкил этилган.
Ўтган йилда республика бўйича 18 ёшгача бўлган болалардан 11,2 млн нафари (95,5 фоизи) тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 3,4 млн нафарида (28,8 фоизи) турли хил касалликлар аниқланган. Касаллик аниқланган 3,1 млн нафар бола билан (89,4 фоиз) соғломлаштириш ишлари ўтказилган.
2024 йил якунига қадар 6 — 23 ойлик бўлган 1,3 млн нафар бола микронутриент кукуни билан тўлиқ таъминланган.
Сўнгги беш йилда бир қатор педиатрия хизмати муассасалари модернизация қилиниб, замонавий юқори технологик операцияларни ўтказишга мўлжалланган техникалар билан жиҳозланган.
Амалга оширилаётган ишларга қарамасдан ушбу соҳада ҳал қилиниши лозим бўлган айрим муаммолар сақланиб қолмоқда:
а) болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари тиббиёт ходимлари билан тўлиқ таъминланмаганлиги боис ҳозирда мавжуд 2013,75 штат бирлигидан 181 таси (9,0 фоизи) вакант. Шунингдек, болаларга тиббий хизмат кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасаларида педиатр, неонатолог, фтизиопедиатр, иммунолог, болалар жарроҳи, ўсмирлар педиатри мутахассислари етишмайди. Хусусан, 3 954,5 та педиатр шифокор штат бирлигининг 1 931,5 таси (48,8 фоиз) вакант ҳисобланади.
Шунингдек, тиббиёт муассасаларини болалар ўртасида сил касаллигини даволовчи фтизиопедиатр билан таъминлаш кўрсаткичи ҳам қониқарсиз ҳолатда. Хусусан, республика бўйича ушбу кўрсаткич 89 фоизни ташкил қилса, республиканинг 7 та ҳудудида бу кўрсаткич 80 фоиздан ҳам паст, Тошкент вилоятида эса 69,8 фоизни ташкил этмоқда.
Фаолият кўрсатаётган фтизиопедиатрларнинг 86,8 фоизи пенсия ёшидаги мутахассислар бўлганлиги боис барча ҳудудлар учун фтизиопедиатрларни тайёрлаш зарур. Бундан ташқари, ҳудудлар бўйича бирламчи тиббиёт муассасаларига фтизиопедиатр штатлари тўлиқ ажратилмаган;
б) болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларига ҳудудлардан малакали мутахассислар кўригига йўлланмалар ошиши ҳисобига бўлаётган юкламалар улардаги ўрин фондига ҳамда белгиланган норматив меъёрларга мос эмас, хусусан, лор, юз-жағ жарроҳлиги, нейрохирургик ўрин жойлар етишмайди;
д) 2024 йилда бир ёшгача бўлган болалар ўлими сони 7 245 тани (7,8 промилле) ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 222 тага ёки 0,4 промиллега камайган бўлса-да (2023 йилда 7 467 нафар болалар ўлими ҳолати қайд қилиниб, кўрсаткич 8,2 промилле), ушбу кўрсаткич Қорақалпоғистон Республикасида 1,9 промиллега кўпайган.
Бундан ташқари, неонатал чақалоқлар ўлими Қорақалпоғистон Республикасида 2023 йилга нисбатан 1,6 промиллега ошган.
Ўтган йилда республика бўйича 5 ёшгача болалар ўлими 0,1 промиллега камайиб 9,7 промиллени ташкил этган бўлса-да, Сирдарё вилоятида 1,6 промиллега (14,9 промилле), Қорақалпоғистон Республикасида 1,1 промиллега (18,2 промилле), Навоий вилоятида 0,4 промиллега (7,6 промилле), Жиззах вилоятида 0,3 промиллега (6,8 промилле) ошган;
э) охирги йилларда янги туғилган чақалоқларда ривожланишнинг туғма нуқсонлари билан туғилиш кўрсаткичлари ошмоқда. Жумладан, 2023 йилда 961 962 нафар янги туғилган чақалоқнинг 1 741 нафари ривожланишнинг туғма нуқсонлари билан туғилган бўлса (1,81 промилле), 2024 йилда 926 422 нафар янги туғилган чақалоқнинг 2 593 нафари ривожланишнинг туғма нуқсонлари билан туғилиб (2,80 промилле), ўтган йилга нисбатан 1,01 промиллега ошган;
ф) айрим вилоятлардаги Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида кардиожарроҳлик бўлимлари ҳамда чақалоқлар жарроҳлиги бўлимлари ташкил этилмаган;
г) сил касаллиги бўйича болалар ўртасида хавф гуруҳларини тўғри шакллантириш ва назоратни кучайтириш мақсадида 7 — 17 ёшдаги болалар ўртасида диаскинтест синамаси орқали силга қарши скрининг йўлга қўйилмаган.
Бунинг натижасида биргина Наманган вилоятида сил касаллиги 2024 йилда 2023 йилга нисбатан кескин ошиши кузатилган.
Шунингдек, болалар ўртасида қизамиқ инфекцияси республикада сўнги йилларда ошган, шу жумладан, Наманган вилоятида 2024 йилда 2023 йилга нисбатан 1,2 бараварга ошган.
Республикада қизамиқ инфекциясига қарши эмлаш бўйича аҳоли учун очиқ маълумотлар мавжуд эмас. Интернет тармоқларида фақатгина хусусий тиббиёт муассасалари томонидан пуллик вакциналар ҳақида маълумотларни топиш мумкин. Аҳоли учун кафолатланган, бепул вакциналар ҳақида маълумотлар йўқ;
ҳ) болаларга хизмат кўрсатувчи даволаш профилактика муассасаларида электрон хизмат кўрсатиш, беморлар ҳақидаги маълумотлар алмашинуви учун рақамлаштириш, хусусан, «электрон навбат», «электрон карта» ҳамда ДИМЕД электрон тизими орқали йўлланмалар бериш умуман йўлга қўйилмаган;
и) болаларга хизмат кўрсатувчи айрим даволаш профилактика муассасаларининг моддий-техник ҳолати талабга жавоб бермайди ҳамда замонавий юқори технологик ускуналар ва тиббий жиҳозларга эҳтиёж мавжуд. Жумладан, болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида МРТ текширувлари ташкил этилмаган;
ж) республикадаги айрим туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари томонидан ўқувчиларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш, уларнинг саломатлигини доимий тарзда назорат қилиш учун айрим умумтаълим мактабларига ҳамшира штати ажратилмаган, ёки ҳамшира бириктирилмаган бўлса, баъзи мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларига дори-дармонлар тўлиқ ажратилмаган ва тиббий кўриклар тўғри йўлга қўйилмаган.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов туманидаги 10, 12, 15-сонли, Тўрткўл туманидаги 72-сонли, Наманган вилояти Наманган туманидаги 7 ва 41-сонли, Янгиқўрғон туманидаги 55, 56, 59, 66-сонли умумтаълим мактабларига ҳамшира штатлари ажратилмаган.
Бундан ташқари, Тўрткўл туманидаги 11-сонли мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 16, 22, 68-сонли умумтаълим мактабларининг тиббиёт хоналари дори-дармонлар билан тўлиқ таъминланмаган.
Шу билан бирга, мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларини тиббий кўрикдан ўтказиш учун тор соҳа мутахассислари ажратилмайди.
Хусусан, Наманган вилояти Чуст туманидаги давлат мактабгача таълим ташкилотларида 2024 йил учун мўлжалланган чуқурлаштирилган тиббий кўрик учун тор мутахассислар сўраб туман тиббиёт бирлашмасига бир неча маротаба мурожаат қилинишига қарамай, олий маълумотли шифокорлар ўрнига ўрта махсус маълумотли ҳамширалар ажратилган ва тиббий кўрик ўтказилган;
к) болалар соғлом овқатланиши, жисмонан фаол ҳаёт кечириши ҳамда зарарли одатлардан воз кечишига қаратилган аҳоли ўртасида ўтказиладиган тарғибот тадбирлари етарли эмас.
Юқоридагиларни инобатга олиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг 12-моддаси ва «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати:
1) болаларга тиббий хизмат кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасалари учун педиатр, неонатолог, фтизиопедиатр, иммунолог, болалар жарроҳи, ўсмирлар педиатри мутахассисликлари бўйича магистратура ва клиник ординатурада (резидентура) давлат грантлари асосида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш;
2) болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари юкламасини камайтириш, улардаги ўрин жойларни белгиланган меъёрларга мослигини таъминлаш;
3) янги туғилган чақалоқларда ривожланишнинг туғма нуқсонлари билан туғилишнинг олдини олиш бўйича қонунчиликка таклифлар киритиш;
4) барча болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари тузилмасини ва тиббий хизмат кўрсатиш йўналишларини ҳудудлардаги регионал касалликлар кўрсаткичларидан ҳамда хусусий клиникалар, тиббиёт олийгоҳлари клиникаларидаги тиббий хизмат йўналишларини эътиборга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш;
5) сил касаллиги бўйича болалар ўртасида хавф гуруҳларини тўғри шакллантириш ва назоратни кучайтириш мақсадида силга қарши скрининг текширувларини жорий қилиш ва иммунодиагностика (туберкулин, диаскинтест) усуллари ёрдамида сил касаллигини эрта аниқлашни йўлга қўйиш;
6) қизамиқ ва бошқа инфекцияларга қарши эмлаш бўйича хавфсиз, кафолатланган ва бепул хизматларни йўлга қўйиш ва бу ҳақида аҳолини интернет орқали очиқ маълумотлар билан таъминлаш;
7) болаларга хизмат кўрсатувчи даволаш профилактика муассасаларида электрон хизмат кўрсатишни, беморлар ҳақида маълумотлар алмашиш учун рақамлаштиришни йўлга қўйиш;
8) болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари биноларини белгиланган талаблар асосида таъмирлаш ва жиҳозлаш чораларини кўриш;
9) болаларга бепул тиббий хизмат кўрсатиш бўйича аниқ меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, болалар стационар даволанадиган даволаш-профилактика муассасалари ҳамда мактабгача ва мактаб таълими муассасалари тиббиёт хоналарини дори-дармон билан тўлиқ таъминлаш;
10) мамлакатимизда болалар ўртасида соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик ва зарарли одатлардан воз кечишга қаратилган тарғибот ишларини олиб бориш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва бошқа масалалар тўғрисида асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарингизни баён қилиш талаби қўйилган парламент сўрови билан мурожаат этади ва жавобингиз Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама этилиб, унинг якунлари бўйича қарор қабул қилинишини маълум қилади.