Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши томонидан Кенгаш текшируви ўтказиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2024 йил 3 декабрдаги КҚ-9-V-сонли Қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг 2024 йил 19 ноябрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлисидаги нутқида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш бўйича Сенатнинг Ҳаракатлар дастури 21-бандининг ижросини таъминлаш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг 16-моддасига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши томонидан Кенгаш текшируви ўтказиш тартиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари ушбу Қарор билан тасдиқланган Тартибга қатъий риоя қилинишини таъминласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати девонининг Ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш маркази (Қ. Муқумов) ушбу Қарор ижросини таъминлашда халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари котибиятларига амалий ёрдам кўрсатиб борсин.
4. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси (А. Туйчиев) зиммасига юклансин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2025 йил 6 май,
КҚ-173-V-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2025 йил 6 майдаги КҚ-173-V-сонли Қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши томонидан Кенгаш текшируви ўтказиш
ТАРТИБИ
I. Умумий қоидалар
1. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши томонидан Кенгаш текшируви ўтказиш тартиби (бундан буён матнда Тартиб деб юритилади) халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар), туман, шаҳар Кенгашлари (бундан буён матнда маҳаллий Кенгаш деб юритилади) томонидан Кенгаш текшируви ўтказиш тартиб-таомилларини белгилайди.
2. Тартиб Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилган.
3. Кенгаш текшируви — тегишли ҳудуднинг хавфсизлигига, барқарор ривожланиш асосларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига, жамият ва давлат манфаатларига таҳдид соладиган фактлар ҳамда воқеаларни ўрганиш мақсадида ўтказилиши мумкин бўлган маҳаллий Кенгашнинг алоҳида текшируви шаклидир.
4. Кенгаш текшируви ўтказиш қонунийлик, холислик, очиқлик ва шаффофлик, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш принципларига асосланади.
5. Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг, суриштирув ва тергов органларининг, судларнинг иш юритувидаги муайян ишлар ва материалларни, шунингдек ижро иши юритиш ҳамда нотариал иш юритишнинг муайян материалларини кўриб чиқиш билан боғлиқ фаолият Кенгаш текширувининг объекти бўлиши мумкин эмас.
2-боб. Кенгаш текширувини ўтказиш тартиб-таомиллари
6. Кенгаш текширувини ўтказиш учун асослар:
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари;
оммавий ахборот воситаларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида эълон қилинган маълумотлар;
назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг маълумотлари;
депутатларнинг таклифлари.
7. Қуйидагилар маҳаллий Кенгашга Кенгаш текшируви ўтказиш тўғрисида таклиф киритиши, тавсия бериши мумкин:
депутат (ёки депутатлар гуруҳи) — маҳаллий Кенгаш депутатларининг камида учдан бир қисми қўллаб-қувватланган тақдирда;
маҳаллий Кенгашнинг доимий комиссияси;
маҳаллий Кенгашдаги партия гуруҳи;
вилоят, туман, шаҳар ҳокими;
Олий Мажлис палаталари;
Вазирлар Маҳкамаси.
8. Кенгаш текшируви ўтказиш тўғрисидаги таклиф ва тавсиялар асослантирилган ҳолда ёзма шаклда киритилади.
Бунда маҳаллий Кенгаш котибияти депутат, маҳаллий Кенгашнинг доимий комиссияси, партия гуруҳига Кенгаш текшируви ўтказиш тўғрисидаги таклиф билан боғлиқ зарур материаллар ва ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланишига кўмаклашади.
9. Маҳаллий Кенгаш Кенгаш текширувини ўтказиш тўғрисида таклиф ёки тавсияни кўриб чиқиб, депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
Кенгаш текширувини ўтказиш тўғрисидаги таклифни ёки тавсияни маъқуллаш;
Кенгаш текширувини ўтказиш тўғрисидаги таклифни ёки тавсияни такомилига етказиш учун ташаббускорга қайтариш;
Кенгаш текширувини ўтказиш тўғрисидаги таклифни ёки тавсияни рад этиш.
10. Кенгаш текшируви ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинганда унда Кенгаш текшируви ўтказиш учун асослар ҳамда Кенгаш текширувининг мақсад ва вазифалари назарда тутилади.
11. Маҳаллий Кенгаш Кенгаш текширувини ўтказиш учун Кенгаш депутатлари орасидан Кенгаш текширувини ўтказиш бўйича комиссия ташкил қилади ва унинг таркибини тасдиқлайди.
12. Комиссия, қоида тариқасида, камида 7 нафар депутатдан иборат бўлади. Комиссия раис, котиб ва аъзолардан иборат бўлади.
Кенгаш текшируви натижаларидан манфаатдор бўлган депутат комиссия таркибига киритилиши мумкин эмас.
13. Зарур ҳолларда комиссия ишига қуйидагилар жалб қилиниши мумкин:
илмий доиралар вакиллари, эксперт ва мутахассислар;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари вакиллари;
нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари.
14. Комиссия Кенгаш текширувини ўтказишда қуйидагиларга ҳақли:
давлат органлари ва ташкилотларининг вакилларини, мутахассисларни, экспертларни комиссия ишига жалб этишга;
давлат органлари ва ташкилотларидан, жисмоний ва юридик шахслардан зарур маълумотларни сўраб олишга;
давлат органлари ва ташкилотларининг, нодавлат ташкилотларнинг мансабдор шахсларини, шунингдек фуқароларни тушунтиришлар бериш учун таклиф қилишга;
воқеа ва ҳодисаларни жойига чиқиб ўрганишга.
Комиссия қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
15. Комиссия ўз фаолиятини амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларига қатъий риоя қилиши, давлат органлари ва ташкилотларига қонунчиликда белгиланган вазифаларини амалга оширишга тўсқинлик қилмаслиги, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиши шарт.
16. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, мансабдор шахслар ва ташкилотларнинг раҳбарлари комиссия ишига кўмаклашишлари, зарур маълумотларни тақдим этишлари ва чақирилганда ҳозир бўлишлари шарт.
Кенгаш текширувини ўтказишга тўсқинлик қилиш, била туриб ёлғон маълумот бериш ёки маълумот беришдан бўйин товлаш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
17. Комиссия иш тартибини мустақил равишда белгилайди.
18. Комиссия мажлислари баённома билан расмийлаштирилади. Ҳар бир тадбир (текширув, сўров, ташриф) натижаларига кўра ҳисоботлар ёки маълумотномалар тайёрланади.
19. Комиссия томонидан текширув якунлари бўйича якуний хулоса тузилади. Хулосада қуйидагилар назарда тутилади:
текширув предметининг тавсифи;
ҳужжатлар ёки бошқа воситалар билан тасдиқланган фактлар;
бўлиб ўтган воқеа, ҳодиса ёки ҳаракатда (ҳаракатсизликда) қонунчилик бузилиши ҳолати мавжудлиги ёки йўқлиги тўғрисидаги хулосалар;
аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар;
норматив-ҳуқуқий ёки бошқа меъёрий ҳужжатларга ўзгартириш ёхуд қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар;
тегишли шахсларга нисбатан интизомий ёки бошқа чоралар кўриш бўйича таклифлар.
20. Хулоса Комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланади ва маҳаллий Кенгашга тақдим этилади.
Комиссиянинг аъзоси умумий хулосага ёки унда назарда тутилган айрим масалаларга қўшилмаса, унинг эътирозлари умумий хулосага илова қилинади.
21. Маҳаллий Кенгаш комиссиянинг Кенгаш текшируви якунлари бўйича хулосасини навбатдаги сессияда кўриб чиқади.
22. Сессия маҳаллий Кенгаш регламентида белгиланган умумий тартиб асосида ўтказилади.
23. Маҳаллий Кенгаш хулосани кўриб чиқиш якунлари бўйича қарор қабул қилади.
Маҳаллий Кенгаш қарори қабул қилинган кундан бошлаб ўн кун ичида тегишли мансабдор шахсга юборилади.
24. Маҳаллий Кенгаш Кенгаш текшируви якунлари бўйича:
мансабдор шахсни жавобгарликка тортиш, уларни лавозимидан озод этиш тўғрисида тегишли давлат органларига, Вазирлар Маҳкамаси ёки Олий Мажлис Сенатига таклиф ва тавсиялар киритиши;
тегишли давлат органларига ҳамда ташкилотларига қонунчилик ҳужжатларининг, давлат дастурларининг ижроси, ўз зиммаларига юклатилган вазифалар ҳамда функцияларнинг амалга оширилиши самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар кўриш юзасидан таклиф ва тавсиялар киритиши;
Кенгаш текшируви якунлари бўйича тайёрланган материалларни ваколатли давлат органларига ўз ваколатларига мувофиқ кўриб чиқиш учун юбориши;
фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузиш ҳоллари ёки қонун ҳужжатларини бузишнинг бошқа ҳоллари маълум бўлиб қолган тақдирда уларга дарҳол чек қўйиш чораларини кўриш талаби билан тегишли давлат органларига ҳамда ташкилотларига ҳамда мансабдор шахсларга мурожаат қилиши;
Кенгаш текшируви натижаларини эълон қилиши мумкин.
25. Кенгаш текшируви натижаларига кўра қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши устидан назорат маҳаллий Кенгашнинг тегишли доимий комиссияси томонидан амалга оширилади.
26. Масъул мансабдор шахслар маҳаллий Кенгаш қарорининг ижро этилиши бўйича кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида маҳаллий Кенгаш қарорида белгиланган муддатда ахборот киритиб боради.
27. Кенгаш текшируви натижаларига кўра қабул қилинган қарорнинг ижро этилиши ҳолати бўйича амалга оширилган ишлар ҳар ойда камида бир марта маҳаллий Кенгашнинг тегишли доимий комиссиясида муҳокама қилинади.
3-боб. Якуний қоидалар
28. Кенгаш текшируви давомида олинган маълумотлар қонун билан қўриқланадиган ахборот турига тааллуқли бўлса, Комиссия аъзолари унинг махфийлигини сақлаши шарт.
Бундай ахборотни ошкор қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
29. Кенгаш текшируви якунлари бўйича тайёрланган хулосадаги материалларнинг қонунчиликка мувофиқлиги, унда кўрсатилаётган маълумотларнинг асослилиги учун комиссия аъзолари шахсан жавобгар ҳисобланади.
30. Тартиб бузилишида айбдор бўлган шахсларга нисбатан белгиланган тартибда интизомий ёки бошқа жавобгарлик чоралари қўлланилиши мумкин.
31. Тартибга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, уни ўз кучини йўқотган деб топиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарори асосида амалга оширилади.