Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашининг йиғилишидаги нутқида белгилаб берилган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан амалга ошириладиган ишлар тўғрисида
Кейинги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Соҳанинг ҳуқуқий ва институционал асослари такомиллаштирилиб, коррупциянинг олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўрилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 5 март куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашининг йиғилишидаги нутқида белгиланган вазифалар, ғоялар ва ташаббуслар мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш вақтинчалик эмас, балки узлуксиз, изчил ва мақсадли саъй-ҳаракатга айланганини кўрсатмоқда.
Ушбу дастурий нутқ мамлакатимизда коррупциядан холи муҳит яратиш, барча соҳа ва тармоқларда коррупциянинг олдини олиш ҳамда унга қарши курашишнинг самарали механизмларини амалиётга жорий этишда янги даврни бошлаб берди.
Мамлакатимиз Президенти томонидан йиғилишда ўтган йиллар давомида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишларга баҳо берилиб, келгусидаги устувор вазифалар ва асосий йўналишлар белгиланди.
Сўнгги йилларда юртимизда олиб борилган ислоҳотлар натижасида давлат харидлари, қурилиш, таълим, соғлиқни сақлаш каби муҳим соҳаларга рақамлаштириш ишлари жорий этилди.
Соҳага оид 10 га яқин қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10 та фармон ва қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2 та қарори ва 20 дан ортиқ идоравий ҳужжат қабул қилинди, шунингдек 2 та давлат дастури тасдиқланди.
Коррупцияга қарши курашишда давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгиловчи «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги, давлат хизматида коррупциянинг олдини олишга қаратилган «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари қабул қилинди.
Шунингдек «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш тизими яратилди.
Коррупция муаммосини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқадиган очиқ тизим ва муҳит яратилди, оммавий ахборот воситаларининг бу борадаги ўрни ва таъсири янада ортди.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича яхлит тизим яратиш ва соҳада назоратни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаши тузилди, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарида масъул қўмиталар ташкил этилди.
Коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишга масъул махсус ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолияти йўлга қўйилди. 2022 йилдан эътиборан мазкур агентликнинг Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги ҳар йилги миллий маърузасини парламентда эшитиш амалиёти жорий этилди.
Шу билан бирга бугунги кунда амалга оширилаётган тизимли ишлар қаторида ҳал этилиши лозим бўлган муайян масалалар ҳам мавжуд.
Хусусан, коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олишда давлат органлари ва ташкилотларидаги коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг ўрни ва масъулияти етарли эмаслиги кузатилмоқда. Айрим соҳа ва тармоқларда коррупциявий омиллар юқорилигича қолмоқда.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) ва унинг органларининг коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш борасидаги фаолиятини янада жонлантириш талаб этилмоқда. Хусусан, қонунларда коррупцияга имкон берувчи нормаларни аниқлаш ва бартараф этиш борасидаги ишларга эътиборни кучайтириш мақсадга мувофиқ.
Коррупция ҳолатларининг олдини олишда парламент назорати шаклларидан янада самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.
Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳар ой охирги ҳафтасида сайлов округларидаги учрашувлари давомида коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишларнинг ҳолатини ўрганиш, жамоатчилик билан мулоқот асосида жойлардаги мавжуд муаммоларни парламент муҳокамасига олиб чиқишга устувор аҳамият бериш лозим.
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг миллий маърузасини Қонунчилик палатасида эшитиш амалиётини янада такомиллаштириш керак. Миллий маърузани эшитиш якунлари асосида рақамлаштириш, давлат хизматларини кўрсатиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан масъул давлат органлари раҳбарларининг ахборотини Қонунчилик палатасининг қўмиталари мажлисларида эшитиш муҳим аҳамият касб этади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаши йиғилишидаги нутқида илгари сурилган таклифлар ва ташаббусларни, белгилаб берилган устувор йўналишларни ҳар томонлама муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаши йиғилишидаги нутқида илгари сурилган таклифлар ва ташаббуслар қўллаб-қувватлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига:
коррупцияга нисбатан муросасиз бўлиш ҳамда бу борада мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бориш;
коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича белгиланган вазифаларнинг аҳамиятини сайловчилар билан учрашувлар давомида тушунтириш;
аҳоли билан ўтказиладиган учрашувларда тинчлик ва барқарорликни қадрлаш, тўй-ҳашам, маърака ва маросимларда ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймаслик масалаларига алоҳида эътибор қаратиш ҳамда бу борада аҳоли орасида тарғибот тадбирларини янада кучайтириш;
жойларда коррупцияга қарши курашиш борасидаги муаммо ва масалаларни халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан биргаликда ўрганиш ҳамда уларга ҳуқуқий ечим топиш юзасидан таклифлар киритиш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари ўз фаолият йўналишларидан келиб чиқиб:
қонунларда коррупцияга имкон берувчи нормаларни аниқлаш ва бартараф этиш борасидаги ишларни янада кучайтириш;
коррупцияга қарши курашиш борасида жойларда амалга оширилаётган ишларни, қонунларнинг ижро этилиш ҳолатини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш, шунингдек мавжуд ҳуқуқий бўшлиқларни ва коррупциявий омилларни бартараф қилишга қаратилган таклифлар киритиб бориш;
қонун лойиҳаларини Қонунчилик палатасига киритишда уларнинг коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилганлигини таҳлил қилиш;
қонун лойиҳаларида коррупцияга имкон берувчи нормалар ҳамда рақобат муҳитини ривожлантиришга таъсир этувчи омиллар мавжуд эмаслигига алоҳида эътибор қаратиш ва уларни бартараф этиш борасидаги ишларни янада кучайтириш;
янги қабул қилинган қонунлар ижросини таъминлаш учун қонуности ҳужжатларининг ўз вақтида қабул қилиниши юзасидан тизимли мониторинг олиб бориш;
аҳолининг халқчил таклифлари асосида янги қонунларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратиш ва уларнинг ижросини қатъий назоратга олиш;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари бўлган инспекциялар раҳбарларининг «Коррупцияга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида»ги ахборотини эшитиш чораларини кўрсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фермер ва деҳқон хўжаликлари билан муносабатларидаги коррупция омилларининг олдини олиш, шунингдек «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида камбағал оилаларга берилган ер участкаларидан самарали фойдаланишга салбий таъсир кўрсатаётган омилларни бартараф этиш борасида амалга оширилган ишлар ҳолатини 2025 йил 1 октябрга қадар ўргансин ҳамда таклифлар тайёрласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси:
ҳар йили бюджетдан энг кўп маблағ оладиган учта вазирликларда коррупциявий омилларни аниқлаб, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритсин;
жойларга чиққан ҳолда аҳолига кадастр хизматларини кўрсатиш тизимида коррупцияга қарши курашиш ҳамда коррупция омилларининг олдини олиш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини 2025 йил 30 июнга қадар ўргансин ҳамда таклифлар тайёрласин;
маҳаллий бюджетларни шакллантириш ва сарфлаш борасида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан олиб борилаётган депутатлар назоратининг натижадорлигини ва ташаббусли бюджет жараёнларидаги ҳолатларни 2025 йил 30 сентябрга қадар таҳлил қилсин. Бунда:
вилоятлар ва туманларда (шаҳарларда) маҳаллий бюджетларнинг шаклланиши ва сарфланишини танлов асосида ўргансин;
ўрганиш натижаларини тегишли вазирликлар иштирокида қўмитада муҳокама қилсин ва таклифлар ишлаб чиқсин;
«Давлат харидлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан белгиланган давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхатини 2025 йил 1 майга қадар қайта кўриб чиқсин. Бунда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ҳисоб палатаси билан биргаликда тўғридан-тўғри харидларни икки карра қисқартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратсин;
тижорат банклари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга имтиёзли кредит ажратишда коррупция омилларини бартараф этиш, шу жумладан молиявий хизматлар кўрсатишда инсон омилини чеклаш, бу борадаги рақамлаштириш жараёнини жадаллаштириш бўйича 2025 йил 31 июлга қадар таклифлар тайёрласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари қўмитаси:
халқаро тажрибани ўрганиб, киберкоррупцияга қарши самарали курашиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий база яратиш юзасидан аниқ чора-тадбирларни 2025 йил 30 майга қадар ишлаб чиқсин ва уларни самарали ташкил этсин;
кибермаконда коррупцияга қарши самарали курашиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий база яратиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзосининг лавозимига номзод унинг номзоди Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётганда ва маъқулланаётганда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳаракатлар дастури билан ўзаро боғлиқ бўлган, истиқболга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар ва вазифаларга эришиш борасидаги ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, ташкилий-техник чораларни назарда тутувчи ҳаракатлар режасини тақдим этишида коррупциянинг олдини олиш бўйича аниқ режасини ҳам ҳимоя қилиш тартибини қонун ҳужжатларида белгилаш бўйича қонун лойиҳасини 2025 йил 30 апрелга қадар ишлаб чиқсин;
Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси билан биргаликда масъул идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар тузган ҳолда, «жиноятчиликка қарши курашиш ҳафталиги» давомида ҳар ойда режа асосида «қизил тоифа»даги маҳаллаларга бориб, жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва омилларини чуқур таҳлил қилсин, туман (шаҳар), вилоят прокурорлари ва ички ишлар органлари раҳбарларининг фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар берсин ҳамда туман (шаҳар) ва маҳаллалардан чиққан халқчил таклифлар асосида қонунларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқсин;
жойларга чиққан ҳолда, соғлиқни сақлаш тизимида коррупцияга қарши курашиш ҳамда коррупция омилларининг олдини олиш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини 2025 йил 30 апрелга қадар ўргансин ҳамда таклифлар тайёрласин;
коррупциянинг олдини олиш, одамларни унга тоқатсизлик руҳида тарбиялаш, профилактика механизмларини яратиш, коррупция жиноятларининг аниқ рўйхатини шакллантириш ҳамда бу борада жазо чораларини кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини 2025 йил 30 июнга қадар ишлаб чиқсин;
«Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини қайтадан кўриб чиқиб, маромига етказсин ҳамда 2025 йил 30 майга қадар Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси фуқароларни хавфсиз, кафолатли тарзда ишлаш учун хорижга ишга юборишда коррупция ҳолларининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини 2025 йил 31 августга қадар ўргансин ҳамда таклифлар тайёрласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси:
қурилиш лойиҳаларини амалга оширишда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда «Шаффоф қурилиш» платформаси фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича 2025 йил 31 майга қадар таклифлар тайёрласин;
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан коррупцияга қарши курашиш ҳамда коррупция омилларини бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини 2025 йил 30 сентябрга қадар ўргансин ҳамда таклифлар ишлаб чиқсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси:
тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Сенати Кенгашининг қўшма қарори лойиҳасини 2025 йил 30 апрелга қадар ишлаб чиқсин;
«Коррупция — келажакка таҳдид» ғояси асосида ёшлар қалбидан жой оладиган тизим яратиш бўйича:
«Тарбия» фани доирасида ўғил-қизларга ҳалоллик, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик каби эзгу ғояларни содда тилда тушунтириб бориш бўйича 2025 йил 1 августга қадар таклифлар ишлаб чиқсин;
талаба-ёшларнинг коррупцияга қарши лойиҳалари, стартап ва инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича ишлар ҳолатини 2025 йил 20 августга қадар ўргансин ва таклифлар тайёрласин;
Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг коррупцияга қарши курашишдаги ролини ошириш ишларини Ёшлар масалалари бўйича комиссия билан биргаликда самарали йўлга қўйсин. Бунда:
Ёшлар парламенти аъзоларини коррупцияга қарши курашиш бўйича қонунчилик таклифларини ишлаб чиқишга ҳамда маҳаллий давлат органларида коррупцияга қарши мониторинг ишларига жалб этсин;
Ёшлар парламенти аъзолари учун коррупцияга қарши курашишга оид махсус тренинг ва семинарлар ташкил этсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аҳолига давлат ёнғин хавфсизлиги хизматини кўрсатиш тизимида коррупцияга қарши курашиш ҳамда коррупция омилларининг олдини олиш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини 2025 йил 30 декабрга қадар ўргансин ҳамда таклифлар тайёрласин.
12. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши курашиш фаолиятидаги иштирокини кенгайтириш борасидаги ишларни ўргансин ва таклифлар тайёрласин. Бунда:
фуқаролик жамияти институтлари учун коррупцияга қарши курашиш йўналишида ҳар йили ажратиладиган давлат грантлари ва ижтимоий буюртмаларининг йиллик рўйхати шакллантирилишига;
коррупцияга қарши курашиш соҳасида тажриба ва малакага эга бўлган, очиқ танлов орқали тадқиқот ўтказувчи фуқаролик жамияти институтлари танлаб олинишига эътибор қаратсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимида коррупцияга қарши курашиш ҳамда коррупция омилларининг олдини олиш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини 2025 йил 30 ноябрга қадар ўргансин ҳамда таклифлар тайёрласин.
14. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти Қонунчилик палатаси қўмиталарига белгиланган вазифаларни амалга оширишда илмий-услубий жиҳатидан кўмаклашсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Девони:
ушбу Қарорда назарда тутилган вазифалар ва тадбирларнинг бажарилиши юзасидан доимий мониторинг юритиб, унинг ижроси тўғрисида ҳар чоракда Қонунчилик палатаси раҳбариятига умумлаштирилган маълумот киритиб борсин;
амалга оширилаётган ишларни, ўтказилаётган тадбирларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш чораларини кўрсин.
16. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
17. Ушбу Қарор тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мажлисига киритилсин.
18. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 28 март,
711-V-сон