Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2021 йил 11 октябрдаги 1386-IV-сонли Қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги низомга (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, № 10, 1027-модда) иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) келиб тушган мурожаатларда кўтарилган масалалар депутатларнинг сайлов округларидаги фаолияти давомида бевосита жойига чиқиб ўрганилишини ташкил этиш ҳамда уларни ҳал қилиш чораларини кўриш;
Қонунчилик палатасининг Фуқаролар қабулхонасида жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг, шу жумладан олис ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг фракция аъзолари томонидан видеоконференцалоқа режимидаги қабулини сиёсий партияларнинг ҳудудий ташкилотлари орқали ташкил қилиш тавсия этилсин.
3. Қонунчилик палатасининг қўмиталари:
Қонунчилик палатасининг давлат органлари раҳбарларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини ва ҳукумат аъзоларининг Қонунчилик палатаси депутатлари саволларига жавобларини эшитишга («ҳукумат соати») бағишланган мажлисларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида билдирилаётган тизимли муаммоларни кўтариш (савол бериш) ва тегишли таклифлар киритиб боришга алоҳида эътибор қаратсин;
қонунчиликни такомиллаштириш бўйича жисмоний шахслардан ва юридик шахсларнинг вакилларидан келиб тушган таклифларни улар иштирокида муҳокама қилиб бориш амалиётини янада кенгайтирсин ҳамда асосли таклиф йўллаган шахсларни рағбатлантириш мақсадида Қонунчилик палатасининг Фахрий ёрлиғи ёки Ташаккурномаси билан тақдирлаш юзасидан таклиф киритиб борсин;
асосли деб топилган таклифларда илгари сурилган ғоялардан келиб чиқиб, депутатларнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда таклиф билдирган фуқароларнинг Қонунчилик палатаси мажлисларида бевосита иштирокини таъминлаш чораларини кўрсин.
4. Қонунчилик палатасининг Девони:
Қонунчилик палатаси депутатларининг жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг видеоконференцалоқа режимидаги қабули учун зарур шарт-шароитлар яратсин;
Қонунчилик палатаси депутатлари ва Девони ходимлари учун «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби, уларни кўриб чиқишда давлат органларининг, ташкилотларнинг ва улар мансабдор шахсларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари» мавзусида ўқув семинар ташкил этиш чораларини кўрсин;
Қонунчилик палатасига жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатларни тизимли равишда таҳлил қилиб борсин ҳамда уларнинг белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши устидан мунтазам равишда назорат ўрнатсин.
6. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
5. Сиёсий партияларга жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини видеоконференцалоқа режимида қабул қилиш учун сиёсий партияларнинг ҳудудий ташкилотларида зарур шарт-шароитлар яратиш, мурожаат этувчиларнинг шахсини аниқлаш чораларини кўриш, шунингдек видеоконференцалоқа режимида қабулларни ўтказишга ташкилий жиҳатдан кўмаклашиш тавсия этилсин.
7. Мазкур Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 11 март,
625-V-сон