Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирининг
буйруғи
Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (8-сонли БҲС) «Кўчмас мулк, бино ва жиҳозлар»га ўзгартириш ва қўшимча киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 14 апрелда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3144-1]
1. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2019 йил 30 январдаги 11-сон буйруғи (рўйхат рақами 3144, 2019 йил 20 март) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 21.03.2019 й., 10/19/3144/2808-сон) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (8-сонли БҲС) «Кўчмас мулк, бино ва жиҳозлар»га иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимча киритилсин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир Д. КУЧКАРОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 20 март,
242-сон
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2025 йил 20 мартдаги 242-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (8-сонли БҲС) «Кўчмас мулк, бино ва жиҳозлар»га киритилаётган ўзгартириш ва қўшимча
1. 84-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«84. Асосий воситалар инвентаризацияси Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (19-сонли БҲМС) «Инвентаризацияни ташкил этиш ва ўтказиш»га (рўйхат рақами 3548, 2024 йил 12 август) асосан амалга оширилади.».
2. Қуйидаги мазмундаги 111-боб билан тўлдирилсин:
«111-боб. Асосий воситалар қийматини тугатиш муносабати билан уларни балансдан ҳисобдан чиқариш тартиби
931. Асосий воситалар қиймати қуйидаги ҳолларда уларни тугатиш муносабати билан балансдан ҳисобдан чиқарилиши мумкин:
а) белгиланган хизмат муддати тугаганидан (тўлиқ эскириш ҳисоблаб ёзилганидан) кейин;
б) жисмоний эскириш, бахтсиз ҳодисалар, табиий офатлар, фойдаланишнинг шарт-шароитларини бузиш оқибатида яроқсиз ҳолга келганда;
в) маънан эскирганда. Маънан эскирган асосий воситалар деганда худди шундай мақсадда асосий воситаларнинг янада унумдор ва тежамкор турларини ишлаб чиқиш натижасида қадрсизланадиган асосий воситалар тушунилади;
г) тегишли давлат органларининг қарорлари бўйича балансдан чиқиб кетганда;
д) ташкилотларнинг бино-иншоотлари қурилиши, кенгайтирилиши, реконструкция қилиниши, модернизация қилиниши ва техник қайта жиҳозланиши муносабати билан.
Тикланиши мумкин бўлмаган ёки иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлмаган асосий воситалар тугатилади.
Асосий воситаларнинг ҳисобдан чиқарилиши ва тугатилиши юзасидан ихтисослилиги мос келадиган тегишли ташкилотлардан фойдаланишга яроқсизлиги тўғрисида хулоса олингандан кейин асосий воситаларнинг ҳисобдан чиқарилиши ва тугатилиши ҳақида қарорлар қабул қилиниши лозим.
932. Асосий воситаларни тугатиш ташкилотлар томонидан юқори ташкилот билан келишган ҳолда, юқори ташкилот мавжуд бўлмаганда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ мустақил равишда амалга оширилади.
933. Ташкилотларда асосий воситаларни тугатиш муносабати билан уларни ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш учун раҳбар ёки раҳбар ўринбосари раислигида комиссия (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) тузилади. Комиссия таркибига ташкилотнинг тегишли мутахассислари, бухгалтерия ходимлари ва моддий жавобгар шахслари киритилиши керак. Комиссия ташкилот раҳбарининг буйруғи билан тузилади.
934. Комиссия қуйидаги ваколатларга эга:
а) ҳисобдан чиқариш керак бўлган асосий воситаларнинг бевосита кўригини амалга ошириш, бунда зарур техник ҳужжатлар (паспорт, босқич режалари ва бошқа ҳужжатлар), шунингдек бухгалтерия ҳисоби маълумотларидан фойдаланиш;
б) уларни тиклашнинг мумкин эмаслигини ёки иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмаслигини аниқлаш;
в) асосий воситаларни ҳисобдан чиқариш сабабларини (тўлиқ эскиришни ҳисоблаб ёзиш, жисмоний эскириш, реконструкция қилиш, фойдаланишнинг шарт-шароитлари бузилиши, табиий офатлар ва ҳоказони) аниқлаш;
г) асосий воситаларнинг муддатидан олдин фойдаланишдан чиқиб кетишига айбдор бўлган шахсларни аниқлаш, ушбу шахсларни Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиш тўғрисида ташкилот раҳбарига таклифлар киритиш;
д) тугатилаётган асосий воситаларнинг айрим узеллари, деталлари, материаллари, рангли ва қимматбаҳо металларидан фойдаланиш имкониятини белгилаш ва уларни баҳолаш;
е) тугатилаётган асосий воситалардан яроқли узеллар, деталлар, материаллар, рангли ва қимматбаҳо металларни олиш устидан назоратни амалга ошириш, уларнинг миқдори, оғирлигини белгилаш ва тегишли омборга топширилишини назорат қилиш.
935. Ташкилотларнинг бино-иншоотлари қурилиши, кенгайтирилиши, реконструкция қилиниши, модернизация қилиниши ва техник қайта жиҳозланиши муносабати билан асосий воситалар тугатиладиган ҳолларда комиссия ҳисобдан чиқаришга тақдим этилган асосий воситаларнинг юқори ташкилот томонидан тасдиқланган ташкилотларнинг бино-иншоотлари қурилиши, кенгайтирилиши, реконструкция қилиниши, замонавийлаштирилиши ва техник қайта жиҳозланиши режасига мувофиқлигини текшириши керак.
Бунда комиссия асосий воситаларни тугатиш далолатномасида тасдиқланган режанинг банди ва санасига ҳавола қилади.
936. Асосий воситаларни тугатиш далолатномаларида тугатилаётган асосий воситаларни тавсифлайдиган қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:
асосий воситани ишлаб чиқариш ёки барпо этиш йили, унинг ташкилотга келиб тушиш санаси, фойдаланишга топшириш санаси;
асосий воситанинг дастлабки (қайта баҳоланганлари учун — тиклаш) қиймати, бухгалтерия ҳисоби маълумотлари бўйича фойдаланишнинг бутун муддати учун ҳисоблаб ёзилган эскириш суммаси;
асосий воситани тугатиш сабаблари ва қисмларга бўлишдан олиниши мумкин бўлган яроқли узеллари, деталлари, материаллари, рангли ва қимматбаҳо металларининг борлиги ва улардан кейинчалик фойдаланиш имкониятлари.
937. Транспорт воситасини тугатишда у босиб ўтган йўл кўрсатилади.
938. Бахтсиз ҳодисалар ёки фойдаланишнинг шарт-шароитлари бузилиши натижасида шикастланган асосий воситалар қийматини балансдан ҳисобдан чиқаришда асосий воситаларни тугатиш далолатномасига бахтсиз ҳодисалар ёки фойдаланишнинг шарт-шароитлари бузилганлиги тўғрисидаги далолатноманинг кўчирма нусхаси илова қилинади. Шунингдек, ушбу ҳолатлар бўйича сабаблар аниқланади ва айбдор шахсларга нисбатан кўрилган чоралар ушбу далолатномада кўрсатилади.
939. Табиий офатлар оқибатида чиқиб кетган асосий воситалар қийматини балансдан ҳисобдан чиқаришда тугатиш далолатномасига махсус Ҳукумат комиссиясининг хулосаси илова қилиниши мумкин.
9310. Комиссия томонидан тузилган асосий воситаларни тугатиш далолатномалари уларнинг балансида асосий воситалар қайд этилган ташкилот раҳбари томонидан тегишли юқори ташкилотлар билан келишган ҳолда, юқори ташкилот мавжуд бўлмаганда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ мустақил равишда тасдиқланади.
9311. Асосий воситаларни тугатиш далолатномалари тасдиқлангунига қадар асосий воситаларни қисмларга бўлиш ва демонтаж қилишга йўл қўйилмайди.
Қисмларга бўлинган ва демонтаж қилинган асосий воситанинг бошқа асосий воситани таъмирлаш учун яроқли бўлган барча узеллари, деталлари, материаллари, рангли ва қимматбаҳо металлари улар ҳисобга олинадиган тегишли ҳисобварақларга асосий воситаларни тугатиш комиссияси томонидан белгиланадиган фойдаланиш нархи бўйича кирим қилинади. Яроқсиз узеллар, деталлар, материаллар, рангли ва қимматбаҳо металлар иккиламчи хомашё (темир-терсак, қийқинди ёки ўтин) сифатида кирим қилинади ҳамда ташкилотнинг хоҳиши бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ишлатилади.
9312. Бюджет ташкилотлари учун тугатилган асосий воситаларни қисмларга ажратиш ва демонтаж қилишдан олинган товар-моддий бойликларни сотишдан олинган маблағлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тақсимланади.
9313. Асосий воситалар бюджет ташкилотлари томонидан юқори ташкилот билан келишган ҳолда, юқори ташкилот мавжуд бўлмаганда мустақил равишда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа бюджет ташкилотларига бепул (текинга) берилиши мумкин.».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.04.2025 й., 10/25/3144-1/0344-сон)