Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва Конимех туманининг Зафаробод шаҳарчасидаги бюджет ташкилотлари ходимларига компенсация хусусиятига эга бўлган устама тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига мувофиқ ноқулай табиий-иқлим шароитларида меҳнат қилаётган бюджет ташкилотлари ходимларини қўшимча рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва Конимех туманининг Зафаробод шаҳарчасидаги бюджет ташкилотлари ходимларига компенсация хусусиятига эга бўлган устама тўлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
ноқулай табиий-иқлим шароитларида ишлаганлик учун бюджет ташкилотлари ходимларига ойлик устама миқдорларини белгилаш;
ойлик устамаларни олиш ҳуқуқини берувчи иш стажини ҳисоблаш;
ойлик устамаларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби.
2. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж. А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. Э. Захидов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 8 апрель,
206-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 апрелдаги 206-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва Конимех туманининг Зафаробод шаҳарчасидаги бюджет ташкилотлари ходимларига компенсация хусусиятига эга бўлган устама тўлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Мазкур Низом Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва Конимех тумани Зафаробод шаҳарчасидаги (кейинги ўринларда — шаҳарлар) бюджет ҳисобидан молиялаштириладиган ташкилотлар, шу жумладан маҳаллалар уюшмаси ва маҳаллалар (кейинги ўринларда — бюджет ташкилотлари) ходимларига компенсация хусусиятига эга бўлган устама тўлаш тартибини белгилайди.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги ПҚ-388-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2025 й., 07/25/388/1235-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 1 январь)
2. Шаҳарлардаги бюджет ташкилотлари ходимларига ноқулай табиий-иқлим шароитларида ишлаганлик учун ойлик устама тўловлари (кейинги ўринларда — ойлик устама) бюджет ташкилотларида ишлаган иш стажидан келиб чиқиб, қуйидаги миқдорларда белгиланади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
3 йилгача иш стажига эга бўлган ходимларга тариф ставкасининг (лавозим маошининг) 0,25 коэффициенти;
(2-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 709-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
3 йилдан 5 йилгача иш стажига эга бўлган ходимларга тариф ставкасининг (лавозим маошининг) 0,5 коэффициенти;
(2-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 709-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
5 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ходимларга тариф ставкасининг (лавозим маошининг) 0,75 коэффициенти.
(2-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 709-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон)
3. Белгиланган миқдордаги ойлик устамаларни олиш ҳуқуқи ходимлар бюджет ташкилотларида ишлашни бошлаган вақтдан юзага келади.
4. Ойлик устамани олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига қуйидагилар киритилади:
шаҳарлардаги бюджет ташкилотларида ходимнинг ишлаган даври;
ходим ҳақиқатда ишламаган бўлса ҳам, лекин қонунчиликка асосан шаҳарлардаги бюджет ташкилотларида ходимнинг иш жойи (лавозими) сақланган даври;
«Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти, «Навоийуран» давлат корхонаси ва «Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси» давлат муассасаси тизимидан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги тизимига ўтказилган мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг ушбу корхоналарда ишлаган даври.
5. Ходимнинг меҳнат дафтарчаси ҳамда «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексида автоматик тарзда шакллантириладиган, электрон рақамли имзо билан тасдиқланган электрон меҳнат дафтарчаси меҳнат стажини тасдиқловчи асосий ҳужжат ҳисобланади.
6. Ойлик устамалар бюджет маблағлари ҳисобидан иш ҳақи олувчи ходимнинг ойлик тариф ставкасидан ёки лавозим маошидан келиб чиқиб ҳисобланади.
7. Ойлик устамалар шу ой давомида ишлаган вақти, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларига асосан ходимнинг тўлиқ ёки қисман ойлик иш ҳақи сақланган даврлари учун ҳам тўланади.
8. Агар ходимда календарь ой давомида ойлик устама олиш ҳуқуқи пайдо бўлса, ушбу устамани ходимга биринчи марта мазкур устамани олиш ҳуқуқи пайдо бўлгандан кейин ишлаган вақт учун ҳисобланади.
9. Ойлик устамалар ноқулай табиий-иқлим шароитларидаги иш учун меҳнатга ҳақ тўлаш коэффициенти қўлланадиган меҳнат ҳақига қўшиб ҳисобланади.
10. Ойлик устамалар иш берувчилар томонидан қонунчилик ҳужжатларида ҳамда бюджет ташкилоти жамоа шартномасида белгиланган муддатларда бюджет маблағлари ҳисобидан тўланади.
11. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.04.2025 й., 09/25/206/0314-сон; 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон; 29.12.2025 й., 07/25/388/1235-сон)