Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Концерт-томоша фаолиятида жонли ижрони янада рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 26 майдаги ПФ-6000-сон Фармонига мувофиқ мамлакатимизда концерт-томоша фаолиятида жонли ижрони оммалаштиришни изчил давом эттириш, аҳолининг жонли ижрога бўлган эҳтиёжини инобатга олиш ва уларнинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жонли ижрони рағбатлантиришнинг янги механизмларини жорий этиш ҳамда ушбу йўналишда жамоатчилик назоратини янада кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 майдаги ПФ-6000-сон Фармони билан 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги концерт, маданият саройлари ва бошқа муассасаларда тўлиқ жонли ижро асосида ўтказилган концерт дастурлари учун ижара тўловидан 50 фоиз чегирма бериш тартиби жорий этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Маданият вазирлигининг Жонли ижрочиларнинг реестрини (кейинги ўринларда — Реестр) юритиш, Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ўтказиладиган тадбирларда фонограммадан фойдаланишни босқичма-босқич чеклаш ҳамда ушбу йўналишда жамоатчилик назоратини таъминлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
3. Маданият вазирлиги бир ой муддатда:
а) қуйидагиларни назарда тутган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги «Ўзбекконцерт» давлат муассасасининг (кейинги ўринларда — «Ўзбекконцерт» ДМ) уставини қайта ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда тасдиқлаш ҳамда давлат рўйхатидан ўтказиш чораларини кўрсин:
концерт-томоша фаолиятида жонли ижрони оммалаштириш ва рағбатлантириш бўйича ташаббусларни илгари суриш, фонограммадан фойдаланиш тенденцияларини тизимли равишда таҳлил қилиш;
жонли ижрога тўсқинлик қилаётган тизимли муаммо ва камчиликларни таҳлил қилиш ҳамда бу борада маданият вакиллари билан учрашувлар ўтказиб бориш;
фонограммадан фойдаланишда қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши устидан назорат қилиш бўйича жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш;
Реестрни юритиш, шунингдек, жонли ижрочиларнинг миллий рўйхатини шакллантириш ҳамда расмий веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларда доимий равишда эълон қилиб бориш;
маданият ходимлари ўртасида жонли ижрони оммалаштириш бўйича кенг тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш;
б) «Ўзбекконцерт» ДМ марказий аппарати тузилмасида бошқарув ходимларининг белгиланган умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида 3 та штат бирлигидан иборат Жонли ижрони оммалаштириш бўлимини ташкил этсин;
в) Жонли ижрочиларнинг реестрини юритиш тартибини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.
3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасида жонли ижрода ва фонограммадан қисман фойдаланилган ҳолда ҳамда фонограммадан фойдаланилган ҳолда концерт-томоша тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
жонли ижродаги концерт-томоша тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби;
фонограммадан қисман фойдаланилган ҳолда ўтказиладиган концерт-томоша тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби;
фонограммадан фойдаланилган ҳолда концерт-томоша тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби;
жонли ижрода ва фонограммадан қисман фойдаланилган ҳолда ташкил этилган концерт-томоша тадбирлари ташкилотчиларига имтиёзлар бериш тартиби.
4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
а) 2025 йил 1 майдан бошлаб:
Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган барча концерт-томоша тадбирларида фонограммадан фойдаланиш босқичма-босқич чекланади;
концерт-томоша тадбирлари рекламаларида тегишлича «Жонли ижро», «Фонограммадан фойдаланган ҳолда жонли овоз» ёки «Фонограммали концерт дастури» деб аниқ кўрсатилиши лозим;
Маданият вазирлиги томонидан ижодкорларни «Ўзбекистон Республикаси халқ артисти», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист» ва «Ўзбекистон Республикаси халқ ҳофизи» давлат мукофотларига тавсия этишда, биринчи навбатда, уларнинг жонли ижро эта олиш қобилияти инобатга олинади;
б) 2025 йил 1 июндан бошлаб «Ўзбекконцерт» ДМ томонидан Реестр юритилади ва унда жонли ижро этувчи шахсларнинг лицензияси рақами ва берилган санаси, унинг ижро этган асарлари, тадбирлардаги иштироки ҳамда оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлари тўғрисидаги маълумотлар қайд этилади;
в) 2025 йил 1 июлдан бошлаб:
жонли ижрода ташкил этиладиган концерт-томоша тадбирлари бўйича рекламаларни Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (кейинги ўринларда — Ўзбекистон МТРК) тизимидаги телерадиоканалларда эфирга бериш учун тадбир ташкилотчисига 30 фоиз миқдорида чегирма берилади;
фонограммадан қисман фойдаланилган ҳолда ташкил этиладиган концерт-томоша тадбирлари ташкилотчилари учун ижара тўловидан (коммунал тўловлар бундан мустасно) 25 фоиз миқдорида чегирма берилади;
фонограммадан қисман фойдаланилган ҳолда ташкил этиладиган концерт-томоша тадбирлари бўйича рекламаларни Ўзбекистон МТРК тизимидаги телерадиоканалларда эфирга бериш учун тадбир ташкилотчисига 15 фоиз миқдорида чегирма берилади;
жонли ижрода ва фонограммадан қисман фойдаланилган ҳолда ташкил этиладиган концерт-томоша тадбирлари Ўзбекистон МТРК тизимидаги телерадиоканалларда тегишли телерадиоканал Бадиий кенгашининг ижобий хулосаси асосида бепул эфирга узатилади.
5. Маданият вазирлигининг 2025 йил 1 июлдан бошлаб ҳар чоракда республиканинг барча ҳудудларида «Жонли ижро ҳафталиги»ни ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
«Жонли ижро ҳафталиги» доирасида:
маданият ва санъат йўналишидаги таълим ташкилотларида жонли ижронинг аҳамиятини тушунтириш бўйича таниқли санъаткорлар иштирокида ижодий учрашувлар ўтказилади;
Ўзбекистон МТРК тизимидаги телерадиоканалларда соҳа экспертлари иштирокида жонли ижронинг аҳамияти ва фонограмманинг салбий жиҳатларига бағишланган «ток-шоулар» ташкил қилинади;
давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги концерт, маданият саройлари ва бошқа муассасаларда жонли ижрода ва фонограммадан қисман фойдаланилган ҳолда концерт-томоша тадбирлари ўтказилади.
6. Давлат органлари ва ташкилотлари бир ой муддатда тизимидаги концерт, маданият саройлари ва бошқа маданият муассасаларида жонли ижрода ва фонограммадан қисман фойдаланилган ҳолда ўтказиладиган концерт-томоша тадбирлари ташкилотчилари учун ижара тўловидан чегирма бериш масаласини кўриб чиқиш бўйича маданият ва санъат соҳаси мутахассислари ҳамда жамоатчилик вакилларидан иборат таркибда комиссияларни ташкил этсин.
7. Маданият вазирлиги:
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда жамоат ташкилотлари билан биргаликда бир ой муддатда фонограммадан фойдаланишда қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш бўйича 2025-2026 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги концерт, маданият саройлари ва бошқа муассасаларда жонли ижрода ва фонограммадан қисман фойдаланилган ҳолда ўтказиладиган концерт-томоша тадбирлари ташкилотчилари учун ижара тўловидан чегирма бериш бўйича кенг жамоатчилик ўртасида тарғибот тадбирларини амалга оширсин;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси маданият вазири О.А. Назарбеков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 8 апрель,
207-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 апрелдаги 207-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида жонли ижрода ва фонограммадан қисман фойдаланилган ҳолда ҳамда фонограммадан фойдаланилган ҳолда концерт-томоша тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасида жонли ижрода ва фонограммадан қисман фойдаланилган ҳолда ҳамда фонограммадан фойдаланилган ҳолда концерт-томоша тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
жонли ижро — мусиқали ёки бошқа асар барча ижрочилар (хонандалар, созандалар, бошловчилар, сўз усталари ва бошқа ижрочилар) томонидан рақамли ёки аналог ахборот ташувчилардаги олдиндан ёзиб олинган аудиоёзувлардан фойдаланмаган ҳолда, ўз овози билан куйлаш ёки ўқиш, шунингдек мусиқий асбобларда ижро этиш йўли билан реал вақт режимида ижро этилади;
комиссия — жонли ижрода ва фонограммадан қисман фойдаланилган ҳолда ўтказиладиган концерт-томоша тадбирлари ташкилотчилари учун оммавий тадбирни ўтказиш объектининг ижара тўловидан чегирма бериш масаласини кўриб чиқиш бўйича комиссия;
концерт-томоша тадбири — мусиқа санъатидаги яккахонлик, якканавозлик ёки жамоа бўлиб кўпчилик томонидан ижро этиладиган, шунингдек, саҳналаштирувчилар томонидан танланган мавзуни ёритадиган, тингловчи ва томошабинлар учун тарбиявий аҳамиятга эга тадбир;
оммавий тадбир — 100 нафар ва ундан ортиқ иштирокчилар қатнашадиган ижтимоий-сиёсий (анжуманлар, конференциялар, съездлар ва бошқалар), маданий-оммавий ва кўнгилочар-томоша дастурлари (мусиқий, адабий ва бошқа фестиваллар, концерт, театр, спорт, реклама тадбирлари, халқ сайиллари, цирк, миллий намойишлар ва ўйинлар, кўрик-танловлар ва бошқалар), шунингдек, умумхалқ, диний, касб байрамларини ўтказиш мақсадида оммавий тадбирни ўтказиш объектида ташкил қилинадиган тадбирлар;
оммавий тадбирни ўтказиш объекти — оммавий тадбирларни ўтказиш учун махсус мўлжалланган ёки мослаштирилган, ёнгинга қарши техник ҳимоя воситалари, тез тиббий ёрдам кўрсатиш, тезкор кўчириш, коммуникация, муҳандис-техник ҳимоя воситалари ва оммавий тадбир иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлашнинг бошқа воситалари ҳамда тизимлари билан жиҳозланган, алоҳида, биринчи ва иккинчи тоифадаги оммавий тадбирларни ўтказиш объектлари рўйхатларига киритилган очиқ жой участкалари, бинолар, иншоотлар, шунингдек, оммавий тадбирлар ўтказишга қулай бўлган кенг майдонлар (маданият-маърифат муассасалари, спорт мажмуалари, тарихий обидалар, далалар, истироҳат боғлари, хиёбонлар ва бошқалар);
оммавий тадбирни ўтказиш объектининг маъмурияти — тасарруфида, фойдаланишида, ихтиёрида оммавий тадбирни ўтказиш объекти жойлашган давлат органи ва ташкилоти, жисмоний ёки юридик шахс;
тадбир ташкилотчиси — концерт-томоша тадбирини ташкил қиладиган ва ўтказадиган давлат органлари ва ташкилотлари, 18 ёшга етган жисмоний шахс, юридик шахс;
фонограммадан қисман фойдаланилган ҳолда — мусиқали ёки бошқа асар товуш элементларининг бир қисми олдиндан ёзиб олинган аудиоёзувлардан фойдаланган ҳолда, қолган элементлар эса реал вақт режимида саҳнада мусиқачилар ва вокалчилар томонидан ижро этилади;
фонограммадан фойдаланилган ҳолда — мусиқали ёки бошқа асарнинг барча товуш элементлари олдиндан ёзиб олинган аудиоёзувлардан фойдаланилади ҳамда мусиқий асарнинг ижросига вокал, чолғу ёки вокал-чолғу ижрочиси (ижрочилари) томонидан бир вақтнинг ўзида тақлид қилинади.
3. Ўзбекистон Республикасида жонли ижрода ва фонограммадан қисман фойдаланилган ҳолда ҳамда фонограммадан фойдаланилган ҳолда концерт-томоша тадбирлари Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлдаги 205-сон қарори билан тасдиқланган Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларига мувофиқ ташкил этилади ва ўтказилади.
2-боб. Концерт-томоша тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш
1-§. Жонли ижродаги концерт-томоша тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш
4. Концерт-томоша тадбирини жонли ижрода ташкил этиш ва ўтказиш тадбир ташкилотчиси томонидан белгиланади.
5. Жонли ижрода ташкил этилган концерт-томоша тадбирида фонограммадан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Бунда концерт-томоша тадбири тўлиқ жонли ижрода ўтказилиши учун тадбир ташкилотчиси масъул ҳисобланади.
6. Тадбир ташкилотчиси ўтказилиши режалаштирилган концерт-томоша тадбирининг жонли ижрода эканлигини оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда ёритиб бориши лозим.
7. Жонли ижродаги концерт-томоша тадбири ташкилотчисига қуйидаги имтиёзлар берилади:
комиссия хулосаси асосида оммавий тадбирни ўтказиш объектида белгиланган ижара тўловидан (коммунал тўловлар бундан мустасно) 50 фоиз миқдорида чегирма;
концерт-томоша тадбири бўйича рекламаларни Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (кейинги ўринларда — Ўзбекистон МТРК) тизимидаги телерадиоканалларда эфирга бериш учун 30 фоиз миқдорида чегирма;
концерт-томоша тадбирини Ўзбекистон МТРК тизимидаги телерадиоканалларда тегишли телерадиоканал Бадиий кенгашининг ижобий хулосаси асосида бепул эфирга узатиш.
2-§. Фонограммадан қисман фойдаланилган ҳолда ўтказиладиган концерт-томоша тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш
8. Концерт-томоша тадбирини фонограммадан қисман фойдаланилган ҳолда ташкил этиш ва ўтказиш тадбир ташкилотчиси томонидан белгиланади.
Ушбу концерт-томоша тадбирини ўтказишда фонограммадан қисман фойдаланишга рухсат берилади.
Бунда концерт-томоша тадбири фонограммадан қисман фойдаланилган ҳолда ўтказилиши учун тадбир ташкилотчиси масъул ҳисобланади.
9. Тадбир ташкилотчиси ўтказилиши режалаштирилган концерт-томоша тадбирининг фонограммадан қисман фойдаланилган ҳолда ташкил этилишини оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда ёритиб бориши лозим.
10. Фонограммадан қисман фойдаланилган ҳолда ташкил этилган концерт-томоша тадбири ташкилотчисига қуйидаги имтиёзлар берилади:
комиссия хулосаси асосида оммавий тадбирни ўтказиш объектида белгиланган ижара тўловидан (коммунал тўловлар бундан мустасно) 25 фоиз миқдорида чегирма;
концерт-томоша тадбири бўйича рекламаларни Ўзбекистон МТРК тизимидаги телерадиоканалларда эфирга бериш учун 15 фоиз миқдорида чегирма;
концерт-томоша тадбирини Ўзбекистон МТРК тизимидаги телерадиоканалларда тегишли телерадиоканал Бадиий кенгашининг ижобий хулосаси асосида бепул эфирга узатиш.
11. Фонограммадан қисман фойдаланилган ҳолда ташкил этилган концерт-томоша тадбирида жонли ижродан фойдаланилиши мумкин.
3-§. Фонограммадан фойдаланилган ҳолда концерт-томоша тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш
12. Концерт-томоша тадбирини фонограммадан фойдаланилган ҳолда ташкил этиш ва ўтказиш тадбир ташкилотчиси томонидан белгиланади.
13. Тадбир ташкилотчиси ўтказилиши режалаштирилган концерт-томоша тадбирини фонограммадан фойдаланилган ҳолда ўтказилишини оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда ёритиб бориши лозим.
14. Фонограммадан фойдаланилган ҳолда ташкил этилган концерт-томоша тадбири ташкилотчисига жонли ижрода ва фонограммадан қисман фойдаланилган ҳолда ўтказилган концерт-томоша тадбирлари учун белгиланган имтиёзлар қўлланмайди.
15. Фонограммадан фойдаланилган ҳолда ташкил этилган концерт-томоша тадбирида жонли ижро ёки фонограммадан қисман фойдаланилиши мумкин.
3-боб. Комиссия фаолиятини ташкил этиш
16. Комиссия оммавий тадбирни ўтказиш объектининг маъмурияти томонидан маданият ва санъат соҳаси мутахассислари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирокида камида 7 нафар аъзодан иборат таркибда тузилади.
Комиссия аъзоларидан камида уч нафари маданият ва санъат соҳаси мутахассисларидан иборат бўлади.
Комиссия жамоатчилик асосида фаолият юритади.
17. Комиссия аъзоси бир вақтнинг ўзида бошқа бир оммавий тадбирни ўтказиш объектида ташкил этилган комиссия таркибига киритилишига йўл қўйилмайди.
18. Комиссия таркиби комиссия раиси, комиссия раисининг ўринбосари, комиссия аъзолари ва масъул котибидан иборат бўлади.
Комиссия раиси комиссиянинг ишига умумий раҳбарлик қилади, комиссия мажлисларини чақиради ва олиб боради, кун тартибидаги масалаларни овозга қўяди, комиссия томонидан қабул қилинган хулосаларни эълон қилади, комиссия мажлисларининг баённомалари ва бошқа тегишли ҳужжатларни имзолайди ҳамда тасдиқлайди.
Комиссия раиси бўлмаган тақдирда, унинг вазифаларини комиссия раисининг ўринбосари ёки комиссия раиси томонидан ваколат берилган аъзоларидан бири бажаради.
Комиссиянинг ҳар бир аъзоси овоз беришда ёқлаб ёки қарши овоз бериш ҳуқуқига эга.
19. Комиссия мажлиси унинг аъзолари умумий сонининг учдан икки қисми иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади.
Комиссия хулосаси комиссия мажлисида қатнашаётган аъзолар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
20. Комиссия жонли ижрода ёки фонограммадан қисман фойдаланилган ҳолда ўтказиладиган концерт-томоша тадбири ташкилотчиси учун оммавий тадбирни ўтказиш объектининг ижара тўловидан чегирма бериш ёхуд чегирма бермаслик тўғрисида хулоса беради.
Хулоса ўтказилаётган концерт-томоша тадбирини тўлиқ видеога олиш, реал вақт режимида тўлиқ ўрганиш ва таҳлил қилиш натижалари бўйича тайёрланади ҳамда комиссия аъзолари томонидан имзоланади.
21. Комиссия хулосаси уч нусхада расмийлаштирилади ва унинг бир нусхаси тадбир ташкилотчисига, бир нусхаси оммавий тадбирни ўтказиш объектининг маъмуриятига тақдим этилади ҳамда бир нусхаси Комиссияда сақланади.
22. Тадбир ташкилотчиси комиссиянинг хулосасидан норози бўлган тақдирда, белгиланган тартибда ёки суд тартибида шикоят қилиши мумкин.
4-боб. Якунловчи қоида
23. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.04.2025 й., 09/25/207/0315-сон)