Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг
қарори
Ўзбекистон Республикасида валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларининг 10-бандига ўзгартириш киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 27 мартда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3281-4]
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги ва «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 22 январдаги ПҚ-20-сон «Электротехника саноатини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2020 йил 29 августдаги 18/5-сон қарори (рўйхат рақами 3281, 2020 йил 31 август) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.08.2020 й., 10/20/3281/1242-сон) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида валюта операцияларини амалга ошириш қоидаларининг 10-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«10. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) ва тижорат банклари бевосита ўзлари ўртасида, ўз мижозлари билан, шунингдек валюта биржаси орқали валютавий своп ва дериватив операцияларини Халқаро своплар ва деривативлар ассоциациясининг (International Swaps and Derivatives Association — ISDA) битимларни тузишнинг намунавий шартлари ва тавсиялари асосида амалга оширадилар.
Ташқи савдо операциялари билан боғлиқ хатарларни хеджирлаш мақсадида хорижий молия институтлари билан 180 кундан ортиқ бўлмаган муддатга тузиладиган своп ва деривативлар бўйича ўзаро ҳисоб-китоблар Ўзбекистон Республикаси банклари орқали чекловларсиз амалга оширилади.».
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис Т. ИШМЕТОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 28 февраль,
6/1-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.04.2025 й., 10/25/3281-4/0295-сон)