Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
«Наманган ва Фарғона вилоятларида қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Наманган ва Фарғона вилоятларида экологик вазиятни яхшилаш, чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасига замонавий ечимлар ва технологияларни жорий этиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш ҳамда соҳага тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш мақсадида қарор қиламан:
I. Қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқаришни ташкил этиш.
1. Тўғридан-тўғри музокаралар натижасида:
(а) «China Everbright International Limited» компанияси (Хитой Халқ Республикаси) (кейинги ўринларда — Инвестор) томонидан «Наманган, ва Фарғона вилоятларида қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш» инвестиция лойиҳаси (кейинги ўринларда — Лойиҳалар) доирасида хорижий корхоналар (кейинги ўринларда — Лойиҳа компаниялари) таъсис этилиши;
(б) Инвестор ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ўртасида 2025 йил 17 мартда инвестиция шартномалари имзолангани;
(в) «Ўзэнергосотиш» АЖ ва Инвестор ўртасида 2025 йил 14 мартда Лойиҳалар доирасида ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимлар имзолангани;
(г) Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) ва Инвестор ўртасида 2025 йил 14 мартда қаттиқ маиший чиқиндиларни Лойиҳа компанияларига етказиб бериш тўғрисидаги битимлар имзолангани маълумот учун қабул қилинсин.
II. Мажбурият ва имтиёзлар.
2. Белгилансинки, электр энергиясини сотиб олиш ва қаттиқ маиший чиқиндиларни етказиб бериш тўғрисидаги битимларга мувофиқ:
(а) Лойиҳа компаниялари ишлаб чиқарилган электр энергиясини 30 йил давомида «Ўзэнергосотиш» АЖга кафолатланган тарзда сотади;
(б) Лойиҳа компаниялари Лойиҳалар доирасида электр станциясини ягона электр энергияси тармоғига улаш учун ҳаво электр узатиш тармоқларини қуради ҳамда ишга туширилгандан сўнг уларни «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖга топширади;
(в) «Ўзэнергосотиш» АЖ 30 йил давомида электр энергиясини кафолатланган тарзда харид қилади ва миллий валютада тўлов қилади;
(г) Агентлик Лойиҳа компанияларига 30 йил давомида қаттиқ маиший чиқиндиларни кафолатланган ҳажмда етказиб беради;
(д) Лойиҳа компаниялари қурилиш давридаги ўз мажбуриятлари лозим даражада бажарилишининг таъминоти сифатида 24 миллион АҚШ доллари миқдорида биринчи даражали банк кафолатини тақдим этади;
(е) Инвестор ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларидан Лойиҳалар доирасида ўзи томонидан ташкил этиладиган Лойиҳа компаниялари фойдасига воз кечади.
3. Агентлик:
(а) ҳаво электр узатиш тармоқлари учун ажратилган ер участкаларини Лойиҳа компанияларига ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖга ижарага беради;
(б) ер участкаларини Лойиҳалар доирасида фойдаланиш учун Лойиҳалар муддатига тенг бўлган муддатга Лойиҳа компанияларига ижарага беради.
4. Лойиҳа компаниялари ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ томонидан ер участкалари учун тўланадиган ижара тўлови миқдори ер солиғи миқдорига тенглаштирилсин.
5. Лойиҳалар чиқинди полигонлари ҳудудида чиқиндиларни утилизация қилиш ва қайта ишлашга ихтисослашган саноат зоналари ҳудудларида амалга оширилиши белгилансин.
III. Молиявий ресурслар.
6. Инвестор ва Лойиҳа компаниялари 2025 — 2027 йилларда:
(а) Наманган вилоятида 141,5 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этган ҳолда кунига 1,5 минг тонна чиқиндиларни термик усулда қайта ишлаш орқали 227,5 миллион кВт электр энергияси;
(б) Фарғона вилоятида 141,5 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этган ҳолда кунига 1,5 минг тонна чиқиндиларни термик усулда қайта ишлаш орқали 227,5 миллион кВт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга ускуналар ишга туширилишини таъминласин.
IV. Лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш чора-тадбирлари.
7. Агентлик ва «Ўзэнергосотиш» АЖга:
(а) Лойиҳа компаниялари билан биргаликда битимларда белгиланган тартиб-таомилларга мувофиқ Лойиҳаларни амалга ошириш учун халқаро мустақил инжиниринг компаниялари ва бошқа маслаҳатчиларни тўғридан-тўғри шартномалар тузган ҳолда жалб қилишга;
(б) Лойиҳалар доирасида уч ой мобайнида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини сотиб олиш ҳамда чиқиндиларни етказиб бериш мажбурияти бажарилишининг таъминоти сифатида Лойиҳа компаниялари фойдасига республика банкларида тасдиқланган ва тикланадиган аккредитивлар очишга рухсат берилади.
8. Белгилансинки, Лойиҳалар доирасида:
(а) инфратузилма объектларини қуриш ишларини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 декабрдаги «Ҳудудларда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4929-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади;
(б) инфратузилма объектларини қуриш-таъмирлаш ишлари бўйича буюртмачи вазифаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 апрелдаги «Махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5101-сон қарорида белгиланган ташкилотлар томонидан амалга оширилади;
(в) Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Агентлик, «Ўзэнергосотиш» АЖ ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖга Инвестор томонидан Лойиҳаларни амалга ошириш доирасида имзоланган битимлар бўйича мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, Лойиҳа компаниялари ва Инвестор ҳуқуқини Лойиҳаларни молиялаштиришда иштирок этадиган бошқа кредиторларга тўғридан-тўғри ўтказиш ҳақида битимлар тузиш ҳуқуқи берилади.
9. Инвесторнинг буюртманомасига биноан Лойиҳаларни амалга ошириш доирасида:
(а) Ташқи ишлар вазирлиги — жалб қилинадиган хорижий мутахассислар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун кириш визалари, зарур ҳолларда, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида белгиланган тартибда расмийлаштирилишини;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(б) Ички ишлар вазирлиги — жалб қилинадиган хорижий мутахассислар ҳамда уларнинг оила аъзоларига кўп марталик виза берилиши ва унинг муддати узайтирилишини, шунингдек, турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказилиши ва унинг муддати узайтирилишини;
(9-банднинг «б» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 9 июндаги ПФ-109-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.06.2026 й., 06/26/109/0580-сон)
(в) Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги — хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) белгиланган тартибда таъминласин.
10. Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясига, зарур ҳолларда, Лойиҳаларнинг мақсадли кўрсаткичларига ва техник-иқтисодий параметрларига Инвестор билан келишган ҳолда ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилсин.
V. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат.
11. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Энергетика вазирлиги билан биргаликда Лойиҳалар амалга оширилиши, шунингдек, томонлар ўртасидаги битимлар доирасидаги мажбуриятлар бажарилиши устидан доимий назорат ўрнатсин.
12. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги лойиҳа ҳужжатлари белгиланган тартибда экологик экспертизадан ўтказилишини ва Лойиҳаларни амалга оширишда табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини таъминласин.
13. Қарор ижроси учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 24 март,
ПҚ-117-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.03.2025 й., 07/25/117/0270-сон; 10.06.2026 й., 06/26/109/0580-сон)