Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог» фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 24 декабрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2025 йил 25 январда маъқулланган
Сенат томонидан 2025 йил 25 январда маъқулланган
1-модда. «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог» фахрий унвони таъсис этилсин.
2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 22 декабрда қабул қилинган «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги 176-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 11 апрелда қабул қилинган ЎРҚ-473-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, № 4, 221-модда; 2019 йил, № 9, 589-модда; 2020 йил, № 3, 200-модда, № 5, 299, 300-моддалар, № 6, 334-модда, № 12, 688-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2022 йил, № 8, 790-модда; 2024 йил, № 8, 832-модда) 7-моддасининг биринчи қисмига қуйидаги қўшимча ва ўзгартириш киритилсин:
қуйидаги мазмундаги ўттиз бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог»;
ўттиз бешинчи, ўттиз олтинчи ва ўттиз еттинчи хатбошилари тегишинча ўттиз олтинчи, ўттиз еттинчи ва ўттиз саккизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларини таъсис этиш тўғрисида»ги 226-I-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, № 5-6, 64-модда; 1997 йил, № 2, 64-модда; 1998 йил, № 5-6, 114-модда, № 9, 164-модда; 2000 йил, № 5-6, 153-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, № 12, 688-модда; 2022 йил, № 5, 464-модда; 2024 йил, № 8, 832-модда) қуйидаги қўшимчалар ва ўзгартириш киритилсин:
1) 1-модда:
қуйидаги мазмундаги ўттиз бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог»;
ўттиз бешинчи, ўттиз олтинчи ва ўттиз еттинчи хатбошилари тегишинча ўттиз олтинчи, ўттиз еттинчи ва ўттиз саккизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
2) Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонлари тўғрисидаги Низом «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор» фахрий унвони тўғрисидаги матндан кейин қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог» фахрий унвони мамлакатимизда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини ривожлантириш, табиатни асраб-авайлаш, биологик хилма-хилликни сақлаш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш борасида салмоқли натижаларга эришган, шунингдек экологик жиҳатдан тоза ва инновацион технологияларни ишлаб чиқишда ҳамда амалиётга жорий этишда, яшил ҳудудларни кенгайтиришда ва кўкаламзорлаштириш ишларида алоҳида ташаббус кўрсатган, аҳолининг экологик маданиятини ошириш, ёш авлодни табиатга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда тизимда юқори малакали кадрларни тайёрлаш борасида фидокорона меҳнат қилаётган мутахассис-ходимларга ва соҳа вакилларига, шунингдек мазкур йўналишда жамоатчилик назоратини амалга ошираётган экофаолларга берилади»;
3) Ўзбекистон Республикаси фахрий унвонларининг кўкрак нишонлари тавсифи «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор» фахрий унвонининг кўкрак нишонига оид тавсиф матнидан кейин қуйидаги мазмундаги матн билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог»
Кўкрак нишони диаметри 30 миллиметрли доира шаклида бўлади ва 925 пробали кумушдан тайёрланади. Нишоннинг қалинлиги 2,2 миллиметр.
Нишоннинг юз томони марказида, кўтарилаётган қуёш нурлари фонида, икки томонга очилган, асраб-авайлашни ифодалайдиган кафтлар узра юртимиз табиатини акс эттирувчи водий, дарёлар ва тоғ чўққилари тасвирланган.
Нишоннинг айланаси бўйлаб пастки ўнг қисмида дафна новдаси тасвирланган ва юқори қисмида «ХIZМАТ КО`RSATGАN EKOLOG» деган ёзув жой олган.
Нишоннинг орқа томонида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган.
Тасвирлар ва ёзув қабариқ.
Нишоннинг юз ва орқа томонлари чеккалари қабариқ ҳошия билан ўралган.
Кўкрак нишонининг ички қисмига Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи рангларидаги шойи лента сирилган қадағичга ҳалқа ва илмоқча ёрдамида уланади.
Қадағичнинг бўйи 16 миллиметр, эни 25 миллиметр.
Қадағичнинг орқа томонида нишонни кийимга тақиб қўйиш учун тўғноғич тарзидаги мослама мавжуд».
4-модда. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
5-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
6-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 19 март,
ЎРҚ-1048-сон

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.03.2025 й., 03/25/1048/0255-сон)