Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Аҳолига суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2025 йил 24 январда қабул қилинган
Сенат томонидан 2025 йил 21 февралда маъқулланган
Сенат томонидан 2025 йил 21 февралда маъқулланган
Кейинги йилларда мамлакатимизда судлов фаолиятини рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар фуқароларнинг ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан судларга мурожаат қилишини либераллаштириш, умуман одил судловга эришиш даражасини ошириш, шунингдек судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш имконини берди.
Натижада ариза бериш, ишда масофадан иштирок этиш, суд ҳужжатларини олиш ва ишларнинг кўрилиши ҳақида маълумот олиш каби хизматлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг интерактив хизматлар портали орқали электрон шаклда амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга бугунги кунда видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган суд мажлисларида мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш орқали процессуал қонунчиликни такомиллаштириш зарурияти мавжуд.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига, Иқтисодий процессуал кодексига ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига аҳолининг суд муҳокамаларида масофадан иштирок этишининг ҳуқуқий асослари яратилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Ушбу Қонун фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада оширишга, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 22 январда қабул қилинган ЎРҚ-460-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, 1-сонга 1-илова, № 10, 672-модда; 2019 йил, № 3, 166-модда, № 5, 261-модда, № 9, 592-модда, № 10, 671-модда, № 11, 791, 792-моддалар, № 12, 880-модда; 2020 йил, № 1, 1, 3-моддалар, № 3, 198, 199-моддалар; 2021 йил, № 1, 8-модда, 4-сонга илова, № 8, 803-модда, № 9, 903-модда; 2022 йил, № 3, 216-модда, № 8, 787-модда; 2023 йил, № 4, 269-модда, № 12, 1007-модда; 2024 йил, № 2, 115-модда, № 8, 827-модда, № 9, 964, 969-моддалар, № 11, 1191-модда, № 12, 1280, 1286-моддалар) 209-моддасига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимча киритилсин:
иккинчи ва учинчи қисмлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаш учун кўрсатилган шахсларнинг яшаш жойи, жойлашган ери ёки турган жойи бўйича тегишли судларнинг видеоконференцалоқа тизимларидан ёхуд ишни кўраётган суднинг мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланилади.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаётган суд ушбу шахсларнинг келган-келмаганлигини текширади ва келган шахсларнинг шахсини аниқлайди. Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган шахсларнинг шахси ишни кўраётган суд томонидан ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда аниқланади»;
қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга, таржимонларга ўз ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги тушунтирилганлиги, шунингдек гувоҳнинг қасамёди аудио- ва видеоёзув орқали қайд этилади ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилади».
2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 24 январда қабул қилинган ЎРҚ-461-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, 1-сонга 2-илова, № 7, 433-модда, № 10, 672-модда; 2019 йил, № 3, 166-модда, № 5, 261, 266-моддалар, № 9, 592-модда, № 10, 671-модда, № 11, 791-модда, № 12, 880-модда; 2020 йил, № 1, 1-модда, № 3, 198-модда, № 10, 593-модда; 2021 йил, № 1, 10-модда, 4-сонга илова, № 8, 803-модда, № 9, 903-модда; 2022 йил, № 3, 216-модда, № 5, 463-модда, № 6, 577-модда, № 8, 787-модда; 2023 йил, № 4, 269-модда; 2024 йил, № 2, 111-модда, № 9, 964, 969-моддалар, № 12, 1280, 1286-моддалар) 166-моддасига қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:
қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаш учун кўрсатилган шахсларнинг яшаш жойи, жойлашган ери ёки турган жойи бўйича тегишли судларнинг видеоконференцалоқа тизимларидан ёхуд ишни кўраётган суднинг мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланилади»;
учинчи ва тўртинчи қисмлар тегишинча тўртинчи ва бешинчи қисмлар деб ҳисоблансин;
қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга, таржимонларга ўз ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги тушунтирилганлиги аудио- ва видеоёзув орқали қайд этилади ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилади»;
бешинчи қисм олтинчи қисм деб ҳисоблансин.
3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 25 январда қабул қилинган ЎРҚ-462-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, 1-сонга 3-илова, № 10, 672-модда; 2019 йил, № 5, 261-модда, № 9, 592-модда, № 11, 791-модда, № 12, 880-модда; 2020 йил, № 1, 1-модда, № 3, 198-модда; 2021 йил, № 1, 9-модда, 4-сонга илова, № 8, 800, 803-моддалар, № 9, 903-модда; 2022 йил, № 8, 787-модда, № 12, 1188-модда; 2023 йил, № 3, 185-модда, № 4, 269-модда; 2024 йил, № 2, 115-модда, № 9, 964, 969-моддалар, № 12, 1286-модда) 144-моддасига қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:
қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Ишда иштирок этувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишини таъминлаш учун кўрсатилган шахсларнинг яшаш жойи, жойлашган ери ёки турган жойи бўйича тегишли судларнинг видеоконференцалоқа тизимларидан ёхуд ишни кўраётган суднинг мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланилади»;
учинчи ва тўртинчи қисмлар тегишинча тўртинчи ва бешинчи қисмлар деб ҳисоблансин;
қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда иштирок этаётган гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга, таржимонларга ўз ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги тушунтирилганлиги аудио- ва видеоёзув орқали қайд этилади ва бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилади»;
бешинчи қисм олтинчи қисм деб ҳисоблансин.
4-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин;
ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
5-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 11 март,
ЎРҚ-1047-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.03.2025 й., 03/25/1047/0233-сон)