Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг
Қарори
Туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармалари ходимларининг меъёрланган сонини белгилаш тўғрисидаги йўриқномага ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 7 мартда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 1989-4]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 октябрдаги 722-сон «Бюджет ташкилотлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва штатлар жадвалини шакллантириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги қарор қилади:
1. Ўзбекистон «Ўзкоммунхизмат» агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2009 йил 16 июндаги 07-125-сон, 64-сон қарори (рўйхат рақами 1989, 2009 йил 29 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009-й, 30-31-сон, 354-модда) билан тасдиқланган Туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармалари ходимларининг меъёрланган сонини белгилаш тўғрисидаги йўриқномага иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан келишилган.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш. ХИДОЯТОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 10 февраль,
1989-сон
Иқтисодиёт ва молия вазири Д. КУЧКАРОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 30 январь,
229-сон
Келишилди:
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б. ЗАХИДОВ
2025 йил 27 январь
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 2025 йил 10 февралдаги 1989-сон, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2025 йил 30 январдаги 229-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармалари ходимларининг меъёрланган сонини белгилаш тўғрисидаги йўриқномага киритилаётган ўзгартиришлар
1. 1-банднинг тўртинчи ва бешинчи хатбошилари қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«бошқарув ходимлари — ташкилотларда ўз тузилмасидаги муассасаларга ва ходимларга раҳбарлик қилувчи, бошқарув функцияларини амалга оширувчи, зарур қарорларни ишлаб чиқувчи ва қабул қилувчи, ташкилот фаолиятини режалаштирувчи, назорат қилувчи ва жараёнларни тартибга солувчи ходимлар;
ёрдамчи ходимлар — ташкилотларда бошқарув ва ишлаб чиқариш ходимлари фаолиятига хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш ва технологик хизмат кўрсатиш жараёнларини таъминлаш ишларини бажариш, бинолар ва ҳудудларга техник ва хўжалик хизматини кўрсатиш функцияларини бажарувчи ходимлар ҳисобланади;».
2. 26-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«26. Кўкаламзорлаштириш ишларида банд бўлган кўкаламзорлаштирувчи (кўкаламзорлаштириш хўжалиги ишчиси)лари томонидан ўсимликлар (кўчатлар)ни экиш ва уларни парвариш қилиш учун ходимларнинг меъёрланган сони мазкур Йўриқноманинг 4-иловасига мувофиқ белгиланади.».
3. 2-илованинг 1-жадвали қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ҳудудларни супуриш учун ходимларнинг
МEЪЁРЛАНГАН СОНИ
|
|
|
| 1-жадвал |
Иш тури | Ҳар 1000 кв.м майдонга нисбатан вақт меъёрлари (дақиқада) | Ўртача йиллик даврийлик (марта ҳисобида) | Ҳар 1000 кв.м майдонга йил давомида сарфланадиган вақт (соатида) | Ҳар 1000 кв.м майдонга йилига белгиланган ходимнинг меъёрланган сони |
Ҳудудда супуриладиган ҳамда тозаланадиган майдон | 100,1 | 110 | 183,5 | 0,09 |
Мазкур жадвалда ҳудудларни супуришда ходимларнинг меъёрланган сони ахлатни белгиланган жойгача транспортировка қилишни ҳисобга олган ҳолда бир йилда 1000 м2 майдонни супуришга сарфланадиган вақтдан келиб чиқиб ҳисобланган.
Ҳудудни супуришда банд бўлган ходимларнинг, талаб этиладиган штат бирлигини аниқлашда, ҳақиқатда супуриладиган майдон м2 да аниқланади.
Супуриладиган ҳудуднинг ҳақиқий майдони 1000 га бўлинади ва ҳосил бўлган сон супуриладиган 1000 м2 майдонни супуриш учун зарур бўлган ходимларнинг меъёрланган сонига кўпайтирилади.».
4. 4-илова қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Кўкаламзорлаштириш ишларида банд бўлган кўкаламзорлаштирувчи (кўкаламзорлаштириш хўжалиги ишчиси)лари томонидан ўсимликлар (кўчатлар)ни экиш ва уларни парвариш қилиш учун ходимларнинг
МEЪЁРЛАНГАН СОНИ
Иш тури | Ўлчов бирлиги | Ҳар 100 кв.м майдонга (100 метр) нисбатан йиллик вақт меъёрлари, соат* | Ишлаб чиқариш меъёри (киши/соат) (1 бир/3 гр) | Ҳар 1 га (10 000 кв.м) майдонга ходимлар сони (100 кв.м * 4гр) | Битта ходим бир йилда хизмат кўрсатадиган меъёр (10 000 кв.м/5 гр) | |
Кўкаламзорлаштирилган майдон (бир йиллик ва кўп йиллик ўсимликлар ҳамда арча ва баргли дарахтлар экилган майдонлар) | 100 кв.м | 31,25 | 0,032 | 3,20 | 3125 м2 | ». |
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.03.2025 й., 10/25/1989-4/0226-сон)