Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирининг
буйруғи
Темир йўл кесишмаларидан фойдаланиш қоидаларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 28 февралда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3363-2]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 ноябрдаги 806-сон «Йўл ҳаракати соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг 2022 йил 10 мартдаги 4-сон буйруғи билан тасдиқланган Темир йўл кесишмаларидан фойдаланиш қоидаларига (рўйхат рақами 3363, 2022 йил 19 апрель) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.04.2022 й., 10/22/3363/0322-сон) иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир И. МАХКАМОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 19 февраль,
2-сон
Келишилди:
Ички ишлар вазири П. БОБОЖОНОВ
2025 йил 15 февраль
Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг 2025 йил 19 февралдаги 2-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Темир йўл кесишмаларидан фойдаланиш қоидаларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. 1-бандда:
учинчи хатбошидаги «асосий йўллар» деган сўзлар «асосий темир йўллари» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
тўртинчи ва бешинчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«йўл-транспорт ҳодисаси — транспорт воситасининг йўлда ҳаракатланиш жараёнида ва унинг иштирокида содир бўлган, фуқаролар вафот этган ёки уларнинг соғлиғига зарар етказилган, транспорт воситалари, иншоотлар, юклар шикастланган ёхуд бошқа моддий зарар етказилган ҳодиса;
йўл ҳаракати иштирокчиси — йўл ҳаракати жараёнида транспорт воситасининг ҳайдовчиси, йўловчиси ёки пиёда сифатида бевосита иштирок этаётган шахс»;
еттинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«қатнов қисми — йўлнинг рельссиз транспорт воситалари ҳаракатланиши учун мўлжалланган қисми;»;
тўққизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«пиёда — транспорт воситасидан ташқарида бўлган ва йўлда бирор-бир юмуш билан банд бўлмаган шахс. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг двигателсиз аравачасида ҳаракатланаётган, велосипед, мопед, мототцикл, электромототцикл, скутер, индивидуал ҳаракатланиш воситалари, чана, аравача ва болалар ёки ногиронлиги бўлган шахслар аравачасини етаклаган, шунингдек, ҳаракатланиш учун роликли конькилар, двигателсиз самокатлар ва бошқа шуларга ўхшаш воситалардан фойдаланаётган шахслар ҳам пиёдаларга тенглаштирилади;»;
ўн тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«транспорт воситаси — йўловчиларнинг, багажнинг, юк багажининг, юкларнинг, почта ва курьерлик жўнатмаларининг ёки махсус ишларни амалга ошириш учун ускуналарнинг йўлларда ҳаракатланиши ёки ташилиши учун мўлжалланган қурилма;»;
ўн саккизинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«ҳайдовчи — транспорт воситасини бошқарувчи шахс. Транспорт воситасини бошқариш ўргатилаётганда ўргатувчи шахс ҳайдовчи ҳисобланади. От аравани бошқараётган ҳамда ҳайвонларни миниб ҳаракатланаётган шахслар ҳайдовчига тенглаштирилади;».
2. 2-банднинг «а» кичик банди биринчи ва иккинчи хатбошилари, «в» кичик бандининг биринчи хатбошиси ҳамда 10-банддаги «қатнашчилари» ва «қатнашчиларининг» деган сўзлар тегишли равишда «иштирокчилари» ва «иштирокчиларининг» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
3. 21-банднинг «г» кичик бандидаги «асосий йўллар» деган сўзлар «асосий темир йўллари» деган сўзлари билан алмаштирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.03.2025 й., 10/25/3363-2/0211-сон)