Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Албания Республикаси Вазирлар Кенгаши ўртасида
Битим
Амалдаги дипломатик ва хизмат паспортлари эгаларини виза талабларидан озод этиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан давлат реестрида 2024 йил 3 октябрдаги 4577-AL-2024-H тартиб рақами билан рўйхатга олинди.]
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Албания Республикаси Вазирлар Кенгаши, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси билан Албания Республикаси ўртасидаги дўстона муносабатлар ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш истагидан келиб чиқиб,
Тенглик ва ўзаролик тамойилларига мувофиқ,
Амалдаги дипломатик ва хизмат паспортларига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси ва Албания Республикаси фуқароларининг саёҳат қилиш шарт-шароитларини соддалаштириш ниятида,
Қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
1. Томонлардан бири давлатининг амалдаги дипломатик ва хизмат паспортлари эгалари бошқа Томон давлати ҳудудига кирган санадан бошлаб, 180 (бир юз саксон) кун ичида тўқсон (90) кундан ошмаган муддатда визалар расмийлаштирмаган ҳолда, башарти улар қабул қилувчи давлатда ҳақ тўланадиган фаолиятни амалга оширмасалар, ушбу Томон давлати ҳудудига кириш, ундан чиқиш, транзит ўтиш ҳамда унда вақтинчалик бўлиб туриш ҳуқуқига эга ҳисобланадилар.
2. Мазкур модданинг 1-бандида назарда тутилган муддатдан узоқроқ муддатга бошқа Томон давлатининг ҳудудига киришни истаган бир Томон давлатининг амалдаги дипломатик ва хизмат паспортлари эга эгалари ушбу Томон давлатининг ҳудудига кириш учун виза оладилар.
3. Ҳар бир Томон давлати фуқароларининг дипломатик ва хизмат паспортларининг амал қилиш муддати бошқа Томон давлати ҳудудидан чиқиб кетиш учун мўлжалланган санадан кейин камида 90 (тўқсон) кун давомида амал қилиши лозим.
2-модда
1. Башарти Томонлардан бири амалдаги дипломатик ва хизмат паспортларга эга бўлган ўзининг ҳар қандай фуқаросини бошқа Томон давлати ҳудудидаги ўзининг дипломатик ваколатхоналарига ва консуллик муассасаларига ёки халқаро ташкилотларга тайинлаган тақдирда, у тайинланган шахс бошқа Томон давлатининг ҳудудига етиб келганидан сўнг, бошқа Томонни бундай тайинлов ҳақида хабардор қилади.
2. Бошқа Томон давлатининг ҳудудига етиб келганидан сўнг, ушбу модданинг 1-бандида кўрсатилган шахслар тегишли дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари ёки халқаро ташкилотларнинг сўровига биноан ва қабул қилувчи Томон давлатининг қонунларига мувофиқ ўттиз (30) кун ичида аккредитация қилинади.
3. Бир Томон давлатининг дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасалари ёки бошқа Томоннинг ҳудудида жойлашган халқаро ташкилотларнинг вакиллари сифатида тайинланган амалдаги дипломатик ёки хизмат паспортлари эгалари қабул қилувчи давлат ҳудудига киришидан олдин аккредитация қилиш учун тегишли виза оладилар.
4. Мазкур модданинг 3-бандида назарда тутилган шартлар бошқа Томон давлати ҳудудида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхона, консуллик муассасаси ёки халқаро ташкилот ходимининг турмуш ўртоғи, вояга етмаган болалари ва қарамоғидаги ота-оналарига ҳам, башарти улар бошқа Томон давлатининг амалдаги дипломатик ёки хизмат паспортлари эгалари бўлса, қўлланилади.
3-модда
1. Томонлардан бири давлатининг амалдаги дипломатик ва хизмат паспортлари эгалари бошқа Томон давлати ҳудудида паспортлар йўқолган ёки шикастланган тақдирда, ўз давлатининг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасасини зудлик билан хабардор қиладилар, улар эса қабул қилувчи давлатнинг ваколатли идораларини тегишли чоралар кўриш учун хабардор қиладилар.
2. Йўқолган ёки шикастланган ҳужжат ўрнига тегишли Томон давлатининг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаси янги дипломатик ёки хизмат паспорти ёхуд йўқолган ёки шикастланган паспортнинг ўрнини вақтинчалик босувчи бошқа саёҳат ҳужжатини тақдим этади.
4-модда
Томонлардан бири давлатининг амалдаги дипломатик ва хизмат паспортлари эгалари бошқа Томон давлати чегарасини фақат ушбу Томон давлатининг қонунчилигига мувофиқ халқаро йўловчи ташиш учун очиқ бўлган чегара пунктлари орқали кесиб ўтадилар.
5-модда
Томонлардан бири давлатининг ваколатли органлари бошқа Томон давлатининг амалдаги дипломатик ва хизмат паспортлари эгаларининг, башарти уларнинг ҳудудида бўлиб туришлари номақбул деб топилса, ушбу давлат ҳудудига киришларини рад этиш ёки унда бўлиб туришларини қисқартириш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
6-модда
Бир Томон давлатининг амалдаги дипломатик ва хизмат паспортлари эгалари бошқа Томон давлати ҳудудида бўлиш вақтида ушбу давлатнинг қонунчилигини ҳурмат қилиш мажбуриятини оладилар.
7-модда
1. Ҳар бир Томон бирор-бир сабабни кўрсатмаган ҳолда, ўз давлати ҳудудига бошқа Томон давлатининг амалдаги дипломатик ва хизмат паспортлари эгаларининг киришини рад этиш ёки бўлиб туриш муддатини чеклаш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
2. Ҳар бир Томон жамоат тартибини таъминлаш, давлат хавфсизлигини ёки жамоат соғлигини ҳимоя қилиш зарурати пайдо бўлганда, мазкур Битимни қўллашни тўлиқ ёки қисман тўхтатиши мумкин. Бундай ҳолда, бошқа Томон ушбу қарор ҳақида зудлик билан ёзма равишда хабардор қилинади.
3. Мазкур модданинг 1-бандида назарда тутилган чора-тадбирларни қўллашга қарор қилган Томон ушбу чора-тадбирларни бекор қилиш ва мазкур Битимни қўллашни қайта тиклаш тўғрисида зудлик билан бошқа Томонни ёзма равишда хабардор қилади.
8-модда
1. Томонлар давлатларининг ваколатли органлари мазкур Битим кучга кирган санадан бошлаб ўттиз (30) кундан кечиктирмасдан дипломатик ва хизмат паспортлари намуналарини, шу жумладан, бундай ҳужжатларнинг батафсил тавсифини дипломатик каналлар орқали алмашадилар.
2. Башарти Томонлар давлатларининг ваколатли органлари мазкур Битимнинг амал қилиши давомида дипломатик ёки хизмат паспортларини алмаштирса ёки уларга ўзгартириш киритса, ушбу Томон бошқа Томонни мазкур ўзгартиришлар кучга киришидан олдин ўттиз (30) кундан кечиктирмасдан дипломатик каналлар орқали хабардор қилади ва бир вақтнинг ўзида, бошқа Томон давлатининг ваколатли органларига янги паспортлар намуналарини, шу жумладан, уларнинг батафсил тавсифини тақдим этади.
9-модда
Мазкур Битимни талқин қилиш ёки қўллашда келиб чиқадиган Томонлар ўртасидаги ҳар қандай низолар маслаҳатлашув ва музокаралар орқали ҳал этилади.
10-модда
Томонлар ўзаро келишувга кўра мазкур Битимга унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида баённомалар тузиш орқали ўзгартириш ва қўшимчалар киритишлари мумкин. Улар 11-модда қоидаларига мувофиқ кучга киради.
11-модда
1. Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади ва унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини Томонлар бажарганликлари тўғрисидаги охирги ёзма хабарнома дипломатик каналлар орқали олинган санадан бошлаб ўттиз (30) кундан сўнг кучга киради.
2. Ҳар бир Томон бошқа Томонга дипломатик каналлар орқали ёзма хабарнома юбориш орқали мазкур Битимни денонсация қилиши мумкин. Бундай ҳолда, мазкур Битимнинг амал қилиши бошқа Томон денонсация тўғрисидаги хабарномани олган санадан бошлаб ўттиз (30) кундан сўнг тугатилади.
Нью-Йорк шаҳрида 2024 йил 22 сентябрда икки нусхада ҳар бири ўзбек, албан ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир. Талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда инглиз тилида матн устувор ҳисобланади
(имзолар)