Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 11 декабрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2025 йил 25 январда маъқулланган
Сенат томонидан 2025 йил 25 январда маъқулланган
Кейинги йилларда мамлакатимизда алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солишга, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг айланиши соҳасидаги давлат назоратини таъминлашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекциясининг фаолияти такомиллаштирилганлиги муносабати билан унинг ваколатларини қонун ҳужжатларида аниқлаштириш зарурияти юзага келмоқда.
Мазкур Қонун билан «Давлат божи тўғрисида»ги ва «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига Инспекциянинг истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг улгуржи савдоси соҳасида лицензиялаш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларига, шунингдек уларнинг улгуржи савдосига доир талабларга риоя этилиши устидан назоратни амалга оширувчи ваколатли давлат органи сифатидаги ваколатларини аниқлаштирувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Бундан ташқари «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришга, шунингдек алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдосига доир фаолиятга берилган лицензия учун йиллик давлат божини тўлаш муддати белгиланмоқда.
Шунингдек «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига пиво ва пиво ичимликларининг улгуржи савдосига доир, шунингдек тамаки маҳсулотларининг улгуржи ва чакана савдосига доир фаолият ваколатли давлат органига бундай фаолият бошланиши тўғрисида хабарнома юбориш йўли билан амалга оширилиши мумкин эканлигини назарда тутувчи норма киритилмоқда.
Ушбу Қонун алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг савдоси соҳасидаги давлат назорати тизимини такомиллаштиришга, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари қонунга хилоф равишда айланишининг олдини олишга ҳамда ҳуқуқий нормаларнинг бир хил қўлланилишини таъминлашга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январда қабул қилинган «Давлат божи тўғрисида»ги ЎРҚ-600-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, № 1, 1-модда, № 3, 201-модда, № 5, 298-модда, № 10, 593-модда, № 12, 691-модда; 2021 йил, № 1, 13-модда, 4-сонга илова, № 7, 661-модда, № 8, 800, 803-моддалар, № 10, 968-модда; 2022 йил, № 2, 76-модда, № 3, 214, 216-моддалар, № 4, 340-модда, № 5, 463, 464, 467-моддалар, № 12, 1186-модда; 2023 йил, № 2, 103-модда, № 3, 186-модда, № 4, 265, 269-моддалар, № 6, 444, 445-моддалар, № 7, 538-модда, № 9, 710-модда; 2024 йил, № 1, 5, 6, 7-моддалар, № 2, 101, 105, 107, 108, 111, 112-моддалар, № 7, 628-модда, № 8, 819, 823, 831-моддалар, № 9, 958-модда, № 10, 1076, 1079-моддалар) илованинг 50-бандига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимча киритилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
Изоҳ қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Навбатдаги йиллик тўлов лицензиядан фойдаланишнинг кейинги йили бошланишидан камида 30 кун олдин тўланади, кейинги тўлов белгиланган муддатда тўланмаган тақдирда, лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилади».
2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 14 июлда қабул қилинган «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги ЎРҚ-701-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, № 7, 661-модда; 2022 йил, № 4, 340-модда, № 5, 465-модда; 2023 йил, № 2, 103-модда, № 3, 185-модда, № 7, 533-модда, № 9, 710-модда, № 11, 921, 923-моддалар; 2024 йил, № 1, 5, 7-моддалар, № 2, 105, 112-моддалар, № 7, 628-модда, № 8, 819-модда, № 9, 957, 958-моддалар) қуйидаги ўзгартиришлар киритилсин:
1) 1-илова:
9-позициясининг «Лицензиялаш соҳасидаги ваколатли органлар» деган устунидаги «Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
10-позициясининг «Лицензиялаш соҳасидаги ваколатли органлар» деган устунидаги «Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
11-позициясининг «Лицензиялаш соҳасидаги ваколатли органлар» деган устунидаги «Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
2) 3-илова:
23-позициясининг «Хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ваколатли органлар» деган устунидаги «Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
231-позициясининг «Хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ваколатли органлар» деган устунидаги «Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошидаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 24 майда қабул қилинган «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги ЎРҚ-844-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2023 йил, № 5, 322-модда) қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
1) 8-модда биринчи қисмининг бешинчи хатбошисидаги «алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқаришни» деган сўзлар «алкоголь ва тамаки бозорини» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
2) 21-модда биринчи қисмининг:
олтинчи хатбошисидаги «(бундан кўпикланадиган ва табиий винолар мустасно)» деган сўзлар «(бундан табиий ва кўпикланадиган винолар мустасно)» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
йигирма тўққизинчи хатбошисидаги «(бундан пиво мустасно)» деган сўзлар «(бундан пиво ва пиво ичимликлари мустасно)» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
ўттизинчи хатбошисидаги «(бундан пиво мустасно)» деган сўзлар «(бундан пиво ва пиво ичимликлари мустасно)» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
3) 29-модданинг:
биринчи қисмидаги «(бундан табиий винолар ва пиво мустасно)» деган сўзлар «(бундан табиий винолар, пиво ва пиво ичимликлари мустасно)» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
учинчи қисми «Пиво» деган сўздан кейин «ва пиво ичимликларини» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
4) 30-модда биринчи қисмининг ўн учинчи хатбошиси «акциз маркалари» деган сўзлардан кейин «(бундан табиий ва кўпикланадиган винолар, пиво ва пиво ичимликлари мустасно)» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
5) 31-модданинг бешинчи қисмидаги «(бундан пиво, табиий ва кўпикланадиган вино мустасно)» деган сўзлар «(бундан табиий ва кўпикланадиган винолар, пиво ва пиво ичимликлари мустасно)» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
6) 32-модда:
биринчи қисмидаги «(бундан табиий ва кўпикланадиган винолар мустасно)» деган сўзлар «(бундан табиий ва кўпикланадиган винолар, пиво ва пиво ичимликлари мустасно)» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Пиво ва пиво ичимликларининг улгуржи савдосига доир фаолият юридик шахслар томонидан Ваколатли давлат органига мазкур фаолият бошланиши тўғрисида хабарнома юбориш йўли билан амалга оширилади»;
иккинчи — еттинчи қисмлари тегишинча учинчи — саккизинчи қисмлар деб ҳисоблансин;
учинчи қисми қўйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Алкоголь маҳсулотларининг чакана савдосига доир фаолият ва алкоголь маҳсулотларини умумий овқатланиш корхоналари томонидан реализация қилишга доир фаолият юридик шахслар томонидан солиқ органларига мазкур фаолият бошланиши тўғрисида хабарнома юбориш йўли билан амалга оширилади»;
7) 33-модданинг учинчи қисмидаги «(бундан пиво мустасно)» деган сўзлар «(бундан пиво ва пиво ичимликлари мустасно)» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
8) 37-модда:
қуйидаги мазмундаги еттинчи ва саккизинчи қисмлар билан тўлдирилсин:
«Тамаки маҳсулотларининг улгуржи савдосига доир фаолият Ваколатли давлат органига мазкур фаолият бошланиши тўғрисида хабарнома юбориш йўли билан амалга оширилади.
Тамаки маҳсулотларининг чакана савдосига доир фаолият солиқ органларига мазкур фаолият бошланиши тўғрисида хабарнома юбориш йўли билан амалга оширилади»;
еттинчи — ўн иккинчи қисмлари тегишинча тўққизинчи — ўн тўртинчи қисмлар деб ҳисоблансин.
4-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
5-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
6-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 20 февраль,
ЎРҚ-1034-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.02.2025 й., 03/25/1034/0165-сон)