Норасмий таржима
Конвенция
Фуқаросизликни қисқартириш тўғрисида
Аҳдлашувчи Давлатлар,
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1954 йил 4 декабрда қабул қилган (896) IX-резолюцияси ижросини таъминлаш учун ҳаракат қилиб,
халқаро битим билан фуқаросизликни қисқартиришнинг мақбуллигини эътироф этиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
1. Ҳар қандай Аҳдлашувчи Давлат ўзининг ҳудудида туғилган ҳар қандай шахсга ўз фуқаролигини тақдим этиши керак, акс ҳолда у апатрид бўлади. Бундай фуқаролик қуйидагича тақдим этилади:
а) қонунга кўра туғилганида, ёки
б) миллий қонунда белгиланган тартибда тегишли ҳокимият органига тегишли шахс ёки унинг номидан илтимоснома берганда. Мазкур модданинг 2-банди қарорига риоя қилиш шарти билан, ҳеч бир бундай илтимоснома рад этилиши мумкин эмас.
Ушбу банднинг «б» кичик бандига мувофиқ, ҳар қандай Аҳдлашувчи Давлат ўз фуқаролигини тақдим этилишини назарда тутиб, шунингдек қонунга асосан ўз фуқаролигини миллий қонун томонидан белгиланган ёш ва шартлар билан тақдим этилишини кўзда тутиши ҳам мумкин.
2. Ҳар қандай Аҳдлашувчи Давлат ушбу модданинг 1-банди «б» кичик бандига мувофиқ қуйидаги шартлардан бир ёки бир нечтасидан келиб чиқиб ўз фуқаролигини тақдим этиши мумкин:
а) илтимоснома Аҳдлашувчи Давлат томонидан ўрнатилган муддатда, бошланиши ўн саккиз ёшдан ва тугаши йигирма бир ёшдан эрта бўлмасдан тақдим этилади, бироқ, шу билан бирга, тегишли шахс қонуний рухсатнинг заруратисиз ўзи илтимоснома тақдим этиши учун камида бир йил муддатга эга бўлиши керак;
б) тегишли шахс бевосита илтимоснома беришдан олдин, мазкур Аҳдлашувчи Давлат ҳудудида ушбу давлат томонидан ўрнатилган, беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатда одатдагидек яшаган бўлиши, умуман эса, бу ўн йилдан ортиқ бўлмаслиги керак;
с) тегишли шахс суд томонидан давлат хавфсизлигига қарши жиноятда айбдор ёки жиноий айблов бўйича беш йилга ёки ундан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган деб тан олинмаслиги керак;
д) тегишли шахс ҳамиша апатрид бўлган бўлиши керак.
3. Мазкур модданинг 1-банди «б» кичик банди ва 2-банди қарорига қарамасдан, қайсидир бир Аҳдлашувчи Давлат ҳудудидаги никоҳдан ва ушбу Давлат фуқароси бўлган онадан туғилган фарзанд унинг фуқаролигини олади, аксинча бўлса, у апатрид бўлади.
4. Аҳдлашувчи Давлат, акс ҳолда апатрид бўлган ва у Аҳдлашувчи Давлат ҳудудида туғилиб, илтимоснома бериш ёшидан ўтгани ёки улардан талаб қилинган яшаш шартларини бажара олмагани оқибатида, агар ушбу шахснинг туғилган вақтида ота-онасидан биттаси юқорида назарда тутилган Аҳдлашувчи Давлатлардан биринчисининг фуқароси бўлса, ўз фуқаролигини тақдим этади. Агар тегишли шахснинг ота-онаси у туғилган вақтига қадар бир хил фуқароликка эга бўлмаган бўлса, унда ўз отасининг фуқаролигини ёки ўз онасининг фуқаролигини олиш тўғрисидаги масала ушбу Аҳдлашувчи Давлатнинг миллий қонуни билан ҳал қилинади. Агар бундай фуқароликни олиш учун илтимоснома талаб қилинса, ушбу миллий қонун билан ўрнатилган тартибда талаб қилувчи ёки унинг номидан тегишли ҳокимият органига илтимоснома бериши керак. Ушбу модданинг 5-банди қарорига амал қилиш шарти билан бундай илтимоснома рад этилмаслиги керак.
5. Аҳдлашувчи Давлат ушбу модданинг 4-банди қарорларига мувофиқ қуйидаги шартлардан бир ёки бир нечтасидан келиб чиқиб ўз фуқаролигини бериши мумкин:
а) илтимоснома илтимос қилувчининг Аҳдлашувчи Давлат томонидан белгилаб қўйилган ёшга етгунига қадар берилади, бу камида йигирма уч ёш бўлиши керак;
б) тегишли шахс ушбу Аҳдлашувчи Давлат ҳудудида мазкур давлат томонидан ўрнатилган, бевосита илтимоснома беришдан олдин уч йил давомида одатдагидек яшаган бўлиши керак;
с) тегишли шахс ҳамиша апатрид бўлса.
2-модда
Ҳар қандай Аҳдлашувчи Давлат ҳудудида топилган бола, қарши тарафнинг далиллари йўқлиги сабабли, шу ҳудудда мазкур давлат фуқаролигига эга бўлган ота-оналардан туғилган деб ҳисобланиши керак.
3-модда
Ушбу Конвенцияга мувофиқ Аҳдлашувчи Давлатларнинг мажбуриятларини аниқлаш учун кемада ёки ҳаво кемасида туғилиш тегишли равишда давлат байроғи остида сузадиган кема ҳудудида ёки ҳаво кемаси рўйхатдан ўтган давлат ҳудудида бўлган деб ҳисобланади.
4-модда
1. Аҳдлашувчи Давлат ҳудудида туғилмаган ҳар қандай шахс туғилиш вақтида унинг ота-онасидан бири ушбу давлат фуқароси бўлса, ҳар қандай Аҳдлашувчи Давлат ушбу шахсга ўз фуқаролигини беради, акс ҳолда, у апатрид бўлади. Агар у туғилган вақтида ота-онаси бир хил фуқароликка эга бўлмаса, тегишли шахс отаси ёки онасининг фуқаролигини олиши керакми деган масаласи ушбу Аҳдлашувчи Давлатнинг миллий қонуни билан ҳал қилинади. Ушбу банднинг қарорига мувофиқ фуқароликни тақдим этиш қуйидагича амалга оширилади:
а) туғилганида қонунга асосан, ёки
б) миллий қонунда белгиланган тартибда тегишли ҳокимият органига тегишли шахс ёки унинг номидан илтимоснома берганда. Ушбу модданинг 2-банди қарорига амал қилиш шарти билан, ҳеч бир бу каби илтимоснома рад этилиши мумкин эмас.
2. Ҳар қандай Аҳдлашувчи Давлат ушбу модданинг 1-банди қарорларига мувофиқ қуйидаги шартлардан бир ёки бир нечтаси бўйича ўз фуқаролигини тақдим этиши мумкин:
а) илтимоснома илтимос қилувчининг Аҳдлашувчи Давлат томонидан белгилаб қўйилган ёшга тўлишидан олдин берилиши, у йигирма уч ёшдан кичик бўлмаслиги керак;
б) тегишли шахс бевосита илтимоснома беришдан олдин ушбу Аҳдлашувчи Давлат ҳудудида мазкур Давлат томонидан ўрнатилган уч йилдан ошмаган муддат давомида одатдагидек яшаган бўлиши керак;
с) тегишли шахс суд томонидан давлат хавфсизлигига қарши жиноятда айбдор деб тан олинмаган бўлса;
д) тегишли шахс ҳамиша апатрид бўлса.
5-модда
1. Агар қайсидир бир Аҳдлашувчи Давлатнинг қонуни тегишли шахснинг шахсий мақомида никоҳда бўлиш, никоҳни тўхтатиш, қонунлаштириш, тан олиш ёки асраб олиш каби ўзгаришлар оқибатида фуқароликни йўқотишни назарда тутадиган бўлса, бундай йўқотиш бошқа фуқароликка эга бўлиш ёки бошқа фуқароликни олиш шарти билан белгиланиши керак.
2. Агар қайсидир бир Аҳдлашувчи Давлат қонунига мувофиқ никоҳсиз туғилган бола оталикни тан олиш натижасида ушбу давлат фуқаролигини йўқотадиган бўлса, унга мазкур фуқароликни тегишли ҳокимият органи олдида ёзма илтимоснома бериш орқали ушбу фуқароликни тиклаш имконияти тақдим этилади ҳамда бундай илтимосномани тартибга соладиган шартлар мазкур Конвенциянинг 2-моддаси 1-бандида ўрнатилганидан кўра қатий бўлмаслиги керак.
6-модда
Агар қайсидир бир Аҳдлашувчи Давлатнинг қонуни шахснинг турмуш ўртоғи ёки қайсидир бир шахснинг болалари туфайли фуқаролигини йўқотиши ёки ушбу шахсни мазкур фуқароликдан маҳрум этишни назарда тутса, бундай йўқотиш бошқа фуқароликка эга бўлиш ёки бошқа фуқароликни олиш шарти билан бўлиши керак.
7-модда
1. а) Агар қайсидир Аҳдлашувчи Давлатнинг қонуни фуқароликдан воз кечишга рухсат берса, тегишли шахс бошқа фуқароликка эга бўлиши ёки уни олиши ҳолатларидан ташқари, бундай воз кечиш фуқароликни йўқотишга олиб келмаслиги керак.
б) Ушбу банднинг «а» кичик банди қарори Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси томонидан 1948 йил 10 декабрда тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 13 ва 14-моддаларида баён этилган принципларига зид бўлган ҳолатларда қўлланилмайди.
2. Аҳдлашувчи Давлатнинг ўзга мамлакатда натурализация қилиш (чет эллик шахснинг ўзи яшаётган бошқа давлатнинг фуқаролигига ўтказилиши) истагида бўлган фуқароси ўзга мамлакатнинг фуқаролигини олмаса ёки олиши тасдиғи бўлмаса, ўз фуқаролигини йўқотмайди.
3. Ушбу модданинг 4 ва 5-бандлари қарорларида назарда тутилган истиснолар билан Аҳдлашувчи Давлатнинг фуқароси кетиш, чет элда яшаш, рўйхатдан ўтмаслик ёки қандайдир шу каби сабабларга кўра апатрид бўлиши оқибатида ўз фуқаролигини йўқотмайди.
4. Натураллашган шахс тегишли Аҳдлашувчи Давлат қонунида ўрнатилган, камида кетма-кет етти йилдан кам бўлмаган муддатда чет элда яшаши сабабли тегишли ҳокимият органига ўз фуқаролигини сақлаб қолиш истаги тўғрисида билдирмаса, ўз фуқаролигини йўқотиши мумкин.
5. Қайсидир Аҳдлашувчи Давлатнинг ушбу Давлат ҳудудидан ташқарида туғилган фуқаросига нисбатан мазкур Давлат қонуни бу фуқаронинг вояга етгандан кейин бир йил давомида ушбу Давлат ҳудудида яшаши ёки тегишли ҳокимият органи рўйхатидан ўтиши шарти билан ўз фуқаролигини сақлаб қолиши мумкинлигини белгилайди.
6. Ушбу моддада назарда тутилган вазиятларда ҳеч бир шахс бирон-бир Аҳдлашувчи Давлатнинг фуқаролигини йўқотмайди, агар бундай йўқотиш уни апатрид қиладиган бўлса-да, гарчи бундай йўқотиш ушбу Конвенциянинг ҳеч бир бошқа қарорлари билан бевосита таъқиқланмаган бўлса ҳам.
8-модда
1. Агар фуқароликдан маҳрум этиш шахснинг апатрид бўлишига олиб келса, ҳеч бир Аҳдлашувчи Давлат ҳеч бир шахсни фуқароликдан маҳрум этмаслиги керак.
2. Ушбу модданинг 1-банди қарорига қарамасдан, ҳар қандай шахс ҳар қандай Аҳдлашувчи Давлатнинг фуқаролигидан маҳрум этилиши мумкин:
а) 7-модданинг 4 ва 5-бандларига мувофиқ бўлган ҳолатларда фуқароликни йўқотишга йўл қўйилади;
б) агар фуқаролик ёлғон маълумотлар берилиши ёки алдаш оқибатида олинган бўлса.
3. Ушбу модданинг 1-банди қарорига қарамасдан, ҳар қандай Аҳдлашувчи Давлат ҳар қандай шахсни фуқаролигидан маҳрум қилиш ҳуқуқини сақлаб қолади, агар имзолаш, ратификация қилиш ёки қўшилиш вақтида ўша пайтда унинг миллий қонунида назарда тутилган бир ёки бир нечта қуйидаги асослар бўйича фуқароликдан маҳрум қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини кўрсатган бўлса:
а) тегишли шахс ушбу Аҳдлашувчи Давлатга содиқ бўлиш мажбуриятига қарамасдан қуйидагиларни содир этса:
и) ушбу Аҳдлашувчи Давлат томонидан тўғридан-тўғри ман этилганлигини писанд этмасдан бошқа Давлатга хизмат кўрсатган ёки кўрсатаётган бўлса ёхуд бошқа Давлатдан мукофот олган ёки олаётган бўлса; ёки
ии) ўзини ушбу Давлатнинг ҳаётий манфаатларига жиддий зарар етказадиган тарзда тутса;
б) агар тегишли шахс бошқа Давлатга содиқлик қасамёдини қабул қилган бўлса ёки унга содиқлик тўғрисида расмий баёнот берган бўлса ёхуд ушбу Аҳдлашувчи Давлатга содиқликдан воз кечиш ниятини кўрсатадиган муайян далилларни келтирган бўлса.
4. Ҳеч бир Аҳдлашувчи Давлатлар ушбу модданинг 2- ёки 3-бандларига мувофиқ йўл қўйиладиган фуқароликдан маҳрум қилиш ҳуқуқини тегишли шахс учун суд ёки бошқа мустақил муассаса томонидан ишни адолатли кўриб чиқиш ҳуқуқини назарда тутадиган қонунга мувофиқликдан бошқача тарзда амалга оширмаслиги керак.
9-модда
Ҳеч бир Аҳдлашувчи Давлат ҳеч бир шахсни ёки шахслар гуруҳини ирқий, этник, диний ёки сиёсий асослар бўйича фуқароликдан маҳрум этиши мумкин эмас.
10-модда
1. Аҳдлашувчи Давлатлар ўртасидаги ҳудудни беришни назарда тутадиган ҳар қандай халқаро шартнома ана шундай ҳудудни бериш оқибатида ҳеч бир шахс апатрид бўлмаслигини кафолатлайдиган қарорни қамраб олиши керак. Ҳар қандай Аҳдлашувчи Давлат мана шундай қарорларни мазкур Конвенция иштирокчиси бўлмаган Давлат билан тузиладиган ҳар қандай ана шундай халқаро шартномага киритилиши учун барча чораларни кўриши керак.
2. Мана шундай қарорлар мавжуд бўлмаганида, берилган ҳудуд ёки бошқа йўл билан ҳудудга эга бўлган ҳар қандай Аҳдлашувчи Давлат ана шундай бериш ёки олиш натижасида апатрид бўлиб қоладиган шахсларга ўз фуқаролигини тақдим этиши керак.
11-модда
Аҳдлашувчи Давлатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида олтинчи ратификация ёрлиғини ёки қўшилиш тўғрисидаги ёрлиқ топширилгандан сўнг, имкон қадар яқин вақт ичида, ушбу Конвенцияга асосан бирон бир имтиёзни талаб қиладиган шахсларнинг талабларни кўриб чиқиш ва ушбу талабларни тегишли ҳокимият органларига тақдим этишда уларга ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимос билан мурожаат қилишлари мумкин бўлган муассасани ташкил этишда кўмаклашишлари керак.
12-модда
1. Ушбу Конвенциянинг 1-моддаси 1-банди ёки 4-моддасида қонунга мувофиқ назарда тутилганидек, қонунга асосан туғилиш вақтида фуқаролиги тақдим этилмайдиган Аҳдлашувчи давлатларда тегишли равишда 1-модданинг 1-банди ёки 4-модданинг қарорлари мазкур Конвенция кучга киргунга қадар туғилган ҳамда ундан кейин туғилган шахсларга нисбатан қўлланилади.
2. Ушбу Конвенциянинг 1-моддаси 4-банди қарорлари у кучга киргунига қадар туғилган, шунингдек ундан кейин туғилган шахсларга нисбатан қўлланилади.
3. Конвенциянинг 2-моддаси қарорлари ҳар қандай Аҳдлашувчи Давлат ҳудудида топилган фақат етимларга ушбу Конвенция мазкур Давлатга нисбатан кучга киргандан сўнггина қўлланилади.
13-модда
Ушбу Конвенция фуқаросизликни камайтиришга ёрдам берадиган ва қайсидир Аҳдлашувчи Давлатнинг амалдаги қонунида ёки қайсидир бошқа икки ёки ундан ортиқ Аҳдлашувчи Давлатлар учун кучда бўлган қайсидир бошқа конвенция, халқаро шартнома ёки битимда мавжуд бўлса ёхуд бўлиши мумкин бўлса, бундай қоидаларга қарши талқин этилмаслиги керак.
14-модда
Аҳдлашувчи Давлатлар ўртасида мазкур Конвенцияни талқин этиш ёки қўллаш тўғрисидаги, бошқача йўл билан ҳал этиб бўлмайдиган ҳар қандай баҳс, ушбу баҳслашаётган томонлардан бирининг талаби бўйича Халқаро Судга тақдим этилади.
15-модда
1. Ушбу Конвенция Аҳдлашувчи Давлатлардан қайсидир бири халқаро муносабатлари учун масъул бўлган барча ўзини ўзи бошқармайдиган, васийлик остидаги, мустамлака ва бошқа метрополиядан ташқаридаги ҳудудларга тарқалади. Тегишли Аҳдлашувчи Давлат, ушбу модданинг 2-банди қоидаларига зид бўлмаслиги учун, имзолаш, ратификация қилиш ёки унга қўшилиш пайтида метрополиядан ташқаридаги ҳудудларни ёхуд ана шундай имзолаш, ратификация қилиш ёки унга қўшилиш натижасида Конвенция ипсо фато тарқаладиган метрополиядан ташқаридаги ҳудудларни кўрсатиши керак.
2. Агар гап фуқаролик тўғрисида кетганда, ҳар қандай ҳолатда, метрополиядан ташқаридаги ҳудудлар метрополия ҳудуди билан яхлит тарзда кўрилмайди ҳамда ҳар қандай ҳолатда ҳам мазкур Конвенцияни Аҳдлашувчи Давлат ёки метрополиядан ташқаридаги ҳудудда тарқатиш учун ушбу ҳудуднинг асосий қонуни ёки амалиётига мувофиқ метрополиядан ташқаридаги ҳудуднинг олдиндан розилиги талаб қилинганида, бу Аҳдлашувчи Давлат мазкур Аҳдлашувчи Давлат ушбу Конвенцияни имзолаган кундан бошлаб ўн икки ой муддатда метрополиядан ташқаридаги ҳудуднинг зарур розилигини олиш чораларини кўриши керак, бундай розилик олинганида, бу Аҳдлашувчи Давлат Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибини хабардор қилиши керак. Ушбу Конвенция бундай хабарномада кўрсатилган ҳудуд ёки ҳудудларда Бош котиб уни қабул қилган кундан бошлаб қўлланилади.
3. Ушбу модданинг 2-бандида қайд этилган ўн икки ойлик муддат тугаганидан сўнг, тегишли Аҳдлашувчи Давлатлар Бош котибга халқаро муносабатлар учун масъул бўлган ва уларнинг ҳудудларида мазкур Конвенциянинг қўлланилиши бўйича розилик олинмаган метрополиядан ташқаридаги ҳудудлар билан маслаҳатлашувлари натижалари тўғрисида маълум қилишлари керак.
16-модда
1. Ушбу Конвенция 1961 йил 30 августдан 1962 йил 31 майга қадар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий муассасаларида имзолаш учун очиқ бўлади.
2. Ушбу Конвенция қуйидагилар номидан имзолаш учун очиқ бўлади:
а) Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзоси бўлган ҳар қандай давлат;
б) Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Келажакда фуқаросизликка барҳам бериш ёки қисқартириш бўйича конференцияда иштирок этиш учун таклиф қилинган ҳар қандай бошқа Давлатга;
с) Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан ушбу Конвенцияни имзолаш ёки унга қўшилиш учун таклиф қилинган ҳар қандай бошқа Давлатга.
3. Ушбу Конвенция ратификация қилиниши керак ва ратификация ёрлиқлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибига топширилади.
4. Мазкур Конвенция ушбу модданинг 2-бандида кўрсатилган Давлатларга қўшилиш учун очиқ. Қўшилиш Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ҳузурида қўшилиш тўғрисида ёрлиқни топшириш орқали амалга оширилади.
17-модда
1. Ҳар қандай Давлат имзолаш, ратификация қилиш ёки қўшилиш пайтида 11, 14 ёки 15-моддаларига қўшимча шартларни кўрсатиши мумкин.
2. Ушбу Конвенцияда бошқа ҳеч қандай қўшимча шартларга йўл қўйилмайди.
18-модда
1. Ушбу Конвенция олтинчи ратификация ёрлиғи ёки қўшилиш тўғрисидаги ёрлиқ топширилган кундан икки йил ўтгандан кейин кучга киради.
2. Ушбу Конвенцияни ратификация қилган ёки унга қўшилган ҳар бир Давлат учун олтинчи ратификация ёрлиғи ёки қўшилиш тўғрисидаги ёрлиқ топширилгандан кейин ушбу Давлат томонидан ўзининг ратификация ёрлиғи ёки қўшилиш тўғрисидаги ёрлиқни топширилганидан кейин тўқсонинчи кунда ёхуд ушбу модданинг 1-банди қоидаларига мувофиқ, қайси кун кейинроқ бўлишига қараб, кучга киради.
19-модда
1. Ҳар қандай Аҳдлашувчи Давлат ушбу Конвенцияни хоҳлаган вақтда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби номига ёзма билдирги орқали денонсация қилиши мумкин. Бундай денонсация тегишли Аҳдлашувчи Давлат учун Бош котиб томонидан қабул қилинган кундан бир йил ўтиб кучга киради.
2. Агар 15-модданинг қоидаларига мувофиқ, ушбу Конвенция қайсидир бир Аҳдлашувчи Давлатнинг метрополиядан ташқаридаги ҳудудида тарқаладиган бўлса, бундай Давлат шундан сўнг исталган вақтда тегишли ҳудуднинг розилиги билан мазкур Конвенцияни бу ҳудудга нисбатан алоҳида денонсация қилиш тўғрисида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котибига билдириши мумкин. Ушбу денонсация Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби томонидан бундай хабарнома олинган кундан бир йил ўтиб кучга киради ҳамда у бошқа барча Аҳдлашувчи Давлатларга бундай хабарнома ва уни олган куни тўғрисида маълум қилади.
20-модда
1. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби 16-моддада қайд этилган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг барча аъзо-давлатлари ва ушбу Ташкилотга аъзо бўлмаган давлатларга қуйидаги ҳолатлар тўғрисида хабар қилади:
а) 16-моддага мувофиқ имзолаш, ратификация қилиш ва қўшилиш тўғрисида;
б) 17-моддага мувофиқ қўшимча шартлар тўғрисида;
с) 18-моддага мувофиқ ушбу Конвенциянинг кучга кирган куни тўғрисида;
д) 19-моддага мувофиқ денонсация тўғрисида;
2. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби олтинчи ратификация ёрлиғи ёки қўшилиш тўғрисидаги ёрлиқ топширилгандан кейин кечиктирмасдан Бош Ассамблеянинг эътиборини 11-моддага мувофиқ, унда қайд этилган муассасани ташкил этиш тўғрисидаги масалага қаратади.
21-модда
Ушбу Конвенция Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби томонидан кучга кирган кунида рўйхатга олинади.
Буни тасдиқлаш учун имзолашга ваколатли вакиллар ушбу Конвенцияни имзоладилар.
Нъю-Йоркда бир минг тўққиз юз олтмиш биринчи йил ўттизинчи августда бир нусхада тузилган, инглиз, испан, хитой, рус ва француз тилларидаги матнлари айнан бир хил бўлиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти архивига сақлаш учун топширилади ва унинг тасдиқланган нусхалари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби томонидан ушбу Конвенциянинг 16-моддасида қайд этилган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг барча аъзолари ва мазкур Ташкилотга аъзо бўлмаган Давлатларга юборилади.
(Имзолар)