Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«САВДОГАР» БАНКИНИНГ ФАОЛИЯТ КЎРСАТИШИГА ОИД ҚЎШИМЧА ТАШКИЛИЙ ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Савдога ва тижоратга кўмаклашувчи «Савдогар» ихтисослаштирилган акционерлик-тижорат банкини ташкил этиш ҳақидаги Фармонини бажариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлиги бошланғич босқичда банк томонидан зарур ресурс ва моддий база шакллантирилиши учун «Ўзсавдогарбанк»ка 2 йил муддатга 5 млрд сўм-купон вa республика валюта фондидан 200 минг АҚШ доллари миқдорида фоизсиз кредит ажратсин.
2. «Ўзсаноатқурилишбанк», «Ўздеҳқончиликсаноатбанк» ва Қорақалпоғистон Республикасидаги, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги тижорат банклари жорий йилнинг 1 июлигача «Ўзбексавдо», Ўзбекбирлашув ва «Ўзкооптайёрловсавдо»нинг корхоналари ва ташкилотларини, хизмат кўрсатиш учун устав фондининг тегишли улушлари ва ходимлар билан бирга, «Ўзсавдогарбанк»ка берсинлар.
3. «Ўзсавдогарбанк» мазкур қарорнинг 1-бандига мувофиқ ажратилган маблағларнинг республикамиз аҳолисининг озиқ-овқат, халқ истеъмол товарларига бўлган эҳтиёжларини қондириш, ички бозорни товарларга тўлдириш билан боғлиқ юксак самарали чора-тадбирларни кредитлашга ва банкнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилишини таъминласин.
4. Ўзбекбирлашув «Ўзсавдогарбанк»ка хизматда фойдаланиш учун битта ГАЗ—31 «Волга» ва иккита «Жигули» автомобилини сотсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари М.Усмонов ва Mapказий банк Бошқаруви раиси Ф.Муллажонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 3 июнь,
283-сон