Норасмий таржима
Ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахсларнинг куч ва ўқотар қурол ишлатишининг асосий принциплари
Ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахслар катта ижтимоий аҳамиятга эга эканлигини ва шу боис ушбу мансабдор шахсларнинг меҳнат шароити ва аҳволини лозим даражада сақлаш ва зарур бўлганда, яхшилаш лозимлигини ҳисобга олиб,
ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахсларнинг ҳаёти ва хавфсизлигига таҳдид умуман жамиятнинг барқарорлигига таҳдид сифатида қаралиши лозимлигини ҳисобга олиб,
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида кафолатланганидек, Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда тасдиқланганидек, ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахслар инсоннинг яшаш, эркинлик ва хавфсизликка эга бўлиш ҳуқуқини ҳимоя қилишда ниҳоятда муҳим ўрин тутишини ҳисобга олиб,
Маҳбуслар билан муомала қилишнинг стандарт минимал қоидаларида турмаларнинг ходимлари ўз вазифаларини бажариш пайтида куч ишлатишлари мумкин бўлган ҳолатлар назарда тутилганлигини ҳисобга олиб,
Ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахслар ахлоқ кодексининг 3-моддасида ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахслар фақат охирги зарурат ҳолларидагина ва ўз вазифаларини бажаришлари учун талаб этилган даражадагина куч ишлатишлари мумкинлиги ҳақида сўз юритилишини ҳисобга олиб,
Италиянинг Варенне шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг Жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарлар билан муомала қилиш бўйича еттинчи конгрессига тайёргарлик мажлисида ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахслар куч ва ўқотар қурол ишлатишини чеклаш борасида келажакда амалга ошириладиган ишлар давомида кўриб чиқиладиган элементлар келишиб олинганлигини ҳисобга олиб,
Еттинчи конгресс ўзининг 14-сон резолюциясида, жумладан ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахсларнинг инсон ҳуқуқларини лозим даражада ҳурмат қилган ҳолда куч ва ўқотар қуролни ишлатиши кераклигини таъкидлаганлигини ҳисобга олиб,
Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаш 1986 йил 21 майдаги 1986/10-сон резолюциясининг IX бўлимида аъзо-давлатларга Кодексни амалга оширишда ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахсларнинг куч ва ўқотар қурол ишлатиши масалаларига алоҳида эътибор беришни таклиф қилганлигини, Бош Ассамблея эса ўзининг 1986 йил 4 декабрдаги 41/149-сон резолюциясида, жумладан, Кенгашнинг ушбу тавсиясини қўллаб-қувватлаганлигини ҳисобга олиб,
ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахсларнинг шахсий хавфсизлигига лозим даражада эътибор қаратиб, уларнинг одил судловни амалга ошириш, инсоннинг яшаш, эркинликка ва хавфсизликка эга бўлиш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг давлат хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш борасидаги вазифалари ҳамда малакалари, тайёргарликлари ва хулқининг аҳамияти муносабати билан уларнинг ўрнини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлигини ҳисобга олиб,
ҳукуматлар қуйида баён этилган ҳамда аъзо-давлатларга уларнинг ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахсларнинг тегишли ролини бажаришини таъминлаш ва бунда кўмаклашишдан иборат вазифаларини бажаришларида ёрдам кўрсатиш мақсадида ишлаб чиқилган Асосий принципларни эътиборга олишлари ҳамда ўзларининг миллий қонунчилиги ва амалиёти доирасида риоя этишлари; ҳамда ушбу принципларни ҳуқуқий тартибни сақлаш бўйича мансабдор шахсларга, шунингдек бошқа шахслар, хусусан, судьялар, прокуратура ходимлари, юристлар, ижроия ҳокимият ва қонун чиқарувчи ҳокимият органлари ва умуман аҳолига маълум қилишлари лозим.
Умумий қоидалар
1. Ҳукуматлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахсларнинг куч ва ўқотар қуролни одамларга қарши ишлатиши тўғрисидаги нормалар ва норматив қоидаларни қабул қилади ва амалга оширади. Бундай нормалар ва қоидаларни ишлаб чиқишда ҳукуматлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари куч ва ўқотар қурол ишлатиш билан боғлиқ ахлоқий масалаларни доимо ҳисобга олади.
2. Ҳукуматлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иложи борича кенгроқ воситаларни ишлаб чиқадилар ҳамда ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахсларни куч ва ўқотар қуролни танлаб қўллаш имконини берувчи турли хил қуроллар ва ўқ-дорилар билан таъминлайдилар. Улар қаторига зарур ҳолларда, одам ўлдириш ёки шикастлашга қодир бўлган воситалардан фойдаланиш соҳаларини иложи борича торайтириш мақсадида ўлимга олиб келмайдиган, лекин зарарсизлантирадиган турдаги қуролларни ишлаб чиқиш киради. Худди шу мақсадларда ҳар қандай турдаги қуролдан фойдаланиш заруратини камайтириш учун ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахслар ўзларини қалқон, дубулға, ўқ тешмайдиган транспорт воситалари билан таъминлаш имкониятларига эга бўлишлари зарур.
3. Бегона шахсларга зиён етиши хавфини иложи борича камайтириш ҳамда қуролдан фойдаланишга нисбатан қатъий назоратни амалга ошириш учун ўлимга олиб келмайдиган, аммо зарарсизлантирадиган қурол турларини ишлаб чиқиш ва қўллаш ҳақидаги масалани пухта кўриб чиқиш лозим.
4. Ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахслар ўз вазифаларини бажаришда иложи борича уларни куч ёки ўқотар қурол ишлатишга мажбур этмагунларича зўрликка асосланмаган воситалардан фойдаланадилар. Улар фақат бошқа воситалар самарасиз бўлган ёки кўзланган натижага эришиш учун ҳеч қандай умид бермайдиган ҳолатлардагина куч ва ўқотар қуролни ишлатишлари мумкин.
5. Куч ёки ўқотар қуролни ишлатиш муқаррар бўлган барча ҳолатларда ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахслар:
а) бундай куч ишлатишда вазмин бўладилар ҳамда ҳуқуқбузарликнинг жиддийлиги ва эришилиши лозим бўлган қонуний мақсаддан келиб чиқиб ҳаракат қиладилар;
б) зиён етказиш ва жароҳатлаш имкониятини иложи борича камайтирадилар ва инсон ҳаётини муҳофаза қиладилар;
с) ҳар қандай жароҳатланган ёки жабрланган шахсга энг қисқа муддатда тиббий ва бошқа ёрдам кўрсатилишини таъминлайдилар;
д) жароҳатланган ва жабрланган шахсларнинг қариндошлари ёки яқин дўстлари иложи борича қисқа муддатда хабардор қилинишини таъминлайдилар.
6. Ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахсларнинг куч ёки ўқотар қурол ишлатиши жароҳатланишга ёки ўлимга олиб келса, 22-принципга мувофиқ, улар бу ҳақда дарҳол юқори турувчи бошлиққа хабар берадилар.
7. Ҳукуматлар ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахсларнинг куч ёки ўқотар қуролни ўзбошимчалик билан ёки ғаразли мақсадда ишлатишлари уларнинг қонунларига мувофиқ жиноий жавобгарлик сифатида жазоланишларини таъминлайди.
8. Ички сиёсий беқарорлик каби фавқулодда вазиятлар ёки бошқа ҳар қандай фавқулодда ижтимоий ҳодисалар ушбу Асосий принциплардан воз кечишни оқлай олмайди.
Махсус қоидалар
9. Ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахслар одамларга қарши ўқотар қуролни ишлатмайдилар, ўзларини ҳимоя қилиш ёхуд бошқа шахсларни муқаррар ўлим хавфидан ёки жиддий шикастланишдан ҳимоя қилиш ҳоллари ёки ўта оғир, ҳаёт учун катта хавф туғдирувчи жиноятлар содир этилишининг олдини олиш бундай хавф туғдирувчи, уларнинг ҳокимиятига қаршилик кўрсатувчи шахсни ҳибсга олиш ёки унинг қочишининг олдини олиш ва унча қатъий бўлмаган чоралар ушбу мақсадларга эришиш учун етарли бўлмаган ҳоллар бундан мустасно. Ҳар қандай ҳолда ҳам, ҳаётни ҳимоя қилиш учун мутлақо зарур бўлган тақдирдагина била туриб ўлимга олиб келадиган куч ишлатилиши мумкин.
10. 9-принципда назарда тутилган ҳолатларда, ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахслар ўзларини шундай шахслар сифатида таништирадилар ва ўқотар қурол ишлатишни мўлжаллаётганлиги ҳақида аниқ огоҳлантирадилар, ушбу огоҳлантиришга жавоб қайтарилиши учун етарли вақт берадилар; бундай ҳаракатлар ҳуқуқий тартибни сақлаш бўйича мансабдор шахслар учун кераксиз хавф туғдирган ёхуд бошқа шахсларга ўлим ёки жиддий зиён етказиш хавфини туғдирган ёки юзага келган тўқнашув (можаро) шароитида ноўрин ёки кераксиз эканлиги аниқ бўлган ҳоллар бундан мустасно.
11. Ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахсларнинг ўқотар қурол ишлатишлари ҳақидаги нормалар ва қоидаларга раҳбарий принциплар киради. Улар:
а) ҳуқуқий тартибни сақлаш бўйича мансабдор шахсларнинг ўқотар қуролни олиб юришга ваколатли бўлган ҳолатларни белгилайди ҳамда ўқотар қурол ва ўқ-дориларнинг рухсат этилган турларини келтириб ўтади;
б) ўқотар қурол тегишли шароитлардагина ва ҳаддан ташқари зиён етказиш хавфини камайтиришга имкон берадиган тарздагина ишлатилишини таъминлайди;
с) ҳаддан ташқари оғир жароҳат етказадиган ёки оқланмайдиган таваккал манбаи бўлиб хизмат қиладиган турдаги ўқотар қуролларнинг ишлатилишини тақиқлайди;
д) ўқотар қуролнинг текширилиши, сақланиши ва топширилишини, жумладан ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахсларнинг уларга берилган ўқотар қурол ва ўқ-дорилар учун ҳисобдорлигини таъминловчи тартибларни белгилайди;
э) тегишли ҳолларда ўқотар қуролни ишлатишдан аввал қилинадиган огоҳлантиришни белгилайди;
ф) ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахслар хизмат вазифаларини бажаришда ўқотар қурол ишлатадиган барча ҳолларда ҳисобдорлик тизимини назарда тутади.
Ғайриқонуний йиғилишлар ўтказилган ҳолларда тартибни сақлаш
12. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳамда Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда баён этилган принципларга биноан, ҳар бир инсон қонуний ва тинч йиғилишларда иштирок этиши мумкинлиги сабабли, ҳукуматлар ҳамда ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича муассасалар ва мансабдор шахслар куч ва ўқотар қурол фақат 13 ва 14-принципларга мувофиқ ишлатилиши мумкинлигини тан оладилар.
13. Куч ишлатишга асосланмаган ғайриқонуний йиғилишлар тарқатиб юборилаётганида ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахслар куч ишлатишдан қочадилар ёки, агар бунинг имкони бўлмаса, бундай куч ишлатишни минимал даражагача етказадилар.
14. Зўравонлик кўринишидаги йиғилишлар тарқатиб юборилаётганида ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахслар ўқотар қуролдан фақат хавфи камроқ воситаларни қўллаш мумкин бўлмаган ҳоллардагина ва энг кам даражадагина ишлатишлари мумкин. Ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахслар 9-принципда келтирилган шароитлардан бошқа ҳолларда ўқотар қуролни ишлатмайдилар.
Қамоқда сақланаётган ва озодликдан маҳрум этилган шахсларни назорат қилиш
15. Ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахслар қамоқда сақланаётган ва озодликдан маҳрум этилган шахслар билан муомала қилишда куч ишлатмайдилар, ахлоқ тузатиш муассасасида хавфсизликни ва тартибни сақлаш учун қатъий зарур бўлган ёки шахсий хавфсизлик учун таҳдид юзага келган ҳоллар бундан мустасно.
16. Ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахслар маҳбуслар ёки маҳкумлар билан муомала қилишда ўқотар қурол ишлатмайдилар, ўзини ёки бошқаларни бевосита ўлим ёки жиддий шикастланиш хавфидан ҳимоя қилиш ҳоллари ёхуд хавфли маҳбус ёки маҳкум қочишининг олдини олиш учун мутлақо зарур бўлган ҳамда 9-принципда қайд этилган ҳолатлар бундан мустасно.
17. Юқорида келтирилган принциплар турмалар ходимларининг Маҳбуслар билан муомала қилиш бўйича минимал стандарт қоидаларида, айниқса, 33, 34 ва 54-қоидаларида баён этилган ҳуқуқлари, функциялари ва вазифаларига зиён етказмаган ҳолда қўлланилади.
Малака, тайёргарлик ва маслаҳат бериш
18. Ҳукуматлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари барча ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахсларнинг ўз функцияларини самарали бажариш учун танловнинг зарур тартиблари ёрдамида танланишини, тегишли ахлоқий, психологик ва жисмоний сифатларга эга бўлишларини ҳамда узлуксиз ва пухта касбий тайёргарликдан ўтишларини таъминлайди.
19. Ҳукуматлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари барча ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахсларнинг тайёргарликдан ўтишларини ҳамда куч ишлатиладиган шароитлардаги ҳаракатлар учун махсус тайёргарлик нуқтаи назаридан текширилишини таъминлайди. Ўқотар қурол олиб юришлари лозим бўлган ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахслар уларни ишлатиш юзасидан махсус таълим курсини тугатганларидан кейингина тегишли рухсат оладилар.
20. Ҳукуматлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахсларни тайёрлашда, айниқса, тергов олиб бориш жараёнида куч ва ўқотар қурол ишлатишни чеклаш мақсадида полиция ахлоқи ва инсон ҳуқуқлари масалаларига, куч ва ўқотар қуролни ишлатишнинг муқобилларига, жумладан, низоларни тинч йўл билан бартараф этиш, кўп сонли одамларнинг хулқини тушунишга ҳамда ишонтириш, музокаралар олиб бориш ва воситачилик усулларига, шунингдек техника воситаларига алоҳида эътибор берадилар. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўзларининг ўқув дастурларини ва оператив тартиб-таомилларини (процедуралари) муайян можаролар нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқишлари лозим.
21. Ҳукуматлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари куч ва ўқотар қурол қўлланиладиган вазиятга тушадиган ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахсларнинг руҳий танг ҳолатга тушиб қолган тақдирда маслаҳат беришга алоҳида эътибор қаратадилар.
Билдиргилар тақдим этиш ва уларни текшириш тартиби
22. Ҳукумат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари 6 ҳамда 11(ф)-принципларда келтирилган барча можароларга нисбатан билдиргилар тақдим этиш ва уларни текширишнинг самарали тартиб-таомилини белгилайдилар. Ушбу принципларга мувофиқ тарзда билдиргилар тақдим этилган можаролар бўйича текширувлар ўтказишнинг самарали жараёнини ҳамда зарур шароитларда ҳукуматлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларни мустақил маъмурий органлар ёки суд таъқибини амалга оширувчи органларнинг юрисдикциясини амалга ошириши учун имконият яратадилар. Одам ўлган ва жиддий жароҳатланган тақдирда ёки бошқа оғир оқибатлар содир бўлганда ишнинг мустақил маъмурий текширилиши ва суд назорати ўтказилиши учун масъул ваколатли органларга дарҳол батафсил билдирги юборилади.
23. Куч ва ўқотар қурол ишлатилишидан жабрланган шахслар ёки уларнинг қонуний вакиллари мустақил жараён, жумладан, суд жараёнидан фойдаланишлари мумкин. Бундай шахслар ўлган тақдирда ушбу қоида тегишли равишда уларнинг қарамоғидаги шахсларга нисбатан қўлланилади.
24. Ҳукумат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қарамоғидаги ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахслар ғайриқонуний тарзда куч ёки ўқотар қурол ишлатганлиги ёки ишлатганлиги ҳақида маълум бўлган ёки маълум бўлиши керак бўлган ҳамда бундай ҳолларнинг олдини олиш, тўхтатиб қолиш ёки бу ҳақда хабар бериш учун ихтиёридаги барча мавжуд чораларни кўрмаган юқори турувчи мансабдор шахсларнинг жавобгарликка тортилишини таъминлайдилар.
25. Ҳукуматлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахсларнинг ахлоқ кодекси ва ушбу Асосий принципларга мувофиқ куч ёки ўқотар қурол ишлатиш тўғрисидаги буйруқни бажаришдан бош тортган ёки бошқа мансабдор шахсларнинг куч ёки ўқотар қуролни ишлатганликлари ҳақида хабар берган ҳуқуқий тартибни сақлаш бўйича мансабдор шахсларга нисбатан ҳеч қандай жиноий ёки интизомий чоралар кўрилмаслигини таъминлайдилар.
26. Агар ҳуқуқий тартиботни сақлаш бўйича мансабдор шахслар куч ёки ўқотар қуролни ишлатиш ҳақида берилган ва бажарилиши бирор-бир шахснинг ўлимига ёки жиддий яраланишига олиб келадиган буйруқнинг аниқ ғайриқонуний эканлигини билган ҳамда уни ижро этишдан бош тортиш учун оқилона имкониятга эга бўлса, юқори турувчи мансабдор шахслар буйруқларини бажариш уларни оқлай олмайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам масъулият ғайриқонуний буйруқлар берган юқори турувчи мансабдор шахсларга ҳам юкланади.
(имзолар)