Норасмий таржима
Халқаро меҳнат ташкилотининг 156-сонли Конвенцияси
Ишлаётган эркаклар ва аёллар учун тенг муомала ва тенг имкониятлар: оилавий мажбуриятларга эга ходимлар тўғрисида
Халқаро меҳнат ташкилотининг Бош конференцияси,
Халқаро меҳнат бюросининг Маъмурий кенгаши томонидан Женевада чақирилиб ва 1981 йилнинг 3 июнида ўзининг олтмиш еттинчи сессиясига тўпланиб,
Халқаро меҳнат ташкилотининг мақсад ва вазифалари бўйича, қуйидаги «барча инсонлар ирқи, эътиқоди ёки жинсидан қатъи назар, иқтисодий барқарорлик ва тенг имконият, эркинлик ва қадр-қимматлари таъминланган шароитида ўз моддий фаровонлигига ва маънавий ривожига эришиш ҳуқуқига эга» деган қоидани эътироф этувчи Филаделфия декларациясини эътиборга олиб,
Халқаро меҳнат конференцияси томонидан 1975 йилда қабул қилинган Аёл меҳнаткашлар учун муомала ва имконият тенглиги тўғрисидаги декларация қоидаларини ҳамда Аёл меҳнаткашлар учун муомала ва имконият тенглигини қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳаракат дастурлари тўғрисидаги резолюция қоидаларини эътиборга олиб,
Эркак ва аёл меҳнаткашлар учун муомала ва имконият тенглигини таъминлашга қаратилган меҳнат бўйича халқаро конвенциялар ва тавсияларни, хусусан, 1951 йилги Тенг ҳақ тўлаш тўғрисидаги конвенция ва Тавсия, 1958 йилги Меҳнат ва иш турлари соҳасида камситиш тўғрисидаги конвенция ва Тавсия ҳамда 1975 йилги Инсон ресурсларини ривожлантириш тўғрисидаги тавсиянинг VIII бўлимини эътиборга олиб,
1958 йилги Меҳнат ва иш турлари соҳасида камситиш тўғрисидаги конвенция оилавий мажбуриятлар асосида амалга ошириладиган фарқлар бевосита кўриб чиқилмаслигини ва бу соҳада янги нормалар қабул қилиниши зарурлигини ҳисобга олинишини эслатиб,
1965 йилги Оилавий мажбуриятларга эга аёллар меҳнати тўғрисидаги тавсия қоидаларини ҳисобга олган ҳолда ва у қабул қилинганидан бери содир бўлган ўзгаришларни эътиборга олиб,
эркаклар ва аёллар учун тенг муомала ва тенг имкониятлар тўғрисидаги ҳужжатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа ихтисослаштирилган муассасалар томонидан ҳам қабул қилинганлигини таъкидлаб, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1979 йилги Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси муқаддимасининг ўн тўртинчи бандида таъкидланганидек, «Конвенциянинг иштирокчи-давлатлари эркак ва аёл ўртасида тўла тенгликка эришиш учун ҳам эркак, ҳам аёлнинг жамият ва оиладаги анъанавий ролини ўзгартириш зарурлигини» эслатиб,
оилавий мажбуриятларга эга ходимларнинг муаммолари оила ва жамиятга тааллуқли кенгроқ масалаларнинг миллий сиёсатни амалга оширишда эътиборга олиниши зарур бўлган жиҳатлари эканлигини эътироф этиб,
оилавий мажбуриятларга эга эркаклар ва аёллар учун, шунингдек, мазкур ва бошқа ходимлар ўртасида ҳақиқий муомала ва имкониятлар тенглигини ўрнатиш зарурлигини эътироф этиб,
барча ходимлар дуч келадиган кўплаб муаммолар оилавий мажбуриятларга эга ходимлар учун кескинлашишини ҳисобга олиб, уларнинг алоҳида эҳтиёжларини қондириш чораларини кўриш ва умуман ходимларнинг аҳволини яхшилашга қаратилган чораларни кўриш орқали уларнинг аҳволини яхшилаш зарурлигини эътироф этиб,
сессия кун тартибининг 5-банди ҳисобланган эркак ва аёл ходимлар: оилавий мажбуриятларга эга ходимлар учун тенг муомала ва тенг имкониятлар тўғрисида бир қатор таклифларни қабул қилишга қарор қилиб,
ушбу таклифларни халқаро конвенция шаклида беришга қарор қилиб,
бир минг тўққиз юз саксон биринчи йил июн ойининг йигирма учинчи кунида қуйида 1981 йилги Оилавий мажбуриятларга эга ходимлар тўғрисидаги конвенция деб номланиши мумкин бўлган Конвенцияни қабул қилди:
1-модда
1. Ушбу Конвенция ўз қарамоғидаги болаларига нисбатан оилавий мажбуриятларга эга эркак ва аёл ходимларга, агар бундай мажбуриятлар уларнинг иқтисодий фаолиятга тайёргарлик кўриш, кириш, иштирок этиш ёки уларда илгарилаш имкониятларини чеклаган ҳолатларда қўлланилади.
2. Ушбу Конвенция қоидалари, шунингдек ҳақиқатдан ҳам парвариш ёки ёрдамга муҳтож бўлган бошқа яқин қариндошлари — уларнинг оила аъзоларига нисбатан мажбуриятларга эга эркак ва аёл ходимларга, агар бундай мажбуриятлар уларнинг иқтисодий фаолиятга тайёргарлик кўриш, кириш, иштирок этиш ёки уларда илгарилаш имкониятларини чеклаган ҳолатларда қўлланилади.
3. Ушбу Конвенция мақсадлари учун «қарамоғида бўлган бола» ва «ҳақиқатдан ҳам парвариш ёки ёрдамга муҳтож бўлган бошқа яқин қариндоши — оила аъзоси» атамалари ҳар бир мамлакатда ушбу Конвенциянинг 9-моддасида кўрсатилган усуллардан бири билан белгиланадиган шахсларни англатади.
4. Ушбу модданинг 1 ва 2-бандлари қоидалари қўлланиладиган ходимлар бундан кейин «оилавий мажбуриятлари бўлган ходимлар» деб номланади.
2-модда
Ушбу Конвенция иқтисодий фаолиятнинг барча соҳаларига ва ходимларнинг барча тоифаларига нисбатан қўлланилади.
3-модда
1. Эркак ва аёл ходимлар учун муомала ва имкониятларнинг ҳақиқий тенглигини таъминлаш учун Ташкилотнинг ҳар бир аъзосининг миллий сиёсатининг мақсадларидан бири шундаки, ҳақ тўланадиган ишларни бажарадиган ёки бажаришни хоҳлайдиган оилавий мажбуриятлари бўлган шахслар бу ишни камситишларга дучор бўлмасдан ва имкони борича касбий ва оилавий мажбуриятини уйғунлаштирган ҳолда амалга оширишда ўз ҳуқуқларидан фойдаланишлари керак.
2. Ушбу модданинг 1-банди мақсадлари учун «камситиш» атамаси 1958 йилги Меҳнат ва иш турлари соҳасида камситиш тўғрисидаги конвенциянинг 1 ва 5-моддаларида белгиланганидек, меҳнат ва иш турлари соҳасидаги камситишни англатади.
4-модда
Эркак ва аёл ходимлар учун муомала ва имкониятларнинг ҳақиқий тенглигини белгилашда қуйидагилар билан бирга миллий шарт-шароит ва имкониятларга мос келадиган барча чоралар кўрилади:
а) оилавий мажбуриятларга эга ходимлар ўзларининг ишни эркин танлашга бўлган ҳуқуқидан фойдаланишлари;
б) уларнинг иш шароитлари ва ижтимоий таъминот соҳасидаги эҳтиёжлари эътиборга олиниши.
5-модда
Шунингдек, қуйидагилар билан бирга миллий шарт-шароит ва имкониятларга мос келадиган барча чоралар кўрилади:
а) маҳаллий даражада тадбирларни режалаштиришда оилавий мажбуриятга эга ходимларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олиш;
б) болаларни парвариш қилиш ва оилага ёрдам кўрсатиш бўйича муассасалари ва хизматлари каби давлат ёки хусусий ижтимоий хизматларни ривожлантириш ва ривожлантиришга кўмаклашиш.
6-модда
Ҳар бир мамлакатнинг ваколатли ҳокимияти ва органлари эркак ва аёл ходимлар учун тенг муомала ва тенг имкониятлар тамойили ҳамда оилавий мажбуриятларга эга ходимларнинг муаммоларини кенгроқ тушунишга кўмаклашувчи ахборот ва таълимни ривожлантиришни рағбатлантириш, шунингдек бу муаммоларни ҳал қилишга ёрдам берадиган жамоатчилик фикрини рағбатлантириш бўйича тегишли чораларни кўрадилар.
7-модда
Миллий шарт-шароит ва имкониятларга мос келадиган барча чора-тадбирлар, шу жумладан оилавий мажбуриятлари бўлган ходимларга меҳнат фаолиятини бошлаши ёки давом эттириши, шунингдек ушбу мажбуриятлар туфайли ишдан бўшатилгандан кейин уни ишга қайта тиклашга имкон берадиган касбга йўналтириш ва тайёрлаш соҳасида чоралар кўрилади.
8-модда
Оилавий мажбуриятлар ўз-ўзидан меҳнат муносабатларини тугатиш учун асос бўла олмайди.
9-модда
Ушбу Конвенция қонун ҳужжатлари ёки қоидалар, жамоа шартномалари, корхонанинг ички меҳнат тартиб қоидалари, арбитраж қарорлари, суд қарорлари ёки ушбу усулларнинг бирикмаси орқали ёхуд миллий шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда, миллий амалиётга мос келадиган ҳар қандай бошқа усулда амалга оширилиши мумкин.
10-модда
1. Ушбу Конвенция қоидалари, миллий шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда, зарур ҳолларда, босқичма-босқич қўлланилиши мумкин, бироқ уларни амалга оширилиши бўйича кўрилган чоралар ҳар қандай ҳолатда ҳам 1-модданинг 1-банди амалда бўлган барча ходимларга нисбатан қўлланилади.
2. Ушбу Конвенцияни ратификация қилаётган Ташкилотнинг ҳар бир аъзоси Халқаро меҳнат ташкилоти Уставининг 22-моддасига мувофиқ тақдим этиладиган Конвенциянинг қўлланилиши тўғрисидаги биринчи маърузасида Конвенциянинг қайси қоидаларига нисбатан мазкур модданинг 1-бандида назарда тутилган имкониятдан фойдаланмоқчи эканлиги маълум қилади ва кейинги маърузаларида ушбу қоидаларни қай даражада амалга оширганлиги ёки амалга оширмоқчи эканлигини кўрсатади.
11-модда
Иш берувчилар ва ходимлар ташкилотлари ушбу Конвенция қоидаларини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва қўллашда миллий шарт-шароитлар ва амалиётга мос келадиган тарзда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
12-модда
Ушбу Конвенцияни ратификация қилиш тўғрисидаги расмий ҳужжатлар рўйхатга олиниши учун Халқаро меҳнат бюроси Бош директорига юборилади.
13-модда
1. Ушбу Конвенция фақат ратификация ҳужжатлари Бош директор томонидан рўйхатга олинган Халқаро меҳнат ташкилотининг аъзоларини бирлаштиради.
2. Ушбу Конвенция Ташкилотнинг икки аъзосининг ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжатлари Бош директор томонидан рўйхатга олинган санадан ўн икки ой ўтгач кучга киради.
3. Кейинчалик ушбу Конвенция Ташкилотнинг ҳар бир аъзоси учун унинг ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжати рўйхатга олинган санадан ўн икки ой ўтгач кучга киради.
14-модда
1. Ушбу Конвенцияни ратификация қилган Ташкилотнинг ҳар бир аъзоси Конвенция дастлаб кучга кирган пайтдан бошлаб ўн йиллик давр тугаганидан кейин Халқаро меҳнат бюроси Бош директорига рўйхатга олиш учун юборилган денонсация қилиш тўғрисидаги ҳужжати орқали Конвенцияни денонсация қилиши мумкин. Денонсация Халқаро меҳнат бюросида денонсация қилиш тўғрисидаги ҳужжат рўйхатга олинганидан кейин бир йил ўтгач кучга киради.
2. Ушбу Конвенцияни ратификация қилган Ташкилотнинг ҳар бир аъзоси юқоридаги бандда қайд этилган ўн йиллик муддат ўтганидан кейин бир йил ичида мазкур моддада кўзда тутилган денонсация қилиш ҳуқуқидан фойдаланмаган бўлса, навбатдаги ўн йиллик муддатни кутишга мажбур бўлади ҳамда у ушбу модда шартларига биноан бу Конвенцияни ҳар ўн йиллик муддат тугаши билан денонсация қилиши мумкин.
15-модда
1. Халқаро меҳнат бюроси Бош директори Ташкилот аъзолари томонидан юборилган барча ратификация қилиш ва денонсация қилиш тўғрисидаги ҳужжатларининг рўйхатга олингани ҳақида Халқаро меҳнат ташкилотининг барча аъзоларини хабардор қилади.
2. Бош директор Ташкилот аъзоларини у томонидан қабул қилинган иккинчи ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжат рўйхатга олингани ҳақида хабардор қилган ҳолда, уларнинг эътиборини ушбу Конвенциянинг кучга кирган санасига қаратади.
16-модда
Халқаро меҳнат бюроси Бош директори Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Уставининг 102-моддасига мувофиқ, аввалги моддалар қоидаларига биноан ўзи рўйхатга олган барча ратификация қилиш ва денонсация қилиш тўғрисидаги ҳужжатларига оид тўлиқ маълумотларни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибига рўйхатга олиш учун юборади.
17-модда
Халқаро меҳнат бюроси Маъмурий кенгаши зарур деб топган ҳолларда, Бош конференцияга ушбу Конвенциянинг қўлланилиши тўғрисидаги маърузани тақдим этади ва уни тўлиқ ёки қисман қайта кўриб чиқиш ҳақидаги масалани Конференция кун тартибига киритиш ёки киритмасликни ҳал қилади.
18-модда
1. Агар Конференция мазкур Конвенцияни тўла ёки қисман қайта кўриб чиқадиган янги конвенция қабул қилса ва янги конвенцияда зид келувчи қоидалар мавжуд бўлмаса, у ҳолда:
а) Ташкилотнинг бирор бир аъзоси томонидан қайта кўриб чиқилган, янги конвенциянинг ратификация қилиниши автоматик тарзда 14-модданинг қоидаларидан қатъи назар, мазкур Конвенциянинг зудлик билан денонсация қилинишига олиб келади, бунда қайта кўриб чиқилган, янги конвенция кучга кирган бўлиши керак;
б) қайта кўриб чиқилган янги конвенция кучга кирган санадан эътиборан, мазкур Конвенция Ташкилот аъзолари томонидан ратификация қилиниши учун ёпиқ.
2. Мазкур Конвенция, ҳар қандай ҳолатда, уни ратификация қилган, аммо қайта кўриб чиқилган, янги конвенцияни ратификация қилмаган Ташкилот аъзолари учун амалдаги шакли ва мазмуни ўз кучида қолади.
19-модда
Ушбу Конвенциянинг инглиз ва француз тилидаги матнлари бир хил кучга эга.
(имзолар)