Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг
буйруғи
Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти томонидан пуллик хизматларни кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 21 январда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3602]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 15 январдаги ПҚ-22-сон «Криминология соҳасида илмий-амалий тадқиқот ишларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 24 июлдаги 445-сон «Криминологик фаолиятни илмий таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти томонидан пуллик хизматларни кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир П. БОБОЖОНОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 25 декабрь,
729-сон
Келишилди:
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори А. ХОДЖАЕВ
2024 йил 26 ноябрь
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2024 йил 25 декабрдаги 729-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти томонидан пуллик хизматларни кўрсатиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти (бундан буён матнда Институт деб юритилади) томонидан жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида шартнома асосида пуллик хизматлар кўрсатиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
буюртмачи — Институтга жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида экспертлик, илмий-тадқиқот, ноширлик ва матбаа фаолияти бўйича хизмат кўрсатишни сўраб ўз ихтиёрига кўра мурожаат қилган жисмоний ёки юридик шахс;
пуллик хизмат — Институт томонидан шартнома асосида ҳақ эвазига жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида экспертлик, илмий-тадқиқот, ноширлик ва матбаа фаолиятини амалга ошириш бўйича кўрсатиладиган хизматлар.
2. Институт жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида шартнома асосида қуйидаги фаолият турлари бўйича пуллик хизмат кўрсатади:
экспертлик фаолияти;
илмий-тадқиқот фаолияти;
ноширлик фаолияти;
матбаа фаолияти.
3. Институт экспертлик фаолияти бўйича қуйидаги пуллик хизматларни кўрсатади:
жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятини амалга оширувчи давлат органлари ходимларининг касбий малакасини ошириш;
жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида жиноятнинг омиллари ва тенденциялари ҳамда уларни бартараф этиш чора-тадбирлари бўйича хулоса бериш.
4. Институт илмий-тадқиқот фаолияти бўйича қуйидаги пуллик хизматларни кўрсатади:
жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш фаолияти соҳасида ижтимоий фикрни ўрганиш бўйича социологик тадқиқотлар ўтказиш;
стенограмма хизматини кўрсатиш (илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар мажлислари стенограммасини тайёрлаш).
5. Институт ноширлик фаолиятида босма маҳсулотларни (илмий ва оммавий адабиётларни, жумладан, китоб, газета, журнал ва тасвирий санъат асарларини) нашр қилишга тайёрлаш бўйича пуллик хизматларни кўрсатади.
6. Институт матбаа фаолияти бўйича қуйидаги пуллик хизматларни кўрсатади:
босма нашрларни босиш;
босма маҳсулотларнинг қолипларини тайёрлаш;
муҳр ва штамплар тайёрлаш, босма маҳсулотларни муқовалаш.
2-боб. Пуллик хизмат кўрсатиш тартиби
7. Буюртмачи пуллик хизмат кўрсатишни сўраб Институтга ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.
8. Институтга мурожаат келиб тушган кундан бошлаб бир иш куни ичида буюртмачи ва Институт ўртасида икки нусхада пуллик хизмат кўрсатиш бўйича шартнома тузилади.
9. Пуллик хизматлар прейскуранти (нархлари) Институт бошлиғи томонидан бозор конъюнктурасидан келиб чиққан ҳолда тасдиқланади.
10. Пуллик хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар Институтнинг бюджетдан ташқари жамғармасига ўтказилади.
11. Пуллик хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағларнинг келиб тушиши ва мақсадли сарфланишини назорат қилиш Институт бошлиғи зиммасига юклатилади.
3-боб. Якуний қоида
12. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.01.2025 й., 10/25/3602/0061-сон)