ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КАМБАҒАЛЛИКНИ ҚИСҚАРТИРИШ ВА БАНДЛИК ВАЗИРИНИНГ
буйруғи
Ишга қабул қилиш чоғида танлов ўтказиш тўғрисидаги намунавий низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 17 январда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3451-1]
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси, Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 7 сентябрдаги ЎРҚ-957-сон «Маъмурий ислоҳотлар доирасида таълим соҳасида давлат бошқаруви такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ва 2024 йил 20 сентябрдаги ЎРҚ-963-сон «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2023 йил 26 июндаги 52-2023/Б-сон буйруғи (рўйхат рақами 3451, 2023 йил 14 август) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.08.2023 й., 10/23/3451/0593-сон) билан тасдиқланган Ишга қабул қилиш чоғида танлов ўтказиш тўғрисидаги намунавий низомга иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир Б. ЗАХИДОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 24 декабрь,
17-2024/Б-сон
Келишилди:
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А. БУРХАНОВ
2024 йил 23 декабрь
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раиси К. РАФИКОВ
2024 йил 20 декабрь
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Раиси Д. ВАХАБОВ
2024 йил 10 декабрь
Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2024 йил 24 декабрдаги 17-2024/Б-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ишга қабул қилиш чоғида танлов ўтказиш тўғрисидаги намунавий низомга киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар
1. 2-банд «ижтимоий келиб чиқиши» деган сўзлардан кейин «қариндошларида судланганликнинг мавжудлиги» деган сўзлар билан тўлдирилсин.
2. 6-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«6. Танлов комиссияси таркиби ташкилотнинг ходимлари орасидан камида беш кишидан иборат ва тоқ сонли таркибда шакллантирилади.
Бунда, ташкилот раҳбари ёки унинг ўринбосари Танлов комиссияси раиси ҳамда ташкилотнинг инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш бўйича таркибий бўлинмаси раҳбари ёки бунга масъул ходими Танлов комиссияси котиби ҳисобланади.
Танлов комиссияси таркибига келишув асосида тегишли соҳанинг малакали мутахассислари, фуқаролик жамияти институтлари, олий таълим ташкилотлари ёки давлат органи ва ташкилоти ҳузуридаги жамоатчилик кенгашларининг вакиллари ҳам киритилиши мумкин.».
3. 19-банддаги «беш кун олдин» деган сўзлар «камида бир ҳафта олдин» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
4. Илованинг 7 ва 8-позицияларидаги «таълим муассасасининг» деган сўзлар «таълим ташкилотининг» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.01.2025 й., 10/25/3451-1/0048-сон)