Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг
буйруғи
Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 17 январда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3599]
Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ буюраман:
1. Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Вазир Д. КУЧКАРОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 6 декабрь,
200-сон
Келишилди:
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Д. КАСИМОВ
2024 йил 29 ноябрь
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Ҳ. ТУРАХУЖАЕВ
2024 йил 20 ноябрь
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А. БУРХАНОВ
2024 йил 11 ноябрь
Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
2024 йил 7 ноябрь
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2024 йил 6 декабрдаги 200-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрини шакллантириш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Ушбу Низом Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрини (бундан буён матнда Реестр деб юритилади) шакллантириш ва юритиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган (бундан буён матнда ваколатли орган деб юритилади) — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги;
инсофсиз ижрочи — Реестрга киритилган харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиси (бундан буён матнда иштирокчи деб юритилади) ёки ғолиби (бундан буён матнда ғолиб деб юритилади) ёхуд давлат харидларининг ижрочиси (бундан буён матнда ижрочи деб юритилади) ҳисобланган Ўзбекистон Республикасининг резиденти ёки норезиденти бўлган жисмоний ёки юридик шахс;
Реестрга киритиш юзасидан мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича ишчи комиссия (бундан буён матнда ишчи комиссия деб юритилади) — иштирокчи ёки ижрочи тўғрисидаги маълумотларни Реестрга киритиш юзасидан мурожаатларни кўриб чиқиш ва хулоса бериш бўйича ишчи орган;
мурожаатчи — иштирокчи ёки ижрочини Реестрга киритиш юзасидан ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилувчи давлат буюртмачиси ва (ёки) харид қилиш тартиб-таомиллари устидан давлат назоратини амалга оширувчи ваколатли давлат органлари, шунингдек жисмоний ва юридик шахслар.
2-боб. Реестрни шакллантириш асослари ва мурожаат қилиш тартиби
2. Реестр ваколатли орган томонидан шакллантириладиган рўйхатдан иборат бўлиб, унга қуйидаги маълумотлар киритилади:
харид қилиш тартиб-таомиллари якунлари бўйича белгиланган шартлар асосида давлат буюртмачиси билан шартнома тузишни ва давлат харидларини амалга оширишни рад этган ёки бошқача усулда бўйин товлаган харид қилиш тартиб-таомиллари ғолиблари тўғрисидаги;
мажбуриятларни бажармаганликда ёхуд тегишли тарзда бажармаганликда белгиланган тартибда айбдор деб топилган ижрочилар ҳақидаги, бундан мажбуриятлар бартараф этиб бўлмайдиган кучлар оқибатида бажарилмаган ёки тегишли тарзда бажарилмаган ҳоллар мустасно;
давлат харидлари жараёнида ёлғон ёки сохта ҳужжатларни тақдим этган, айни битта лотда иштирок этган аффилланган шахслар ёки манфаатлар тўқнашуви тўғрисида маълумотларни очиб бермаган иштирокчилар тўғрисидаги;
суднинг қарорига кўра фирибгарлик, сохталаштириш ва коррупция билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган ижрочилар тўғрисидаги.
3. Реестрга инсофсиз ижрочилар тўғрисидаги маълумотлар қуйидагилар асосида киритилади:
ваколатли органнинг иштирокчи ёки ижрочи тўғрисидаги маълумотларни Реестрга киритиш тўғрисидаги қарорига мувофиқ;
Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг ижрочи тўғрисидаги маълумотларни Реестрга киритиш тўғрисидаги қарорига мувофиқ;
харид қилиш тартиб-таомиллари якунлари бўйича белгиланган шартлар асосида давлат буюртмачиси билан шартнома тузишни ва давлат харидларини амалга оширишни рад этган ёки бошқача усулда бўйин товлаган ғолиб (захирадаги ғолиб бундан мустасно) тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда Махсус ахборот портали орқали.
4. Мурожаатчи ваколатли органга иштирокчи ёки ижрочини Реестрга киритиш юзасидан ёзма ёки электрон шаклда ариза билан мурожаат қилиши мумкин.
Мурожаатчи аризасига иштирокчи ёки ижрочини Реестрга киритиш учун асос бўлган ҳужжатларни, шунингдек суднинг тегишли қарорини (агар мавжуд бўлса) илова қилади.
5. Мурожаат ваколатли органга келиб тушган кундан бошлаб ўн беш кун ичида кўриб чиқилади ва кўриб чиқиш натижаси бўйича ушбу муддат ичида мурожаатчига ёзма ёки электрон шаклда хабар берилади.
3-боб. Ишчи комиссия ва Реестрни шакллантириш тартиби
6. Иштирокчи ёки ижрочи тўғрисидаги маълумотларни Реестрга киритиш тўғрисидаги қарор ваколатли органнинг раҳбари ёки унинг вазифалари юкланган ўринбосари томонидан қабул қилинади.
Бунда, Реестрга киритиш тўғрисидаги қарор қабул қилинишига иштирокчи ёки ижрочи тўғрисидаги маълумотларни Реестрга киритиш ҳақидаги ишчи комиссиянинг хулосаси асос бўлади. Ишчи комиссия томонидан тегишли хулоса ўн кун муддатда тайёрланади.
7. Ишчи комиссия таркиби ваколатли орган раҳбарининг буйруғи билан ваколатли орган раҳбарининг ўринбосари ва ходимлари орасидан камида 7 кишидан иборат таркибда шакллантирилади.
8. Ишчи комиссия фаолиятини ташкил этиш, йиғилишларини ўтказиш ва уларга раҳбарлик қилиш ишчи комиссия раиси томонидан амалга оширилади.
Ишчи комиссия йиғилиши учун ташкилий тайёргарликни таъминлаш комиссия котиби зиммасига юкланади.
Ишчи комиссия йиғилишлари заруратга кўра ўтказилади. Йиғилишларда кун тартибига киритилган масалалар юзасидан коллегиал тарзда хулосалар қабул қилинади.
Ишчи комиссия йиғилишлари аъзоларнинг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади.
Ишчи комиссия хулосалари йиғилишда иштирок этаётган аъзоларнинг кўпчилиги томонидан маъқулланган тақдирда, қабул қилинган ҳисобланади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, ишчи комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
9. Ишчи комиссия котиби томонидан иштирокчи ёки ижрочига, шунингдек мурожаатчига йиғилишдан уч кун олдин ишчи комиссия йиғилиши ҳақида хабар қилинади. Бунда, иштирокчи ёки ижрочи тўғрисидаги маълумотларни Реестрга киритиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишда иштирокчи ёки ижрочи, шунингдек мурожаатчи иштирок этиш ҳуқуқига эга.
10. Ишчи комиссия мурожаатчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларда мазкур Низомнинг 2-бандида назарда тутилган ҳолатлар мавжудлигини ўрганади.
Бунда, тақдим этилган ҳужжатларнинг тўғрилиги ва ҳаққонийлиги учун мурожаатчи жавобгар ҳисобланади.
11. Ишчи комиссия томонидан мазкур Низомнинг 2-бандида назарда тутилган ҳолатлардан бошқа ҳолатлар кўриб чиқилмайди.
12. Ваколатли органнинг иштирокчи ёки ижрочи тўғрисидаги маълумотларни Реестрга киритиш тўғрисида қарор қабул қилинган кунда ваколатли орган Реестрга киритади.
13. Ваколатли орган томонидан қуйидаги ҳолларда иштирокчи ёки ижрочи тўғрисидаги маълумотларни Реестрга киритишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади:
мурожаатчининг аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатларда иштирокчи ва ижрочини Реестрга киритиш учун мазкур Низомнинг 2-бандида назарда тутилган асослар мавжуд бўлмаса;
мурожаатчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг ҳақиқий эмаслиги ёки уларда нотўғри маълумотлар мавжудлиги аниқланганда.
14. Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия томонидан ижрочини Реестрга киритиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда ваколатли орган қарор қабул қилинган куннинг ўзида мазкур қарор асосида ижрочи тўғрисидаги маълумотларни Реестрга киритади.
15. Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссия томонидан ижрочини Реестрга киритиш тўғрисидаги қарор Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги низомда (рўйхат рақами 3013, 2018 йил 14 май) белгиланган тартибда қабул қилинади.
16. Ваколатли орган томонидан Реестрга киритилган куннинг ўзида инсофсиз ижрочига бу тўғрисида ёзма равишда ёки давлат харидлари электрон тизимидаги шахсий кабинети орқали (шахсий кабинети мавжуд бўлган тақдирда) электрон тарзда хабар берилади.
17. Ваколатли органнинг иштирокчи ёки ижрочи тўғрисидаги маълумотларни Реестрга киритиш тўғрисидаги қароридан норози бўлган иштирокчи ёки ижрочи, шунингдек ғолиб қонунчиликда белгиланган тартибда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
18. Давлат харидлари электрон тизими оператори харид қилиш тартиб-таомиллари якунлари бўйича белгиланган шартлар асосида давлат буюртмачиси билан шартнома тузишни ва давлат харидларини амалга оширишни рад этган ёки бошқача усулда бўйин товлаган ғолиб тўғрисидаги ахборотни электрон маълумот алмашинуви орқали автоматик тарзда Махсус ахборот порталига (бундан буён матнда Портал деб юритилади) юборади.
Давлат харидлари электрон тизими операторлари томонидан юборилган инсофсиз ижрочилар тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда Реестрга киритилади.
4-боб. Реестрни юритиш ҳамда инсофсиз ижрочини Реестрдан чиқариш тартиби
19. Реестр ваколатли орган томонидан Порталда юритилади.
20. Реестрда инсофсиз ижрочилар тўғрисидаги қуйидаги маълумотлар акс эттирилади:
юридик шахснинг номи, жойлашган жойи (почта манзили);
юридик шахснинг раҳбарини ҳамда бенефициар мулкдорининг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи;
жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи (якка тартибдаги тадбиркор ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун);
СТИР (юридик шахслар учун), ЖШШИР (жисмоний шахслар учун);
суднинг, ваколат органнинг, Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссиясининг қарори санаси ва нусхаси (ғолиб реестрга автоматик тарзда киритилган ҳоллар бундан мустасно);
Реестрга киритиш ва ундан чиқариш санаси ва асоси.
Бунда, жисмоний шахсларнинг паспорт маълумотлари ҳамда юридик шахс муассисларининг, шунингдек жисмоний шахсларнинг яшаш жойи ҳақидаги ахборотдан бошқа маълумотлар очиқ ҳисобланади ҳамда фойдаланувчилар улардан эркин ва бепул танишиб чиқиши ва фойдаланиши мумкин.
21. Инсофсиз ижрочи Реестрга киритилганидан бошлаб икки йил муддат ўтгандан сўнг автоматик тарзда Реестрдан чиқарилади ҳамда шу куннинг ўзида ваколатли орган томонидан иштирокчи, ижрочига ёки ғолибга ёзма ёки электрон шаклда хабар берилади.
22. Инсофсиз ижрочи суднинг тегишли қарорига кўра Реестрдан чиқарилиши мумкин.
Бунда, суднинг тегишли қарори ваколатли органга келиб тушган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмаган муддатда ваколатли орган инсофсиз ижрочини Реестрдан чиқаради.
5-боб. Якуний қоида
23. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.01.2025 й., 10/25/3599/0044-сон)