ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИҚТИСОДИЁТ ВА МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИНИНГ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИНИНГ
қарори
Юридик шахсларга солиқлар, божхона тўловлари ва йиғимлар бўйича берилган имтиёзларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2024 йил 25 декабрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3590]
Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги ва «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Солиқ қўмитаси қарор қилади:
1. Юридик шахсларга солиқлар, божхона тўловлари ва йиғимлар бўйича берилган имтиёзларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур қарор 2025 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.
Иқтисодиёт ва молия вазири Д. КУЧКАРОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 29 ноябрь,
196-сон
Солиқ қўмитаси раиси Ш. КУДБИЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 28 ноябрь,
2024-22-сон
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2024 йил 29 ноябрдаги 196-сон ва Солиқ қўмитасининг 2024 йил 28 ноябрдаги 2024-22-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Юридик шахсларга солиқлар, божхона тўловлари ва йиғимлар бўйича берилган имтиёзларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисидаги
Низом
Мазкур Низом юридик шахсларга (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) солиқлар, божхона тўловлари ва йиғимлар бўйича берилган имтиёзларни (бундан буён матнда солиқлар ва божхона имтиёзлари деб юритилади) бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ташкилотларга солиқлар ва божхона имтиёзлари:
а) солиқлар ва божхона имтиёзлари берилиши натижасида бўшаган маблағларни (бундан буён матнда бўшаган маблағлар деб юритилади) аниқ мақсадларга йўналтириш шарти билан;
б) бўшаган маблағларни аниқ мақсадларга йўналтириш шарти назарда тутилмаган ҳолда берилади.
2. Бўшаган маблағларни аниқ мақсадларга йўналтириш назарда тутилмаган солиқлар ва божхона имтиёзлари берилганда, ташкилот томонидан солиқлар, божхона тўловлари ва йиғимлар ҳисобланмайди ҳамда маҳсулот (товарлар, ишлар, хизматлар) ва бошқа мол-мулкнинг сотиш (харид) қийматига киритилмайди.
3. Солиқлар ва божхона имтиёзлари бўшаган маблағларни аниқ мақсадларга йўналтириш шарти билан берилганда, солиқлар, божхона тўловлари ва йиғимларни ҳисоблаш амалга оширилади.
Бунда:
а) божхона имтиёзлари суммаси Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномада (рўйхат рақами 2773, 2016 йил 6 апрель) белгиланган тартибда божхона юк декларациясининг 47 ва «В»-графаларида кўрсатилади;
б) солиқ имтиёзлари бўйича ҳисоб-китоблар ташкилот рўйхатга олинган жойдаги солиқ органларига белгиланган шакллар ва муддатларга мувофиқ тақдим этилади. Маҳсулот (товар, ишлар, хизматлар) ва бошқа активлар реализация қилинаётганда, солиқ солинадиган айланмага ҳисобланган акциз солиғи (акцизли товарлар (маҳсулотлар) сотилганда) суммаси ажратилган ҳолда ҳисобварақ фактура ёзилади.
4. Солиқ ва божхона имтиёзлари миқдори солиқлар, божхона тўловлари ва йиғимларнинг ҳисоблаш миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
5. Солиқ ва божхона имтиёзлари ҳар бир солиқ, божхона ва йиғим тури бўйича молиявий ҳисоботга изоҳларда ёритиб берилади.
2-боб. Бўшаган маблағларни аниқ мақсадларга йўналтириш шарти билан берилган солиқ ва божхона имтиёзларини бухгалтерия ҳисобида акс эттириш
6. Бўшаган маблағларни аниқ мақсадларга йўналтириш шарти билан берилган солиқ ва божхона имтиёзларининг бухгалтерия ҳисоби 8840 «Мақсадли фойдаланиладиган солиқ имтиёзлари» ҳисобварағида солиқлар ва божхона имтиёзларининг турлари бўйича юритилади.
Солиқ ва божхона имтиёзларини батафсил ҳисобга олиш мақсадида ташкилотларнинг ишчи ҳисобварақлар режасида қуйидаги ҳисобварақлар очилади:
а) бюджетга бўнак тўловларини ҳисобга олувчи ҳисобварақлар (4400) гуруҳида «Бюджетга солиқлар ва йиғимлар бўйича бўнак тўловлари — солиқ ва божхона имтиёзлари (турлари бўйича)» ҳисобварағи;
б) бюджетга тўловлар бўйича қарзни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар (6400) гуруҳида «Бюджетга тўловлар бўйича қарз — солиқ ва божхона имтиёзлари (турлари бўйича)» ҳисобварағи;
в) суғурта ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар бўйича қарзларни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар (6500) гуруҳида «Давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар — солиқ имтиёзлари (турлари бўйича)» ҳисобварағи;
г) турли кредиторлардан қарзни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар (6900) гуруҳида «Импортда акциз солиғи бўйича ҳисобланган солиқ имтиёзлари (турлари бўйича)» ҳисобварағи.
7. Солиқ ва божхона имтиёзлари бухгалтерия ҳисобида қуйидаги тартибда акс эттирилади:
а) товар-моддий захиралар, асосий воситалар, номоддий активлар ва ўрнатиладиган асбоб-ускуналар харид қилинаётганда ҳамда импорт қилинганда, харид қийматига киритиладиган солиқлар ва божхона тўловлари суммаси:
дебет капитал қўйилмаларни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар (0800), ўрнатиладиган асбоб-ускуналарни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар (0700), товар-моддий захираларни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар (1000 — 2900);
кредит «Бюджетга тўловлар бўйича қарз — солиқ ва божхона имтиёзлари (турлари бўйича)» ҳисобварағи;
б) товар-моддий захиралар, асосий воситалар, номоддий активлар ва ўрнатиладиган асбоб-ускуналар импорт қилинганда:
солиқ тўловчилар учун аниқ мақсадларга йўналтириш шарти билан берилган акциз солиғини ҳисоблаш:
дебет капитал қўйилмаларни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар (0800), ўрнатиладиган асбоб-ускуналарни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар (0700), товар-моддий захираларни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар (1000 — 2900);
кредит «Импортда акциз бўйича ҳисобланган солиқ имтиёзлари (турлари бўйича)» ҳисобварағи;
акциз солиғини тўлашдан озод қилиниши натижасида бўшаган маблағлар суммаси:
дебет «Импортда акциз бўйича ҳисобланган солиқ имтиёзлари (турлари бўйича)» ҳисобварағи;
кредит 8840 «Мақсадли фойдаланиладиган солиқ имтиёзлари» ҳисобварағи;
в) маҳсулот (иш, хизмат)лар сотилганда:
ҳисобланган акциз солиғи суммаси:
дебет 4010 «Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган тўловлар», 4120 «Шуъба ва қарам хўжалик жамиятларидан олинадиган тўловлар» ҳисобварақлари;
кредит «Бюджетга тўловлар бўйича қарз — солиқ ва божхона имтиёзлари (турлари бўйича)» ҳисобварағи;
акциз солиғини тўлашдан озод қилиниши натижасида бўшаган маблағлар суммаси:
дебет «Бюджетга тўловлар бўйича қарз — солиқ ва божхона имтиёзлари (турлари бўйича)» ҳисобварағи;
кредит 8840 «Мақсадли фойдаланиладиган солиқ имтиёзлари» ҳисобварағи;
г) қонунчиликка мувофиқ давр харажатларига олиб бориладиган ҳисобланган солиқ ва йиғимлар суммаси:
дебет 9430 «Бошқа операцион харажатлар» ҳисобварағи;
кредит «Бюджетга тўловлар бўйича қарз — солиқ ва божхона имтиёзлари (турлари бўйича)» ҳисобварағи;
кредит «Давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар — солиқ имтиёзлари (турлари бўйича)» ҳисобварағи;
д) ташкилотларнинг фойдасидан ҳисобланадиган солиқ суммаси:
дебет солиқларни тўлаш учун фойданинг ишлатилишини ҳисобга олувчи ҳисобварақлар (9800);
кредит «Бюджетга тўловлар бўйича қарз — солиқ ва божхона имтиёзлари (турлари бўйича)» ҳисобварағи;
е) солиқлар, божхона тўловлари ва йиғимларни тўлашдан озод қилиниши натижасида бўшаган маблағлар суммаси:
дебет «Бюджетга тўловлар бўйича қарз — солиқ ва божхона имтиёзлари (турлари бўйича)» ҳисобварағи;
дебет «Давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар — солиқ имтиёзлари (турлари бўйича)» ҳисобварағи;
кредит 8840 «Мақсадли фойдаланиладиган солиқ имтиёзлари» ҳисобварағи.
8. 8840 «Мақсадли фойдаланиладиган солиқ имтиёзлари» ҳисобварағида ҳисобга олинган солиқ ва божхона имтиёзлари берилиши натижасида бўшаган маблағлар суммаси қуйидаги тартибда ҳисобдан чиқарилади:
а) асосий воситалар, номоддий активлар, товар-моддий захираларни сотиб олишга, кредит ва қарзларни қоплашга, асосий воситаларни реконструкция ва модернизация қилишга йўналтирилганда, агар имтиёзли давр кўрсатилган бўлса, имтиёзли давр тугаган ёки ҳақиқатда фойдаланилган муддатларнинг энг ками бўйича, имтиёзли давр кўрсатилмаган бўлса, ҳар йили:
дебет 8840 «Мақсадли фойдаланиладиган солиқ имтиёзлари» ҳисобварағи;
кредит «Солиқ ва божхона имтиёзлари»ни ажратган ҳолда 8530 «Текинга олинган мулк» ҳисобварағи;
б) жорий мажбуриятларни вужудга келишига олиб келадиган жорий харажатларни қоплашга йўналтирилганда (масалан, иш ҳақи, ижара, давлат мақсадли жамғармаларига ажратмалар ва бошқалар):
дебет 8840 «Мақсадли фойдаланиладиган солиқ имтиёзлари» ҳисобварағи;
кредит 6010 «Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўловлар» ёки 6120 «Шуъба ва қарам хўжалик жамиятларига тўловлар» ёки 6710 «Меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишлар» ҳисобварақлари ёки турли кредиторларга бўлган қарзларни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар (6900) ёки бошқа тегишли ҳисобварақлар.
3-боб. Бўшаган маблағларни аниқ мақсадларга йўналтириш шарти назарда тутилмаганда солиқ ва божхона имтиёзларини бухгалтерия ҳисобида акс эттириш
9. Бўшаган маблағларни аниқ мақсадларга йўналтириш назарда тутилмаган солиқ ва божхона имтиёзлари бухгалтерия ҳисобининг баланс ҳисобварақларида акс эттирилмайди ҳамда молиявий натижаларни шакллантиришга таъсир қилмайди.
10. Бўшаган маблағларни аниқ мақсадларга йўналтириш назарда тутилмаган солиқлар ва божхона имтиёзлари учун ҳар бир солиқ, божхона тўлови ва йиғимлар тури бўйича алоҳида «Вақтинчалик солиқ ва божхона имтиёзлари» балансдан ташқари ҳисобварағи очилади.
Ҳар бир солиқ, божхона тўлови ва йиғимлар тури бўйича ҳисобланган, бўшаган маблағлар суммаси мазкур ҳисобварақларнинг дебети бўйича акс эттирилади.
11. Имтиёз берилган давр тугаганидан сўнг «Вақтинчалик солиқ ва божхона имтиёзлари» балансдан ташқари ҳисобварақлари дебетида ҳисобга олинадиган бўшаган маблағлар суммаси ушбу ҳисобварақлар кредитига ҳисобдан чиқарилади.
4-боб. Якуний қоида
12. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2024 йил 29 ноябрдаги 196-сон ва Солиқ қўмитасининг 2024 йил 28 ноябрдаги 2024-22-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўз кучини йўқотган деб топилаётган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар
РЎЙХАТИ
1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитасининг 2005 йил 24 февралдаги 29, 2005-25, 01-02/8-3-сон «Юридик шахсларга солиқлар, божхона ва мажбурий тўловларни бюджетга тўлаш бўйича берилган имтиёзларни расмийлаштириш ва бухгалтерия ҳисобида акс эттириш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 1463, 2005 йил 2 апрель) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 14-сон, 105-модда).
2. Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2023 йил 6 июлдаги 52-сон «Давлат бошқаруви тизимининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг айрим идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 3448, 2023 йил 25 июль) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.07.2023 й., 10/23/3448/0539-сон) илованинг 7-банди.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.12.2024 й., 10/24/3590/1074-сон)