Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўттиз икки йиллигини муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш, Асосий Қонунимизда белгиланган халқ ҳокимиятчилиги, инсон қадри, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик каби эзгу ғояларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилишга қаратилган, «Конституция — эркин ва фаровон ҳаёт гарови!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий ҳамда маънавий-маърифий тадбирларни самарали ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир чора-тадбирлар режаси (бундан буён матнда Чора-тадбирлар режаси деб юритилади) иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Қарор иловаси берилмайди.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар ва комиссиялар Чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш юзасидан барча зарур чораларни кўрсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари томонидан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш ва унинг асосида қабул қилинган қонунларнинг аҳамиятини етказиш, шунингдек «Ўзбекистон — 2030» стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг натижаларини сайловчиларга тушунтириш ишларини ташкил этиш;
ҳудудларда амалга ошириладиган тарғибот-ташвиқот тадбирларига сиёсий партиялар фаолларини ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларини кенг жалб этиш тавсия қилинсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девонининг Парламент ахборот маркази (М. Парманова) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси куни байрами муносабати билан Қонунчилик палатаси томонидан ўтказиладиган тадбирларнинг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этсин.
5. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Р. Хакимов зиммасига юклатилсин.
6. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 25 ноябрь,
75-V-сон