Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Йўл ҳаракати қоидаларига пиёдалар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Республикамизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг, жумладан, пиёдалар ва болалар иштирокидаги бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича тизимли чоралар кўрилмоқда.
Шу билан бирга, йўл инфратузилмасида етарли шароитлар яратилмаганлиги натижасида йўл қатнов қисмида пиёдаларнинг ҳаракатланиши йўл ҳаракати хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Пиёдалар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, улар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, пиёдалар ҳаракатининг устуворлигини ҳамда йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларига иловага мувофиқ «Баланд пиёдалар ўтиш жойлари» йўл белгисини ҳамда йўл ётиқ чизиқларини жорий қилишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Белгилансинки, «Баланд пиёдалар ўтиш жойлари» йўл белгиси ҳамда йўл ётиқ чизиқлари шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларида, давлат ва маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль йўлларининг ёритилган ҳамда юқори тезлик соатига 30 километргача чеклов жорий қилинган участкаларида, турар жой даҳаларидаги кўриниш чекланган чорраҳаларда, болалар майдончалари ҳамда таълим ташкилотлари олдидаги йўл участкаларида, оммавий дам олиш жойлари, стадионлар, вокзаллар, савдо марказлари ва бошқа одам кўп тўланадиган жойларда, кўчаларнинг 1.21. «Болалар» йўл белгиси таъсиридаги қисмларига ўрнатилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Транспорт вазирлиги ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда икки ой муддатда таҳлиллар асосида 2025-2026 йилларда «Баланд пиёдалар ўтиш жойлари» йўл белгиси ҳамда йўл ётиқ чизиқларини ўрнатиш зарур бўлган жойлар рўйхатини тасдиқласин.
4. Белгилансинки, «Баланд пиёдалар ўтиш жойлари» йўл белгиси ҳамда йўл ётиқ чизиқлари шаҳарлар, вилоятлар, туманлар марказларидаги кўчаларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» республика жамғармаси ҳамда давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўллари, шунингдек, бошқа аҳоли пунктларидаги кўчаларда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ўрнатилади.
5. Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Транспорт вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Oʻz DSt 3403:2022 «Сунъий нотекисликлар. Умумий техник талаблар», Oʻz DSt 3283:2022 «Йўл белгилари умумий техник талаблар» Ўзбекистон Республикасининг давлат стандартларига ушбу қарорга мувофиқ жорий этилаётган «Баланд пиёдалар ўтиш жойлари» йўл белгиси ҳамда йўл ётиқ чизиқлари ўрнатиладиган жойларнинг техник кўрсаткичларини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов ва транспорт вазири И.Р. Маҳкамов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 30 ноябрь,
805-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 ноябрдаги 805-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 183-банд қуйидаги мазмундаги ўн бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Баланд пиёдалар ўтиш жойларини ташкил этиш.».
2. 1-иловада:
а) Огоҳлантирувчи белгиларда 1.20-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1.20. «Пиёдалар ўтиш жойи». 5.16.1, 5.16.2, 5.48 белгилари ва (ёки) 1.14.1 — 1.14.4, 1.29.1 — 1.29.3 йўл чизиқлари билан белгиланган пиёдалар ўтиш жойини билдиради.»;
5.18-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«5.18. «Тавсия этилган тезлик». Йўлнинг шу қисмида тавсия этилган ҳаракатланиш тезлигини билдиради. Белгига энг яқин чорраҳагача амал қилинади. 5.18 белгиси огоҳлантирувчи белги билан бирга қўлланса, унинг таъсир оралиғи хавфли қисмнинг узунлиги билан аниқланади. 5.48 йўл белгиси ўрнатилган кўча ва йўлларда ўрнатилиши лозимлигини билдиради»;
қуйидаги мазмундаги 5.48-банд билан тўлдирилсин:
«5.48. «Баланд пиёдалар ўтиш жойи». 5.16.1-5.16.2 йўл белгилари билан бирга қўлланилади»;
в) Йўл белгиларининг тасвирлари туширилган қисмида:
«Ахборот-ишора белгилари» сўзлари «Ахборот-кўрсатгич белгилари» сўзлари билан алмаштирилсин;
қуйидаги тасвирдаги йўл белгиси билан тўлдирилсин:
«

5.48. «Баланд пиёдалар ўтиш жойи».
3. 2-иловада:
Ётиқ чизиқлар қуйидаги мазмундаги 1.29.1, 1.29.2 ва 1.29.3-бандлар билан тўлдирилсин:

1.29.1-сунъий нотекислик (баланд пиёдалар ўтиш жойини билдиради);

1.29.2-сунъий нотекислик (автомобиль йўлларида «3D» кўринишдаги баланд пиёдалар ўтиш жойини билдиради);

1.29.3-автомобиль йўлларида «3D» кўринишдаги пиёдалар ўтиш жойи».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.12.2024 й., 09/24/805/1001-сон)