Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 13 августда қабул қилинган
Сенат томонидан 2024 йил 24 октябрда маъқулланган
Сенат томонидан 2024 йил 24 октябрда маъқулланган
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини янада демократлаштиришга ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хорижий давлатларда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқларини таъминлаш кафолатларини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси томонидан айрим хорижий давлатлар билан озодликдан маҳрум этилган шахсларни жазони ўташни давом эттириш учун, шунингдек ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахсларни мажбурий даволашни давом эттириш учун қабул қилиб олиш ва бериш тўғрисида халқаро шартномалар тузилган.
Шу муносабат билан бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида хорижий давлат судининг қарори тан олиниши ва ижрога қаратилишини, озодликдан маҳрум этилган шахсларни ҳамда ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахсларни қабул қилиб олиш ҳамда бериш асосларини, шунингдек суд жараёни иштирокчиларининг процессуал мақомини тартибга солувчи нормаларни назарда тутувчи қоидаларни белгилаш зарурияти юзага келмоқда.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси хорижий давлат судининг қарори тан олиниши ва ижрога қаратилишини, озодликдан маҳрум этилган шахсни жазони ўташни давом эттириш учун, шунингдек ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахсни мажбурий даволашни давом эттириш учун қабул қилиб олишни ҳамда хорижий давлатга беришни назарда тутувчи янги 66-боб билан тўлдирилмоқда. Шунингдек озодликдан маҳрум этилган шахсларни ва ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахсларни қабул қилиб олиш ҳамда бериш асослари, суд жараёни иштирокчиларининг процессуал мақоми белгиланмоқда.
Ушбу Қонун хориждаги фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликлари самарали ҳимоя қилинишини кучайтиришга, миллий қонунчиликда озодликдан маҳрум этилган шахсларни ҳамда ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахсларни қабул қилиб олиш ва бериш тартибининг норматив-ҳуқуқий асосини шакллантиришга ҳамда уларга белгиланган жазони ўз давлатида ўташ имкониятини бериш орқали ижтимоий реабилитация қилинишини жадаллаштиришга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2013-XII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 2, 5-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 12, 269-модда; 1997 йил, № 2, 56-модда, № 9, 241-модда; 1998 йил, № 5-6, 102-модда, № 9, 181-модда; 1999 йил, № 1, 20-модда, № 5, 124-модда, № 9, 229-модда; 2000 йил, № 5-6, 153-модда, № 7-8, 217-модда; 2001 йил, № 1-2, 11, 23-моддалар, № 9-10, 165, 182-моддалар; 2002 йил, № 9, 165-модда; 2003 йил, № 5, 67-модда; 2004 йил, № 1-2, 18-модда, № 9, 171-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 12, 418-модда; 2006 йил, № 6, 261-модда; 2007 йил, № 4, 166-модда, № 6, 248, 249-моддалар, № 9, 422-модда, № 12, 594, 595, 607-моддалар; 2008 йил, № 4, 177, 187-моддалар, № 9, 482, 484, 487-моддалар, № 12, 636, 641-моддалар; 2009 йил, № 1, 1-модда, № 4, 136-модда, № 9, 335-модда, № 12, 469, 470-моддалар; 2010 йил, № 6, 231-модда, № 9, 334, 336, 337, 342-моддалар, № 12, 477-модда; 2011 йил, № 4, 103, 104-моддалар, № 9, 252-модда, № 12/2, 363-модда; 2012 йил, № 1, 3-модда, № 9/2, 244-модда, № 12, 336-модда; 2014 йил, № 9, 244-модда; 2015 йил, № 8, 310, 312-моддалар, № 12, 452-модда; 2016 йил, № 4, 125-модда, № 9, 276-модда, № 12, 385-модда; 2017 йил, № 3, 47-модда, № 6, 300-модда, № 9, 506, 510-моддалар, № 10, 605-модда; 2018 йил, № 1, 1, 5-моддалар, № 4, 218, 224-моддалар, № 7, 430, 431-моддалар, № 10, 679-модда; 2019 йил, № 1, 3, 5-моддалар, № 2, 47-модда, № 3, 161-модда, № 5, 259, 267-моддалар, № 7, 386-модда, № 8, 469-модда, № 9, 589, 592-моддалар, № 10, 671-модда, № 11, 787, 791-моддалар, № 12, 880, 881, 891-моддалар; 2020 йил, № 3, 204-модда, № 5, 296-модда, № 12, 689-модда; 2021 йил, № 1, 5, 11, 13, 14-моддалар, № 2, 142, 144-моддалар, 4-сонга илова, № 8, 800, 803-моддалар, № 9, 903-модда, № 10, 973-модда, № 12, 1193-модда; 2022 йил, № 2, 81-модда, № 3, 216-модда, № 4, 337-модда, № 6, 575-модда; 2023 йил, № 3, 184, 185-моддалар, № 4, 265, 269-моддалар, № 5, 319-модда, № 9, 713-модда; 2024 йил, № 1, 8-модда, № 2, 115-модда) қуйидаги қўшимчалар ва ўзгартириш киритилсин:
1) 29-модданинг биринчи қисми «прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномасини кўриб чиқиш» деган сўзлардан кейин «прокурорнинг хорижий давлат судининг қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимосномасини кўриб чиқиш» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
2) 542-модданинг номи ва биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«542-модда. Ҳукмни, ажримни ва қарорни ижро этиш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш тартиби
Ҳукмни, ажримни ва қарорни ижро этиш тўғрисидаги масалалар судья томонидан прокурор ҳамда маҳкум иштирокида, ушбу Кодекс 613-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда эса маҳкум ёки ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахс иштирокисиз суд мажлисида ҳал қилинади. Маҳкумнинг ушбу Кодекс 532-моддасида назарда тутилган ҳуқуқлари таъминланади. Судья вояга етмаган, шунингдек жисмоний нуқсонлари бўлган ёки руҳий ҳолати бузилган маҳкумларга доир ҳукмларни ижро этиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқаётганида ҳимоячи иштирок этиши шарт»;
3) қуйидаги мазмундаги 66-боб билан тўлдирилсин:
«66-боб. ХОРИЖИЙ ДАВЛАТ СУДИНИНГ ҚАРОРИНИ ТАН ОЛИШ ВА ИЖРОГА ҚАРАТИШ. ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ЭТИЛГАН ШАХСНИ ЖАЗОНИ ЎТАШНИ ДАВОМ ЭТТИРИШ УЧУН, ШУНИНГДЕК ЎЗИГА НИСБАТАН ТИББИЙ ЙЎСИНДАГИ МАЖБУРЛОВ ЧОРАСИ ҚЎЛЛАНИЛГАН ШАХСНИ МАЖБУРИЙ ДАВОЛАШНИ ДАВОМ ЭТТИРИШ УЧУН ҚАБУЛ ҚИЛИБ ОЛИШ ВА ХОРИЖИЙ ДАВЛАТГА БЕРИШ
610-модда. Ўзбекистон Республикаси томонидан хорижий давлат судининг қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш
Хорижий давлат судининг қарори ушбу Кодексда белгиланган тартибда ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикасида тан олиниши ва ижрога қаратилиши мумкин:
1) хорижий давлатда озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазога ҳукм қилинган ва жазони ўтаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси — жазони Ўзбекистон Республикасида ўташни давом эттириш учун қабул қилиб олинганда;
2) хорижий давлат ҳудудида ақли норасолик ҳолатида ижтимоий хавфли қилмиш содир этган ёки ушбу қилмишни содир этганидан кейин руҳий ҳолатининг бузилиши юзага келган Ўзбекистон Республикаси фуқаросига нисбатан хорижий давлат судининг тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги қарори мавжуд бўлса, — мажбурий даволашни Ўзбекистон Республикасида давом эттириш учун қабул қилиб олинганда;
3) хорижий давлат суди томонидан ҳукм қилиниб, жазони ўтамаган шахс хорижий давлат томонидан Ўзбекистон Республикасига ушлаб берилганда;
4) хорижий давлат суди томонидан ҳукм қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқаросини хорижий давлатга ушлаб бериш рад этилганда;
5) Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.
611-модда. Озодликдан маҳрум этилган шахсни жазони ўташни давом эттириш учун, шунингдек ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахсни мажбурий даволашни давом эттириш учун бериш ва қабул қилиб олиш асослари
Ушбу Кодексда белгиланган тартибда ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига асосан:
1) жазони ўташни давом эттириш учун — Ўзбекистон Республикаси суди томонидан озодликдан маҳрум этилган чет эл фуқароси ўзи фуқаролигига мансуб бўлган давлатга берилиши ёки хорижий давлат суди томонидан озодликдан маҳрум этилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси хорижий давлатдан қабул қилиб олиниши мумкин;
2) мажбурий даволашни давом эттириш учун — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ақли норасолик ҳолатида ижтимоий хавфли қилмишни содир этган ёки ушбу қилмишни содир этганидан кейин руҳий ҳолати бузилиши юзага келган ва ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси судининг қарори мавжуд бўлган чет эл фуқароси ўзи фуқаролигига мансуб бўлган давлатга берилиши ёки хорижий давлат суди томонидан ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароси хорижий давлатдан қабул қилиб олиниши мумкин.
612-модда. Озодликдан маҳрум этилган шахсни жазони ўташни давом эттириш учун, шунингдек ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахсни мажбурий даволашни давом эттириш учун қабул қилиб олиш шартлари
Ушбу Кодекснинг 611-моддасида кўрсатилган шахсларни Ўзбекистон Республикаси томонидан қабул қилиб олишга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтаётган ёки мажбурий даволанишда бўлган шахснинг ёхуд унинг қонуний вакилининг ёки яқин қариндошининг аризасига, шунингдек қабул қилинаётган шахснинг ёки унинг қонуний вакилининг розилиги билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг ёки хорижий давлат ваколатли органининг сўровига кўра йўл қўйилади.
613-модда. Озодликдан маҳрум этилган шахсни жазони ўташни давом эттириш учун, шунингдек ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахсни мажбурий даволашни давом эттириш учун қабул қилиб олиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш
Ушбу Кодекснинг 611-моддасида кўрсатилган шахслар ва уларнинг қонуний вакиллари ёки яқин қариндошлари, шунингдек хорижий давлатнинг ваколатли органлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига озодликдан маҳрум этилган шахсни жазони ўташни давом эттириш учун ёхуд ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахсни мажбурий даволашни давом эттириш учун Ўзбекистон Республикасига қабул қилиб олиш тўғрисида мурожаат қилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига ушбу Кодекснинг 611-моддасида кўрсатилган шахсларни қабул қилиб олиш тўғрисида мурожаат қилинганидан ва ушбу шахсларнинг фуқаролиги тасдиқланганидан кейин Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хорижий давлатнинг ваколатли органига масалани ҳал этиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тақдим этиш тўғрисида сўров юборади.
Сўров қаноатлантирилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосари ушбу Кодекснинг 611-моддасида кўрсатилган шахсларни қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилади. Шундан кейин Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосари хорижий давлат судининг қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисида судга илтимоснома киритади.
Илтимоснома ушбу Кодекснинг 611-моддасида кўрсатилган шахсларнинг доимий яшаш жойи бўйича, уларнинг доимий яшаш жойи мавжуд бўлмаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида охирги рўйхатга олинган жойи бўйича, ушбу Кодекснинг 542-моддасида назарда тутилган тартибда жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг судьяси томонидан кўриб чиқилади.
Маҳкумнинг ёки ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахснинг йўқлиги хорижий давлат судининг қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги илтимосноманинг суд томонидан кўриб чиқилишига тўсқинлик қилмайди.
614-модда. Озодликдан маҳрум этилган шахсни жазони ўташни давом эттириш учун, шунингдек ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахсни мажбурий даволашни давом эттириш учун қабул қилиб олишда жазони белгилаш тартиби
Жазони ўташ учун халқаро шартномаларга мувофиқ хорижий давлат томонидан топширилган маҳкумга нисбатан жазо муддати хорижий давлат судининг ҳукми билан тайинланган муддатга мутаносиб равишда ҳисобланади.
Агар Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига мувофиқ содир этилган жиноят учун озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазонинг энг кўп муддати хорижий давлат судининг ҳукми билан тайинланган муддатдан кам бўлса, суд Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида мазкур жиноятни содир этганлик учун озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазонинг энг кўп муддатини белгилайди.
Агар хорижий давлат суди томонидан шахсга хорижий давлат ҳудудида содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо тайинланган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида эса ушбу жиноят учун озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилмаган бўлса, суд мазкур жиноят учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган оғирроқ жазо турини тайинлайди.
Шахснинг хорижий давлат ҳудудида содир этган жинояти учун тайинланган жазо тури Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида назарда тутилмаган ҳолларда, суд хорижий давлат суди томонидан тайинланган жазо турига мос келадиган, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида назарда тутилган бошқа жазо турини тайинлайди.
Агар хорижий давлат судининг ҳукми билан шахсга бир неча қилмиш учун жазо тайинланган бўлиб, уларнинг айримлари Ўзбекистон Республикасида жиноят ҳисобланмаса, суд хорижий давлат судининг ҳукми бўйича тайинланган жазонинг қайси қисми Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ жиноят ҳисобланадиган қилмишга нисбатан қўлланилишини белгилайди.
Хорижий давлат судининг қарори билан тайинланган қўшимча жазони тан олиш ва ижрога қаратиш суд томонидан ушбу жиноятнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва ушбу Кодексга мувофиқ ҳал қилинади.
Хорижий давлат судининг қарори билан тайинланган жазонинг маҳкум томонидан ўталган қисми суд томонидан ажрим чиқаришда жазо муддатига қўшиб ҳисобланади.
615-модда. Суд ажрими
Суд илтимосномани кўриб чиқиб ажрим чиқаради, унда қуйидагилар кўрсатилади:
1) хорижий давлат судининг номи, қарор қабул қилинган вақт ва жой;
2) маҳкумнинг ёки ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, Ўзбекистон Республикасидаги охирги яшаш жойи, ҳукм қилингунига ёки ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилгунига қадар ишлаган жойи ва лавозими, фуқаролиги тўғрисидаги маълумотлар;
3) содир этилишида шахс айбли деб топилган жиноятнинг тавсифи ва шахснинг ҳукм қилинишига ёхуд ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилишига асос бўлган хорижий давлат жиноят тўғрисидаги қонунининг моддаси (қисми, банди);
4) маҳкум ёки ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахс содир этган жиноят учун жавобгарлик назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг моддаси (қисми, банди);
5) маҳкумнинг Ўзбекистон Республикасида ўташи керак бўлган жазо тури ва муддати, тегишли тартибли колония тури, фуқаролик даъвоси бўйича келтирилган зарарнинг ўрнини қоплаш ёки ундириш тартиби, мажбурий даволанаётган шахсга нисбатан қўлланилиши лозим бўлган тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасининг тури;
6) ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа маълумотлар.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосари томонидан хорижий давлат судининг қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисида киритилган илтимосномани кўриб чиқишда, агар суд:
1) хорижий давлат судининг қарори билан ҳукм қилинган ёхуд ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахснинг қилмиши Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ жиноят ҳисобланмаслиги;
2) жазони ижро этиш муддати ўтиб кетганлиги туфайли ёхуд Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида ёки халқаро шартномаларида назарда тутилган бошқа асосга кўра хорижий давлат судининг қарорини ижро этиш мумкин эмаслиги;
3) хорижий давлат судининг қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига, суверенитетига ёки хавфсизлигига зарар етказиши мумкинлиги ҳақида хулосага келса, хорижий давлат судининг қарорини тан олишни ва ижрога қаратишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради.
Суднинг ажрими ўқиб эшиттирилган кундан эътиборан кучга киради ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига унинг ижросини таъминлаш чораларини кўриш учун, ҳимоячига ва бошқа манфаатдор шахсларга эса маълумот учун юборилади.
616-модда. Қабул қилиб олинган шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ижро этишни ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллашни ташкил этиш
Хорижий давлат судининг қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги суд ажрими чиқарилганидан кейин Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига, зарур бўлган тақдирда эса Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига шахсни хорижий давлат ҳудудида жазони ижро этиш муассасасидан ёки психиатрия муассасасидан бериш ва қабул қилиб олиш жойини, вақтини, тартибини ва ташкил этилишини келишиш тўғрисида топшириқ беради.
Ушбу Кодекснинг 611-моддасида кўрсатилган шахсларга нисбатан жазони ижро этиш ёки мажбурий даволаш Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
Ушбу Кодекснинг 611-моддасида кўрсатилган шахсларга нисбатан муддатидан илгари шартли озод қилиш, жазонинг ўталмай қолган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириш, афв этиш, амнистия актини қўллаш, шунингдек тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллашни бекор қилиш ёки ўзгартириш Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида ва халқаро шартномаларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хорижий давлатнинг ваколатли органини жазони ижро этиш ёки мажбурий даволаш ҳолати ва натижаси тўғрисида қуйидаги ҳолларда хабардор қилади:
1) жазони ижро этиш ёки мажбурий даволаш Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ якунланганида;
2) ушбу Кодекснинг 611-моддасида кўрсатилган шахслар вафот этганида ёки қочиб кетганида.
617-модда. Хорижий давлат судининг қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш
Хорижий давлат судининг қарорини қайта кўриб чиқиш билан боғлиқ ҳар қандай масалалар мазкур давлатнинг суди томонидан ҳал қилинади.
Ўзбекистон Республикасида жазо ўтаётган ёки мажбурий даволанаётган шахсга нисбатан чиқарилган хорижий давлат судининг қарори бекор қилинган ёки ўзгартирилган ёхуд хорижий давлат ёки Ўзбекистон Республикаси томонидан амнистия ёки афв этиш акти қўлланилган тақдирда, хорижий давлат судининг қайта кўриб чиқилган қарорини ижро этиш, шунингдек амнистия ёхуд афв этиш актини қўллаш масалалари Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ ҳал қилинади.
Агар хорижий давлат судининг қарори бекор қилинган ва иш суд муҳокамасида янгитдан кўриш учун тайинланган бўлса, келгусида жазони ўташ тўғрисидаги масала Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан ушбу Кодексга мувофиқ ҳал қилинади.
618-модда. Озодликдан маҳрум этилган шахсни жазони ўташни давом эттириш учун, шунингдек ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахсни мажбурий даволашни давом эттириш учун бериш шартлари
Ушбу Кодекснинг 611-моддасида кўрсатилган шахсларни Ўзбекистон Республикаси томонидан бериш озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтаётган ёки мажбурий даволанишда бўлган шахснинг ёхуд унинг қонуний вакилининг ёки яқин қариндошининг аризасига кўра, шунингдек берилаётган шахснинг ёки унинг қонуний вакилининг розилиги билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг ёки хорижий давлат ваколатли органининг сўровига кўра йўл қўйилади.
Ушбу Кодекснинг 611-моддасида кўрсатилган шахсларни Ўзбекистон Республикаси томонидан бериш Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ёки унинг ўринбосарининг қарорига кўра амалга оширилади.
619-модда. Озодликдан маҳрум этилган шахсни жазони ўташни давом эттириш учун, шунингдек ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахсни мажбурий даволашни давом эттириш учун бериш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш тартиби
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосари ушбу Кодекснинг 611-моддасида кўрсатилган шахсларни бериш тўғрисидаги материалларни ўрганиб ва текшириб чиққанидан кейин, агар улар тегишли тарзда расмийлаштирилган бўлса ҳамда ушбу Кодексда ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда мазкур шахсларни бериш тўғрисида қарор қабул қилади, бу ҳақда хорижий давлатнинг ваколатли органига ва бериш масаласини кўриб чиқиш тўғрисида мурожаат қилган шахсга хабар қилади.
Ушбу Кодекснинг 611-моддасида кўрсатилган шахсларнинг берилиши уларни муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш, жазонинг ўталмай қолган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириш, афв этиш, амнистия актини қўллаш, шунингдек тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллашни тугатиш ёки ўзгартириш тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида назарда тутилган тартибда илтимос қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ушбу Кодекснинг 611-моддасида кўрсатилган шахсни бериш тўғрисида қабул қилинган қарор ҳақида, шунингдек хорижий давлат судининг Ўзбекистон Республикаси судининг қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги қарори ҳақида ҳукмни ёки ажримни чиқарган судни хабардор қилади.
Ўзбекистон Республикасида амнистия акти эълон қилинган тақдирда, прокурорнинг илтимосномасига биноан суд берилган шахсга нисбатан амнистия актини қўллаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқади.
620-модда. Берилган шахсга нисбатан суд ҳукмини бекор қилиш ёки ўзгартириш, шунингдек тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллашни тугатиш ёки ўзгартириш тўғрисидаги хабарнома
Хорижий давлатга жазони ўташни давом эттириш учун берилган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси судининг ҳукмини ёки мажбурий даволашни давом эттириш учун берилган шахсга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги суд ажрими бекор қилинган ёки ўзгартирилган тақдирда, шунингдек уларга нисбатан Ўзбекистон Республикасида амнистия акти ёхуд афв этиш қўлланилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хорижий давлатнинг ваколатли органига тегишли қарорнинг кўчирма нусхасини юборади.
621-модда. Озодликдан маҳрум этилган шахсни жазони ўташни давом эттириш учун, шунингдек ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахсни мажбурий даволашни давом эттириш учун хорижий давлатга беришни рад этиш
Ушбу Кодекснинг 611-моддасида кўрсатилган шахсларни бериш қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкин, агар:
1) шахснинг озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинишига ёки унга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилишига сабаб бўлган қилмишларнинг ҳеч бири у фуқароси бўлган давлатнинг ёки доимий яшаш жойидаги давлатнинг қонунчилигига кўра жиноят деб эътироф этилмаса;
2) озодликдан маҳрум этилган шахсни ёки ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахсни бериш тўғрисида мазкур давлат билан келишувга эришилмаган бўлса;
3) озодликдан маҳрум этилган шахсни ёки ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахсни бериш Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлса;
4) озодликдан маҳрум этилган шахс ёки ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахс ҳукмни ижро этувчи давлатнинг фуқароси бўлмаса;
5) хорижий давлатда жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги оқибатида ёки ушбу давлатнинг қонунчилигида назарда тутилган бошқа асосларга кўра жазони ижро этиш мумкин бўлмаса;
6) озодликдан маҳрум этилган шахсни бериш тўғрисидаги сўров олинган пайтда озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмай қолган қисми олти ойдан кам бўлса;
7) хорижий давлатнинг қонунчилигида худди шундай тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси назарда тутилмаган бўлса;
8) хорижий давлатда зарурий даволанишни ва тегишли махсус тиббий чораларни таъминлаш имкони мавжуд бўлмаса;
9) Ўзбекистон Республикасининг тегишли халқаро шартномаларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.
622-модда. Озодликдан маҳрум этилган шахсни жазони ўташ учун беришнинг ҳуқуқий оқибатлари
Ҳукмни ижро этувчи давлатга жазони ўташ учун берилган озодликдан маҳрум этилган шахсга нисбатан ушбу давлат ҳудудида худди шу каби жиноят учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан айни шундай ҳуқуқий оқибатлар келиб чиқади.
Бошқа давлат суди томонидан ҳукм қилинган ва жазони ижро этиш учун берилган шахс ҳукмни ижро этувчи давлат ҳудудида айнан шу қилмиши учун такроран жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
623-модда. Озодликдан маҳрум этилган шахсни жазони ўташни давом эттириш учун, шунингдек ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахсни мажбурий даволашни давом эттириш учун бериш ва қабул қилиб олиш билан боғлиқ харажатлар
Озодликдан маҳрум этилган шахсни жазони ўташни давом эттириш учун, шунингдек ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахсни мажбурий даволашни давом эттириш учун бериш ва қабул қилиб олиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгиланган тартибда амалга оширилади».
2-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 4 декабрь,
ЎРҚ-1009-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.12.2024 й., 03/24/1009/1004-сон)