Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига ипакчилик тармоғини янада ривожлантиришга қаратилган қўшимча киритиш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 30 сентябрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2024 йил 23 октябрда маъқулланган
Сенат томонидан 2024 йил 23 октябрда маъқулланган
Мамлакатимизда ипакчилик тармоғини ривожлантиришга, пилла етиштирувчи касаначиларни қўллаб-қувватлашга ва мазкур тармоқда ишлаб чиқариш ҳажмларини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга уй шароитида пилла етиштириш фаолияти билан шуғулланишни янада рағбатлантириш учун солиқ имтиёзларини бериш зарурияти юзага келмоқда.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига жисмоний шахсларнинг уй шароитида тирик пилла етиштириш (касаначилик) фаолиятидан олинган даромадларини жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилишни, уй шароитида тирик пилла етиштирувчи касаначилар меҳнатига ҳақ тўлашга йўналтириладиган маблағлар ижтимоий солиқдан озод қилинишини, шунингдек тутзорлар билан банд бўлган ер участкалари учун ер солиғи камайтирувчи коэффициент қўлланилган ҳолда ҳисоблаб чиқарилишини назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда.
Мазкур Қонун ипакчилик тармоғини янада ривожлантиришга, хусусан, тармоқда ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмларини оширишга, аҳолининг бандлигини таъминлашга ва даромадларини кўпайтиришга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрда қабул қилинган ЎРҚ-599-сонли Қонуни билан янги таҳрирда тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, 12-сонга 1-илова; 2020 йил, № 3, 198-модда, № 10, 593-модда, № 11, 652-модда, № 12, 690, 691-моддалар; 2021 йил, № 1, 6-модда, № 4, 294-модда, 4-сонга илова, № 8, 800-модда, № 9, 901-модда, № 10, 968, 969, 972, 973-моддалар, № 12, 1199-модда; 2022 йил, № 2, 79-модда, № 3, 215, 216-моддалар, № 5, 461, 464, 467-моддалар, № 6, 570-модда, № 7, 664, 666-моддалар, № 12, 1190-модда; 2023 йил, № 6, 444, 446-моддалар, № 7, 540-модда, № 12, 1011-модда; 2024 йил, № 2, 106, 110, 111-моддалар, № 4, 346-модда, № 5, 458, 459-моддалар, № 8, 822, 831-моддалар) 483-моддаси қуйидаги мазмундаги эллик биринчи қисм билан тўлдирилсин:
«2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар бўлган даврда:
жисмоний шахсларнинг уй шароитида тирик пилла етиштириш фаолиятидан (касаначиликдан) олинган даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади;
пилла етиштирувчи юридик шахсларнинг уй шароитида тирик пилла етиштирувчи касаначилар меҳнатига ҳақ тўлашга йўналтириладиган маблағлари, бўшаган маблағларни касаначиларни моддий рағбатлантиришга йўналтириш шарти билан ижтимоий солиқдан озод қилинади;
пилла етиштириш соҳасида озуқа базаси сифатида фойдаланиладиган тутзорлар билан банд бўлган ер участкалари учун ер солиғи халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари белгилаган солиқ ставкаларига нисбатан 0,1 коэффициент қўлланилган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади».
2-модда. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ушбу Қонун 1-моддасининг қоидалари 2023 йил 1 январдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 15 ноябрь,
ЎРҚ-1001-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.11.2024 й., 03/24/1001/0929-сон)