Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 20 августда қабул қилинган
Сенат томонидан 2024 йил 23 октябрда маъқулланган
Сенат томонидан 2024 йил 23 октябрда маъқулланган
Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини яхшилашнинг энг муҳим шартидир.
Мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда улар учун тенг рақобат шароитларини яратиш мақсадида жадал ислоҳотлар амалга оширилмоқда, шунингдек солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш бўйича кенг кўламли чоралар кўрилмоқда.
Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари учун рағбатлантириш чоралари жорий этилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда. Жумладан юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига нисбатан солиқлар бўйича (бундан қўшилган қиймат солиғи мустасно) ортиқча тўланган суммани қайтариш уч кунлик муддатда амалга оширилади, Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги бўйича «ААА» тоифадаги тадбиркорлик субъектларига нисбатан эса солиқ текширувлари ўтказилмайди (бундан жиноий ишлар доирасида ўтказиладиган текширувлар мустасно) ва мазкур тоифадаги тадбиркорлик субъектларига қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш текширувлар ўтказилмасдан бир кунлик муддатда амалга оширилади.
Ушбу Қонун солиқларни ўз вақтида тўлаётган ва қонунчилик талабларига мувофиқ фаолиятни амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратишга ҳамда уларни рағбатлантиришга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрда қабул қилинган ЎРҚ-599-сонли Қонуни билан янги таҳрирда тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, 12-сонга 1-илова; 2020 йил, № 3, 198-модда, № 10, 593-модда, № 11, 652-модда, № 12, 690, 691-моддалар; 2021 йил, № 1, 6-модда, № 4, 294-модда, 4-сонга илова, № 8, 800-модда, № 9, 901-модда, № 10, 968, 969, 972, 973-моддалар, № 12, 1199-модда; 2022 йил, № 2, 79-модда, № 3, 215, 216-моддалар, № 5, 461, 464, 467-моддалар, № 6, 570-модда, № 7, 664, 666-моддалар, № 12, 1190-модда; 2023 йил, № 6, 444, 446-моддалар, № 7, 540-модда, № 12, 1011-модда; 2024 йил, № 2, 106, 110, 111-моддалар, № 4, 346-модда, № 5, 458, 459-моддалар) қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:
1) 60-модда қуйидаги мазмундаги ўн биринчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган тартибга мувофиқ қонунчилик талабларига риоя этган ҳолда фаолиятни амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларини аниқлашни ва рағбатлантиришни назарда тутувчи рейтинг»;
2) 104-модданинг:
тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ортиқча тўланган солиқ суммаси солиқ тўловчига ушбу Кодекснинг 103-моддаси қоидалари инобатга олинган ҳолда, унинг ёзма аризасига кўра, бундай ариза солиқ органи томонидан олинган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, Тадбиркорлик субъектларининг юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига эса (бундан давлат корхоналари ҳамда устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар мустасно) уч кун ичида қайтарилиши лозим (бундан қўшилган қиймат солиғи мустасно)»;
олтинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ортиқча тўланган солиқ суммасини қайтариш тўғрисидаги қарор солиқ органи томонидан солиқ тўловчининг тегишли аризаси олинган кундан эътиборан ёки, агар биргаликда ўзаро солиштириш ўтказилган бўлса, солиқ органи солиқ тўловчи билан у тўлаган солиқларнинг биргаликдаги ўзаро солиштириш далолатномасини имзолаган кундан эътиборан ўн кун ичида, Тадбиркорлик субъектларининг юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига нисбатан эса (бундан давлат корхоналари ҳамда устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар мустасно) икки кун ичида қабул қилинади (бундан қўшилган қиймат солиғи мустасно)»;
3) 105-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ортиқча ундирилган солиқ суммаси солиқ тўловчига ушбу Кодекснинг 103-моддаси қоидалари инобатга олинган ҳолда, унинг ёзма аризасига кўра, бундай ариза солиқ органи томонидан қабул қилинган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, Тадбиркорлик субъектларининг юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига эса (бундан давлат корхоналари ҳамда устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар мустасно) унга ҳисобланган фоизлар билан бирга уч кун ичида (бундан қўшилган қиймат солиғи мустасно) қайтарилиши лозим»;
4) 137-модда қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Тадбиркорлик субъектлари юқори барқарорлик рейтингининг «ААА» тоифасидаги тадбиркорлик субъектларига нисбатан (бундан давлат корхоналари ҳамда устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар мустасно) солиқ текширувлари ўтказилмайди (бундан жиноий ишлар доирасида ўтказиладиган текширувлар мустасно)»;
5) 274-модданинг:
тўртинчи қисми қуйидаги мазмундаги 7-банд билан тўлдирилсин:
«7) Тадбиркорлик субъектлари юқори барқарорлик рейтингининг «ААА» тоифасидаги тадбиркорлик субъектларига (бундан давлат корхоналари ҳамда устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар мустасно)»;
бешинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Солиқнинг ўрнини тезлаштирилган тартибда қоплашда солиқ тўловчи томонидан қайтариш учун солиқ ҳисоботида кўрсатилган солиқ суммасининг ўрни унга етти кун ичида, ушбу модда тўртинчи қисмининг 7-бандида кўрсатилган солиқ тўловчиларга эса бир кун ичида тўлиқ ҳажмда қопланади. Бунда ўрни қопланиши учун солиқ ҳисоботида кўрсатилган солиқ суммаси асослантирилганлигининг камерал солиқ текшируви умумий тартибда амалга оширилади. Агар камерал солиқ текшируви натижаларига кўра солиқ ҳисоботида ўрни қопланиши учун кўрсатилган солиқ суммаси ёки унинг бир қисми асоссиз бўлиб чиқса, солиқ тўловчи солиқнинг ўрни ўзига асоссиз равишда қопланган суммасини қоплаш санасидан то уни бюджетга тўлаш санасигача пеня ҳисобланган ҳолда бюджетга тўлаши шарт. Ушбу модда тўртинчи қисмининг 7-бандида кўрсатилган солиқ тўловчиларга ўрни қопланиши учун солиқ ҳисоботида кўрсатилган солиқ суммасининг асослантирилганлиги камерал солиқ текширувидан ўтказилмайди».
2-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 15 ноябрь,
ЎРҚ-1000-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.11.2024 й., 03/24/1000/0928-сон)