Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг
қарори
Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилишга доир йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2024 йил 11 ноябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3028-9]
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги ҳамда «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2018 йил 28 апрелдаги 16/21-сон қарори (рўйхат рақами 3028, 2018 йил 29 июнь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 02.07.2018 й., 10/18/3028/1418-сон) билан тасдиқланган Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилишга доир йўриқномага иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис М. НУРМУРАТОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 8 октябрь,
31/11-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2024 йил 8 октябрдаги 31/11-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилишга доир йўриқномага киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. 12-банддан «банк мижози бўлган хўжалик юритувчи субъектларга касса хизматларини кўрсатади ҳамда» деган сўзлар чиқариб ташлансин.
2. 132-банднинг биринчи хатбошидаги «(1000 сўмликлар алоҳида, 2000 ва 5000 сўмликлар алоҳида, 10000 ва 20000 сўмликлар алоҳида, 50000 ва 100000 сўмликлар алоҳида)» деган сўзлар «(1000 сўмликлар алоҳида, 2000 ва 5000 сўмликлар алоҳида, 10000, 20000 ва 50000 сўмликлар алоҳида, 100000 ва 200000 сўмликлар алоҳида)» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
3. 190-банд қуйидаги мазмундаги еттинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«Аҳолидан тўловларни қабул қилишда тўлов ҳужжатлари электрон кўринишда шакллантириладиган ҳолларда, кунлик касса ҳужжатларига электрон тўлов ҳужжатларининг кунлик реестрини тикишга рухсат берилади.
Бунда, кунлик реестр ҳар бир тўлов ҳужжатининг тури (нақд пулларни топшириш эълони, бир марталик тўловларни қабул қилиш бланки, солиқ ва коммунал тўловлари учун махсус бланклар) бўйича алоҳида шакллантирилиб, унда тўловчининг исми, шарифи, тўловни олувчи ташкилот номи, унинг банк реквизитлари, тўлов суммаси ва мақсади акс эттирилади.».
4. 197-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Банкда касса ҳужжатларини электрон шаклда расмийлаштирилиши ва айланиши ҳамда касса китобларини электрон шаклда юритилиши йўлга қўйилган бўлса, кунлик касса ҳужжатларини электрон файл кўринишидаги ҳар кунлик архиви шакллантирилади ва сақланади.».
5. 219-бандда:
учинчи хатбошидаги «чет эл валютасидаги тўлов ҳужжатлари қолдиғини қайд этиш китоби ва 32а-иловасида келтирилган 121А-шаклдаги эскирган нақд чет эл валюталари қолдиғини қайд этиш китобида қайд этилган ёзувларга мос келишини» деган сўзлар «чет эл валютасидаги тўлов ҳужжатлари қолдиғини қайд этиш китобидаги ёзувларга мос келишини» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«пул омборидаги «эскирган» тоифадаги нақд миллий валюталар қолдиғини 10198-«Эскирган тоифадаги нақд пуллар» ҳисобварағидаги қолдиққа ҳамда мазкур Йўриқноманинг 36-иловасида келтирилган 141А-шаклдаги «Эскирган» тоифадаги банкнот ва тангалар ҳисобини юритиш китобида қайд этилган ёзувларга мос келишини;»;
қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«пул омборидаги хорижий давлатларнинг «эскирган» нақд чет эл валюталари қолдиқларини 10198-«Эскирган тоифадаги нақд пуллар» ҳисобварағидаги ҳар бир мос хорижий валюта қолдиғига ҳамда мазкур Йўриқноманинг 32а-иловасида келтирилган 121А-шаклдаги «Эскирган» нақд чет эл валюталари қолдиғини қайд этиш китобида қайд этилган ёзувларга мос келишини;»;
бешинчи хатбоши олтинчи хатбоши деб ҳисоблансин.
6. 327-банднинг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Банкнинг моддий жавобгар шахслари томонидан нақд пул ва бошқа қимматликларни жўнатиш ёки қабул қилиб олиш билан боғлиқ тайёргарлик чораларини ўз вақтида кўришлари учун уларга нақд пул ва бошқа қимматликларни ташишга доир фармойишлар инкассаторлар орқали етиб боргунига қадар:
қоғозда расмийлаштирилган фармойишнинг сканер қилинган нусхаси (ПДФ ёки ТИФ);
электрон расмийлаштирилган (ваколатли шахснинг электрон (ёки QR-кодли) имзоси билан имзоланган) фармойишлар махсус дастурий таъминот орқали юборилади.».
7. 36-иловада:
«Марказий банкка топшириладиган банкнот ва тангалар ҳисобини юритиш китоби» деган сўзлар ««Эскирган» тоифадаги банкнот ва тангалар ҳисобини юритиш китоби» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
«Марказий банкка топшириладиган нақд пуллар захираси ҳисобварағи» деган сўзлар ««Эскирган» тоифадаги нақд пуллар ҳисобварағи» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
«Марказий банкка топшириладиган нақд пуллар захирасидаги нақд пуллар» деган сўзлар ««Эскирган» тоифадаги нақд пуллар» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
«Кун охирига Марказий банкка топшириладиган банкнотлар қолдиқлари» деган сўзлар «Кун охирига «эскирган» тоифадаги нақд пуллар қолдиқлари» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.11.2024 й., 10/24/3028-9/0917-сон)