Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг
Ҳадли битими
Осиё-Тинч океани минтақасида трансчегаравий қоғозсиз савдони соддалаштириш ҳақида
Осиё-Тинч океани минтақасида трансчегаравий қоғозсиз савдони соддалаштириш ҳақидаги ҳадли битим (бундан кейин «ҳадли битим» деб аталади)ни имзоловчи томонлари (бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар),
савдонинг ўсиш ва ривожланиш драйвери сифатидаги муҳимлигини ва минтақанинг рақобатбардошлигини сақлаш ва ошириш учун халқаро битимлар самарадорлигини ошириш зарурлигини англаб,
минтақада савдонинг ошишига ва янги ўсишга олиб келувчи тўсиқсиз савдо инклюзив алоқани рағбатлантириш учун муҳим аҳамиятга эгалигини қайд этиб,
қоғозсиз савдо халқаро савдонинг самарадорлиги ва шаффофлигини ошириши, шу билан бирга тартибга солувчи талабларга, айниқса, савдо маълумотлари ва ҳужжатларини электрон шаклда трансчегаравий алмашишга янада қатъий риоя қилишга замин яратишини тан олиб,
йирик экспорт бозорларида амалга оширилган савдо ва таъминот хавфсизлиги ташаббуслари халқаро таъминот занжирининг барча иштирокчиларини маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда алмашишга тобора кўпроқ ҳисса қўшишини таъкидлаб,
Осиё-Тинч океани минтақасидаги кўплаб мамлакатлар ҳозирда савдо ҳужжатларини қайта ишлашни тезлаштириш учун миллий даражада тегишли электрон тизимларни яратиш чораларини кўраётганлигини ҳисобга олиб,
Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари ўзларининг савдо шартномаларига электрон маълумот алмашиш билан боғлиқ қоидаларни тобора кўпроқ киритаётганини ҳисобга олиб,
Жаҳон савдо ташкилотининг тўққизинчи Вазирлар конференциясида Савдони осонлаштириш тўғрисидаги битим бўйича музокаралар якунланганини ва мазкур Битимни амалга оширишнинг аҳамиятини ҳисобга олиб,
денгизга чиқиш имкони бўлмаган ва транзит мамлакатлар ўртасида электрон шаклда савдо маълумотлари ва ҳужжатларини ўзаро тан олиш ва алмашишни осонлаштириш транзит вақтлари ва улар билан боғлиқ харажатларни сезиларли даражада қисқартиришини ҳамда денгизга чиқиш имкони бўлмаган мамлакатларнинг савдо имкониятларини оширишга ва ривожланишга ҳисса қўшишини англаб,
шунингдек, савдо маълумотлари ва ҳужжатларини электрон шаклда алмашишни осонлаштириш, айниқса, кичик ва ўрта корхоналарнинг халқаро савдода янада самарали иштирок этишига ва уларнинг рақобатбардошлигини оширишга ёрдам беришини англаб,
Томонларнинг иқтисодий, шунингдек, уларнинг ахборот-коммуникация технологияларини турли ривожланиш даражаларини ҳисобга олиб,
бир қатор мамлакатларда ахборот-коммуникация технологиялари ва тегишли жисмоний инфратузилманинг мавжудлиги бизнеснинг барқарор ривожланишини таъминлаш учун етарли омил эмаслигини тан олиб,
трансчегаравий қоғозсиз савдодан максимал фойда олиш учун қулай ҳуқуқий муҳит яратиш зарурлигини таъкидлаб,
трансчегаравий қоғозсиз савдо тартиботларини соддалаштириш, шунингдек, ушбу соҳадаги фаолиятнинг кейинги босқичларини белгилаш мақсадида Томонлар ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш учун ҳуқуқий базани ишлаб чиқишга интилиб,
Қуйидагилар бўйича келишадилар:
1-модда
Мақсад
Мақсад
Ушбу ҳадли битимнинг мақсади халқаро савдо операцияларининг самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш ҳамда уларни тартибга солиш талабларига янада қатъий риоя қилишни таъминлаш мақсадида, электрон шаклда ҳужжатлар ва савдо маълумотларини ўзаро тан олиш ва алмашиш учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда миллий ва субминтақавий «ягона дарча» ва/ёки бошқа қоғозсиз савдо тизимларининг ўзаро мувофиқлигини оширишга кўмаклашиш орқали қоғозсиз трансчегаравий савдони ривожлантиришга кўмаклашиш ҳисобланади.
2-модда
Қўлланиш соҳаси
Қўлланиш соҳаси
Мазкур ҳадли битим Томонлар ўртасидаги трансчегаравий қоғозсиз савдога нисбатан амал қилади.
3-модда
Таърифлар
Таърифлар
Мазкур ҳадли битим мақсадлари учун:
а) «Трансчегаравий қоғозсиз савдо» товарлар савдосини, шу жумладан, уларнинг импорти, экспорти, транзити ва тегишли хизматларни электрон хабарлар асосида амалга ошириш, шу жумладан электрон шаклда ҳужжатлар ва савдо маълумотларини алмашишни англатади;
b) «Электрон алоқа» Томонлар тарафидан маълумотлар узатиш орқали амалга ошириладиган ҳар қандай алоқани англатади;
c) «Маълумотлар хабари» электрон, магнит, оптик ёки шунга ўхшаш воситалар ёрдамида яратилган, юборилган, қабул қилинган ёки сақланадиган маълумотларни, шу жумладан электрон маълумотлар алмашинувини англатади;
d) «Савдо маълумотлари» савдо ҳужжатида мавжуд бўлган ёки бундай ҳужжат билан боғлиқ ҳолда узатиладиган маълумотларни англатади;
e) «Савдо ҳужжатлари» тижорат операцияларини амалга ошириш учун зарур бўлган тижорат ва норматив ҳужжатларни англатади;
f) «Тижорат келишувлари» савдо жойлари турли ҳудудларда жойлашган Томонлар ўртасидаги товарлар савдоси билан боғлиқ келишувларни англатади;
g) «Ўзаро тан олиш» икки ёки ундан ортиқ мамлакатлар ўртасида трансчегаравий алмашилган электрон шаклдаги савдо маълумотлари ва ҳужжатларининг ҳақиқийлигини ўзаро тан олишни англатади;
h) «Ягона дарча» савдо операцияларида иштирок этувчи томонларга импорт, экспорт ва транзит билан боғлиқ барча меъёрий талабларга риоя қилиш мақсадида маълумотлар ва ҳужжатларни ягона кириш пункти орқали электрон шаклда тақдим этиш имконини берувчи механизмни англатади;
i) «Ўзаро ҳамкорлик» икки ёки ундан ортиқ тизим ёки компонентларнинг ахборот алмашиш ва алмашиш натижасида олинган ахборотдан фойдаланиш имкониятини англатади.
4-модда
Талқин қилиш
Талқин қилиш
Ушбу ҳадли битимни шарҳлашда унинг асоси бўлган умумий тамойилларга, унинг халқаро характерига ва уни қўллашда бир хилликни таъминлаш заруратига эътибор қаратиш лозим.
5-модда
Умумий тамойиллар
Умумий тамойиллар
1. Ушбу ҳадли битимни амалга оширишда қуйидаги умумий тамойилларга амал қилиш керак:
a) функционал эквивалентлик;
b) электрон алоқа воситаларидан фойдаланишда камситиш бўлмаслиги;
c) техник бетарафлик;
d) ўзаро мувофиқлик даражасини ошириш;
e) савдони соддалаштиришнинг самарадорлигини ошириш ва меъёрий ҳужжатларга янада қатъий риоя қилиш;
f) давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорлик;
g) трансчегаравий ишонч маконини такомиллаштириш.
2. Томонлар ушбу тамойилларни савдо маълумотлари ва ҳужжатларини электрон шаклда алмашишда қўллашни назарда тутувчи миллий қонунлар ва меъёрий ҳужжатларнинг қабул қилиниши умумий ишонч даражаларини яратишга ва ўзаро ҳамкорликни кучайтиришига келишиб олдилар.
6-модда
Миллий сиёсат асослари, қулай миллий норматив-ҳуқуқий муҳит ва Қоғозсиз савдо бўйича қўмита
Миллий сиёсат асослари, қулай миллий норматив-ҳуқуқий муҳит ва Қоғозсиз савдо бўйича қўмита
1. Томонлар қоғозсиз савдо учун миллий сиёсат асосларини ишлаб чиқишга интилишади, бунда уларга эришиш мақсадлари ва стратегиялари, ажратиладиган ресурслар ва қонунчилик асослари аниқланиши мумкин.
2. Томонлар, биринчи навбатда, агар мавжуд бўлса илғор халқаро стандартлар ва амалиётларни ҳисобга олган ҳолда, трансчегаравий қоғозсиз савдо тизимларининг миллий операторлари функцияларига таъсир кўрсатадиган қоғозсиз савдо бўйича ижобий миллий қонунчиликни яратишга интилишади.
3. Томонлар ўзларининг миллий шароитларини ҳисобга олган ҳолда Ҳукумат ва хусусий секторнинг тегишли вакилларидан иборат миллий қўмиталарни тузишлари мумкин. Ушбу қўмиталар савдо маълумотлари ва ҳужжатларни электрон шаклда алмашиш учун қулай миллий меъёрий-ҳуқуқий муҳитни яратишга, шунингдек, трансчегаравий қоғозсиз савдонинг операцион мувофиқлигини оширишга ёрдам беради. Алоҳида қўмита тузиш ўрнига, томонлар мамлакатда фаолият юритаётган шунга ўхшаш органлардан ҳам фойдаланишлари мумкин ва ушбу органни ёки тегишли ташкилий тузилмани ёки унда ташкил этилган ишчи гуруҳни ушбу ҳадли битим учун миллий қўмита сифатида белгилашлари мумкин.
7-модда
Трансчегаравий қоғозсиз савдо жараёнларини соддалаштириш ва «ягона дарча» тизимларини яратиш
Трансчегаравий қоғозсиз савдо жараёнларини соддалаштириш ва «ягона дарча» тизимларини яратиш
1. Томонлар савдо маълумотлари ва ҳужжатларни электрон шаклда алмашиш учун шароит яратиш, бунинг учун мавжуд тизимлардан фойдаланиш ёки янгиларини яратиш орқали трансчегаравий қоғозсиз савдони ривожлантиришга кўмаклашишга интилишади.
2. Томонларга «ягона дарча» тизимларини яратиш ва уларни трансчегаравий қоғозсиз савдони амалга оширишда фойдаланиш тавсия этилади. «Ягона дарча» тизимларини яратишда ёки мавжуд тизимларни модернизация қилишда уларнинг ушбу ҳадли битимда кўрсатилган умумий тамойилларга мувофиқлигини таъминлаш тавсия этилади.
8-модда
Савдо маълумотлари ва ҳужжатларни электрон шаклда трансчегаравий ўзаро тан олиш
Савдо маълумотлари ва ҳужжатларни электрон шаклда трансчегаравий ўзаро тан олиш
1. Томонлар бошқа Томонлардан келадиган электрон шаклдаги савдо маълумотлари ва ҳужжатларни, эквивалент ишончлилик даражаси асосида ўзаро тан олинишини таъминлайди.
2. Томонлар ишончлиликнинг эквивалентлик даражасини ушбу ҳадли битимда белгиланган институционал жараёнлар орқали ўзаро келишиб олади.
3. Томонлар трансчегаравий ишонч маконининг тамойиллари ва бошқа барча умумий тамойилларга мувофиқ, электрон шаклда савдо ҳужжатлари ва маълумотларни трансчегаравий ўзаро тан олинишини таъминлаш мақсадида икки томонлама ва кўп томонлама битимлар тузиши мумкин, бунда икки томонлама ва кўп томонлама битимларнинг қоидалари ушбу ҳадли битим қоидаларига зид бўлмаслиги лозим.
9-модда
Савдо маълумотлари ва ҳужжатларни электрон шаклда алмашишнинг халқаро стандартлари
Савдо маълумотлари ва ҳужжатларни электрон шаклда алмашишнинг халқаро стандартлари
1. Томонлар қоғозсиз савдо соҳасида тезкор мувофиқликни таъминлаш ва маълумотлар алмашиш учун хавфсиз ва ишончли алоқа воситаларини ишлаб чиқиш учун халқаро стандартлар ва кўрсатмаларни қўллашга интилишади.
2. Томонлар халқаро стандартларни ишлаб чиқишда ва трансчегаравий қоғозсиз савдо соҳасидаги илғор амалиётларни ишлаб чиқишда иштирок этишга интилишади.
10-модда
Трансчегаравий қоғозсиз савдони ривожлантиришга ёрдам берадиган бошқа халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар билан алоқа
Трансчегаравий қоғозсиз савдони ривожлантиришга ёрдам берадиган бошқа халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар билан алоқа
1. Томонлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти органлари ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан қабул қилинган тегишли халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни зарурият мавжуд бўлган ҳолларда қабул қилишлари мумкин.
2. Томонлар савдо маълумотлари ва ҳужжатларининг трансчегаравий алмашинувини электрон шаклда халқаро ҳуқуқ нормаларига, шунингдек ушбу ҳадли битимга мувофиқ яратилган институционал механизмлар томонидан белгиланган минтақавий ва халқаро меъёрий ҳужжатлар ва илғор амалиётларга мувофиқлигини таъминлашга интилишади.
11-модда
Трансчегаравий қоғозсиз савдони ривожлантиришга ёрдам берадиган бошқа халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар билан алоқа
Трансчегаравий қоғозсиз савдони ривожлантиришга ёрдам берадиган бошқа халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар билан алоқа
1. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ESCAP) ушбу ҳадли битим мақсадлари учун ҳар бир Томоннинг битта (1) юқори даражадаги вакилидан иборат қоғозсиз савдо бўйича Кенгаш тузади. Кенгаш ўз йиғилишларини заруриятга қараб, лекин йилига камида бир марта ўтказади.
2. Ўзига юкланган функцияларни бажаришда қоғозсиз савдо бўйича Кенгашга ушбу ҳадли битимни амалга оширишни назорат қилувчи ва мувофиқлаштирувчи доимий Қўмита ёрдам беради ва ўз тавсияларини Кенгашга кўриб чиқиш учун тақдим этади. Доимий Қўмита ҳар бир Томоннинг катта вакилларидан иборат бўлиб, унинг йиғилишлари йилига камида бир марта ўтказилади.
3. Ушбу ҳадли битимни амалга ошириш учун доимий Қўмита мазкур ҳадли битимга мувофиқ тегишли ҳаракатлар режасини амалга ошириш тўғрисида доимий Қўмитани маълумотлар билан таъминлайдиган ишчи гуруҳларни тузиши мумкин.
4. Ҳадли битим котибиятининг вазифалари ESCAP котибиятига топширилади. Шунингдек, у ушбу ҳадли битимга мувофиқ тузилган органлар учун котибият вазифасини бажаради. У мазкур ҳадли битимнинг бажарилишини мувофиқлаштириш, кўриб чиқиш ва назорат қилишни қўллаб-қувватлайди ва шу билан боғлиқ барча масалалар бўйича амалий ёрдам кўрсатади.
5. Кенгаш учдан икки қисмдан иборат кўпчилик овози билан ўз вазифаларини бажариш учун зарур бўлиши мумкин бўлган жараёнлар қоидаларини, шу жумладан доимий Қўмита ва ишчи гуруҳларнинг функцияларини қабул қилади. Ушбу ҳадли битимда бошқача тартиб назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно, Кенгаш йиғилишда иштирок этаётган ва овоз беришда иштирок этаётган иштирокчи-давлатлар аъзоларининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан қарорлар қабул қилади.
6. Кенгаш ва доимий Қўмита жараёнлар қоидаларида белгиланган ваколатлар доирасида муайян ҳуқуқий, техник ва ташкилий масалалар бўйича баёнларни қабул қилиши мумкин. Ҳар бир баённинг кучга кириши учун талаблар тегишли ҳужжатда белгиланади.
12-модда
Ҳаракатлар режаси
Ҳаракатлар режаси
1. Қоғозсиз савдо бўйича Кенгаш раҳбарлигида фаолият юритувчи доимий қўмита ушбу ҳадли битимни амалга ошириш учун тегишли транспарент ва башорат қилинадиган шарт-шароитларни яратиш учун зарур бўлган барча аниқ чора-тадбирлар ва тадбирлар, вазифалар ва уларни амалга ошириш жадваллари ҳамда амалга ошириш муддатларини ўз ичига олган кенг қамровли ҳаракатлар режасини ишлаб чиқади. Томонлар ҳаракатлар режасини жадвалга мувофиқ амалга оширадилар ва доимий Қўмита ҳар бир Томонни амалга оширилаётган ишларнинг жорий ҳолати тўғрисида хабардор қилади.
2. Томонларнинг ҳар бири учун амалга ошириш жадвали уларнинг тайёрлигини мустақил баҳолаш асосида ҳаракатлар режасининг бир қисми сифатида ишлаб чиқилади.
13-модда
Тажриба лойиҳалари ва олинган сабоқларни алмашиш
Тажриба лойиҳалари ва олинган сабоқларни алмашиш
1. Томонлар савдо маълумотлари ва ҳужжатларни электрон шаклда, айниқса божхона хизматлари ва бошқа тартибга солувчи органларда трансчегаравий алмашиш соҳасида тажриба лойиҳаларни бошлаш ва амалга оширишга интилишади. Томонлар ушбу ҳадли битимга мувофиқ яратилган институционал механизм орқали бундай тажриба лойиҳаларни амалга ошириш доирасида ҳамкорлик қилади.
2. Томонлар тажриба ва олинган сабоқларни алмашишга кўмаклашиш, шунингдек, трансчегаравий савдо маълумотлари ва ҳужжатлар электрон шаклда тезкор алмашинувини таъминлаш соҳасидаги илғор амалиёт намуналарини тўплаш мақсадида тажриба лойиҳаларини амалга оширишдаги ютуқлар тўғрисида доимий равишда Қўмитани хабардор қилади. Тажриба ва олинган сабоқларни алмашиш фақат ушбу ҳадли битимнинг тарафлари билан чекланмайди, балки зарурият ва имкониятга боғлиқ ҳолда минтақада ва ундан ташқарида қоғозсиз савдони амалга оширишга кўмаклашиш учун бошқа Томонларга ҳам татбиқ этилади.
14-модда
Имконият яратиш
Имконият яратиш
1. Томонлар ушбу ҳадли битимни амалга оширишга кўмаклашиш учун бир-бирларига техник ёрдам кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш учун ҳамкорлик қилишлари мумкин.
2. Томонлар ушбу ҳадли битимга мувофиқ яратилган институционал механизм орқали имконият яратиш бўйича ҳамкорлик қилишлари мумкин.
3. Томонлар энг кам ривожланган ва денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатларнинг қоғозсиз савдо соҳасида ўз имкониятларини яратишда ва ушбу ҳадли битимнинг барча мумкин бўлган самарали имкониятларидан фойдаланишда қўллаб-қувватлаш учун техник ёрдам ва кўмак сўраб мурожаат қилишларига алоҳида эътибор беришади.
4. Томонлар ушбу ҳадли битимни амалга оширишда янада самарали техник ва молиявий ёрдам кўрсатиш учун ривожланиш бўйича ҳамкорларни жалб қилишлари мумкин.
15-модда
Ушбу ҳадли битимни амалга ошириш
Ушбу ҳадли битимни амалга ошириш
Ҳар бир Томон савдо маълумотлари ва ҳужжатларни электрон шаклда трансчегаравий алмашишни осонлаштириш учун қулай меъёрий-ҳуқуқий муҳитни яратиш ва зарур техник инфратузилмани ривожлантириш орқали ушбу ҳадли битимнинг қоидаларини амалга оширишга интилади. Томонлар энг кам ривожланган ва денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар савдо маълумотлари ва ҳужжатларни электрон шаклда трансчегаравий алмашишни осонлаштириш учун зарур бўлган техник инфратузилма ва қулай тартибга солиш муҳитини яратиш учун техник ва молиявий ёрдамга муҳтож бўлиши мумкинлигини тан олишади.
16-модда
Бошқа амалдаги битимлар
Бошқа амалдаги битимлар
Ушбу ҳадли битим ёки унга мувофиқ қабул қилинган ҳар қандай қарорлар Томонларнинг ҳар қандай амалдаги шартномалар ёки халқаро конвенциялар бўйича ҳуқуқлари ва мажбуриятларига таъсир кўрсатмайди.
17-модда
Низоларни ҳал этиш
Низоларни ҳал этиш
1. Томонлар ўртасида ушбу ҳадли битимни талқин қилиш ва қўллаш бўйича юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай низо тегишли Томонлар ўртасида музокаралар ёки маслаҳатлашувлар орқали ҳал этилади.
2. Агар ушбу ҳадли битим билан боғлиқ низо юзага келган Томонлар уни музокаралар ёки маслаҳатлашувлар орқали ҳал қила олмасалар, агар улардан бири бундай илтимос билан мурожаат қилса, бу низо ярашувга ўтказилади.
3. Низо низо келиб чиққан Томонлар танлаган бир ёки бир нечта воситачиларга берилади. Агар ушбу Томонлар ярашув сўрови тақдим этилган кундан бошлаб уч (3) ой ичида воситачи ёки воситачини танлаш тўғрисида келиша олмасалар, ушбу Томонларнинг ҳар бири Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибидан низо ҳал қилиш учун топширилган ягона воситачини тайинлашни сўраши мумкин.
4. Белгиланган воситачи ёки воситачиларнинг тавсияси мажбурий аҳамиятга эга эмас, аммо низо юзага келган Томонлар низони қайта кўриб чиқиш учун асос бўлади.
5. Ўзаро келишувга кўра, низо юзага келган Томонлар воситачи ёки воситачиларнинг тавсиясини мажбурий деб қабул қилишга олдиндан келишиб олишлари мумкин.
6. Ушбу модданинг қоидалари низо келиб чиққан Томонлар ўзаро келишилган низоларни ҳал қилишнинг бошқа чораларини истисно этиши лозимлигини талқин қилинмаслиги керак.
7. Ҳар қандай давлат ратификация қилиш, қабул қилиш, тасдиқлаш ёки қўшилиш тўғрисидаги ҳужжатни сақлаш пайтида ўзини ушбу модданинг ярашиш билан боғлиқ қоидаларига қўшилмаслиги тўғрисида истисно тақдим этиши мумкин. Бошқа Томонлар ушбу модданинг ярашувга оид қоидалари юзасидан бундай истиснони тақдим этган ҳар қандай Томон билан боғлиқ бўлмайди.
18-модда
Томонлар мақомини олиш ва имзолаш тартиби
Томонлар мақомини олиш ва имзолаш тартиби
1. Ушбу ҳадли битим 2024 йил 1 октябрдан 2017 йил 30 сентябргача Нью-Йоркдаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий муассасаларида ESCAPга аъзо давлатлар томонидан имзоланиш учун очиқ.
2. ESCAPга аъзо давлатлар қуйидагилар орқали ушбу ҳадли битимнинг тарафлари бўлишлари мумкин:
a) кейинчалик ратификация қилиш, қабул қилиш ёки тасдиқлаш билан имзолаш; ёки
b) қўшилиш.
3. Ратификация қилиш, қабул қилиш, тасдиқлаш ёки қўшилиш Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибига тегишли ҳужжатни сақлаш учун тақдим этиш орқали амалга оширилади.
19-модда
Амал қилиш
Амал қилиш
1. Ушбу ҳадли битим ESCAPга аъзо камида беш (5) давлат ҳукуматлари мазкур ҳадли битимни ратификация қилиш, қабул қилиш, тасдиқлаш ёки унга қўшилиш тўғрисидаги ҳужжатларини 18-модданинг 2 ва 3-бандларига мувофиқ топширган кундан бошлаб тўқсон (90) кундан кейин кучга киради.
20-модда
Ҳадли битимга тузатиш киритиш жараёнлари
Ҳадли битимга тузатиш киритиш жараёнлари
1. Ушбу ҳадли битимнинг матни ушбу моддада кўрсатилган жараёнларга мувофиқ ўзгартирилиши мумкин.
2. Ҳар қандай Томон ушбу ҳадли битимга тузатишлар киритиш юзасидан таклиф бериши мумкин.
3. Таклиф этилаётган ҳар қандай тузатишнинг матни котибият томонидан қоғозсиз савдо бўйича Кенгашининг барча аъзолари орасида уни тасдиқлаш таклиф қилинган Кенгаш йиғилишидан камида олтмиш (60) кун олдин тарқатилади.
4. Тузатиш қоғозсиз савдо бўйича Кенгаш йиғилишида ва овоз беришда иштирок этган Томонларнинг учдан икки қисми томонидан тасдиқланади. Тасдиқланган тузатиш котибият томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котибига барча Томонларга тарқатиш учун юборилади.
5. Ушбу модданинг 4-бандига мувофиқ қабул қилинган тузатиш, уни қабул қилган Томонлар учун тасдиқлаш пайтида Томонларнинг учдан икки қисми томонидан қабул қилинганидан уч (3) ой ўтгач кучга киради. Тузатиш кучга киргандан кейин уни қабул қилган ҳар қандай Томон учун тегишли тузатиш ушбу Томон қабул қилганидан кейин уч (3) ой ўтгач кучга киради.
21-модда
Истиснолар
Истиснолар
17-модданинг 7-бандида қайд этилган ҳоллардан ташқари, ушбу ҳадли битимнинг ҳар қандай қоидаларига нисбатан ҳеч қандай истисноларга йўл қўйилмайди.
22-модда
Чиқиш
Чиқиш
Ҳар қандай Томон ушбу ҳадли битимдан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибига юборилган ёзма хабарнома орқали чиқиши мумкин. Чиқиш Бош котиб бундай билдиришномани олган кундан бошлаб ўн икки (12) ойдан кейин кучга киради.
23-модда
Амал қилишини тўхтатиш
Амал қилишини тўхтатиш
Агар Томонлар сони ўн икки (12) ой давом этадиган ҳар қандай даврда беш (5) тадан кам бўлса, ушбу ҳадли битим тўхтатилади. Бундай ҳолда, котибият бу ҳақда томонларни хабардор қилади. Агар томонлар сони бешга (5) етса, ушбу ҳадли битимнинг қоидалари яна кучга киради.
24-модда
Қўллашни чегаралаш
Қўллашни чегаралаш
Ушбу ҳадли битимнинг бирон бир қоидаси Томонларнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Уставига мос келадиган ва унинг ташқи ва ички хавфсизлигини таъминлаш учун зарур деб ҳисоблаган қоидалар билан чекланган чораларни кўришига тўсқинлик қилади деб талқин қилинмайди.
25-модда
Депозитарий
Депозитарий
Ушбу ҳадли битимнинг депозитарийси этиб Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби тайинланади.
Қуйида имзо чекувчилар, тегишли равишда ваколат берилганлар, ушбу ҳадли битимни битта нусхада инглиз, ўзбек ва рус тилларида имзоладилар ва учта матн ҳам бир хил даражада ҳақиқийдир.