Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг 16-моддасига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги намунавий низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига икки ҳафта муддатда Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги намунавий низомни муҳокама қилиш ва тасдиқлаш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати девонининг Ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш маркази ушбу Қарор ижросини таъминлашда халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари ва уларнинг котибиятларига амалий ёрдам кўрсатиб борсин.
4. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси раиси Т. Мадумаров зиммасига юклансин.
5. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2024 йил 31 октябрь,
КҚ-846-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2024 йил 31 октябрдаги КҚ-846-IV-сонли қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги
НАМУНАВИЙ НИЗОМ
I боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши (бундан буён матнда маҳаллий Кенгаш деб юритилади) регламенти асосида ишлаб чиқилган ва маҳаллий Кенгашнинг доимий комиссияларини шакллантириш ва ишини ташкил қилиш тартибини, улар фаолиятининг асосий йўналишлари ҳамда ваколатларини белгилайди.
«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ маҳаллий Кенгаш сессияси муҳокамасига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, маҳаллий Кенгаш қарорлари ҳаётга татбиқ этилишига кўмаклашиш, ўз ваколатлари доирасида назорат вазифаларини амалга ошириш учун маҳаллий Кенгаш ўз ваколати муддатига маҳаллий Кенгаш депутатлари орасидан маҳаллий Кенгашнинг доимий комиссияларини (бундан буён матнда доимий комиссиялар деб юритилади) сайлайди.
2. Доимий комиссиялар ўз фаолиятларини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари асосида, шунингдек маҳаллий Кенгаш регламенти ҳамда доимий комиссиялари тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширади.
3. Доимий комиссиялар маҳаллий Кенгаш сессиясида (бундан буён матнда сессия деб юритилади) маҳаллий Кенгаш депутатлари орасидан раис ва аъзолардан иборат таркибда сайланади. Доимий комиссиялар ўз фаолиятларини жамоатчилик асосида амалга оширадилар.
4. Маҳаллий Кенгаш депутати фақат битта доимий комиссия аъзоси этиб сайланиши мумкин (Регламент ва депутатлик одоб-ахлоқи масалалари бўйича доимий комиссия бундан мустасно).
Доимий комиссия таркибига кирмаган маҳаллий Кенгаш депутати унинг ишида маслаҳат овози ҳуқуқи билан иштирок этиши мумкин.
Маҳаллий Кенгаш раиси ҳамда маҳаллий Кенгаш котибияти мудири доимий комиссиялар таркибига сайланиши мумкин эмас.
5. Доимий комиссиялар раислигига ва аъзолигига номзодлар сессияга маҳаллий Кенгаш раиси томонидан тақдим қилинади.
Доимий комиссия раислигига номзод бўйича овоз бериш алоҳида ўтказилади.
Доимий комиссиялар аъзолигига номзодларни сайлаш номзодларнинг ҳар бирини алоҳида ёки доимий комиссиянинг бутун таркибини ялпи муҳокама қилиш йўли билан амалга оширилади, овоз беришда қарор ҳар бир номзод бўйича алоҳида ёки доимий комиссиянинг бутун таркиби бўйича маҳаллий Кенгаш депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
6. Доимий комиссиялар ўз мажлисларида очиқ овоз бериш йўли билан доимий комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан раис ўринбосарларини ва котибларини сайлайди.
7. Доимий комиссияларнинг барча аъзолари тенг ҳуқуқлардан фойдаланади.
8. Доимий комиссиялар маҳаллий Кенгаш олдида масъул ва ҳисобдордир.
9. Маҳаллий Кенгаш депутатининг доимий комиссиядаги ваколатлари унинг илтимосига кўра, шунингдек унинг ўз вазифаларини бажаришга имкон бермайдиган ҳолатлар муносабати билан муддатидан илгари тугатилиши мумкин.
Доимий комиссия раисининг таклифи бўйича доимий комиссия таркибидаги ўзгартиришлар сессияда кўриб чиқилади.
10. Доимий комиссиялар сони, уларнинг номланиши ва таркиби ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олиб сессияда белгиланади.
Халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгашида, қоида тариқасида, қуйидаги доимий комиссиялар тузилиши мумкин:
Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича;
Хорижий инвестициялар ва туризм масалалари бўйича;
Коррупцияга қарши курашиш ва хавфсизлик масалалари бўйича;
Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича;
Ёшлар сиёсати, маданият ва спорт масалалари бўйича;
Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича;
Регламент ва депутатлик одоб-ахлоқи масалалари бўйича.
Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашида қуйидаги доимий комиссиялар тузилиши мумкин:
Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича;
Коррупцияга қарши курашиш ва хавфсизлик масалалари бўйича;
Ижтимоий соҳа, ёшлар сиёсати, маданият ва спорт масалалари бўйича;
Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича;
Регламент ва депутатлик одоб-ахлоқи масалалари бўйича.
Зарур ҳолларда маҳаллий Кенгаш томонидан янги доимий комиссиялар тузилиши ва илгари ташкил қилинган доимий комиссиялар тугатилиши, доимий комиссияларнинг таркибига ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
II боб. Доимий комиссиялар фаолиятининг асосий йўналишлари
11. Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссия:
маҳаллий бюджет лойиҳасини, унга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги таклифларни, шунингдек маҳаллий бюджет ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни дастлабки тарзда кўриб чиқади, бошқа доимий комиссияларнинг фикрларини ўрганади, хулосалар тайёрлайди, мазкур масалалар юзасидан сессияда маърузалар ва таклифлар билан чиқади;
иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда ва тадбиркорликни ривожлантиришнинг ҳудудий стратегик йўналишларини ишлаб чиқишда иштирок этади, ўз ваколатлари доирасида таклифлар киритади ва ижроси устидан депутатлик назоратини амалга оширади;
ҳудудда янги иш ўринларини яратиш, хусусий ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларни янада ривожлантириш учун зарур инфратузилмани шакллантириш ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун мутахассисларни тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишларни доимий ўрганиб боради ва депутатлик назоратини амалга оширади;
маҳаллий бюджет ижроси, бюджетдан ташқари ва мақсадли фондлар маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш тартиби устидан назоратни амалга оширади;
маҳаллий бюджет харажатларининг қонунчиликда белгиланган қисмининг жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилишида иштирок этади ва ушбу маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан назоратни амалга оширади;
маҳаллий бюджет қўшимча маблағларининг белгиланган тартибда тақсимланишида иштирок этади, ушбу масала юзасидан сессияга таклифлар киритади;
маҳаллий солиқлар ва маҳаллий бюджетга тушадиган бошқа мажбурий тўловларни қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорлар доирасида белгилаш масалаларини кўриб чиқади ва хулосалар беради;
тегишлилигича маҳаллий бюджетга ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертларнинг чекланган миқдорларини дастлабки тарзда кўриб чиқади ҳамда хулосалар беради;
қурилиш, коммунал, саноат, транспорт ва аҳолига хизмат кўрсатишга доир дастурларни дастлабки тарзда кўриб чиқади ҳамда тайёрлашда қатнашади;
ҳудуднинг бош режаси ва қурилиш қоидалари лойиҳаларини кўриб чиқишда иштирок этади;
коммунал соҳа, транспорт ва алоқа ҳолатини ўрганади, аҳолига коммунал ва маиший хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, жамоат транспортини ривожлантириш бўйича таклифлар киритади;
савдо, умумий овқатланишни ташкил этиш, истеъмол бозори фаолияти билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади;
ёқилғи-энергетика таъминоти, сув таъминоти, оқова сувларни четга чиқариб юбориш ва тозалаш, маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш ва утилизация қилиш масалаларини кўриб чиқади;
маҳаллий Кенгаш ҳузуридаги «Халқпарвар» комиссияси фаолияти самарали йўлга қўйилишини таъминлайди ҳамда мувофиқлаштириб боради;
ҳокимликнинг тузилиши, штатлари ва ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди тўғрисидаги ҳоким тақдимномасини дастлабки тарзда кўриб чиқади;
аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, даромадларини ошириш, камбағалликни қисқартириш борасидаги устувор йўналишларни белгилашда иштирок этади, соҳага оид қонун ҳужжатлари ижроси устидан назоратни амалга оширади;
ваколати доирасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга, давлат тузилмалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантиришга кўмаклашади;
ҳокимлик бўлимлари ва бошқармалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг комиссия ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ҳисоботини (ахборотини) эшитади, тавсиялар беради ва уларнинг ижросини назорат қилади;
ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқади, улар бўйича қарорлар қабул қилади, тавсиялар беради ва зарур ҳолларда маҳаллий Кенгаш қарорлари лойиҳаларини сессияда кўриб чиқиш учун киритади.
12. Хорижий инвестициялар ва туризм масалалари бўйича доимий комиссия:
ҳудуднинг экспорт салоҳиятини ошириш, инвестициялар ва туризм масалалари бўйича ривожлантириш дастурлари лойиҳаларининг ишлаб чиқилишида иштирок этади;
хорижий инвестициялар ва туризм соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари, давлат ва ҳудудий дастурларнинг ижроси устидан тизимли депутатлик назоратини амалга оширади;
ҳудуднинг экспорт салоҳияти ўсишига тўсқинлик қиладиган тизимли муаммоларни ўрганади, унинг экспорт салоҳиятини ошириш, шу жумладан, қонунчиликка тегишли ўзгартишлар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
ҳудудий инвестиция дастурлари бажарилишини таҳлил қилиб боради, инвестициялар, шу жумладан, хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларнинг амалга оширилиши устидан депутатлик назоратини ўрнатади;
ҳудудга инвестиция жалб этилишига тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлайди, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва тегишли ижро органига киритади;
ҳудуднинг туризм салоҳиятини таҳлил қилиш, тизимли муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш, шу билан бирга ҳудуднинг туристик салоҳиятини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этади;
ваколати доирасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга, давлат тузилмалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантиришга кўмаклашади;
ҳокимлик бўлимлари ва бошқармалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг комиссия ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ҳисоботини (ахборотини) эшитади, тавсиялар беради ва уларнинг ижросини назорат қилади;
ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқади, улар бўйича қарорлар қабул қилади, тавсиялар беради ва зарур ҳолларда маҳаллий Кенгаш қарорлари лойиҳаларини сессияда кўриб чиқиш учун киритади.
13. Коррупцияга қарши курашиш ва хавфсизлик масалалари бўйича доимий комиссия:
ҳудудда қонунийликни таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича дастурларни, тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
коррупцияга қарши курашиш, давлат органларида очиқликни таъминлаш ва ҳуқуқий масалаларга оид қонун ҳужжатлари, давлат дастурларининг ижроси устидан тизимли назоратни амалга оширади;
ҳудудда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ишларнинг ҳолатини комплекс ўрганади ҳамда ушбу соҳадаги фаолиятни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;
коррупция кўринишларининг намоён бўлишига олиб келадиган тизимли муаммолар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасига мунтазам равишда ахборот киритиб боради;
ўз ваколатига тааллуқли бўлган маҳаллий Кенгашнинг дастурлари ва ҳоким қарорлари лойиҳаларини кўриб чиқишда қатнашади ва хулосалар беради;
ҳокимлик бўлимлари ва бошқармалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, шунингдек халқ қабулхонаси, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) минтақавий вакили, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) минтақавий вакили, прокуратура, мажбурий ижро бюроси, ички ишлар, адлия органлари раҳбарларининг комиссия ваколатига тааллуқли масалалар бўйича дастлабки тарзда комиссия мажлисларида ҳисоботларини (ахборотларини) эшитади, улар бўйича якуний хулоса тайёрлайди ҳамда мазкур масалани сессия муҳокамасига киритади;
ҳокимнинг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мос келмайдиган қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги, тегишли маҳаллий Кенгаш қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқади;
ҳокимнинг маҳаллий Кенгашнинг қонунчиликка зид қарорларини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги тақдимномасини дастлабки тарзда кўриб чиқади;
маҳаллий давлат органларида очиқлик ва ошкораликни таъминлашга оид қонун ҳужжатлари, давлат дастурларининг ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади, шу жумладан, маҳаллий давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг очиқликни таъминлаш борасидаги фаолияти юзасидан ҳисоботларини (ахборотларини) эшитади;
ахборот сиёсати, маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлашга доир масалалар юзасидан ўрганишлар олиб боради;
ўз ваколатига тааллуқли масалалар бўйича жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг мурожаатларини кўриб чиқади, зарур ҳолларда давлат органлари ва ташкилотларига сўровлар юборади;
ваколати доирасида оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади;
тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқади, улар бўйича қарорлар қабул қилади ва ижросини назорат қилади, тавсиялар беради ва зарур ҳолларда маҳаллий Кенгаш қарорлари лойиҳаларини сессияда кўриб чиқиш учун киритади.
14. Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича доимий комиссия:
ҳудудни фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича ривожлантириш дастурлари лойиҳаларининг ишлаб чиқилишида иштирок этади;
ҳудудни таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича ривожлантириш дастурлари бажарилиши устидан назоратни амалга оширади, шунингдек уларнинг бажарилиши ҳақидаги ҳисоботларни дастлабки тарзда кўриб чиқади, бошқа доимий комиссиялар билан биргаликда хулосалар тайёрлайди, мазкур масалалар юзасидан сессияда маъруза ва қўшимча маърузалар билан чиқади;
фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларини ривожлантиришга, таълим тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонунчилик ҳужжатлари ва давлат дастурлари ижроси устидан тизимли депутатлик назоратини амалга оширади;
таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари объектларининг шароити, моддий-техник таъминотини таҳлил қилган ҳолда, уларни яхшилаш бўйича тегишли манзилли дастурларга киритиш юзасидан таклифлар беради;
таълим тизимининг ҳолатини таҳлил қилади, таълим сифатини янада яхшилаш, мактаблар, лицейлар, коллежлар, касб-ҳунар мактаблари, техникумлар ва олий ўқув юртларида ўқув-тарбия жараёнини ривожлантириш, таълим олувчиларнинг муайян касб эгаси бўлишини, бандлиги таъминланишини ўрганиб бориш ва яхшилаш бўйича тавсиялар киритади;
ҳудудда давлат мактабгача таълим ташкилотларини, давлат таълим муассасаларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш, тугатиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, маҳаллий даволаш-профилактика муассасаларини, шу жумладан, табиий-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
ҳудуднинг «тиббий харитаси» шакллантирилиши, ундан келиб чиққан ҳолда, аҳолига зарур ва сифатли тиббий хизмат кўрсатилиши бўйича назорат олиб боради;
ҳудудда аҳолининг ижтимоий ҳимояланганлик ҳолатини таҳлил қилади ва соҳани такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади;
ногиронлар, уруш ва меҳнат фахрийлари, кўп болали оилалар ҳамда кекса фуқароларнинг уй-жой ва моддий-маиший шароитларини яхшилаш бўйича қонун ҳужжатларида кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга оширишга кўмаклашади;
ўз ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ҳокимлик бўлимлари ва бошқармалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини (ахборотларини) эшитади, тавсиялар беради ва уларнинг ижросини назорат қилади;
ваколати доирасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга, давлат тузилмалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантиришга кўмаклашади;
ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқади, улар бўйича қарорлар қабул қилади, тавсиялар беради ва зарур ҳолларда маҳаллий Кенгаш қарорлари лойиҳаларини сессияда кўриб чиқиш учун киритади.
15. Ёшлар сиёсати, маданият ва спорт масалалари бўйича доимий комиссия:
ёшлар сиёсати, маданият ва спорт масалалари бўйича дастурлар лойиҳаларининг ишлаб чиқилишида иштирок этади;
ёшлар сиёсати, маданият ва спорт масалалари бўйича дастурлар бажарилиши устидан назоратни амалга оширади, шунингдек уларнинг бажарилиши ҳақидаги ҳисоботларни дастлабки тарзда кўриб чиқади;
жисмоний тарбия ва спорт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, спортни ривожлантириш, шунингдек аҳоли турар жойларида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун шароитлар яратиш масалаларини ўрганади;
маданият муассасалари тармоғини ривожлантиришга кўмаклашади, уларнинг ёшларни эстетик тарбиялашдаги ролини ошириш бўйича таклифлар киритади;
анъанавий халқ ижодиёти марказлари, аҳолининг миллий-маданий анъаналари, бадиий ҳунармандчиликни ривожлантириш учун шароитлар яратишга кўмаклашади;
маҳаллий Кенгаш ҳузуридаги «Ёшлар гуруҳи» ҳамда «Ёшлар парламенти вакиллари мактаби» фаолиятини мувофиқлаштириб боради;
ёш оилаларни ҳамда оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни уй-жой билан таъминлашдаги муаммоларни таҳлил қилади ва бу борадаги чора-тадбирларни амалга оширишга кўмаклашади;
хотин-қизларни камситиш, уларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларига барҳам бериш, эрта никоҳ ва мажбурий никоҳнинг олдини олиш ҳамда бартараф қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
ўз ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ҳокимлик бўлимлари ва бошқармалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини (ахборотларини) эшитади, тавсиялар беради ва уларнинг ижросини назорат қилади;
бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, вояга етмаганлар устидан васийлик ва ҳомийлик масалаларига оид ишларни назорат қилади;
ваколати доирасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга, давлат тузилмалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантиришга кўмаклашади;
ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқади, улар бўйича қарорлар қабул қилади ва ижросини назорат қилади, тавсиялар беради ва зарур ҳолларда маҳаллий Кенгаш қарорлари лойиҳаларини сессияда кўриб чиқиш учун киритади.
16. Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссия:
аграр, сув хўжалиги, экология масалаларига доир дастурларни дастлабки тарзда кўриб чиқади ҳамда тайёрлашда қатнашади;
экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудудларни ободонлаштиришга қаратилган тадбирларни ташкил этиш бўйича ташаббуслар киритади, уларни амалга оширишда иштирок этади ҳамда самарали депутатлик назоратини олиб боради;
муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни сақлаш, уларни кенгайтириш ҳамда улардаги биологик хилма-хилликни асраш бўйича дастурлар ижроси самарадорлигини назорат қилади;
ер ости сувларидан фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишларни ўрганади;
атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, унинг ифлосланиши мониторинг қилиш, иқлим ўзгаришини олдини олиш, унинг салбий оқибатларини юмшатиш, иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича дастурлар ижроси устидан таъсирчан назорат ўрнатади;
чиқиндиларни бошқариш, аҳоли пунктларидан чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш қамрови, чиқиндиларни қайта ишлаш, чиқинди полигонларини рекультивация қилиш масалаларида ўрганишлар ўтказади;
дарахт ва буталарнинг зараркунандалари ҳамда касалликларига қарши курашиш тадбирларига маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларидан маблағ ажратилишини назорат қилади;
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси амалга оширилиши юзасидан қатъий назорат олиб боради;
долзарб маҳаллий экологик муаммолар ва уларнинг олдини олиш бўйича масалаларни доимий равишда маҳаллий Кенгашлар сессияларида муҳокама қилиб борилишини ташкил этади;
табиий объектларни давлат табиат ёдгорликлари деб эълон қилиш, маҳаллий аҳамиятга молик табиат боғларини, ботаника ва дендрология боғларини, буюртма қўриқхоналарини, табиий питомникларни, рекреация зоналарини ташкил этиш масалаларини дастлабки тарзда кўриб чиқади;
ердан оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва қайта ишлов бериш, табиий муҳитни яхшилаш бўйича ижтимоий-иқтисодий ва ташкилий-хўжалик шароитлари масалаларини кўриб чиқади;
деҳқон ва фермер хўжаликлари, саноат корхоналари, савдо ва умумий овқатланиш корхоналари ўртасидаги ишлаб чиқариш алоқаларини ўрганади ва уларни мустаҳкамлаш бўйича таклифлар киритади;
табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш устидан назоратни амалга оширади;
қишлоқ хўжалиги ҳамда деҳқон ва фермер хўжаликларини самарали ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиш бўйича таклифлар киритади;
ҳудуддаги сув ресурсларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишнинг асосий йўналишларини белгилашда, шунингдек сув ресурсларидан фойдаланишни тартибга солиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасида қонунийлик ҳамда ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда иштирок этади;
сув объектлари ҳолатини сақлаш ва яхшилаш, уларга зарарли таъсир кўрсатилишининг олдини олиш ва бартараф этиш, шунингдек авариялар, тошқин, сел ва табиий офатлар натижасида вайрон бўлган объектларни тиклаш юзасидан таклифлар киритади;
зарур ҳолларда қонун ҳужжатларига мувофиқ экологик экспертиза ўтказиш бўйича таклифлар киритади;
ҳокимлик бўлимлари ва бошқармалари, корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотлар раҳбарларининг комиссия ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ҳисоботларини (ахборотларини) эшитади, тавсиялар беради ва уларнинг ижросини назорат қилади;
ваколати доирасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга, давлат тузилмалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шерикликни ривожлантиришга кўмаклашади;
ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқади, улар бўйича қарорлар қабул қилади ва ижросини назорат қилади, тавсиялар беради ва зарур ҳолларда маҳаллий Кенгаш қарорлари лойиҳаларини сессияда кўриб чиқиш учун киритади.
17. Регламент ва депутатлик одоб-ахлоқи масалалари бўйича доимий комиссия:
маҳаллий Кенгаш депутатининг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш, шу жумладан, уни чақириб олиш тўғрисидаги, маҳаллий Кенгаш депутатини жиноий жавобгарликка тортишга, ушлаб туришга, қамоққа олишга ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазони қўллашга тегишинча вилоят, туман, шаҳар прокурорининг тақдимномаси бўйича розилик бериш ҳақидаги масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқади ва маҳаллий Кенгаш томонидан кўриб чиқишга тайёрлайди;
маҳаллий Кенгашнинг доимий ва муваққат комиссиялари, бошқа органларини ташкил қилиш ва тугатиш ҳақидаги масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқади;
маҳаллий Кенгашнинг топшириғига мувофиқ маҳаллий Кенгаш депутати томонидан қонун ҳужжатлари, ахлоқ нормалари ва Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши депутатларининг одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш фактлари бўйича материалларни кўриб чиқади ҳамда мазкур масала бўйича хулоса тақдим қилади;
маҳаллий Кенгашнинг регламенти лойиҳасини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун киритади, шунингдек унга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар тайёрлайди;
маҳаллий Кенгашнинг доимий ва муваққат комиссиялари тўғрисидаги низомлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади;
маҳаллий Кенгаш депутатларининг одоб-ахлоқ қоидалари лойиҳасини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун сессияга киритади, шунингдек унга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар тайёрлайди;
сайловчиларнинг маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши депутатларининг одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш билан боғлиқ шикоятларини кўриб чиқади;
маҳаллий Кенгаш депутатлари, бошқа шахслар томонидан маҳаллий Кенгашнинг регламенти нормаларига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширади ва уни бузиш ҳолатлари мавжуд бўлганда уларни бартараф қилиш чораларини кўради;
ўз ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни кўриб чиқади, улар бўйича қарорлар қабул қилади, тавсиялар беради ва зарур ҳолларда маҳаллий Кенгаш қарорлари лойиҳаларини сессияда кўриб чиқиш учун киритади.
18. Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг:
Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссияси — ушбу Намунавий низомнинг 11 ва 12-бандларида;
Коррупцияга қарши курашиш ва хавфсизлик масалалари бўйича доимий комиссияси — ушбу Намунавий низомнинг 13-бандида;
Ижтимоий соҳа, ёшлар сиёсати, маданият ва спорт масалалари бўйича доимий комиссияси — ушбу Намунавий низомнинг 14 ва 15-бандида;
Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссияси — ушбу Намунавий низомнинг 16-бандида;
Регламент ва депутатлик одоб-ахлоқи масалалари бўйича доимий комиссияси — ушбу Намунавий низомнинг 17-бандида белгиланган вазифаларни амалга оширади.
III боб. Доимий комиссиялар ишини ташкил этиш
19. Доимий комиссиялар ўз фаолиятларини сессияда тасдиқланадиган иш режалари асосида амалга оширадилар. Доимий комиссиянинг иш режаси маҳаллий Кенгашнинг иш режаси билан белгиланган ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш фаолиятининг асосий йўналишларига мувофиқ ишлаб чиқилади.
Доимий комиссиянинг ташаббуси билан доимий комиссиянинг иш режасига тегишли ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Доимий комиссиянинг иш режасидаги ўзгартишлар навбатдаги сессияда тасдиқланади.
20. Доимий комиссиялар ўз ишларини масалаларни биргаликда, эркин муҳокама қилиш ва ҳал этиш, ошкоралик ҳамда доимий комиссиялар аъзоларининг кенг ташаббускорлиги асосида ташкил этадилар.
21. Доимий комиссиялар ўз фаолиятларини мажлис шаклида амалга оширадилар.
Доимий комиссияларнинг мажлислари, қоида тариқасида, ҳар ойда камида бир марта ўтказилади.
Доимий комиссиянинг мажлислари раис, раис йўқлигида эса раис ўринбосарининг ташаббуси билан, шунингдек комиссия аъзолари кўпчилиги томонидан чақирилиши мумкин.
Доимий комиссияларнинг қўшма мажлислари улар ўртасидаги келишувга мувофиқ ўтказилади.
22. Доимий комиссиялар мажлисларида иш давлат тилида олиб борилади.
23. Доимий комиссияларнинг мажлислари, башарти уларда доимий комиссия таркибининг ярмидан кўпи иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.
Доимий комиссия аъзоси мажлисда иштирок этиш имконияти бўлмаган тақдирда, бу ҳақда доимий комиссия раисига олдиндан хабар қилиши шарт.
24. Доимий комиссиялар мажлислари кун тартиби лойиҳасига доимий комиссиялар иш режаларидаги масалалар, маҳаллий Кенгаш қарорларида белгиланган масалалар, шунингдек доимий комиссиялар аъзолари томонидан таклиф қилинган масалалар киритилади.
Кун тартиби лойиҳаси ва мажлисни олиб бориш тартиби доимий комиссия раиси томонидан эълон қилинади ва муҳокама қилингандан сўнг тасдиқланади.
25. Доимий комиссия мажлисларида баённомалар юритилади.
Мажлис баённомасида қуйидагилар кўрсатилади:
доимий комиссиянинг номи, мажлиснинг тартиб рақами;
мажлис ўтказиладиган вақт, сана ва жой;
ҳозир бўлган ва қатнашмаётган доимий комиссия аъзоларининг сони, шунингдек таклиф этилган шахслар сони;
мажлиснинг кун тартиби, мажлисда кўриб чиқиш учун киритилган ҳар бир масала юзасидан ҳар бир маърузачи ҳамда қўшимча маърузачининг фамилияси ва лавозими;
кун тартибига мувофиқ муҳокама қилинаётган масалаларнинг моҳияти;
«ёқлайман», «қаршиман» ёки «бетарафман» деб берилган овозлар сони кўрсатилган, қабул қилинган қарорлар рўйхати.
Мажлис баённомасига мажлисда ҳозир бўлган ва қатнашмаётган доимий комиссия аъзолари рўйхати, таклиф этилган шахслар рўйхати, маърузалар матнлари ва бошқа материаллар илова қилинади.
Доимий комиссия мажлисининг баённомаси мажлис тугаганидан сўнг уч кундан кечиктирмай расмийлаштирилади. Баённома доимий комиссия раиси ёки унинг вазифасини бажарувчи шахс ва доимий комиссия котиби томонидан имзоланади.
26. Доимий комиссия мажлисини самарали олиб бориш учун, қоида тариқасида, маъруза учун 20 дақиқагача, қўшимча маъруза учун 10 дақиқагача, музокараларда сўзга чиқувчиларга 5 — 7 дақиқагача, ахборот ёки маълумот бериш учун эса 3 дақиқагача вақт берилади.
27. Доимий комиссияларнинг мажлислари очиқ ўтказилади. Доимий комиссия ёпиқ ёки сайёр мажлис ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.
Мажлисларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари, шунингдек ҳудудда жойлашган давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситаларининг таклиф қилинган вакиллари ва бошқа шахслар иштирок этиши мумкин.
Мажлисга таклиф этилган шахслар муҳокама этилаётган масалалар юзасидан қарор қабул қилишда овоз бериш ҳуқуқига эга эмас, шунингдек улар раислик қилувчининг фармойишларига бўйсунишлари шарт.
Мажлисга таклиф қилинаётган шахсларнинг сони ва таркиби доимий комиссия раиси томонидан ҳал этилади.
Мажлисда раислик қилувчи мажлисга таклиф қилинган шахслар таркиби ва сони тўғрисида доимий комиссия аъзоларини хабардор қилади.
28. Доимий комиссиялар масалаларни тайёрлаш ва уларни пухта ишлаб чиқиш учун маҳаллий Кенгаш депутатларидан, давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, мутахассислар ва экспертлардан иборат ишчи гуруҳлар тузишга ҳақли.
29. Доимий комиссиялар ўзларига тааллуқли масалаларни кўриб чиқиш вақтида тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар ва бир хил мажбуриятларга эгадирлар.
30. Доимий комиссияларнинг аъзолари доимий комиссиялар фаолиятида иштирок этишлари, уларнинг қарорларини ҳаётга татбиқ этишга кўмаклашишлари, доимий комиссияларнинг топшириқларини бажаришлари шарт. Доимий комиссиялар аъзолари ҳар чоракда доимий комиссия раисига доимий комиссия иш режасида назарда тутилган тадбирларнинг ижро этилиши бўйича ўз фаолияти якунлари ва депутатлик вазифаларини бажариш натижалари тўғрисида ёзма ҳисоботлар тақдим этадилар.
Доимий комиссиялар аъзолари ўз ваколатларини ишлаб чиқариш ёки хизмат фаолиятидан ажралмаган ҳолда амалга оширадилар. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарлари доимий комиссиялар аъзоларини улар ўз депутатлик вазифаларини бажарадиган вақтда, уларнинг иш жойини (лавозимини) сақлаган ҳолда, ишдан озод қилишлари шарт. Депутатлик вазифаларини бажараётган вақтда доимий комиссиялар аъзоларининг ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.
31. Доимий комиссиянинг аъзоси кўриб чиқилаётган масалаларни тайёрлаш, муҳокама қилиш ва қарорлар қабул қилишда, шунингдек маҳаллий Кенгашнинг, доимий комиссиянинг қарорлари бажарилишини ташкил этишда иштирок этади. Доимий комиссиянинг ҳар бир аъзоси бир овозга эга ва муҳокама қилинаётган масала юзасидан «ёқлайман», «қаршиман» ёки «бетарафман» деб овоз беради. Доимий комиссия мажлисида иштирок этаётган доимий комиссиянинг ҳар бир аъзоси муҳокама қилинаётган масала бўйича овоз беришда иштирок этишга мажбур.
32. Доимий комиссия аъзосига доимий комиссия томонидан кўриб чиқилаётган барча масалаларни ҳал этишда фаол иштирок этиш учун шароит яратиб берилади, унга зарур ҳужжатлар ёки бошқа материаллар олдиндан юборилади. Доимий комиссия аъзолари доимий комиссия мажлиси ўтказиладиган вақт, сана, жой ва кун тартиби тўғрисида камида бир кун олдин хабардор қилинади.
Доимий комиссия аъзолари доимий комиссия томонидан жойларда кўриб чиқилиши лозим бўлган масалаларни маҳаллий Кенгаш раиси, доимий комиссия раисининг топшириғига биноан ёки ўз ташаббуси билан ўрганади, ушбу масала юзасидан давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролардан келган таклифларни умумлаштиради, уларни доимий комиссия мажлисида муҳокама қилади ва таклифлар киритади.
33. Бир нечта доимий комиссияларга тааллуқли масалалар доимий комиссиялар томонидан биргаликда тайёрланиши ва кўриб чиқилиши мумкин.
Доимий комиссияларнинг қўшма мажлисларини доимий комиссиялар раислари ўзаро келишув асосида олиб борадилар.
Доимий комиссия ўзи кўриб чиқаётган масалалар юзасидан бошқа доимий комиссияларнинг фикрини сўраб олиши мумкин.
Бошқа доимий комиссияларнинг илтимосига биноан доимий комиссия ўзига тааллуқли масалалар бўйича ушбу доимий комиссиялар томонидан кўриб чиқилаётган масалаларни тайёрлашда иштирок этиши мумкин.
34. Айни бир масала бўйича доимий комиссияларнинг фикри турлича бўлган тақдирда улар келишмовчиликларни бартараф этиш чораларини кўрадилар. Агар муросага келинмаса, ушбу масалани тайёрлашга масъул бўлган доимий комиссиянинг қарори узил-кесил ҳисобланади.
35. Доимий комиссияларда барча масалалар доимий комиссия аъзолари умумий таркибининг кўпчилик овози билан ҳал этилади.
Қарор қабул қилишда овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда доимий комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
Бир нечта доимий комиссиянинг қўшма мажлислари ўтказилганда қарор ҳар бир доимий комиссияда кворум мавжуд бўлган ҳолда мажлисда қатнашаётган доимий комиссиялар аъзолари умумий таркибининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
36. Доимий комиссиялар кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан тавсиявий хусусиятга эга бўлган қарорлар қабул қилади ёки маҳаллий Кенгаш қарорлари лойиҳалари бўйича ўзларига тааллуқли масалалар юзасидан хулосалар беради.
37. Доимий комиссияларнинг қарорлари, хулосалари ва баённомалари доимий комиссия раиси томонидан имзоланади.
Доимий комиссиялар томонидан қабул қилинган қўшма қарорлар, улар томонидан биргаликда тайёрланган хулосалар, шунингдек қўшма мажлисларнинг баённомалари уларнинг раислари томонидан имзоланади.
38. Доимий комиссиялар томонидан қабул қилинган қарорлар тегишли давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва манфаатдор шахсларга юборилади.
39. Доимий комиссияларнинг қарорлари қайси давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва мансабдор шахсларга нисбатан қабул қилинган бўлса, улар томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Доимий комиссия қарорида бошқа муддат кўрсатилмаган бўлса, кўриб чиқиш натижалари ёки кўрилган чоралар ҳақида доимий комиссияларга бир ой муддатда хабар қилиниши лозим. Доимий комиссиялар қарорларини кўриб чиқиш якунлари доимий комиссиялар мажлисларида, зарур ҳолларда эса сессияларда кўриб чиқилади. Заруратга қараб, доимий комиссия мажлисида унинг қарори ижро этилиши муддатини узайтириш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин.
40. Доимий комиссия қарорлари бажарилишининг бориши юзасидан назорат доимий комиссия раиси ёки қарорда кўрсатилган доимий комиссия аъзоси томонидан амалга оширилади.
IV боб. Доимий комиссияларнинг ваколатлари
41. Доимий комиссиялар сессиялар кун тартибига доир таклифларни шакллантиришда иштирок этадилар.
42. Доимий комиссиялар ўзларига тааллуқли масалалар бўйича давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, мансабдор шахслардан ҳужжатлар, ёзма хулосалар, ҳисобот маълумотлари ва бошқа материалларни сўраб олишга ҳақли.
43. Доимий комиссиялар ҳудудда жойлашган давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарларини ўз мажлисларига таклиф этиши ҳамда уларнинг маҳаллий Кенгаш қарорлари ва доимий комиссиялар тавсияларининг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботини (ахборотини) тинглаш ҳуқуқига эга.
Доимий комиссиялар тегишли органлар ва ташкилотларни кўриб чиқиладиган масалалар хусусида олдиндан хабардор қиладилар.
44. Доимий комиссиялар ўрганиб чиқиш учун ўзларига берилган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш якунлари юзасидан маҳаллий Кенгашга ўз қарорлари ёки хулосаларини тақдим этадилар.
45. Маҳаллий Кенгашнинг топшириғига биноан доимий комиссиялар маҳаллий Кенгаш депутатлари билдирган таклифлар, танқидий мулоҳазалар ва сўровларнинг амалга оширилишини назорат қиладилар.
46. Доимий комиссия раиси:
зарур материаллар тайёрланишини ташкил этади, доимий комиссия мажлисини чақиради, мажлис ҳақида доимий комиссия аъзолари ва бошқа иштирокчиларни хабардор қилади;
доимий комиссия мажлисларида раислик қилади;
доимий комиссиянинг иш режаси лойиҳасининг тайёрланишини ташкил этади;
доимий комиссия аъзолари, шу жумладан, доимий комиссия раиси ўринбосари ва доимий комиссия котиби ўртасида ишларни тақсимлайди ҳамда улар фаолиятини йўналтиради;
доимий комиссия аъзоларига топшириқлар беради, уларга доимий комиссиянинг фаолияти билан боғлиқ материаллар ва ҳужжатларни юборади;
доимий комиссия аъзоларини ишчи гуруҳларнинг ишида қатнашиш, шунингдек доимий комиссиянинг бошқа топшириқларини бажариш учун таклиф қилади;
давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларини, мутахассислар ва олимларни доимий комиссия ишида иштирок этиш учун таклиф қилади;
сессияларда, давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан бўладиган муносабатларда доимий комиссия номидан вакиллик қилади;
доимий комиссия фаолияти тўғрисида ярим йиллик ва йиллик ҳисобот тайёрлайди ва сессияда ҳисобот беради;
доимий комиссия қарорларининг ижро этилиши юзасидан ишларни ташкил этади;
маҳаллий Кенгашга, маҳаллий Кенгаш раисига уларнинг топшириқлари бажарилиши юзасидан ахборот беради;
доимий комиссия аъзоларини улар томонидан қабул қилинган қарорлар бажарилганлиги ва тавсиялари кўриб чиқилганлиги тўғрисида хабардор қилади;
бошқа доимий комиссиялар билан биргаликда ишлар олиб борилишини ташкил қилади;
доимий комиссия мажлиси қарорлари, хулосалари ва баённомаларини имзолайди;
ўз ваколати доирасида бошқа вазифаларни амалга оширади.
47. Доимий комиссия раиси ўринбосари доимий комиссия раисининг топшириғига кўра унинг айрим вазифаларини бажаради, доимий комиссия раиси йўқлигида ёки унинг ўз вазифаларини амалга оширишга имкони бўлмаган ҳолларда раис вазифасини бажаради.
48. Доимий комиссия котиби:
доимий комиссия иш режасининг лойиҳасини тайёрлайди;
доимий комиссия иш режасининг бажарилишини мониторинг қилиб боради ва натижалари ҳақида доимий комиссия раисига ахборот беради;
доимий комиссия иш юритуви учун жавоб беради, маҳаллий Кенгаш котибиятига ҳужжатларни сақлаш учун ўрнатилган тартибда топширади;
доимий комиссия мажлиси баённомасини юритади ва уни имзолайди;
доимий комиссия фаолияти билан боғлиқ бошқа вазифаларни бажаради.
V боб. Якунловчи қоидалар
49. Доимий комиссиялар фаолиятига ташкилий, ахборот-таҳлилий, техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш маҳаллий Кенгаш котибияти томонидан таъминланади.
50. Маҳаллий Кенгаш котибияти доимий комиссияларни ҳужжатлар, зарур ахборот ва маълумот материаллари, шунингдек доимий комиссиялар фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича мутахассисларнинг маслаҳатлари билан таъминлайди.
51. Доимий комиссиялар тўғрисидаги низомни қабул қилиш, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масалалари юзасидан қарорлар сессияда маҳаллий Кенгаш депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.