Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитасининг 2024 йил тўққиз ойидаги фаолияти тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитасининг (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) 2024 йил тўққиз ойидаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши таъкидлайдики, ҳисобот даврида Қўмита томонидан қонун ижодкорлиги фаолияти самарадорлигини оширишга, қонун лойиҳаларини тайёрлашда халқаро тажрибадан унумли фойдаланган ҳолда мамлакатимизда рақамлаштириш йўналишидаги ислоҳотларни давом эттиришга ҳамда соҳага оид қонун ҳужжатлари ижроси устидан таъсирчан парламент назоратини олиб боришга алоҳида эътибор қаратилган.
Ҳисобот даврида Қўмита томонидан мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантириш, барча тармоқлар ва соҳаларда, энг аввало, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, шунингдек соҳани бугунги кун талаблари даражасида тараққий эттиришга қаратилган тадбирларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилган.
Ўтган даврда Қўмита 8 та қонун лойиҳасига масъул бўлиб, ушбу қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш ҳамда маромига етказиш мақсадида ишчи гуруҳнинг 28 та ҳамда Қўмита ҳузуридаги эксперт гуруҳининг 4 та йиғилиши ўтказилган. Қонун лойиҳаларини такомиллаштириш ҳамда хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганишда инновациялар, рақамли технологиялар соҳаси ва фуқаролик жамиятининг бошқа институти вакилларидан иборат бўлган эксперт гуруҳи имкониятларидан самарали фойдаланилган.
Давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш ҳамда қонун ҳужжатларининг ижроси ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўйича Қўмита томонидан 8 та парламент назорати тадбирлари ўтказилган. Улардан 6 таси давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитишга, 2 таси қонун ҳужжатларининг ижроси ҳолатини ўрганишга қаратилди.
Жумладан, Қўмита томонидан «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган барча лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларининг «Лицензия» ахборот тизимига тўлиқ киритилиш ҳолати юзасидан амалга оширилаётган ишларни ўрганиш юзасидан назорат-таҳлил тадбири ўтказилган. Тадбирда давлат органларининг ушбу соҳадаги ваколатлари ва мажбуриятлари, шунингдек лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларини ўрганишга эътибор қаратилган. «Лицензия» ахборот тизимида барча турдаги лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилишга доир хизматларни ишга тушириш бўйича амалга оширилаётган ишларни якунига етказиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тегишли тавсиялар берилган. Ўрганиш якунлари Қўмитанинг кенгайтирилган йиғилишида соҳа мутасаддилари иштирокида кўриб чиқилиб, Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинган.
Бундан ташқари Қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг «Рақамли инфратузилмани ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати» юзасидан ахбороти эшитилган. Эшитув якунида Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинган.
Қўмита томонидан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Тиббиёт соҳасида рақамли технологияларни кенг жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар» юзасидан ахбороти эшитилган. Эшитувда соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш ва ахборот тизимлари ягона комплексини жорий этиш, электрон рецепт тизимини такомиллаштириш ва кенг жорий этиш ҳамда нархларга риоя этилишини онлайн кузатишнинг ахборот тизимини яратиш бўйича амалга оширилган ишлар муҳокама қилинган. Шунингдек, марказлашган корпоратив тармоқ ташкил этиш ва стационар тиббиёт муассасаларида локал тармоқ қуриш ишларини якунига етказиш, ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш ҳамда фойдаланиш учун қулай бўлган дастурларни жорий этиш ва тиббиёт тизимини ягона интеграциялашган платформага ўтказиш каби таклифлар кўриб чиқилган.
Ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Ш. Шерматовга «Электрон ҳукумат» тизимининг янги босқичига — «Рақамли ҳукумат» тизимига ўтиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг парламент сўрови юборилган. Ушбу парламент сўрови юзасидан юборилган жавоб қўмитада ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялар мажлисларида атрофлича муҳокама қилинган ва тегишли Қарор қабул қилинган.
Қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазирининг «Электрон ҳукумат тизимини такомиллаштириш, давлат органлари иш фаолиятини рақамли форматга ўтказиш, ижтимоий соҳа объектларини Интернет тармоғига улаш ҳолати» юзасидан депутатларнинг саволларига жавобларни эшитиш ташкил этилган. Унда давлат органларида рақамлаштириш ишларини тизимли ташкил этиш, давлат хизматчилари томонидан давлат органларига тегишли ахборот тизимларидан фойдаланишда шахсга доир маълумотларнинг ҳимояланишини таъминлаш, узоқ муддатга хизмат қиладиган ахборот тизимларини жорий қилиш, барча умумтаълим мактабларида Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни йўлга қўйиш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар берилган.
Қўмитага ҳисобот даврида жами 136 та мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатлар белгиланган тартибда Қўмита аъзолари томонидан кўриб чиқилган ҳамда фуқаролар томонидан кўтарилган муаммоларни мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ҳал этиш чоралари кўрилган.
Қўмита фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти, назорат-таҳлил тадбирларининг натижалари, парламент фаолияти тўғрисидаги маълумотларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида оммавий ахборот воситалари билан самарали хамкорлик йўлга қўйилган. Жумладан, ҳисобот даврида Қўмита аъзолари томонидан телевидение орқали 85 маротаба, радио орқали 16 маротаба, газета, журналларда 59 маротаба ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайтларда 111 маротаба ҳамда ижтимоий тармоқларда 898 маротаба чиқишлар қилинган.
Шу билан бирга Қўмитанинг ўтган даврдаги фаолияти таҳлили бу борада ҳали ўз ечимини кутаётган айрим масалалар ҳам мавжудлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари билан амалий ҳамкорликни янада кучайтириш, Қўмита ташаббуси билан ўтказилган парламент назорати тадбирлари якунлари бўйича қабул қилинган қарорларнинг ижроси устидан доимий равишда мониторинг олиб бориш, Қўмита ҳузуридаги эксперт гуруҳи аъзоларини қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва назорат-таҳлил тадбирларига янада кенгроқ жалб этиш лозим.
Юқоридаги баён этилганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитасининг 2024 йил тўққиз ойидаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси:
Қўмита аъзоларининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш;
Қўмита томонидан кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари муҳокамаларига ва ўтказилаётган назорат-таҳлил тадбирларига Қўмита ҳузуридаги эксперт гуруҳи аъзоларини жалб этиб бориш;
Қўмита фаолиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг Қўмитага юборилган мурожаатларида кўтарилган масалаларни мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан кўриб чиқилиши устидан назоратни амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралдаги «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги ПФ-37-сонли Фармонининг Қўмита фаолиятига тааллуқли бўлган бандлари ижро этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш чораларини кўрсин.
3. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Қодиров зиммасига юклатилсин.
4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари У. ИНОЯТОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 14 октябрь,
4932-IV-сон