Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Интеллектуал мулк бўйича федерал хизмати (Россия Федерацияси) ўртасида
Меморандум
Саноат мулкини муҳофаза қилиш бўйича ўзаро англашув ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Интеллектуал мулк бўйича федерал хизмати (Россия Федерацияси), кейинги ўринларда «Иштирокчилар» деб аталади,
интеллектуал мулк миллий ва глобал иқтисодиётни мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнашини тан олиб,
технологик тартибни ўзгартириш шароитида инновацияларни илгари суриш ва янги технологияларни жорий этишга кўмаклашишни истаб,
интеллектуал мулк тизимларини ривожлантириш мақсадида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга интилган ҳолда,
қуйидагилар ҳақида ўзаро англашиб олдилар:
1. Ушбу Меморандумнинг мақсади Иштирокчилар ўртасидаги ҳамкорликнинг умумий тамойиллари ва мазмунини белгилашдир. Ушбу Меморандумнинг 2 — 6-бандларида кўрсатилган йўналишлар бўйича ҳамкорлик Иштирокчилар давлатларининг интеллектуал мулк тизимларини такомиллаштириш ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
2. Иштирокчилар турли халқаро майдонларда фикр алмашиш ва позицияларни мувофиқлаштиришга интилиш ниятидалар.
3. Иштирокчилар қонунчиликдаги ўзгаришлар ва миллий интеллектуал мулк тизимларини ривожлантиришнинг долзарб тенденциялари, шунингдек, интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни муҳофаза қилишнинг илғор амалиётлари тўғрисида маълумот алмашиш ниятидалар.
4. Иштирокчилар идоралар экспертлари томонидан фойдаланиладиган маълумотларнинг тўлиқлигини ва бундай маълумотларнинг фойдаланувчиларнинг максимал доирасига киришини таъминлаш зарурлигини ҳисобга олган ҳолда патент ҳужжатлари алмашинуви соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ниятидалар. Бундай ўзаро ҳамкорлик икки томонлама асосда, шу жумладан, патент-техник кутубхоналар йўналиши бўйича ҳам, минтақавий патент-ахборот маҳсулотини саноат ишлаб чиқариш лойиҳаси (CISPATENT) доирасида ҳам амалга оширилиши мумкин. Маълумотларни узатиш ҳажми ва техник шартлари Иштирокчилар томонидан тегишли идоралараро ҳужжатларда белгиланади.
5. Иштирокчилар Роспатентга бўйсунувчи Россия давлат интеллектуал мулк академияси ва Федерал саноат мулки институти негизида, шунингдек, Иштирокчилар томонидан келишилиши мумкин бўлган бошқа ҳар қандай форматларда интеллектуал мулк соҳасида мутахассисларни ўқитиш имкониятини кўриб чиқишга тайёрдирлар.
6. Интеллектуал мулк соҳасида жамоатчилик хабардорлигини ошириш ва тажриба алмашиш мақсадида Иштирокчилар конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари, экспертлар амалиётлари ва бошқа қўшма тадбирлар, шу жумладан, ёшларга йўналтирилган тадбирларни ўтказишга тайёрдирлар.
7. Ушбу Меморандумнинг 2 — 6-бандларида кўрсатилган ҳамкорлик йўналишлари бўйича аниқ чора-тадбирлар ва уларни амалга ошириш тартиби иштирокчилар ўртасидаги ёзишмалар орқали аниқланади.
8. Агар Иштирокчилар бошқача келишмасалар, ҳар бир Иштирокчи ушбу Меморандумни қўллашдан келиб чиқадиган харажатларни мустақил равишда қоплашга тайёрлигини тасдиқлайди.
Тадбирни ташкил этиш билан боғлиқ қўшимча харажатлар уни ўтказиш учун масъул бўлган Иштирокчи ҳисобидан қопланади.
9. Иштирокчилар мазкур Меморандумни қўллашга оид масалалар бўйича алоқа учун шахсларни аниқлаб, уларнинг алоқа маълумотлари (телефон рақами ва электрон почта манзили) билан алмашишадилар ва алоқа учун шахслар ёки уларнинг алоқа маълумотлари ўзгариши тўғрисида тезкорлик билан бир-бирларини хабардор қиладилар.
10. Мазкур Меморандум у имзоланган кундан бошлаб амал қилади.
11. Иштирокчиларнинг ўзаро ёзма розилиги билан мазкур Меморандумга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
12. Исталган Иштирокчи бошқа Иштирокчини ёзма равишда хабардор қилган ҳолда мазкур Меморандумни қўллашни тўхтатиши мумкин. Бундай ҳолда мазкур Меморандумни қўллаш бошқа Иштирокчи томонидан таъкидланган хабар олинган кундан бошлаб 90 кундан сўнг тўхтатилади.
13. Мазкур Меморандум халқаро шартнома ҳисобланмайди ва халқаро ҳуқуқ билан тартибга солинадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқармайди.
Женева шаҳрида 2024 йил 12 июлда икки нусхада, ўзбек ва рус тилларида имзоланди.
(имзолар)