Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
қарори
«Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2024 йил биринчи ярим йиллигида бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи тўғрисида
«Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг (бундан буён матнда давлат дастури деб юритилади) 2024 йил биринчи ярим йиллигида бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси таъкидлайдики, ўтган даврда давлат дастури доирасида амалга оширилган ишлар, кўрилган чора-тадбирлар мамлакат иқтисодиётини изчил ривожлантириш, юқори ўсиш суръатларини таъминлаш ҳамда аҳоли фаровонлигини янада оширишга хизмат қилган.
Давлат дастурининг устувор йўналишлари ва мақсадлари ўз вақтида бажарилишини таъминлаш юзасидан зарур ташкилий ва назорат чоралари кўрилган. Давлат дастурининг ижроси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати мажлисларида мунтазам равишда муҳокама этиб борилган.
Ҳисобот даврида давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 8 та Фармони, 9 та қарори, ҳукуматнинг 13 та қарори ва 25 та бошқа ҳужжатлар қабул қилинган. Шунингдек Ўзбекистон Республикасининг 41 та қонуни қабул қилинган.
Бундан ташқари, ҳукумат томонидан мамлакатда амалга оширилган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган 48 та қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) киритилган.
Давлат дастурининг устувор йўналишлари доирасида амалга оширилган ишларнинг таҳлили мамлакатимизда ислоҳотларнинг изчиллигини таъминлаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш борасида муайян натижаларга эришилганлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш борасида белгиланган устувор йўналишлар доирасида қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида 2 684 та янги мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилиб, болалар қамрови 74,6 фоизга етказилган.
Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мақсадида улардан 138 245 нафари касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилган, 89 357 нафар аёлга 1,5 трлн. сўм кредит ажратилган, шунингдек 419,2 мингдан зиёд хотин-қизнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашилган.
Камбағаллик даражасини қисқартириш йўналишида «Online-mahalla» платформасида ҳоким ёрдамчилари томонидан 873,4 мингта кам таъминланган оилаларни камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал дастур ишлаб чиқилган. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 48 минг нафар ёшларга 856,5 млрд. сўмлик имтиёзли кредит ажратилган, 32 минг нафар ёшлар касб-ҳунарга ўқитилиб, уларнинг бандлиги таъминланган.
Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўналишидаги устувор мақсадларга эришиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилган. Хусусан, жорий йилнинг олти ойида ялпи ички маҳсулот 6,4 фоизга, саноат 7,8 фоизга, қурилиш 10,1 фоизга, хизматлар 12,9 фоизга, қишлоқ хўжалиги 3,8 фоизга ўсган. Жами қиймати 15,5 млрд. АҚШ доллари бўлган хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, ўтган йилга нисбатан 2,1 баробарга ўсиш қайд этилган.
Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг устувор йўналишлари доирасида «яшил энергия» технологияларини жорий этиш орқали суғориш тармоқларидан сув етказиб беришда электр энергияси истеъмолини камайтириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилган.
«Яшил энергетика» соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ишлар натижасида ишга тушган 2,4 гигаваттли 10 та қуёш ва шамол электр станцияси ҳисобидан ярим йилликда 1,6 млрд. киловатт «яшил энергия» олинган.
Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш борасида ҳам муайян ишлар бажарилган.
Хусусан, давлат хизматларини рақамлаштириш кўламини кенгайтириш орқали аҳоли учун «сервис давлат» тизимини жорий этиш, фуқаро ва давлат ўртасидаги муносабатларда бюрократик тўсиқларни барҳам бериш борасида амалий натижаларга эришилган. Айрим давлат хизматларидан фойдаланишда ариза бериш жараёнлари «уч қадам», «фойдаланувчи учун мослаштирилган» тамойиллари асосида қайта кўриб чиқилиб, соддалаштирилган.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Персоналлаштириш агентлигининг маълумотлар базасида жисмоний шахсни унинг юз қиёфасидан (Face ID) идентификация қилиш тизими жорий этилган. Давлат фуқаролик хизмати вакант лавозимларининг ягона очиқ порталида (vacancy.argos.uz) имконияти чекланган шахслар учун махсус техник имкониятлар яратилган.
Норма ижодкорлиги фаолиятининг ислоҳотлар билан уйғунлигини таъминлаш ва давлат ҳуқуқий сиёсатининг институциявий асосларини ривожлантиришда мамлакатимиз Президентининг 2024 йил 19 февралда қабул қилинган «Қонунларнинг ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги ролини ҳамда норма ижодкорлиги жараёни сифатини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-75-сонли қарори муҳим роль ўйнамоқда.
Ушбу қарор билан қонун лойиҳасидаги ҳаволаки нормаларни амалга оширишнинг аниқ муддатлари ва масъул ижрочилари лойиҳанинг ўзида мажбурий тартибда белгиланиши, тегишли соҳага оид қонун лойиҳасини тайёрлашда ушбу соҳадаги қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинган муносабатларни қонун даражасига кўтариш имкониятини муҳокама қилиш шартлигини назарда тутиш каби янги институтлар жорий этилган.
«Хавфсиз ва тинчликпарвар давлат» тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш бўйича белгиланган устувор вазифалар доирасида мамлакатимизнинг халқаро муносабатлардаги ўрнини мустаҳкамлаш ва ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришга қаратилган зарур чоралар кўрилган. Жумладан, Марказий Осиё минтақасида амалий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш бўйича қатор ижобий ишлар амалга оширилган.
«Фарғонада сув ресурсларини бошқариш» лойиҳаси бўйича Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўртасида 9,95 млн. евро миқдорида грант битими имзоланган. Европа Иттифоқининг грант маблағлари ҳисобидан 8,2 млн. доллар қийматидаги 42 та шартнома имзоланган.
Шунингдек ўтган даврда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиши йўналишида ҳам муайян ишлар қилинган. Хусусан, жорий йил 24 май куни Женева шаҳрида Ўзбекистон ишчи гуруҳининг саккизинчи йиғилиши ўтказилган.
«Ватандошлар» жамоат фонди ҳузурида хорижда мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолган ватандошларга масофадан туриб куну тун хизмат кўрсатувчи онлайн электрон портал ишга туширилган.
Ўтган даврда давлат дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича парламент ва ҳукумат ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик йилнинг бош ҳужжатида кўзда тутилган топшириқларнинг ижро этилишида муҳим аҳамият касб этган.
Ушбу ҳамкорлик доирасида Қонунчилик палатаси мажлисларида ҳукумат аъзоларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахбороти 7 маротаба эшитилган, 4 маротаба «ҳукумат соати» ўтказилган, мансабдор шахсларга 8 та парламент сўрови ва 90 та депутат сўрови жўнатилган.
Шунингдек Қонунчилик палатасининг қўмиталари мажлисларида давлат органлари раҳбарларининг ахбороти 46 маротаба эшитилган ҳамда 16 та қонуннинг ижро этилиш ҳолати назорат-таҳлил тартибида ўрганилган.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ҳисобот даврида давлат дастуридаги бажарилиши белгиланган жами 226 та топшириқдан 173 тасининг ижроси тўлиқ таъминланган, 14 тасининг ижро муддати узайтирилган. Шу билан бирга 39 тасининг ижросини таъминлаш бўйича бошланган ишлар якунига етказилмаган.
Жумладан, аҳолини иш билан таъминлашнинг илғор шаклларини ривожлантириш орқали бандликни янада кенгайтиришга (6-илова 14-банд), иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан янгилашга (6-илова, 26-банд), ичимлик сувдан оқилона фойдаланишда жамоатчилик назоратини ўрнатишга (8-илова, 11-банд) қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ишлари охирига етказилмаган.
Давлат дастури доирасида ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Қурилишда чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилиши бартараф этиш чоралари белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги каби қонун лойиҳаларини Қонунчилик палатасига қисқа муддатларда киритилиши мақсадга мувофиқдир.
Давлат дастурида белгиланган вазифалар ва тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилиши кўзда тутилган Давлат бюджети маблағларининг ўзлаштирилиши ҳамда мақсадли сарфланишини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиш муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек сиёсий партиялар фракциялари аъзолари томонидан кўтарилган макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, тадбиркорликни янада ривожлантириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларини қўллаб-қувватлаш, таълим ва тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш, ичимлик сув таъминотини яхшилаш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланадиган ёшлар қамровини янада кенгайтириш каби масалалар юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилишига алоҳида эътибор қаратилиши лозим.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 81-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси қарор қилади:
1. «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2024 йил биринчи ярим йиллигида бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:
давлат дастурида ижро муддати узайтирилган 14 та ва бажарилиши якунланмаган 39 та топшириқда назарда тутилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш чораларини кўриш;
давлат дастурида белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан мутасадди вазирлик ва идораларнинг масъулиятини янада ошириш;
давлат дастурида иккинчи ярим йилликда ижро этилиши белгиланган тадбирларнинг бажарилиши юзасидан тизимли мониторинг олиб бориш;
давлат дастурида белгиланган қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталар билан ҳамкорликни кучайтириш;
давлат дастурининг бажарилиши юзасидан ҳисоботни муҳокама қилиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг аъзолари томонидан кўтарилган масалаларни ҳал қилиш юзасидан қўшимча чоралар кўриш тавсия этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларига:
давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш ишларини изчил давом эттириш;
давлат дастурида кўзда тутилган тадбирларнинг жойлардаги ижро этилиши ҳолати депутатларнинг сайлов округларидаги фаолияти давомида ўрганиб борилишини ташкил этиш;
давлат дастурида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, шу жумладан аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган тадбирларнинг самарали ташкил қилиниши ҳамда уларга ажратилаётган бюджет маблағларининг мақсадли ўзлаштирилиши устидан таъсирчан парламент ва депутат назоратини ўрнатиш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари давлат дастурида ижроси тўлиқ таъминланмаган бандларнинг бажарилиши устидан ўз фаолият йўналишларидан келиб чиққан ҳолда парламент назоратини ўрнатсин.
5. Ушбу Қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилсин.
6. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари А. Хаитов зиммасига юклатилсин.
7. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 13 август,
4714-IV-сон