Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Сув ҳавзаларида моторли (ички ёнув двигателли) ва электромоторли сув транспорти воситаларидан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Сув ҳавзаларида туризм хизматларини жадал ривожлантириш, шунингдек, фуқаролар ҳаёти, соғлиги ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда сув ресурслари ифлосланишининг олдини олиш ва улардан оқилона фойдаланишни йўлга қуйиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
а) 2025 йил 1 майдан бошлаб табиий ва сунъий сув ҳавзаларида:
фақат тезликни автоматик пасайтириш ускунаси билан жиҳозланган (ҳаракатланиш максимал тезлиги 40 км/соатдан ошмайдиган моторли қайиқлар бундан мустасно), GPS ускунаси ўрнатилган ҳамда миллий GPS мониторинг ва навигация тизимига уланган моторли (ички ёнув двигателли) ва электромоторли сув транспорти воситаларидан (кейинги ўринларда — сув транспорти воситалари) фойдаланишга рухсат этилади;
сув транспорти воситаларининг рухсат этилган ҳаракатланиш максимал тезлиги 40 км/соат, кемалар тўхташ жойлари ҳамда аҳоли турар жойлари чегараларида — 20 км/соат, шунингдек, пляжлар ва аҳолининг оммавий дам олиш жойлари чегараларида — 5 км/соат этиб белгиланади;
б) 2025 йил 1 январдан бошлаб юридик ва жисмоний шахслар томонидан сув транспорти воситаларидан (бундан электромоторли сув транспорти воситалари мустасно) фойдаланиш натижасида атроф табиий муҳит ифлослантирилганлиги учун қуйидаги миқдорларда йиллик компенсация (кейинги ўринларда — компенсация) тўловлари ундирилади:
моторли қайиқлар ва гидроцикллар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари;
катер учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари;
яхталар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари;
Олдинги таҳрирга қаранг.
саноат усулида балиқ овловчиларга моторли қайиқлар ва катер учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари;
(1-банднинг «б» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 2 июлдаги ПФ-122-сонли Фармонига асосан бешинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.07.2026 й., 06/26/122/0687-сон)
в) моторли (ички ёнув двигателли) сув транспорти воситалари (шу жумладан фойдаланишда бўлган) компенсация тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилганидан сўнг йиллик техник кўрикдан ўтказилади;
г) компенсация ундиришдан тушган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг Экология жамғармасига ўтказилади ҳамда сув ҳавзалари ифлосланишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.
Ушбу банд талаблари махсус вазифаларни бажариш ваколатига эга бўлган вазирлик ва идораларнинг сув транспорти воситаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
2. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги ва Транспорт вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда табиий ва сунъий сув ҳавзаларида сув транспорти воситалари тезлигини чегараловчи ва оралиқ масофани назорат қилувчи ҳамда қуйидаги техник имкониятларни назарда тутувчи дастурий таъминот ишлаб чиқилишини ташкил этсин:
сув транспорти воситаларининг рухсат этилган ҳаракатланиш максимал тезлигини 40 км/соатдан, кемалар тўхташ жойлари ҳамда аҳоли турар жойлари чегараларида 20 км/соатдан, пляжлар ва аҳолининг оммавий дам олиш жойлари чегараларида — 5 км/соатдан ошиб кетмаслигини таъминлаш;
моторли (ички ёнув двигателли) ва электромоторли сув транспорти воситалари бир-бирига 150 метрдан кам масофага яқинлашган ва ҳаракатланиш геозонасидан чиққан ва қирғоқ ҳудудига кирган вақтда уларнинг тезлигини автоматик равишда 5 км/соатгача камайтириш (махсус хизмат кемалари бундан мустасно).
3. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги, Транспорт вазирлиги ҳамда Кадастр агентлиги билан биргаликда табиий ва сунъий сув ҳавзаларида:
а) уч ой муддатда:
хизмат кўрсатувчи сув транспорти воситалари электрон онлайн назоратини йўлга қўйсин;
сув транспорти воситалари ҳар бир тури учун рухсат этилган ҳаракатланиш геозоналарини белгиласин ва уларда ҳаракат тартибини ишлаб чиқсин;
б) сув ҳавзаларидан фойдаланувчилар томонидан акваторияларнинг қирғоқ чизиқларини белгилаган ҳолда, тўсиқ белгилари (буйлар) билан таъминланишини қатъий назоратга олсин;
в) тадбиркорлар томонидан ташкил этилаётган пляж ва сув объектларида дам олиш масканларини ҳамда сув транспорти воситалари турадиган базаларнинг қонунчилик талаблари асосида тартибга солинишини ва сув ҳавзаларининг зарур навигация белгилари билан жиҳозланишини назорат қилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Транспорт вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда моторли (ички ёнув двигателли) сув транспорти воситаларини «Сардоба» сув омбори ва «Айдар-Арнасой» кўллар тизимига кенг жалб этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва тадбиркорлар ўртасида тарғибот ишларини амалга оширсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги:
сув объектларида сув транспорти воситаларидан хавфсиз фойдаланиш соҳасида давлат назорати самарадорлигини ошириш учун Кичик ҳажмли кемалар инспекциясини махсус жиҳозлар, гидроцикл ва катерлар билан таъминлаш чораларини кўрсин;
Кичик ҳажмли кемалар инспекциясига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилишини таъминлаш мақсадида Вазирликнинг умумий штатлар сони ва пул таъминоти доирасида Кичик ҳажмли кемалар инспекциясининг штат бирликларини қайта кўриб чиқсин;
сув транспорти воситаларини бошқариш юзасидан кема ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ишларини жадаллаштирсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Кичик ҳажмли кемалар инспекциясини гидроцикл, катер, махсус жиҳозлар ва қутқарув анжомлари билан таъминлаш режаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Бунда ушбу иловада кўрсатилган гидроцикл, катер, махсус жиҳозлар ва қутқарув анжомлари хариди билан боғлиқ харажатлар Фавқулодда вазиятлар вазирлигига Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати томонидан тасдиқланган дастурлар ижроси учун кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири А.Х. Қўлдошев ҳамда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 4 сентябрь,
540-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 4 сентябрдаги 540-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Кичик ҳажмли кемалар инспекциясини гидроцикл, катер, махсус жиҳозлар ва қутқарув анжомлари билан таъминлаш режаси
|
Т/р |
Махсус жиҳоз ва техникаларнинг номланиши |
Ўлчов бирлиги |
Умумий сони (дона) |
1 донасининг нархи (минг сўм) |
Жами нархи (млн сўм) |
|
I. ТЕХНИКАЛАР |
|||||
|
1. |
Катер (тиркамаси ва қутқарув анжомлари билан) |
дона |
15 |
553 567,00 |
8 303, 50 |
|
2. |
Гидроцикл (тиркамаси билан) |
дона |
12 |
442 000,00 |
5 292, 00 |
|
3. |
Автомобиль (юқори ўтувчанлик қобилиятига эга бўлган) |
дона |
7 |
382 040,00 |
2 674, 28 |
|
II. МАХСУС ЖИХОЗЛАР |
|||||
|
4. |
Планшет |
дона |
15 |
16 000,00 |
240, 00 |
|
5. |
Қутқарув нимчаси |
дона |
116 |
25 000,00 |
29,00 |
|
6. |
Дефектоскоп (қалинликни ўлчовчи асбоб) |
дона |
15 |
10,00 |
1,50 |
|
Жами: |
16 540,28 |
||||
Изоҳ. Мазкур махсус жиҳозлар, гидроцикл ва катерларнинг нархлари тендер (танлов) савдолари асосида белгиланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 4 сентябрдаги 540-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини тиклаш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 10 июлдаги 433-сон қарорига киритилаётган ўзгартириш
3-банднинг «ж» кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«ж) «Чорвоқ» сув омборида моторсиз, махсус вазифаларни бажариш ваколатига эга бўлган вазирлик ва идораларнинг ҳамда тезликни автоматик пасайтириш ускунаси билан жиҳозланган, GPS ускунаси ўрнатилган ва ягона миллий GPS мониторинг ҳамда навигация тизимига уланган моторли сув транспорти воситаларидан ташқари барча моторли сув транспорти воситаларининг ҳаракатланиши, шунингдек, Чирчиқ дарёси ва унинг ирмоқларида (махсус ажратилган сув ҳавзаларидан ташқари) чўмилиш, транспорт воситаларини ювиш ва маиший чиқиндиларни ташлаш тақиқланади;».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.09.2024 й., 09/24/540/0684-сон; 04.07.2026 й., 06/26/122/0687-сон)